Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Дин ишлари бўйича қўмитаси жамоаси қадрли устоз, исломшунос олим, профессор Убайдулла Уватовнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Убайдулла Уватов бутун умрини илм-маърифатга бахшида этган, элу юрт меҳрини қалбига, сиймосини кўз қорачиғига сингдирган заковатли олим эди. Мўътабар устознинг бир неча ўнлаб китоблари чоп этилган ва матбуотда юзлаб илмий мақолалари эълон қилинган.
Убайдулла Уватов Тошкент Давлат Шарқшунослик институти, Президент Админстрацияси, Дин ишлари бўйича қўмита, Амир Темур, “Олтин мерос” жамғармалари, Имом Бухорий халқаро маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Халқаро ислом академиясида фаолият олиб бордилар.
Убайдулла Уватов юртимиздан етишиб чиққан алломаларнинг ҳаёти ва илмий-маънавий меросини халқнинг маънавий мулкига айлантириш борасида салмоқли ишларни амалга оширди.
Олимнинг мана шундай самарали меҳнатлари муносиб қадрланиб, 2017 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони, "Меҳнат шуҳрати" ордени ва 2020 йилда “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирландилар.
Аллоҳ таоло марҳум олимни Ўз мағфиратига олсин, имонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги «Зомин» жоме масжидида диний соҳа ходимлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган ташкилий йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сирдарё вилояти вакиллиги раҳбарияти, туман ва шаҳар бош имом-хатиблари, ҳудуд масжидлари имомлари, отинойилар, «Ҳаж» зиёратчилари ҳамда МФЙ раислари қатнашди.
Учрашувда юрт тинчлигини асраш, ёш авлодни миллий ва диний қадриятлар руҳида тарбиялаш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ҳамда нохуш ҳолатларнинг олдини олиш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, тадбир доирасида амалий саъй-ҳаракатлар ҳам олиб борилди:
Имом-хатиблар ва отинойилар маҳаллалардаги эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар хонадонларига ташриф буюрдилар.
Жараёнда жами 112 та хонадон (имом-хатиблар томонидан 83 та, отинойилар томонидан 29 та оила) ҳолидан хабар олиниб, уларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилди.
Фуқароларга маънавий-маърифий далда берилиб, зарур амалий ёрдамлар кўрсатилди.
ЎМИ Сирдарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати