Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Июл, 2026   |   27 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:18
Қуёш
05:00
Пешин
12:29
Аср
17:41
Шом
20:01
Хуфтон
21:38
Bismillah
12 Июл, 2026, 27 Муҳаррам, 1448

2. БАҚАРА СУРАСИ, 174–176 ОЯТЛАР

28.10.2020   7798   4 min.
2. БАҚАРА СУРАСИ, 174–176 ОЯТЛАР

إِنَّ ٱلَّذِينَ يَكۡتُمُونَ مَآ أَنزَلَ ٱللَّهُ مِنَ ٱلۡكِتَٰبِ وَيَشۡتَرُونَ بِهِۦ ثَمَنٗا قَلِيلًا أُوْلَٰٓئِكَ مَا يَأۡكُلُونَ فِي بُطُونِهِمۡ إِلَّا ٱلنَّارَ وَلَا يُكَلِّمُهُمُ ٱللَّهُ يَوۡمَ ٱلۡقِيَٰمَةِ وَلَا يُزَكِّيهِمۡ وَلَهُمۡ عَذَابٌ أَلِيمٌ١٧٤

174. Аллоҳ туширган Китобдаги нарсани яширганлар ва уни арзонга сотганлар қоринларини фақат оловга тўлдиришади. Қиёмат куни Аллоҳ улар билан сўзлашмайди, уларни покламайди ва уларга аламли азоб бордир.

Одамларни куфр ва ширк исканжасида тутиб туриш учун, ўз шахсий манфаатлари йўлида Парвардигорлари томонидан нозил қилинган илоҳий ваҳийларга ишонмаган, ишониш уёқда қолиб, уларни одамлардан яширган ёки дунёнинг арзон матоҳларига алиштириб юборган жоҳиллар қоринларини дўзах олови билан тўлдиришгани аниқ! Қиёмат куни Аллоҳ таоло уларнинг арзи-ҳолларига, баҳона-сабаблари ҳақида сўзлашмайди ҳам, уларга раҳмат назари билан қарамайди ҳам, уларнинг тавбаларини қабул қилиб, гуноҳларидан покламайди ҳам. Уларга мангу қийноқлар, асло тугамайдиган азоб-уқубатлар тайёрлаб қўйилган. Аллоҳ таоло бундай дейди: "Ким Аллоҳга ширк келтирса, албатта унга Аллоҳ жаннатни ҳаром қилади ва унинг борар жойи дўзахдир. Золимларга ёрдамчилар бўлмайди" (Моида, 72).

أُوْلَٰٓئِكَ ٱلَّذِينَ ٱشۡتَرَوُاْ ٱلضَّلَٰلَةَ بِٱلۡهُدَىٰ وَٱلۡعَذَابَ بِٱلۡمَغۡفِرَةِۚ فَمَآ أَصۡبَرَهُمۡ عَلَى ٱلنَّارِ١٧٥

175. Ана шулар ҳидоят эвазига залолатни, мағфират ўрнига жазони сотиб олганлардир. Улар дўзах ўтига шунчалик бардошлими?

Аллоҳ таолога ширк келтириш, яъни Унга бирор махлуқни шерик қилиш, Аллоҳдан бошқа бут-санамларга, тош, дарахт, ой-қуёш кабиларга сиғиниш энг улкан гуноҳдир. Аллоҳ таоло қанча кўп гуноҳ бўлса ҳам мағфират этиши мумкин, аммо ширкни асло кечирмайди: "Чунки ширк келтириш энг катта зулмдир" (Луқмон, 13). Яъни ширк қабиҳ амал ва очиқ зулмдир. Ширкка мубтало бўлганлар ҳидоят йўлини тан олмай, залолатни танлаган бўлади. Улар Аллоҳ таолонинг мағфирати ўрнига Унинг азоби-жазосини танлаган бўлади. Улар дўзах оловига шунчалик ҳам чидамлимики, тўғри йўл турганида залолатга юз буради? Аллоҳнинг мукофоти, жаннати турганида дўзахдаги азобини истайди? Ҳадисда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг каттаси ҳақида хабар берайми?" деб сўрадилар. Биз: "Ҳа", дедик. "Аллоҳга ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлиш", дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

ذَٰلِكَ بِأَنَّ ٱللَّهَ نَزَّلَ ٱلۡكِتَٰبَ بِٱلۡحَقِّۗ وَإِنَّ ٱلَّذِينَ ٱخۡتَلَفُواْ فِي ٱلۡكِتَٰبِ لَفِي شِقَاقِۢ بَعِيدٖ١٧٦

176. Бу шунинг учунки, Аллоҳ Китобни ҳақ билан туширган эди, Китоб ҳақида тортишганлар эса, ихтилофда чуқур кетганлардир.

Мушрикларнинг адашувлари шундаки, улар Аллоҳнинг тавҳиди борасида ва Унинг ҳақ билан туширган китоби (Таврот) ҳақида бемаъни тортишувларга борганидир. Бундай тортишувчилар барча макон ва замонларда бўлган ва бўлади. Арасту фалсафаси тарафдорлари, "ваҳдати вужуд", жабария, мўътазила каби оқимларни ёқлайдиганлар, яҳудий ва насроний динидаги айрим олимлар Аллоҳнинг ваҳдонияти, Унинг зотий ва феълий сифатлари ҳақида ўринсиз тортишувларга бориб, ҳақ йўлдан адашиб кетишди. Улар адашувининг асл сабаблари эса ихтилофда чуқурлашиб кетганлари, Аллоҳнинг ҳақ Китоби туриб, инсонлар ўйлаб топган бошқа асосларга суянганларидадир.

Илоҳий китобларнинг бирортасини инкор қилган киши кофир бўлади. Бошқа илоҳий китобларга имон келтириб, Қуръони каримни инкор этувчи киши ҳам кофир бўлади. Булар – ҳақиқатдир, Аллоҳ таолонинг амридир. Зеро, илоҳий китобларда ҳидоят ва нур бор, илоҳий китоблар ўзидан олдинги китобни тасдиқловчидир. Аллоҳ таоло инсониятнинг камолот даражасига қараб олдинги ҳукмларига ўзгаришлар киритган, холос. Аввалги пайғамбарлар етказган ҳукмлар (шариат)ни кейин келган пайғамбарлар Аллоҳ иродаси билан бекор қилишган. Бунга Ҳазрати Исо алайҳиссаломнинг ўз умматларига: «Мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад (Муҳаммад) исмли пайғамбар ҳақида хушхабар (башорат) етказувчиман» (Саф, 6) деган сўзлари далилдир. Аллоҳ таоло Ҳазрати Мусо алайҳиссаломга Таврот китобини туширган. Аммо Тавротнинг асли йўқолган, унинг қаердалигини ҳеч ким билмайди. Аллоҳ таоло Бани Исроилни илоҳий каломни давомли равишда бузиб келганларини бизларга билдирган. Мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолонинг Мусо алайҳиссаломга Тавротни туширганига имон келтирадилар ва бусиз имонлари бутун бўлмайди.

Тафсири ирфон
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига Ислом цивилизацияси I халқаро форуми иштирокчиларининг МУРОЖААТИ

11.07.2026   13769   10 min.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига Ислом цивилизацияси I халқаро форуми иштирокчиларининг МУРОЖААТИ

Ҳурматли Президент Жаноби Олийлари!

Биз, Ислом цивилизацияси I халқаро форуми иштирокчилари – нуфузли халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлардаги илмий-маърифий тузилмалар раҳбарлари, дунёнинг элликдан ортиқ мамлакатларидан ташриф буюрган вазирлар, муфтийлар, таниқли олимлар, университетлар, илмий-тадқиқот институтлари, кутубхоналар, музейлар ҳамда маданий муассасаларнинг вакиллари номидан Сизга самимий миннатдорлик ва чуқур эҳтиром билан мурожаат этмоқдамиз.

Аввало, Сизнинг бевосита ташаббусингиз ва шахсан қўллаб-қувватлашингиз билан ўтказилган Ислом цивилизацияси I халқаро форуми, ўзининг туб моҳияти ва аҳамиятига кўра, халқаро илмий тадбирлар даражасидан юқори турадиган ва юксак эътироф топган улкан воқеа бўлганини алоҳида таъкидлашни истардик.

Ҳеч шубҳасиз, Сизнинг Форум иштирокчиларига мурожаатингизда илгари сурилган ғоят муҳим фикр ва ғоялар тўрт кун давомида дунё жамоатчилиги эътиборида бўлган ушбу анжуманда муҳокама қилинган масалалар кўлами, мақсади ва маъно-мазмунини белгилаб берди.

Ишонч билан айта оламизки, мусулмон оламидаги илғор илм-маърифат намояндалари иштирокидаги бу форум ислом цивилизациясининг бой меросини инсониятнинг маънавий, маданий ва интеллектуал соҳадаги умумий бойлигининг ажралмас бир қисми сифатида ўрганиш, асраб-авайлаш, сақлаш ва кенг тарғиб этишга қаратилган глобал ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди.

Анжуманнинг Тошкент, Самарқанд ва Термиз сингари Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларида ўтказилиши унинг маърифий руҳи ва аҳамиятини янада оширди. Айнан шу табаррук диёрларда асрлар давомида буюк илмий мактаблар шаклланган, илоҳиёт, фалсафа, тиббиёт, математика, астрономия ва бошқа фанлар тараққиётига шиддатли туртки берган фундаментал асарлар яратилган. Бутун инсоният тараққиётига улкан таъсир кўрсатган эзгу ғоялар ва кашфиётлар ҳам жаҳон бўйлаб айнан шу шаҳарлардан тарқалган.

Сиз томонингиздан 2017 йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш бўйича илгари сурилган эзгу ташаббус сўнгги ўн йилликдаги энг муҳим халқаро гуманитар ташаббуслардан бири сифатида ушбу заминдаги буюк тарих ва маданиятни яхлит маърифий ҳодиса сифатида англашда туб бурилиш нуқтаси бўлганини биз бугун алоҳида миннатдорлик билан эътироф этамиз. Мазкур тарихий воқеа ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фани, маданияти ва маънавияти ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини янгича талқин ва тарғиб этишда халқаро илмий ҳамжамиятни бирлаштириш учун кенг имкониятлар яратди ҳамда Янги Уйғониш даври – Учинчи ренессанснинг интеллектуал ва маънавий асосларини барпо этиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Ушбу ташаббус замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга узоқни кўзлаб, вақтида берилган таъсирчан жавоб бўлганини ҳам бугун биз чуқур идрок этмоқдамиз. Дунёнинг турли ҳудудларида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини бузиб кўрсатиш, маданият ва цивилизацияларни бир-бирига қарама-қарши қўйиш, шунингдек, мусулмон олимларининг жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига қўшган буюк ҳиссасини камситишга уринишлар кузатилаётган бир пайтда Сиз маърифат, илмий тафаккур, тарихий ҳақиқатга эҳтиром ҳамда ислом цивилизациясининг ҳаққоний меросини жаҳон ҳамжамиятига қайта тақдим этишга асосланган бунёдкорлик йўлини таклиф қилдингиз. Шу тариқа тарихий адолатни тиклаш, очиқ илмий мулоқот маданиятини мустаҳкамлаш, ўзаро ҳурмат ва халқаро гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш йўлида муҳим олға силжиш амалга оширилди.

