Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор нарса сўралганда йўқ демаганлар.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарсани сўралганда ҳеч қачон йўқ деган эмаслар”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳни доимо зикр қилардилар.
Ҳазрат Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолони ҳар он, ҳар дам, ҳар лаҳзада зикр қилар эдилар” (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп зикр қилар, фойдасиз ишлардан сақланар, намозни узун ўқир, хутбани қисқа қилардилар” (Имом Насоий, Имом Абу Довуд ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозини мунтазам ўқир эдилар.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозини асло тарк этмас, бемор ё беҳол бўлсалар ўтирган ҳолларида ўқир эдилар” (Имом Абу Довуд ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёлғиз намоз ўқисалар узоқ, чўзиб ўқирдилар.
Абу Вакил розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан бирга намоз ўқиганда ғоят енгил ва қисқа кўринишда, ёлғиз ўзлари ўқисалар, узун ўқир эдилар” (Имом Аҳмад ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам беморларни зиёрат қилиб, уларнинг кўнглини кўтарардилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор кўргани борсалар: “Сен учун (зарарли) бир нарса йўқ, иншааллоҳ, бу сенга гуноҳлардан покланишдир”, дер эдилар» (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтсалар аввало масжидга кирардилар.
Абу Саълаба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтганларида олдин масжидга кирар, икки ракат намоз ўқир, сўнг қизлари Фотимага учрар, шундан кейингина уйларига кетар эдилар” (Имом Табароний ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жанозада ғамгин бўлардилар.
Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жанозада ҳозир бўлганларида қайғулари ортар, ниҳоятда кам гапирар, фикр-мулоҳазага ғарқ бўлар эдилар” (Имом Ҳоким ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқсалар дуо қилардилар.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафар қилмоқчи бўлсалар: “Аллоҳим, Сен билангина ғалаба қиламан, Сен билангина омонда бўламан, Сенинг ёрдаминг билангина душманим устига юриш қиламан”, деб дуо қилар эдилар» (Имом Аҳмад ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маҳзун бўлганларида дуо қилардилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини маҳзун қиладиган бирор ҳолат ёки воқеа содир бўлса осмонга қарар ва “Субҳаналлоҳил азийм” дер эдилар, дуоларида энг кўп такрорлаганлари эса “Йа Ҳаййу йа Қоййум” эди» (Имом Термизий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуони уч марта такрорлардилар.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга дуо қилсалар тилакларини ҳам, истиғфорни ҳам уч бор қайтарар эдилар” (Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ривояти)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шумланишни ёқтирмасдилар.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли нарсалардан хурсанд бўлар, шумланишни эса ёқтирмас эдилар” (Имом Насоий ривояти).
Ҳазрат Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир ишни яхшиликка йўйишни ёқтирар, бадгумонликни ёмон кўрар эдилар” (Ибн Можа ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида “Заковат” интеллектуал мусобақаси ўтказилди.
Беллашувдан кўзланган асосий мақсад — диний соҳа ходимларининг илмий-маърифий ва ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни янада оширишдан иборат.
Мусобақада шаҳар ва туманлардан жамланган жамоалар Қуръони карим, ҳадиси шарифлар, ислом тарихи, миллий қадриятлар ва мамлакатимиз қонунчилигига оид саволлар бўйича ўз билим ва тезкор фикрлаш қобилиятларини намоён этдилар.
Якуний натижаларга кўра:
1-ўрин — “Тафаккур” жамоаси
2-ўрин — “Иттифоқ” жамоаси
3-ўрин — “Ҳикмат” жамоаси
Ғолиблар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллигининг махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Сирдарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати