Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Август, 2026   |   12 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:17
Қуёш
05:42
Пешин
12:25
Аср
17:10
Шом
19:12
Хуфтон
20:32
Bismillah
25 Август, 2026, 12 Рабиъул аввал, 1448

Расулуллоҳ мақтаган икки соҳа ёхуд жаннатни олисдан изламанг!

08.11.2020   6995   11 min.
Расулуллоҳ мақтаган икки соҳа ёхуд жаннатни олисдан изламанг!

Бахтли, саодатли яшаш, чинакам маъмур ҳаёт кечириш – ҳар бир инсон орзуси. Дунёда бахту саодатни, маъмурчилик ва фаровонликни ўлчайдиган мезонлар кўп, омиллар бисёр. Лекин шундай неъматлар борки, уларсиз ҳаётимиз рангсиз, турмушимиз ҳузур-ҳаловатсиз бўлиб қолади.

Хўш, бу неъматлар қайсилари?

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар – сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”, – дедилар” (Имом Бухорий ривоятлари).

Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Кимки ўз уйида тинчликда, тани соғлом, бир кунга етадиган таоми бор ҳолда тонг оттирса, унга бутун дунё неъматлари тўлиғича берилгандек бўлибди”, – дейилган (Имом Бухорий ривоятлари).

Нега ҳадиси шарифда ҳар куни, ҳар доим муҳтож бўладиганимиз уч неъмат: соғлиқ, тинчлик ва қут-баракага урғу берилди?

Чунки бу неъматлар бўлмаса, турмуш издан чиқади, яшаш қийинлашади. Узоққа бормайлик, бугунги дунёнинг манзарасидан хулоса чиқариб олайлик. Биргина кўзга кўринмас ўлат барчанинг ҳаловатини ўғирлади, ҳамманинг тинчини бузди. Шундай эмасми?

I

Бир куни пайғамбарларнинг отаси, бобомиз Иброҳим алайҳиссалом сўрадилар:

– Ё Парвардигори олам! Дард кимдан?

Аллоҳ таоло:

 Мендан, – деди.

Иброҳим алайҳиссалом яна сўрадилар:

– Даво кимдан?

Аллоҳ таоло яна:

 Мендан, – деди.

Шунда Иброҳим алайҳиссалом:

– Унда табибга не ҳожат? – дедилар.

Аллоҳ таоло:

– Табиб – қўлига даво юборилган кишидир, – деб марҳамат қилди.

Жаноби Пайғамбаримизнинг айтган муборак сўзларидан оладиган хулосамиз – қайси бир дард-касалликни Аллоҳ таоло юборган бўлса, демак, унинг шифосини ҳам юборган. Шифоси эса – табиб, шифокорларнинг қўлларида.

Яқин-яқингача айрим нодонлар юртимиз шифокорларига қўл кўтаришганини ойнаи жаҳон орқали кўриб, ранжидик. Ваҳолонки, бугун коронавирусга чалинган юртдошларимиздан (20 май ҳолатига кўра) 2372 нафарининг соғайишида шифокорларимизнинг хизмати беқиёс катта эканига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Икки ҳафта мобайнида оиласи бағридан ажралиб, халқ хизматига камарбаста бўлган шифокорларимизни аввалги мақолаларимизда замонамиз қаҳрамонларига менгзаган эдик.

Шарқу ғарб олимлари тан олган, XXI асрнинг нанотехнология замонасида ҳам асарларини бутун дунё халқлари бошга кўтараётган, жаҳоннинг олий тиббиёт муассасаларида китоблари ҳанузгача ўқитиб келаётган, Ер юзининг энг нуфузли тиббиёт академияларида илмий ишлари ўрганилиб келаётган, ёруғ оламдаги бутун бир улкан ва жиддий соҳа шу инсоннинг исмлари билан номланган Абу Али ибн Сино айтадилар:

Тузатиб бўлмайдиган дард йўқ,

Иродасизлик бор.

Шифобахш бўлмаган ўсимлик йўқ,

Илмсизлик бор.

Худои таоло барча махлуқоту мавжудотларини жуфт-жуфт қилиб яратган. Илло, Ўзигина яккаю ягона, ёлғиз холос! Ҳамма нарса жуфт-жуфт: қуёш-ой, ёз-қиш, эркак-аёл, оқ-қора, ер-осмон, жаннат-дўзах, ўлим-ҳаёт, савоб-гуноҳ, кеча-кундуз ва ҳоказо.

Демак, дарднинг ҳам жуфти, зидди бор экан. Бу нима? Бу – даво! Ҳар бир касалликнинг ҳам жуфти, зидди бор экан. Бу нима? Бу – шифо!

Модомики, Аллоҳ таоло ҳар бир дардга – даво, ҳар бир касалликка – шифо юборибдими, энди сизу биз бандаларининг иши – шу даво ва шифоларни излаб топиш!

Имом Бухорий ва Имом Муслим асарларида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ алайҳиссалом айтдилар: “Аллоҳ қандай касаллик туширган бўлса, албатта, унинг шифосини ҳам туширган“.

Зиёд ибн Алақа разияллоҳу анҳу Усома ибн Шерик разияллоху анҳудан бундай ривоятни келтиради: “Мен Расулуллоҳнинг ҳузурларида эдим. Бир аъробий келиб:

– Ё, Расулуллоҳ! Даволансак бўладими? – деб сўради.

Расулуллоҳ алайҳиссалом:

– Ҳа, эй, Аллоҳнинг бандалари! Даволанинглар! Чунки Аллоҳ таоло қандай дардни яратган бўлса, албатта, унинг шифосини ҳам яратган. Лекин битта дарднинг давоси йўқ, – дедилар.

Саҳобийлар:

– У қайси дард? – деб сўрашди.

Расулуллоҳ алайҳис салом:

– Қарилик, – деб жавоб бердилар.

Яна бир ҳадиси шарифларида Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ алайҳиссалом айтдилар: “Ҳар бир дарднинг давоси бор. Агар даво дардга етиб борса, Аллоҳ азза ва жалланинг изни билан тузалади” (Имом Муслим ривоятлари).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматни соғлом жамият барпо этишга буюрганлар. Шу билан бирга, турли хасталиклардан сақланишни сўраб, Аллоҳ таолога илтижо қилганлар. Мўмин-мусулмон киши замонавий тиббиётнинг имкониятларидан фойдаланиб, Шофий (шифо берувчи) – Аллоҳ таолодан турли касалликлардан паноҳ сўраши зарур.

II

Тонг саҳар тинчлик-хотиржамликда уйғонишнинг ўзи бир неъмат эмасми?! Бобо-буви, ота-она, ака-ука, фарзандлар – оила даврасида нонушта қилишнинг файзини нима билан таққослаш мумкин?! Ишга, ўқишга отланаётганда, оила улуғларининг дуосини олиб кўчага чиқишнинг баракотини ҳаммамиз яхши биламиз.

Тинчлик-омонликда яшаш – бу жон, мол, уй-жой, ор-номус хавфсизлигига эга бўлиш демакдир. Минг-минг шукрларки, юртимизда булар барчасининг хавфсизлиги кафолатланган.

Аслида, “Ислом” сўзи араб тилидан ўзбек тилига таржима қилинганда “итоат ва бўйсуниш”, “ихлос ва турли офатлардан саломат бўлиш” ҳамда “сулҳ ва омонлик”, “тинчлик” деган маъноларни билдиради. Бу динни Пайғамбарнинг ўзлари танлаган эмаслар, балки уни Аллоҳ таолонинг Ўзи (!) ихтиёр этган! Ислом – бу Аллоҳ ягона деб эътиқод қилиб, унга бўйсунмоқлик ва бутун қалб билан унга ихлос қилмоқлик демакдир.

Мусулмон” деган сўзнинг асли, негизи, ўзаги “ислом” сўзи. Демак, ҳар бир инсон миллати, ёши, жинси, дини, ирқи, ижтимоий ҳолати, тураржойидан қатъий назар, модомики “мен – алҳамдулиллоҳ, мусулмонман!” деб, ўзини мусулмон ҳисобласа, тинчлик учун хизмат қилиши шарт ва зарур экан! Аксинча, қиладиган иши айтаётган сўзига тўғри келмас экан! Худони Ўзи ҳаммамизни асрасин!

Қўшнинг тинч – сен тинч!”, “Юртинг тинч – сен тинч!” дейди доно халқимиз. Юртимиз, қўшнимиз, оиламиз тинчлиги-хотиржамлиги учун нечта одам хизмат қилмоқда? Уларнинг икки-уч нафарини кўра олсак, неча миллион нафарини ҳаёлимизга ҳам келтира олмаймиз! Ҳатто тасаввур қилишга ҳам ожизмиз!

Доно халқимиз “Бирни кўриб – фикр қил, бирни кўриб – шукр қил!” деб бежиз айтмаган. Телевизоримиз пультининг хоҳлаган тугмасини босиб, хоҳлаган телеканалга қўйсак, дунёнинг неча минглаб жойларида неча юз минглаб инсонлар тинчлик (!) излаб, сарсон-саргардон бўлаётганига гувоҳмиз...

Ҳар қандай ақлли одам Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, фуқароларимиз фаровонлиги учун сон минглаб ўзимизнинг ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз, ўғил-қизларимиз хизмат қилаётганини алоҳида эътироф этади ва юксак қадрлайди.

Хулоса

Жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги учун ҳар бир инсоннинг қилаётган хизматларига миннатдор бўлишимиз – ҳам бурчимиз, ҳам фарзимиз, ҳам қарзимиздир!

Кунларнинг бирида машҳур рассом дунёдаги энг гўзал суратни чизишга қарор қилади ва саёҳатга отланади. Бир қишлоқдан ўтаётиб нуроний отахонга дуч келади ва ёнига бориб у кишидан: “Дунёдаги энг гўзал нарса нима?” – деб сўрайди. Отахон ҳеч иккиланмай: “ИМОН!” – деб жавоб беради.

Сўнгра бир гузар олдидан ўтаётиб, карнай-сунай садоларини эшитади ва тўпланиб турган оломон олдига бориб келиндан: “Сизнингча, дунёдаги энг гўзал нарса нима?” – деб сўрайди.

Келин куёвнинг кўзларига боқиб: “Дунёдаги энг гўзал нарса – СЕВГИ!” – дейди.

Рассом йўлида давом этади. Бепоён даштлар, тизма тоғлар, ястаниб ётган қир-адирлардан ўтиб, саҳрода бир тўда аскарни учратади ва улардан бирини ёнига чорлаб, юқоридаги саволни беради.

Аскар: “Дунёдаги энг гўзал нарса бу – ТИНЧЛИК!” – дея жавоб беради.

Рассом дунёдаги энг гўзал нарсалар – имон, севги ва тинчлик бўлса, буларнинг барчасини бир расмда қандай ифодалайман, дея ўйлай-ўйлай уйига қайтиб келади.

Уйига кириши билан дунёнинг энг гўзал манзараси қаршисида эканини англаб етади: болаларининг маъсум нигоҳларида имон, аёлининг кўзларида севги, уйида эса тинчлик ҳукм сурар, ҳаммаларининг танлари соғ-саломат эди.

Булардан илҳом олган рассом дунёдаги энг гўзал нарсани чизишга киришади ва уни “Менинг уйим”, деб номлайди.

Биз буни янада кенгроқ тасаввур қилиб, табиий лозим бўлган ИМОН ва СЕВГИдан ташқари, дунёдаги энг гўзал нарса бу – ТИНЧЛИК ва СОҒЛИҚ эканини эътироф этамиз. Имон, тинчлик, саломатлик неъматлари жаннатмакон юртимизда, шукрки, барқарор! Демак, дунёдаги энг гўзал диёр бу – имон, тинчлик, саломатлик барқарор бўлган ВАТАН – ЎЗБЕКИСТОНИМИЗДИР!

Устозларимиз айтадилар: “Ҳаётдан киши олмаса таълим, ўргата олмас унга ҳеч бир муаллим”. Кундалик ҳаётимизда ниҳоятда эҳтиёт бўлишимиз лозим экан. Яна билиб-билмасдан Жаноби Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар – сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир” деган муборак сўзларига қарши бўлиб қолмайлик!

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Имом Бухорий юртида буюк алломалар мероси илм, маърифат ва тадқиқотлар билан янада бойимоқда

21.08.2026   36501   5 min.
Имом Бухорий юртида буюк алломалар мероси илм, маърифат ва тадқиқотлар билан янада бойимоқда

Шу кунларда жойларда Ватанимиз давлат мустақиллигининг 35 йиллигини нишонламоқда. О‘тган йилларга назар ташласак, истиқлол нафақат сиёсий ва иқтисодий мустақиллик, балки буюк аждодлар мероси ва ма’навий илдизларига қайтиш имконини берганини янада чуқур ҳис этамиз.
 
Айниқса, кейинги йилларда Янги О‘збекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илм-ма’рифат, диний та’лим ва буюк алломаларимиз меросини о‘рганиш соҳасида амалга оширилаётган кенг ко‘ламли ислоҳотлар бу борада мутлақо янги босқични бошлаб берди.

Президентимиз 2017 йилдаёқ юртимизда шаклланган буюк илмий мактабларни қайта тиклаш, хусусан, Самарқандда ҳадисшунослик мактабини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди. Орадан ко‘п о‘тмай бу эзгу г‘оя амалий ифодасини топди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-ма’рифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари то‘г‘рисида»ги Фармони асосида Самарқандда Ҳадис илми мактаби ташкил этилди. Шу йилнинг 1 ноябрида қабул қилинган Ҳукумат қарори билан унинг фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари белгилаб берилди.

Бу воқеа, бизнингча, шунчаки янги та’лим муассасасининг очилиши эмас эди. Бу – Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий каби буюк муҳаддисларни етиштирган заминда ҳадис илмининг узоқ асрлик ан’аналарини замонавий асосда давом эттириш ё‘лидаги тарихий қадам бо‘лди.