Таъкидлаш керакки, бугунги кунда ана шу эзгу интилишлар алоҳида глобал аҳамият касб этмоқда. Зеро, айнан билим, тарихий хотира ва халқларнинг интеллектуал салоҳиятини бирлаштириш давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлашга, экстремизм, радикализм ва муросасизликка қарши самарали курашишга, цивилизациялар ўртасидаги ўзаро англашувни чуқурлаштиришга ҳамда тинчлик, барқарор тараққиёт ва бунёдкорликнинг мустаҳкам маънавий пойдеворини яратишга хизмат қилади.

Ана шундай долзарб фикрларни мужассам этган Мурожаатингиз, ҳеч шубҳасиз, бизнинг биргаликдаги келгуси фаолиятимиз учун улкан тарихий ва дастурий ҳужжат бўлиб қолади.

Ўзбекистон Президентига хос юксак ирода ва донишмандлик, тарих, бугунги кун ва келажакни яхлит бир жараён сифатида кўра олиш салоҳияти маҳсули бўлган Ислом цивилизацияси маркази нафақат жаҳон даражасидаги замонавий илмий-маърифий мажмуага, айни вақтда ушбу ноёб жараён таркибидаги бебаҳо меросни ўрганиш, асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун турли давлатлар, халқаро ташкилотлар, етакчи олимлар, илмий муассасалар, университетлар, кутубхоналар, музейлар ва маънавий-маърифий марказларни бирлаштирадиган нуфузли мулоқот майдонига айланиб бораётганини барчамиз кўриб турибмиз. Аминмизки, яқин йилларда бу маскан гуманитар илм-фан соҳасидаги етакчи халқаро марказлар қаторидан муносиб ўрин эгаллайди ҳамда янги ғоялар, қўшма илмий тадқиқотлар ва узоқ муддатли халқаро лойиҳалар шаклланадиган йирик маданий-маърифий ва таълим платформасига айланади.

Ўзбекистон Республикасида маънавий, илмий ва маданий меросни асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бизда  катта таассурот қолдирди. Ислом цивилизацияси маркази, янгиланган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Халқаро исломшунослик академияси, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти каби ноёб муассасалар тарихий хотирани сақлаш, фундаментал илм-фанни ривожлантириш ҳамда халқаро гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган изчил давлат сиёсатининг амалдаги ёрқин ифодасидир.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Республикаси ислом илм-фани, маданияти ва маърифатининг энг қадимги бешикларидан бири сифатида бугун гуманитар ҳамкорлик, илмий изланишлар ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқот борасидаги азалий мавқеини яна мустаҳкамлаб бормоқда.

 

Ҳурматли Президент Жаноби Олийлари!

Ислом цивилизацияси I халқаро форуми «Тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат» шиори остида ўтказилгани алоҳида эътиборга лойиқ. Ислом цивилизациясининг инсонпарварлик моҳиятини ўзида мужассам этган, ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлган бу безавол қадриятлар бугунги замонавий дунё учун ҳам беқиёс аҳамиятга эгадир. Бу буюк мерос бутун инсониятнинг маданий, маънавий ва интеллектуал бойлигининг ажралмас қисми ҳисобланади. Бу эса уни асраб-авайлаш, ҳар томонлама ўрганиш ва келажак авлодларга етказиш бўйича халқаро ташкилотлар, давлатлар, илмий жамоатчилик, тинчлик, ўзаро англашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга интилаётган барча инсонлар зиммасига катта масъулият юклаши табиий, албатта.

Биз Форум якунлари бўйича қабул қилинган Декларация ҳамда ислом цивилизациясини асраш, ўрганиш ва ривожлантиришга қаратилган “йўл харитаси”ни узоқ муддатли халқаро ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдевори сифатида тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Сиз уларда белгиланган ташаббусларни амалга ошириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, умумий маънавий меросимизни асраб-авайлаш ҳамда ислом цивилизациясини тинчлик, маърифат ва ўзаро англашув йўлида ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга бундан буён ҳам етакчилик қилиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлайсиз, деб чин дилдан умид билдирамиз.

Форум қарорларини амалий ҳаётга татбиқ этиш мақсадида биз, Сиз билан маслаҳатлашган ҳолда, Ислом цивилизациясини Жаҳон альянсини таъсис этиш ташаббусини илгари суриш ниятидамиз. Мазкур Альянснинг фаолияти қўшма илмий тадқиқотларни мувофиқлаштириш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, академик алмашинувларни ривожлантириш, нашриёт ишига оид халқаро лойиҳаларни амалга ошириш, маданий мерос намуналарини асраш ва кенг тарғиб қилиш, шунингдек, давлатлар ўртасидаги гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ишонамиз.

Форум давомида қабул қилинган қарорлар Ўзбекистон заминида пайдо бўлган ушбу эзгу ташаббус халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватланаётгани ва жаҳондаги илмий-маънавий ҳамжамиятнинг умумий ишига айланаётганини яққол тасдиқлайди.

Биз мазкур қарорларни амалга ошириш, ислом цивилизациясининг буюк меросини сақлаш ва келажак авлодларга етказиш борасида ўзимизнинг интеллектуал, илмий ва маънавий салоҳиятимизни бирлаштиришга тайёр эканимизни яна бир бор баён қиламиз. Ишонамизки, қадимий Ўзбекистон диёрида қабул қилинган ушбу қарорлар ислом цивилизацияси меросини ўрганиш, асраш ва кенг тарғиб этиш соҳасида халқаро ҳамкорликнинг янги босқичи учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади. Ушбу Мурожаатни қабул қилар эканмиз, мазкур қарорларни амалга ошириш бўйича зиммамизга улкан умумий масъулият олаётганимизни яна бир бор эътироф этамиз ҳамда тинчлик, маърифат, ўзаро ҳурмат ва бутун инсоният бойлигининг узвий бир қисми ҳисобланган буюк маънавий ҳамда интеллектуал меросни асраб-авайлаш йўлида доимо Сиз билан бир сафда туриб иш олиб боришга тайёр эканимизни билдирамиз.

Муҳтарам Президент Жаноби Олийлари!

Биз Сизга ва Сизнинг тимсолингизда Форумнинг барча ташкилотчиларига, кўп миллатли бутун Ўзбекистон халқига Ислом цивилизацияси I халқаро форуми юксак савияда ташкил этилгани ҳамда самимий меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик изҳор этамиз.

Сиз, Жаноби Олийларига мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат, Ўзбекистон халқига садоқат билан хизмат қилишдек ғоят шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда янада улкан ютуқлар тилаймиз. Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга ошириш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш ҳамда бу қутлуғ заминнинг илм-фан, маърифат, ислом цивилизацияси, гуманитар ҳамкорлик ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқот бўйича жаҳонда етакчи марказлардан бири сифатидаги юксак ўрни, шуҳрати ва нуфузини янада мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларингизга муваффақиятлар тилаймиз.

Аллоҳ таоло Сизнинг эзгу ният ва ҳаракатларингизга хайру баракотлар берсин! 
Ислом цивилизацияси I халқаро форумида қабул қилинган қарорлар дунё халқлари ўртасида ўзаро англашув, адолат ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилсин!
Парвардигори олам уч минг йиллик буюк тарих ва маданият бунёдкори бўлган меҳнаткаш, меҳмондўст ва олижаноб Ўзбекистон халқига тинчлик, умуммиллий бирлик, фаровонлик ва равнақ ато этсин, ижодкорлик салоҳиятини бундан ҳам зиёда қилсин, барча эзгу ниятларига етказсин!

 

Чуқур ҳурмат билан,

Ислом цивилизацияси I халқаро форуми иштирокчилари

2026 йил, 9 июль

Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри

Мақолалар