۞يَسَۡٔلُونَكَ عَنِ ٱلۡأَهِلَّةِۖ قُلۡ هِيَ مَوَٰقِيتُ لِلنَّاسِ وَٱلۡحَجِّۗ وَلَيۡسَ ٱلۡبِرُّ بِأَن تَأۡتُواْ ٱلۡبُيُوتَ مِن ظُهُورِهَا وَلَٰكِنَّ ٱلۡبِرَّ مَنِ ٱتَّقَىٰۗ وَأۡتُواْ ٱلۡبُيُوتَ مِنۡ أَبۡوَٰبِهَاۚ وَٱتَّقُواْ ٱللَّهَ لَعَلَّكُمۡ تُفۡلِحُونَ١٨٩
189. Сиздан ҳилол ҳақида сўрашади. "Улар инсонлар учун ва ҳаж учун вақт ўлчовидир", денг. Уйларингизнинг орқа тарафидан келишингиз яхшилик эмас, яхшилик тақводорликдадир. Уйларга эшикларингиздан киринглар ва Аллоҳдан қўрқинглар, шундагина нажот топасизлар.
Ояти каримадаги "ҳилол" янги чиққан ой маъносида. Аллоҳ таоло ойни Ўзи билган қонун ва ҳикмат билан, кечалари нур сочиб, ёритиб туриши, бандаларнинг йиллар ва вақт саноғини бехато билиб юришлари учун яратган. Бу ҳақда бир неча ҳадислар ҳам бор: Ҳусайн ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Макка амири хутба қилиб: "Расулуллоҳ бизларга ибодатларни ойни кўриб адо этишни... амр қилганлар", деди" (Абу Довуд, Дориқутний ривояти); Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қилинган ривоятда: "Ойни кўриб рўза тутинглар ва уни кўриб очинглар", деганлар (Термизий ривояти). Ҳилол (янги чиққан ўроқ шаклидаги ой) сурати мусулмон ўлкаларда динлари рамзи сифатида ишлатилади.
Ўтмишдаги араблар эҳромга кирганидан кейин яна уйларига кирмоқчи бўлишса, дарвозадан эмас, томдан тушишар ё уйининг орқа томонини тешиб, ўша ердан киришар эди. Улар бу нарсани яхши амал, деб эътиқод қилишарди. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу ривоят қилади: "Араблар жоҳилият даврида эҳром боғлашса, уйларига томдан ошиб тушишар эди. Кейин Аллоҳ таоло юқоридаги оятини нозил қилди" (Бухорий ривояти). Аллоҳ таоло бу ояти каримада мазкур эътиқоднинг маънисизлигини билдириб, яхшилик фақат Ўзига тақво қилиш билан бўлишини зикр этмоқда.
— Ҳаж вақтида зиёратчиларимиз шайтонга тош отишади. Тош нима учун отилади?
— Дарҳақиқат, ҳаж вақтида қилинадиган амаллардан бири бу – Минода шайтонга тош отишдир. Шайтон ҳамма ерда ҳам бўлиши мумкин. Айнан ҳажда ва маълум жойларда шайтонга тош отиш, шайтон ўша вақт ва жойларда Иброҳим алайҳиссаломга қутқу солганда у зот уни тош отиб қувганлари учундир. Бунда шайтонга қарши курашнинг рамзи бордир.
Шайтонга тош отиш, аввало ичдаги шайтонни тошбўрон қилиш ила бошланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Шайтонга тош отиш ва Сафо билан Марва орасида сайъ қилмоқ, фақат Аллоҳнинг зикрини қоим қилмоқ учун амр қилингандир”.
Яна тош отишдан мақсад, шайтонни ёмон кўришдир. Тош отилар экан, шайтон қалбга васваса солганида “Аъузубиллаҳи минашшайтонир рожим” (тошбўрон қилинган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрайман) ифодаси билан бартараф этиш лозим.
Мўминлар шайтоннинг ҳар турли фасодларига қарши ўйғоқ бўлишга ҳаракат қилиши зарур. Ҳаж сафари асносида эса васвасаларга енгилмаслик, сабр қилиш ва имтиҳон эканини тушуниб, ҳаж ибодатини мукаммал адо этишдир.
Устоз Муҳаммад Айюб Ҳомидов