“Ҳалол Лондон – 2023” номли иккинчи халқаро савдо кўргазмаси шу йил 10 ва 11 декабрь кунлари ўтказилади. Унда ҳукуматлар, саноат ва истеъмолчилар вакиллари иштирок этади.
Кўргазмада дунёдаги энг йирик ва машҳур ишлаб чиқарувчи саноат корхоналарининг ҳалол маҳсулотлари тури намойиш этилади. Унинг доирасида “Ҳалол иқтисодиёт анжумани – 2023” номли халқаро тадбир ҳам бўлиб ўтиши режа қилинган.
Анжуманда нотиқлар халқаро ҳалол саноат соҳасидаги энг сўнгги ишлаб чиқариш, ғоялар ва инновацияларни тақдим этади.
Маълумот учун, кўргазманинг 2022 йилда биринчи сессияси ўтказилган эди. Унга 22 мамлакатдан 6000 нафар вакил ташриф буюриб, 150 дан ортиқ экспонент иштирокида юздан ортиқ халқаро ва маҳаллий маърузачилар нутқ сўзлаган эди.
Эътиборлиси, дунё бўйича ҳалол озиқ-овқат саноатининг қиймати бир триллион доллардан ошади ва бу кўрсаткич келажакда 20 фоизга ошиб, ўз соҳасида энг гуллаб-яшнаган саноатга айланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бугун, 30 июнь куни Хоразм Маъмун академиясида "Нажмиддин Кубро маънавий-маърифий мероси ва унинг замонавий тадқиқи" мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Мазкур анжуман Давлатимиз раҳбарининг Нажмиддин Кубро таваллудининг 880 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида илгари сурган ташаббуси доирасида улуғ аждодимизнинг илмий ва маънавий меросини чуқур ўрганиш, бу меросни замонавий тадқиқот методлари асосида таҳлил қилиш ҳамда унинг умуминсоний ва миллий қадриятлар тизимидаги ўрнини белгилаш мақсадида ташкил этилди.
Анжуман доирасида Нажмиддин Кубронинг тасаввуфий ва маърифий ғоялари, уларнинг замонавий маънавий-ахлоқий муаммоларни ҳал этишдаги ўрни, алломанинг ҳаёти ва фаолиятига оид тарихий манбалар, асарларининг бугунги кундаги илмий ва амалий аҳамияти, кубровийлик таълимотининг тарихи ва бугунги ҳолати, шунингдек, ушбу таълимотнинг кейинги тасаввуф мактабларига таъсири кенг муҳокама этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати