Тариқатдаги кишининг кундалик вазифалари аниқ бўлади. Бунда у аввало кундалик фарз ва вожиб амалларга алоҳида эътибор беради. Ўзининг бурчи бўлган бу амалларни ихлос билан, бекаму кўст адо этади. Шу билан бирга, мандуб бўлган нафл ибодат, амал ва зикрлардан ўз ҳолига қараб бажариб туради.
Ҳар бир мусулмон учун бу каби нафл ишларнинг энг оз чегарасининг ўлчови бўлиши керак. Қолгани эса шахсга қараб белгиланади. Агар ўзида рағбат ва имконият сезса, мазкур амалларни кўпайтириб боради. Баъзи бир сабабларга кўра ўша амалларни ўз вақтида бажара олмай қолса, кейин адо қилиб боради.
Бу каби кундалик вазифаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам қилиб юрганлар ва умматларига ҳам шундай қилишни ўргатганлар. Бу борада ривоятлар жуда кўп. Биз фақат биргина мисол билан кифояланамиз.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ ﷺ قَالَ: «مَنْ قَالَ: لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ، وَلَهُ الْحَمْدُ، يُحْيِي وَيُمِيتُ، وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ، فِي يَوْمٍ مِائَةَ مَرَّةٍ، كَانَ لَهُ عِدْلُ عَشْرِ رِقَابٍ، وَكُتِبَتْ لَهُ مِائَةُ حَسَنَةٍ، وَمُحِيَتْ عَنْهُ مِائَةُ سَيِّئَةٍ، وَكَانَ لَهُ حِرْزًا مِنَ الشَّيْطَانِ يَوْمَهُ ذَلِكَ حَتَّى يُمْسِيَ، وَلَمْ يَأْتِ أَحَدٌ بِأَفْضَلَ مِمَّا جَاءَ بِهِ إِلَا أَحَدٌ عَمِلَ أَكْثَرَ مِنْ ذَلِكَ. وَبِهَذَا الْإِسْنَادِ عَنِ النَّبِيِّ ﷺ قَالَ: «مَنْ قَالَ: سُبْحَانَ اللهِ وَبِحَمْدِهِ، مِائَةَ مَرَّةٍ، حُطَّتْ خَطَايَاهُ وَإِنْ كَانَتْ أَكْثَرَ مِنْ زَبَدِ الْبَحْرِ».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир кунда юз марта «Лаа илааҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, юҳйи ва юмийту ва ҳува алаа кулли шайъин қодийр» деса, бу унинг учун ўнта қулни озод қилишга баробар бўлади, унга юзта ҳасана битилади ва ундан юзта ёмонлик ўчирилади. Бу унга ўша куни шайтондан сақланиш бўлади. Ўша ҳол кеч киргунча давом этади. Биров ундан кўра афзал нарса қила олмайди. Илло, ким ўшандан кўпроқ қилган бўлсагина, кўпроқ савоб бўлиши мумкин», дедилар.
Яна шу санад билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир кунда юз марта «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», деса, унинг хатолари ҳатто денгиз кўпикларича бўлса ҳам, ўчирилади», дедилар».
Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Бу ҳадиси шарифда алоҳида сўзлар ва жумлаларни маълум ададда зикр қилиш ҳақида сўз бормоқда. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган иборалар ила санаб зикр қилиш катта савобга, гуноҳларнинг кечирилишига ва бошқа фойдаларга эриштиради. Бу ишларни қилган одам суннатга мувофиқ ишни қилган бўлади.
Муриднинг бошқа вазифалари ҳам айнан суннатга мувофиқ бўлиши лозим. Бу вазифаларни «вирдлар» ҳам дейилади. Иккисининг ҳам маъноси бир.
Одатда кундалик вазифаларнинг энг оз чегарасидагиларини танлашда ҳар бир тариқат машойихлари ўзларининг илм ва эҳсос доираларидан келиб чиқиб, турлича ижтиҳод қилганлар. Биз бошқа тариқатлар ёки уларнинг вирд танлашдаги фарқлари ҳақида гапириб ўтирмай, Нақшбандия тариқати машойихлари ихтиёр қилган кундалик вазифалар ҳақида қисқача маълумот бериб ўтамиз.
Нақшбандия тариқатидаги мурид зикрни бошлашдан олдин тавба қилади. Таҳорат қилиб, қазо намоз ёки шукри вузуъ намозини адо этади. Яна тавба қилиб, бутун вужуди ила диққатини жамлаб, зикрга ҳозирланади.
Юз марта «Астағфируллоҳал Алиййал Азийм аллазий лаа илааҳа иллаа ҳува ва атубу илайҳи»ни айтади.
Юз марта «Лаа илааҳа иллаллоҳу»ни айтади.
Юз марта «Аллоҳумма солли алаа»ни охиригача ўқийди.
Юз марта Ихлос сурасини ўқийди.
Мурид имкони борича кўпроқ лафзи жалолани – «Аллоҳ» лафзини ихлос билан такрорлаб юради.
Одатда мазкур зикрлар бомдод намозидан кейин, қуёш чиққунча қилинади.
Шунингдек, бомдод намозидан кейин Ёсин сурасини қироат қилиш ҳам кундалик вирдлар ичида бор.
Қуёш чиққандан кейин икки ракъат ишроқ намози ўқилади.
Чошгоҳ вақти кирганда эса зуҳо – чошгоҳ намози ўқилади.
Пешин намозидан кейин Мулк – «Таборак» сураси қироат қилинади.
Аср намозидан кейин «Амма» сураси қироат қилинади.
Шом намозидан кейин икки ракъат аввобийн намози ўқилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида бу намоз айнан шундай ном ила зикр қилинган. Ўзига «тариқат шайхи» нисбатини берадиган баъзи бир муҳтарамлар бу намозни нима учун «Туҳфаи Расул» деб номлаб олганларининг сабабини била олмадик.
Ётишдан олдин ҳам тўрт ракъат намоз ўқиб ётилади. Кечаси эса суннатга мувофиқ таҳажжуд намози адо этилади.
Шунингдек, Нақшбандия тариқатида нафл рўзаларга ҳам алоҳида эътибор берилган.
Ражаб ойида энг ози уч кун нафл рўза тутилади.
Шаъбон ойида ўн беш кун рўза тутилади.
Шаввол ойида олти кун рўза тутилади.
Зулҳижжа ойида тўққиз кун рўза тутилади.
Муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўза тутилади.
Ҳар ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари ҳам рўза тутилади.
Ҳар ойнинг ўн уч, ўн тўрт ва ўн бешинчи кунлари рўза тутилади.
Мазкур вирдлар бир шайхдан бошқасида бироз фарқ қилиши мумкин.
Алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Суннати мутоҳҳарада келган ва турли муносабатлар ила қилинадиган зикрларни яхшилаб ўрганиб, ўз ўрнида адо этиб юриш лозим.
Мисол учун, фарз намозлар ортидан адо этиладиган зикрлар бор. Бу зикрларни адо этиш бизда қадимдан йўлга қўйилган. Ҳаттоки баъзи бир кишилар наздида намознинг бир қисмидек кўриниб қолган. Аслида эса улар намоздан ташқаридаги зикрлардир.
Аммо минг афсуслар бўлсинким, бундан бошқа зикрларни адо этиш ҳатто тариқат шайхи бўлган кишиларда ҳам кам мулоҳаза қилинади. Мисол учун, эрталаб ва кечқурун, бомдод ва шом намозларидан кейин ўқиладиган дуолар бор. Бугунги кунимизда уларни мунтазам ўқиб юрадиган одамни топиш қийин. Шунингдек, маркабга минганда ўқилиши керак дуо бор, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деярли ҳар доим ўқир эдилар. Аммо бизда бу нарса тарк этилган. Шунга ўхшаш, ҳар бир мақомда ва муносабатда ўқиладиган дуо ва зикрлар бор. Уларни ўз ўрнида адо этишни йўлга қўймоғимиз лозим.
ХАТМИ ХОЖАГОН
Нақшбандия тариқатидаги соликларнинг тўпланиб адо этадиган зикрларининг номи «хатми хожагон»дир.
Бу нарсанинг бошқа тариқатлардан фарқи шуки, унда фақат нақшбандийлар иштирок этиб, бегоналар иштирок этмайди.
Бу хатм иккига – «хатми хожагони кабир» ва «хатми хожагони сағир»га бўлинади.
Зикр ҳалқасидаги кишиларнинг сони ўн кишидан ортиқ бўлса, хатми хожагони кабир қилинади.
Агар иштирокчилар ўн кишидан оз бўлса, хатми хожагони сағир қилинади.
Хатми сағир билан хатми кабир орасида иккита фарқ бор.
Хатми сағирда «Алам нашроҳ лака» сурасини етмиш тўққиз марта ўқиш йўқ. Шунингдек, унда Ихлос сурасини минг бир марта ўқиш ўрнига беш юз марта «Я Боқий! Антал Боқий!» айтилади.
Хатми хожагоннинг ижроси қуйидагича бўлади:
«Нақшбандия тариқатига мансуб бир тўп кишилар қулай ва бўш жойга ҳалқа шаклида тиз чўкиб ўтирадилар. Бир киши эшик ва туйнукларни ёпиб, ташқаридаги кишилар кўрмайдиган даражага келтиради.
Тариқатда тажрибали ва кишилар орасида обрўси бор киши хатмни бошқаради. Иложи бўлса, хатм бўлаётган жой қоронғилаштирилади. Зокирлар фикрларини бир жойга жамлашлари учун кўзларини юмиб олишлари маслаҳат берилади.
Юзта кичик, ўнта каттароқ тошлар келтирилади. Бир киши катта тошларни бошлиқ олдига қўйиб, юзта кичик тошларни хатмнинг қолган иштирокчиларига бўлиб беради. Агар хатмда иштирок этаётганлар ўнта ёки ундан ортиқ бўлсалар, кичик тошларнинг йигирма биттаси бошлиққа, қолган етмиш тўққизтаси бошқа одамларга тарқатилади.
Албатта, асосий мақсад саноқни тўғри қилиш бўлгани учун, тош ўрнига тасбеҳ ёки ҳисобга қулай бошқа нарсалардан фойдаланиш ҳам мумкин.
Шундан сўнг хатм бошланади.
Аввал ҳалқабоши: «Астағфируллоҳ! Астағфируллоҳ! Астағфируллоҳал Азийм ал Карийм, Роббул аршил азийм ва атубу илайҳи», дейди.
Кейин сураи Фотиҳа ўқилади.
Ҳалқабоши билан бирга унинг ўнг тарафида ўтирган олти киши жами етти марта Фотиҳани ўқийдилар.
Сўнгра салавоти шариф бошланади.
Жамоадаги кишилар қўлларидаги тошлар ададича салавот айтадилар. Улар тошларни ўнг қўлларида тутган ҳолларида «Аллоҳумма солли ъалаа саййидина Муҳаммадин ва ъалаа оли саййидина Муҳаммад», деб ҳар сафар бир тошни ўнг қўлларидан чап қўлларига ўтказадилар.
Салавоти шарифни тамомлаганларидан кейин етмиш тўққиз марта «Алам нашроҳ лака» сураси ўқилади. Ҳар бир иштирокчи фақат ўзи эшитадиган даражада паст овозда қироат қилади.
Бу ўқиш тамом бўлганидан кейин бир киши йигирма бир дона тошни ҳалқабошига, қолганларини жамоа аъзоларига яна қайтадан тарқатади.
Кейин ҳалқабоши ўн марта Ихлос сурасини ўқийди. Қолганлар яна тошларни чап қўлларидан ўнг қўлларига ўтказиб, Ихлос сураси ададини минг бир мартага етказадилар.
Сўнгра яна етти марта Фотиҳа сураси ўқилади. Бу сафарги ўқишда ҳалқабоши билан бирга унинг чап тарафида ўтирган олти киши иштирок этадилар.
Яна юз марта салавоти шариф айтилади. Ундан сўнг дуо бошланади.
Дуохон Нақшбандия тариқати шайхлари силсиласидаги зотларнинг номларини бирин-кетин, ўртача овоз билан атаб чиқади. Бошқалар ҳар бир шайхнинг номлари зикр қилинганда дуо қилиб, у зотнинг руҳониятидан истимдодга, яъни маънавий-руҳий мадад олишга ҳаракат қилади.
Йиғилганлар ўн кишидан оз бўлса, хатми хожагони сағир қилинади.
Унда истиғфор, Фотиҳа ва салавоти шарифдан сўнг ҳалқабоши беш марта «Я Боқий! Антал Боқий!»ни такрорлайди. Жамоат аъзолари ўнг қўлларидаги тошларини чап қўлларига ўтказган ҳолда уни беш юз марта такрорлайдилар. Қолгани хатми кабирдаги каби давом этади.
Хатми хожагонни ҳар куни Аср намозидан кейин қилиш одобдандир.
Имкони бўлмаса, ҳеч бўлмаганда, ҳафтада икки марта қилиш керак.
Бунинг учун алоҳида изн олишнинг кераги йўқ. Муридлар ичида ким буни билса, қилаверади.
Баъзи бир гуруҳлар, хатм ўтказиш учун ҳам изн керак, дейдилар.
РОБИТА
Тўғрисини айтадиган бўлсак, робита ҳақидаги мақолани бу китобга киритиш ёки киритмаслик ҳақида узоқ бош қотирдик. Тасаввуфга оид ихтилофлар ичида бугунги кунда энг кўп тортишилаётган масалалардан бири бўлган робита масаласи бизнинг диёрларимизда деярли зикр қилинмас эди. Баъзи бир соликлардан сўралганда, уларнинг робита ҳақида аниқ тасаввурга эга эмаслиги ҳам бунинг далили эди.
Аммо бугунги кунда диёримизга четдан келган тасаввуф ўзи билан бу масалани ҳам олиб келди. Четдан келган шайхларга қўл берган муридлар айни шу масалани алоҳида эҳтимом билан сўзлаётганлари кўпчиликни ўйлантириб қўйди. Шу билан бирга, четдан келган тасаввуф китоблари таржималари орқали ҳам робита масаласи кишилар орасида озми-кўпми, тарқалди. Шу боис робита хусусида ҳам имкон қадар маълумот беришга интилдик.
«Робита» арабча сўз бўлиб, «боғланиш» маъносини англатади. Тасаввуф истилоҳидаги робита муриднинг зикр аввалида хаёлан ўз шайхига боғланиб, унинг сиймосини кўз ўнгига келтириб, ундан маънавий-руҳий мадад олишидир.
Амалда бу робитанинг олдида ҳам бир робита, ортида ҳам бир робита бўлади. Зикр қилмоқчи бўлган солик олдин ўлимни кўз олдига келтириб, ўлим робитаси – робитаи мавт қилади. Бу робита ўз меъёрига етганда шайхининг сиймосини кўз олдига келтириб, робитаи шайх қилади. Бу ҳам бир меъёрига етганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўз олдига келтиради ва шундан сўнг ўзини Аллоҳ таоло кўриб тургандек ҳис қилиб, робитаи ҳузур қилади.
Робитаи мавт билан робитаи ҳузур ҳақида сўфийлар билан ҳеч ким тортишмайди. Аммо робитаи шайхда сўфийлар билан бошқаларнинг ҳаммаси тортишади. Ҳатто баъзи сўфийлар ҳам қарши тарафда бўлишади.
Робитаи шайхни тан олмайдиганлар ҳам ҳар хил бўладилар. Уларнинг ичида: «Бу нарсани ақлимга сиғдира олмаяпман», деганларидан тортиб, «Робитаи шайх ширкдан бошқа нарса эмас», деганларигача бор.
Дастлабки сўфийларда робитаи шайхнинг зикрини учратмадим. Аммо тариқат ривож топган пайтдаги сўфийларнинг ҳаммаси робитани асосий омиллардан бири санайдилар. Улар: «Фано фишшайх» бўлмагунча, «фано фиррасул» ва «фано филлаҳ» бўлмайди, яъни шайхга фоний бўлмагунча, Расулга ва Аллоҳга фоний бўлмайди», дейдилар.
Робита ҳақида баҳс юритган тасаввуф китобларининг барчасида робитаи шайх тасаввуфдаги энг зарур ишлардан бири сифатида зикр қилинади. Баъзи китобларда нафақат тирик шайхларга, балки вафот этиб кетган шайхларга ҳам робита қилиш ҳақида сўз боради.
Доктор Салжуқ Эройдин ўзининг «Тасаввуф ва тариқатлар» деган китобида «Робита ҳақидаги рисола» китобидан фойдаланиб, қуйидагиларни айтади:
«Мавлоно Холид вафот этган муршиддан ҳам робита орқали файз олиш мумкинлигини айтади. «Бу каби ҳолларда муршиднинг қабрига яқинлашиб, салом берилади ва қабрнинг оёқ тарафида туриб, бир марта Фотиҳа сурасини, ўн бир марта Ихлос сурасини ва бир марта «Оятул Курсий»ни ўқиб, савобини маййитнинг руҳониятига ҳадя этилади. Сўнгра унинг маънавиятига таважжуҳ қилиниб, робита қилинади», деганлар».
Шу ерда биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилганда ҳам бу каби нарса йўқлиги, балки саҳобаи киромдан бошлаб бугунги мўмин-мусулмонларгача – ҳамма-ҳамма фақат салом бериш билан кифояланишини эслатиб ўтмоқчимиз.
Робитаи шайх шариат ҳукмларига тўғрилигини исбот қилиш сўралганда, сўфийлар Моида сурасидаги «Ва Унга васила изланг» оятини далил қиладилар ва: «Робитаи шайх қилиш айни Аллоҳга етишиш учун васила излашдир», дейдилар.
Албатта, бу иқтибос бир оятнинг ичидан олингандир. Ояти кариманинг тўлиқ шакли қуйидагича бўлади:
يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ ٱتَّقُواْ ٱللَّهَ وَٱبۡتَغُوٓاْ إِلَيۡهِ ٱلۡوَسِيلَةَ وَجَٰهِدُواْ فِي سَبِيلِهِۦ لَعَلَّكُمۡ تُفۡلِحُونَ٣٥
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унга васила ахтарингиз ҳамда Унинг йўлида жиҳод қилингиз. Шоядки, ютуққа эришсангиз» (Моида сураси, 35-оят).
Агар тафсирларни варақлайдиган бўлсак, уларнинг бирортасида ҳам ушбу оятдаги «васила» сўзи робитаи шайх маъносида тафсир қилинмаганини кўрамиз.
Бошқа тафсирларни қўйиб туриб, сўфийларнинг тафсирларини олайлик. Энг катта сўфийлардан бўлмиш, тасаввуф ҳақида биринчилардан бўлиб китоб ёзган имом Абдулкарим Қушайрий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг «Латоифул ишорот» номли тафсирларида мазкур оятнинг тафсирида «васила»га етти хил маъно берганлар. Аммо бу маънолар ичида робитаи шайх маъноси йўқ.
Шунингдек, тасаввуф услубидаги энг машҳур тафсирлардан бири бўлмиш «Руҳул маъоний»нинг соҳиби имом Олусий раҳматуллоҳи алайҳи ҳам бу оятни узундан-узоқ тафсир қилганлар, аммо бу тафсирда «васила»нинг маъноси робитаи шайх эканлиги мутлақо зикр этилмаган.
Робитаи шайх масаласида катта жонбозлик кўрсатган нақшбандийлар мазкур оятнинг маъносидан робитаи шайхни англаш мумкинлигига хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳининг гапларини мисол келтирадилар. У киши бу гапни сўфийлар робитаи шайхнинг ҳақ эканига далил сифатида келтирадиган Тавба сурасидаги «Ва содиқлар билан бирга бўлинг» оятининг маъносини тушунтириш борасида айтган эканлар.
Аммо «Рашаҳот»да бу борада хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳидан нақл қилинган матнда содиқлар билан бирга бўлиш иккига бўлиниши: биринчиси – уларнинг суҳбатини лозим тутиш бўлса, иккинчиси – улар ила доимий равишда маънавий боғланиш бардавом бўлиши лозимлиги айтилган. Шайхнинг суратини кўз олдига келтириб, зикр қилиш айтилмаган.
Ҳозирги кунимизда тасаввуфга даъват қилиб келаётган машҳур уламоларимиз робитаи шайх масаласини четлаб ўтадилар. Тасаввуф тарафдорлари бўлган кўпгина кишилар ўзаро суҳбатларда бу масалани ҳеч фикрларига жойлай олмаётганларини айтадилар.
Бу борада ўртача ечим топилиши мумкинми, деган савол мени кўп ўйлантириб келарди. Саволга жавобни Нақшбандия тариқатининг машҳур шайхларидан бўлган Имоми Роббоний ва Мавлоно Холид раҳматуллоҳи алайҳимонинг робита ҳақидаги баёнотларидан топдим.
Имоми Роббоний раҳматуллоҳи алайҳи робитаи шайх комил муршидга бўлишини таъкидлайдилар ва бу ишга лойиқ шайхни қуйидагича таърифлайдилар:
«Комил муршиднинг бир назари қалб хасталикларининг шифосидир. Унинг бир таважжуҳи маънавий хасталикларни даф этади. Бу камолотнинг соҳиби бўлган зот вақтнинг имоми ва замоннинг халифасидир. Қутблар унинг мақоми соясидан паноҳ топадилар. Мамлакатларнинг муршиди бўлган буюклар унинг уммонлар каби муаззам камолотидан тасалли олурлар».
Мавлоно Холид раҳматуллоҳи алайҳи: «Робита муриднинг муршиди комилнинг суратини хаёлига олиб, унинг руҳониятидан фойдаланишидан иборатдир», дейдилар. Ўша муршиди комил «шуҳуд мақоми»га етишган бўлиши шартлиги ҳам таъкидланган ҳақиқатдир.
Бу ҳақда шайх Муҳаммад Асъад Ирбилий раҳматуллоҳи алайҳи:
«Ўзига робита қилинадиган шайхнинг ҳоли ва ахлоқи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳоллари ва ахлоқига тобе бўлмагунча, робитадан кутилган файз юзага чиқмайди. Робита қиладиган солик эса шайхининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари ила ахлоқланганлигини шариат ва тариқат ўлчови ила таҳқиқ этиши фарздир. Акс ҳолда робита қилувчи ҳам, қилинувчи ҳам паришон бўлади», дейдилар.
Агар бу маъноларни бугунги кунга татбиқ қилмоқчи бўлсак, юқоридаги сатрларда васфи зикр қилинган, бир назари қалб хасталикларининг шифоси бўлган, бир таважжуҳи маънавий хасталикларни даф этадиган, вақтнинг имоми ва замоннинг халифаси бўлган, қутблар унинг мақоми соясидан паноҳ топадиган, мамлакатларнинг муршиди бўлган буюклар унинг уммонлар каби муаззам камолотидан тасалли оладиган, ҳоли ва ахлоқи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳоллари ва ахлоқига тобе бўлган ва шуҳуд мақомига эришган муршиди комилни топишимиз лозим бўлади. Аллоҳнинг фазли чексиз, шундай зотни топиб қолсак, ажаб эмас.
КЕЙИНГИ МАВЗУ:
Валийлар ва кароматлар
Валий ҳеч қачон набий мартабасига ета олмайди
Авлиёларнинг кароматлари
Аллоҳ таолога хос сифатлар ҳеч кимга мўъжиза ҳам, каромат ҳам бўлмайди
Каромат тушунчаси ва турлари
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг халифалиги
(халифалик даври: ҳижрий 64–73; милодий 683–692)
Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ҳаёти
Абдуллоҳ ибн Зубайр – жаннат башорати берилган ўн кишининг бири бўлган машҳур саҳоба Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ўғилларидир. Оналари – Асмо бинт Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳо.
У зот ҳижратдан кейин Мадинада биринчи туғилган бола эдилар. Шунинг учун у киши туғилганида мусулмонлар ниҳоятда хурсанд бўлган. Ўша пайтда яҳудийлар «Муҳожирларда бепуштлик тарқалган» деб даъво қилишарди. Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг туғилиши эса Мадинаи мунавварада мусулмонлар учун байрам устига байрам бўлиб кетди.
У киши улуғ саҳобадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида Абдуллоҳ ибн Зубайр тўққиз ёшда эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўттиз учта ҳадис ривоят қилганлар.
Абдуллоҳ ибн Зубайр Қуръон оятлари ёзилган саҳифалардан мусҳафларга нусҳа кўчиришдек масъулиятли ишни бажарган тўрт саҳобанинг биридирлар.
Усмон розияллоҳу анҳу Ҳафса онамизга одам юбориб: «Бизга саҳифаларни бериб тур, ундан мусҳафларга нусха кўчириб олайлик, кейин уларни ўзингга қайтариб берамиз», деган. Шунда Ҳафса уларни Усмонга бериб юборган. У зот Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саъид ибн Ос ва Абдурраҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишомларга амр қилган ва улар мусҳафларга нусха кўчиришган.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Ярмук урушида оталари билан бирга иштирок этганлар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу қатл қилинган куни у кишини ҳимоя қилиб жанг қилганлар ва жароҳатланганлар. Шунингдек, Қустантиния ғазотида, кейинчалик Муовиянинг даврида Африкадаги фатҳларда ҳам иштирок этганлар.
Ўша пайтда Африка жамияти дейилганда Тароблусдан Танжагача чўзилган катта ерларни ўз ичига олган жамият кўзда тутиларди. Унинг подшоҳи Рум томонидан қўйилар, ўша пайтда Жиржис исмли одам подшоҳ эди. У ҳар йили Рум подшоҳига харож тўлаб турарди. Жиржис бир юз йигирма минг отлиқдан иборат лашкар тўплади. Мусулмонлар келиб, Исломни арз қилишган эди, у бош тортиб, урушни ихтиёр қилди. Жиржис жарчи юбориб, «Ким Абдуллоҳ ибн Саъдни қатл қилса, уни қизимга уйлантираман ва юз минг динор бераман!» деб жар солдирди.
Мусулмонларнинг қўмондони Абдуллоҳ ибн Зубайр эдилар. У киши Абдуллоҳ ибн Саъддан изн олиб, мусулмонлар ичида «Ким Жиржисни қатл қилса, у юз минг динор олади ва Жиржиснинг қизига уйланиб, унинг мамлакатига волий бўлади!» деб жар солдирдилар. Жиржиснинг дилига қўрқув тушди.
Аввалига жанг Жиржиснинг режаси бўйича давом этди, яъни эрталаб бошланиб, пешинда тўхтар эди. Кейин Абдуллоҳ ибн Зубайр мусулмон жангчиларни иккига бўлдилар. Бир қисми пешингача уруш қилади, иккинчиси пешиндан кейин. Ана шунда румликлар дам олишга улгуришмайди. Мусулмонлар эса дам олиб дам олиб, жангни давом эттираверадилар.
Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ушбу режаси румликларнинг мағлубиятига асосий сабаб бўлди. Абдуллоҳ ибн Зубайр Жиржисни қатл этди.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу жуда кўп ибодат қилар эдилар. Халифалар ичида чавандозлиги билан машҳур бўлганлар. Шижоатда у кишига тенг келадиган одам йўқ эди.
«Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу намоз ўқисалар, хушуъдан қотган таёққа ўхшаб қолар эдилар. Сажда қилганларида чумчуқлар у кишини девор деб ўйлаб, устиларига қўнар эди. Бир куни Каъбанинг Ҳатийм тарафида намоз ўқиётганларида тош тушиб, кийимларининг бир томонини узиб кетганини ҳам сезмаганлар».
Ҳижратнинг 64 йили Язид ибн Муовия вафот этганида бу зот халифа бўлишлари учун байъат берилди. Мана шу даврда Миср, Ҳижоз, Яман, Хуросон, Ироқ, Шом юртларининг баъзи ерларига ҳукмдор бўлдилар.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ўзлари умавийларга қарши чиқиб, Маккага амир бўлиб турганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айганларидек қилиб, Каъбани қайта қурдилар. Аммо умавийларнинг лашкарбошиси золим Ҳажжож Абдуллоҳ ибн Зубайрни қатл қилиб, қурилишларини бузиб, қурайшликлар кўрганидек қилиб қайта қурди.
Абдуллоҳ ибн Зубайр ўзларининг халифалик даврларида биринчи бўлиб дирҳамни жорий этдилар. Бу дирҳамнинг бир тарафига «Муҳаммадур Расулуллоҳ», иккинчи тарафига «Амруллоҳи бил вафо вал адл» деб битилган эди.
Абдуллоҳ ибн Зубайрга байъат
Карбалода Ҳусайн розияллоҳу анҳу қатл қилинганларидан сўнг Ибн Зубайр Язидни халифаликдан олинди, деб эълон қилдилар ва одамларни ўзларига байъат қилишга чақирдилар. Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррама аҳли у кишига байъат қилди. Юқорида айтиб ўтилганидек, Язид ибн Муовия Ибн Зубайрга қарши уруш қилди. Мадинаи мунавваранинг Ҳарамини бузиб, ичкарида уруш қилишга журъат этди. Маккаи мукаррама қамал қилиб турилганда, ҳижрий 64 (милодий 683) йилда Язид вафот этди. Шундан кейин Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ишлари қарор топди. У кишига бошқа шаҳарларнинг одамлари ҳам байъат қилишди. Бану Умайяга фақат Шомнинг бир қисмигина қолди, холос.
Абдуллоҳ ибн Зубайр ана шу тарзда қонуний халифага айланди. Шунга биноан Муовия ибн Язид, Марвон ибн Ҳакам ва Абдулмалик ибн Марвонларнинг биринчи даврдаги халифаликлари ботил ҳисобланди. Улар ҳақида: «Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг замонида Шомда ҳоким бўлиб туришган», дейилади. Аҳли илмларнинг кўплари мана шунга иттифоқ қилганлар.
Ҳодисалар
Марвон ибн Ҳакамнинг фаолияти
Язиднинг ўлимидан кейин унинг ўғли Муовия халифа бўлди. Лекин у халифаликдан воз кечиб, узлатга юз тутди.
Умавийлар ҳижрий 64 йилда Марвон ибн Ҳакамга байъат қилишди. У Шомнинг барчасини ўз ҳукми остига бўйсундиришга имкон топди. Сўнг Абдуллоҳ ибн Зубайрдан Мисрни тортиб олди.
Марвон ибн Ҳакам ҳижрий 65 (милодий 684) йилда вафот этди. У ҳам ўғли Абдулмаликка аҳд олиб, уни халифа қилиб қўйгач, оламдан кўз юмди.
Мухтор Сақафий ҳаракати
(ҳижрий 64–67; милодий 683–686)
Мухтор Сақафий Ибн Зубайрнинг одамларидан эди. Лекин у Ибн Зубайрдан ажралиб, ўзбошимчалик билан иш юритиб, бош кўтарди ва Куфага жўнаб кетди. У залолатга кетиб адашган, ниҳоятда обрўталаб ва мол-мулкка ўч одам эди. У Куфага эга чиқиб олди, Мосулни буйсундирди, Маккага ҳужум қилди. Абдулмалик унга қарши уруш олиб борган эди, Сақафий уни енгди. Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қотилларини қатл қилди, уларни жуда қаттиқ таъқиб остита олди. Бу ишларни у шийъаларнинг розилиги учун қилди. Мухтор Сақафий Убайдуллоҳ ибн Зиёдни қатл қилди. Сўнгра Мусъаб ибн Зубайр Мухтор Сақафийни йўқ қилди. Мусъаб Абдуллоҳ ибн Зубайр ва унинг укаси томонидан Басранинг волийси этиб тайинланган эди. Бу воқеа ҳижрий 67 (милодий 686) йилда бўлиб ўтди.
Абдулмаликнинг Ироқ ва Мадинани эгаллаб олиши
Абдулмалик ўзи бош бўлиб, Мусъаб ибн Умайрга қарши уруш қилиш учун йўлга чиқди. Мусъаб енгилди ва ҳижрий 71 (милодий 690) йилда қатл қилинди. Ироқ Абдулмаликка бўйсунди. Сўнг унинг лашкари Мадинаи мунавварага келди ва у ерни ҳам ўзига бўйсундирди.
Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг қатл қилиниши ва Макканинг бўйсундирилиши
Кейин Абдулмалик ўз қўмондони Ҳажжож ибн Юсуф бошчилигида лашкарини Макка томон юборди. Ибн Зубайр Маккада ўзига истеҳком қуриб олган эди. Ҳажжож Маккаи мукаррамани қамал қилди. Каъбани манжаниқда тошга тутди. Одамлар Ибн Зубайрни ташлаб қочиб кетишди. Ибн Зубайр ўзига яқин кишилар билан беқиёс шижоат кўрсатиб, Каъбанинг олдида душманга қарши жанг қилди. Бироқ манжаниқда отилган тошлар тегиб синган Каъбанинг бўлаклари остида ҳалок бўлди. Бу ҳодиса ҳижрий 73 (милодий 692) йилда содир бўлди. Шундай қилиб, Макка ва унинг аҳолиси Абдулмаликка бўйсунди. Барча юртларга Абдулмалик қонуний халифа бўлиб олди.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг халифалиги таҳминан тўққиз йил давом этди.
Умавийлар халифалигининг қайта тикланиши
Абдулмалик ибн Марвон
(халифалик даври:ҳижрий 73–86; милодий 692–705)
Абдулмалик ибн Марвоннинг ҳаёти ва халифалиги
Абдулмалик ибн Марвон ибн Ҳакам ибн Абу Ос ибн Умайя 16 ёшлигида Муовия уни Мадинага волий қилган эди. У халифа бўлишидан олдин ғоятда обид, зоҳид ва фақих инсон бўлиб, Мадинаи мунавваранинг уламоларидан саналарди. Абдулмалик ибн Марвон ҳижрий 41–45 йилларда Африкани фатҳ қилиш ишларида иштирок этган. Ҳижрий 65 (милодий 684) йилда отаси Марвон ибн Ҳакамнинг вафотидан кейин ишни ўз қўлига олди. Ўша вақтда Ибн Зубайр халифа бўлиб турган эди. У Ироқни Ибн Зубайрдан ажратиб олгандан сўнг уни қатл қилиб, Ҳижозни ўзига бўйсундирди. Бошқа шаҳарлар ҳам унга байъат қилди. Ҳижрий 73 (милодий 692) йилдан Абдулмалик ибн Марвон қонуний халифага айланди ва барча вазиятни ўз қўлига олди.
Бу инсон умавийлар давлатининг иккинчи асосчиси саналади. Абдулмалик ибн Марвон ишни қўлига олган пайтда Ислом олами тарқоқ ҳолатда эди. У ўзининг донолиги ва сиёсати билан юртларнинг ҳаммасини тоатга қайтишга ундади ва бу ишда муваффақиятга эришди. Барча бош кўтаришлар, исёнлар ва қўзғалонларни бостирди.
Фатҳлар
Абдулмалик ибн Марвоннинг даврида кенг ва катта фатҳлар бўлмади, чунки у хорижийларга ва Ибн Ашъасга қарши жанг билан машғул бўлди. Кейинроқ Румга қарши уруш қилишга қайтди, чунки улар Шом юртларига таҳдид солиб турган эди. Мағриб юртлари қайтадан фатҳ, қилинди. Ўша даврда Шимолий Африка майдонида энг катта ва машҳур қўмондонлардан бири Мусо ибн Нусайр бўлди. Уқбанинг ўлимидан кейин Танжа ва Сиптани фатҳ қилди.
Шарқ тарафда Мовароуннаҳр юртларида туркларга қарши урушлар бўлди. Муҳаммад Сақафий Синдни фатҳ қилди. Машриқда кенг қамровли фатҳлар бўлмади, бироқ унинг давридаги барқарорлик отаси Валиднинг пайтидагидан кўра салмоқлироқ бўлди.
Ҳодисалар Абдурраҳмон ибн Ашъас ҳаракати
(ҳижрий 81–85; милодий 700–704)
Ҳижрий 81 йилда Ҳажжож Абдурраҳмон ибн Ашъасни турк юртларини фатҳ қилиш учун юборди.
У ерда жуда кўп ғалабаларга эришган Абдурраҳмон ибн Ашъас Ҳажжожга ва Абдулмаликка итоат қилишдан бош тортди. Ҳажжожга қарши уруш олиб бориб, Ироқни бўйсундирди. Сўнг машриқ тарафда Хуросондан бошқа жойлар унга бўйсунди. Абдурраҳмон ибн Ашъас билан умавийлар орасида катта урушлар бўлди. Ниҳоят ҳижрий 82 йилда у енгилиб, қочиб кетди ва ҳижрий 85 йилда қатл қилинди.
Ҳажжож томонидан Ибн Ашъасга эргашган уламолардан кўпчилиги ҳам қатл қилинди. Уларнинг ичида тобеъинлардан бўлмиш Саъид ибн Жубайр ҳам бор эди.
Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий
Абдулмаликнинг энг кўзга кўринган одамларидан бири бўлган бу шахс ўзининг сиёсати, доҳийлиги ва шафқатсизлиги билан машҳур бўлди. У Мусъаб ибн Зубайрга қарши уруш олиб борган, Ироқни умавийларга қўшган қўмондонлардан эди. Сўнг Абдулмалик уни Абдуллоҳ ибн Зубайрга қарши урушиш ва Ҳижозни бўйсундириш учун юборди. У Ибн Зубайрни ўлдирди ва ўша ерларга ўзи волий бўлди.
Ироқда фитналар янгитдан бошланганда (ўзи ҳар доим шундай бўлиб келган), Абдулмалик Ҳажжожни Ироққа волий қилди. Ҳажжож Ироққа қарши раҳмсиз ва шафқатсиз сиёсат олиб бориб, уни ҳам ўзига бўйсундирди. Ҳажжожнинг нуфузи Шарқнинг барча тарафларига тарқалди. Умавийлар давлати дуч келган тўсиқларни енгишда унинг хизматлари ниҳоятда катта эди. Кўриниб турибдики, Ҳажжожнинг шафқатсизлиги ўша замондаги тинчлик ва истиқлол учун хизмат қилган.
Хаворижлар
Ўша даврларда хаворижларнинг Ироқ ва Арабистон яриморолидаги фаолиятлари кучайди. Умавий қўмондонлардан Муҳаллаб ибн Абу Сафро уларнинг устидан кўп ғалабаларга эришиб, у ерларда жуда кўп аҳолини қириб битирди. Қотрий ибн Фужоъа ва Шабиб Шайбоний хаворижларнинг энг кўзга кўринган намояндаларидан эди.
Абдулмалик ибн Марвон амалга оширган энг муҳим ишлар
– Ҳижрий 76 (милодий 695) йилда исломий пул бирлиги чиқарилиб, муомалага киритилди.
– Масжидул Ақсо биноси янгиланди.
– Девон ишлари арабийлаштирилди. Бу иш ҳижрий 81–86 (милодий 700–705) йилларда амалга оширилди.
Абдулмалик ибн Марвоннинг вафоти
Абдулмалик ибн Марвон ҳижрий 86 (милодий 705) йилда вафот этди. Унинг қонуний халифалиги ўн уч йил давом этди.
Кейинги мавзулар:
Валид ибн Абдулмалик.