Ҳадис илми мактаби олдига Қур’они карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини теран англайдиган, ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини пухта эгаллаган, буюк муҳаддисларимиз меросини чуқур о‘рганадиган ва мустақил илмий тадқиқот олиб бора оладиган етук мутахассисларни тайёрлаш вазифаси қо‘йилди. Энг муҳими, ҳадисларда мужассам бо‘лган эзгулик, ҳалоллик, адолат, баг‘рикенглик, ватанпарварлик, ота-онага эҳтиром, инсон қадрини улуг‘лаш сингари умуминсоний г‘ояларни халқимиз, айниқса, ёш авлодга то‘г‘ри ва илмий асосда етказиш та’лим даргоҳининг муҳим вазифаларидан бирига айланди. Бугун Ҳадис илми мактабида та’лим жараёни назарий билим бериш билан чекланиб қолмай, амалий машг‘улотлар билан ҳам узвий бог‘ланган. Талабалар ҳадисларни тахриж қилиш, я’ни уларнинг асл манбаларини аниқлаш, ривоят ё‘ллари ва санадларини о‘рганиш, ҳадис матнларини шарҳлаш ва илмий таҳлил қилиш, уларни мавзу ва мазмунига ко‘ра таснифлаш, шунингдек, ҳадис манбалари ва илмий асарларни тадқиқ қилиш бо‘йича амалий ко‘никмаларни эгалламоқдалар.

Айни пайтда, Ҳадис илми мактабининг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ёнма-ён фаолият юритаётгани ҳам о‘зига хос илмий-ма’рифий муҳитни юзага келтирмоқда. Буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий меросини о‘рганиш, уни жаҳон илм аҳлига етказиш, замонавий тадқиқотлар билан бойитиш ё‘лида амалга оширилаётган ишлар ёшларимиз учун улкан илмий мактаб вазифасини о‘тамоқда.
Бугун Самарқанд заминида Имом Бухорий номи билан бог‘лиқ улкан бунёдкорлик ишларининг амалга оширилиши ҳам халқимизнинг о‘з буюк аждодига бо‘лган юксак эҳтиромининг ифодасидир. Имом Бухорий мажмуасининг замон талаблари асосида қайта бунёд этилиши, уни илм-ма’рифат, тарбия ва зиёрат масканига айлантиришга қаратилган ишлар нафақат юртимиз, балки бутун ислом олами учун катта аҳамиятга эга.
Янги О‘збекистонда диний-ма’рифий соҳага бо‘лган муносабатнинг энг муҳим жиҳати шундаки, аждодлар мероси фақат тарихий фахр сифатида эмас, балки бугунги ва келажак авлод тарбиясига хизмат қиладиган улкан ма’навий хазина сифатида о‘рганилмоқда. Имом Бухорийнинг илмга садоқати, ҳақиқатни излашдаги матонати, ҳадисларни қабул қилишдаги юксак илмий мезонлари бугунги ёшларимиз учун ҳам ибрат мактабидир.
Со‘нгги йилларда юртимизда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳовуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби каби қатор илм ва ма’рифат масканларининг ташкил этилгани ҳам ушбу сиёсатнинг узвий натижасидир.

Буларнинг барчаси замирида битта буюк мақсадни ко‘риш мумкин: ма’рифатли, о‘з тарихини биладиган, аждодлари мероси билан фахрланадиган, айни пайтда замонавий билим ва тафаккурга эга авлодни вояга етказиш. Биз, Ҳадис илми мактаби жамоаси, яратиб берилаётган бундай имкониятларни катта ишонч ва юксак мас’улият сифатида қабул қиламиз. Чунки буюк муҳаддислар юртида ҳадис илмини о‘рганиш ва о‘ргатиш фақат касбий вазифа эмас, балки аждодлар олдидаги ма’навий бурч ҳамдир.

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида ортга назар солиб, бугунги натижаларни сарҳисоб қилар эканмиз, истиқлолнинг қадрини яна бир бор теран ҳис этамиз. Агар мустақиллик халқимизга о‘з тақдирини о‘зи белгилаш ҳуқуқини берган бо‘лса, Янги О‘збекистондаги ислоҳотлар миллий ва диний-ма’рифий меросимизни чуқур о‘рганиш, уни дунёга муносиб тарзда намоён этиш учун янги имкониятлар эшигини очди. Эндиликда бизнинг вазифамиз – ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиб, Имом Бухорий ва бошқа буюк алломаларимиз қолдирган илмий меросни янада чуқур тадқиқ этиш, унинг инсонпарварлик ва ма’рифатпарварлик г‘ояларини ёш авлод қалбига етказишдир. Зеро, о‘з о‘тмишини англаган, илмни қадрлаган ва ма’рифатга таянган халқнинг келажаги ҳамиша порлоқ бо‘лади.

Барот Амонов, Ҳадис илми мактаби ректори.

О‘збекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари