Сўнгги йилларда ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш, зиёратчиларга қулай шарт-шароит ва енгилликлар яратиш борасидаги ишлар, шубҳасиз янги босқичга кўтарилди. Буни ташкилий ишлар ҳамда Макка ва Мадина шаҳарларида юртдошларимиз учун яратилган янгилик ва қулайликлар мисолида яққол кўриш мумкин.
Мазкур сафарларни ташкил этиш дунёда кечаётган мураккаб эпидемиологик вазият, қолаверса Саудия Арабистонидаги коронавирус касаллиги билан боғлиқ жиддий ҳолатдан келиб чиқиб, вақтинчалик тўхтатилган эди. Шундан буён “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши Саудия томони билан мазкур тадбирлар билан боғлиқ янгилик ва жараёнлар борасида мунтазам мулоқот қилиб келмоқда.
Аввал хабар бериб ўтганимиздек, Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирлиги ўзининг расмий интернет нашрлари орқали тақдим этган маълумотларга кўра, Умра зиёрати тўрт босқичда, Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги таклиф ва тавсиялари асосида қайта ташкил этиши баён этилган. Бугунга қадар умра тадбирлари 2 та босқичда қайта йўлга қўйилди. Шу йилнинг
4 октябрдан биринчи ва 18 октябрдан иккинчи босқичлар бошланди. Ҳозирга келиб кунлик зиёратчилар сони 15 мингтани ташкил этмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу икки босқичда Умра ибодатини адо этувчилар сони чекланган бўлиб, махсус онлайн навбат дастури орқали рўйхатга олинмоқда ва зиёратчиларнинг Масжидул Ҳарам ҳудудига киришлари ташкилий равишда амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Ҳаж ва умра вазирлигининг баёнотида жорий йил 1 ноябридан эътиборан, Умра ибодатини адо этиш учун хорижлик зиёратчиларни қабул қилиш назарда тутилган эди. Рухсат этилган давлатлар рўйхати мамлакатларнинг эпидемиологик ҳолатидан келиб чиқиб, Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан шакллантирилиши алоҳида таъкидланган.
Шу ўринда, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқ саҳифаларида жорий йилнинг 1 ноябрь кунидан эътиборан, хорижий зиёратчиларга умра қилиши учун рухсат берилмоқда, мазмунида тарқалган хабарга ойдинлик киритиб ўтиш лозим. 1 ноябрь кунидан хорижий фуқароларга рухсат бериш юзасидан билдирилган Ҳаж ва умра вазирлиги баёнотида Умра ибодатига келувчилар учун бир қанча шарт ва талаблар белгилаб қўйилган.
Жумладан, унда умра зиёратчисининг ёши 18 дан 50 ёшгача бўлиши (Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги таклифига кўра), коронавирусдан ҳоли эканини исботловчи манфий натижали ПЦР анализни тақдим этиши, ушбу анализ 72 соат ичида олинган бўлиши ва ишончли лабораторияда амалга оширилиши зарурлиги, "Умра қилдик" программаси орқали (Икки Ҳарамга кириш учун онлайн навбат) рўйхатдан ўтиб, ўз онлайн тартибига кўра умра ибодатини адо этиш, Масжидул Ҳаромда намоз ўқиш, Масжидун Набавийни зиёрат қилиш ва Равзаи шарифда намоз ўқиш билан боғлиқ режали ишлар учун олдиндан буюртма бериш, Саудия Арабистонига етиб келгандан сўнг белгиланган меҳмонхонада 3 кун карантинда бўлиши ва бошқа шу каби талаблар белгиланган.
Шунингдек, Саудия мутасадди идоралари томонидан эпидемиологик ҳолат бўйича Умра зиёратини ташкил этиш учун рухсат этилган давлатлар рўйхати алоҳида эълон қилиниши қайд қилинган.
Ўз навбатида, «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича жамоатчилик кенгаши Саудия Арабистони расмийлари билан мазкур масалалар бўйича белгиланган карантин талаблари асосида Умра зиёратини ташкил этиш юзасидан музокаралар ўтказмоқда.
Шунингдек, ушбу тадбирларни ташкил этишга ваколатли ташкилот – Ўзбекистон мусулмонлари идораси юртдошларимизнинг тўлиқ тиббий хавфсизлигини таъминлаган ҳолда, расмий, ишончли, хавфсиз ва қулай Умра хизматларини тақдим этиш устида ҳамкорлар билан жадал иш олиб бормоқда.Эслатиб ўтамиз, Умра сафари билан боғлиқ якуний қарорлар юзасидан тез кунларда расмий баёнот берилади.
Дин ишлари бўйича қўмита ва
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ислом дунёси таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ICESCO) “Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ал-Муснад ас-Саҳиҳ” асари: Уммат китоби. Иснод ва тасдиқ цивилизациясининг илмий тимсоли” номли фундаментал илмий нашрни тақдим этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мазкур китобни тайёрлашда дунёнинг 16 мамлакати етакчи олим ва тадқиқотчилари иштирок этди.
Нашр 2026 йил 9–10 июль кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” асари – Уммат китоби” мавзусидаги халқаро илмий конференция материаллари асосида тайёрланди. Анжуман Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда ICESCO ҳамкорлигида ташкил этилган эди.
Ҳажми қарийб 800 саҳифадан иборат мазкур китоб буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг бой илмий меросига бағишланган энг йирик замонавий тадқиқотлардан бири ҳисобланади. Унда ҳадисшунослик, ислом илмлари тарихи ҳамда ҳадислар ишончлилигини аниқлаш методологиясига оид долзарб илмий мақолалар жамланган.
Нашрда Имом Бухорий яшаб ижод қилган тарихий ва илмий муҳит, унинг ҳадисларни саралаш ва таснифлашдаги бетакрор услуби, шунингдек, “Саҳиҳи Бухорий” асарига бағишланган замонавий илмий тадқиқотлар, баҳс-мунозаралар ва таҳлиллар ўрин олган.
Мазкур фундаментал нашрнинг эълон қилиниши исломшунослик соҳасидаги халқаро илмий ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиб, Ўзбекистоннинг Имом Бухорий илмий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича жаҳон миқёсидаги нуфузли марказлардан бири сифатидаги ўрни тобора мустаҳкамланаётганини яна бир бор тасдиқлайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати