Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Ноябр, 2024   |   24 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:23
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
25 Ноябр, 2024, 24 Жумадул аввал, 1446

Нурул изоҳ: ИМОМИ АЪЗАМ АБУ ҲАНИФА НЎЪМОН ИБН СОБИТ

25.10.2020   9122   15 min.
Нурул изоҳ: ИМОМИ АЪЗАМ АБУ ҲАНИФА НЎЪМОН ИБН СОБИТ

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит, раҳматуллоҳи алайҳ, ҳижрий 80 йили Куфа шаҳрида дунёга келганлар. Дастлаб ипак ва жун матолар тижорати билан шуғулландилар. Сўнгра Аллоҳ унинг қалбида илмга муҳаббат пайдо қилади. Ўткир заковатли, теран тушунчали, соғлом ва жуда қувватли далиллар топиш қатъияти билан қиёсда, далиллардан янги ҳукмлар чиқаришда тенгсиз даҳо эдилар. У кишининг асл исмлари Нўъмон, оталарининг исми эса Собит, боболарининг исми Зуто бўлган. Зуто Қобул шаҳрида таваллуд топганлар. Қавмиятлари, миллатлари форслардан. Мусулмонлар Қобулни фатҳ этишганида, асир бўлиб Куфа шаҳрига келиб қолганлар. Зуто Ислом динини қабул қилганларидан сўнг, уни қулликдан озод қиладилар. Зутодан Куфада Собит исмли фарзанд дунёга келади. Собитдан эса бизнинг Имомимиз – ҳазрат Нўъмон ибн Собит, кунялари Абу Ҳанифа, унвонлари Имоми Аъзам бўлган зот таваллуд топдилар.

Имоми Аъзам Пайғамбаримизнинг, алайҳиссалом, асри саодатларида Куфада ўсиб-улғайганлар. Шу ердаги энг катта уламолардан дарс олдилар. Устозлари Куфа шаҳрининг фақиҳи, катта муҳаддис олим Ҳаммод ибн Абу Сулаймон деган зот эди. Бу даврда баъзи саҳобалар ҳаёт эдилар. Жумладан, Куфа шаҳрида Имоми Аъзам тўққиз нафар саҳоба билан мулоқотда бўлганлар.

Абу Ҳанифа, рахматуллоҳи алайҳ, ўз мазҳабини Куфада шакллантирдилар. У зот ўз фиқҳ услубини қуйидагича баён қиладилар: «Аввало Қуръони каримга мурожаат қиламан, агар лозим бўлган далилни ундан топа олмасам, Пайғамбаримизнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ҳадиси шарифларига мурожаат қиламан. Қидирган нарсамни ундан ҳам топа олмасам, саҳобалардан бирининг сўзини далил сифатида оламан, уларнинг сўзини қўйиб, бошқалар айтган сўзни далил ўлароқ қабул қилмайман. Зарур бўлган далилни саҳобаларнинг сўзларидан топа олмасам, бошқа кишиларнинг сўзларига суянмай, ижтиҳод қилган инсонлар каби мен ҳам ижтиҳод қиламан».

Аҳли сунна вал жамоа мазҳаблари уламоларини номма-ном санасак, мазҳаббошимизнинг даражаси яққол аён бўлади.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа, раҳматуллоҳи алайҳ, 80 ҳижрий йилда туғилганлар.

Имом Молик ибн Анас, раҳматуллохи алайҳ, 93-йилда туғилганлар.

Имом Шофеъий, раҳматуллоҳи алайҳ, 150-йилда туғилганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, раҳматуллоҳи алайҳ, 164-йилда туғилганлар.

Имом Шофеъий шундай эътироф қиладилар: "Одамлар ҳаммалари – барча уламолар Куръону ҳадисни англашда, масала илмида Абу Ҳанифага бола-чақаликка ярайди, холос. Абу Ҳанифа билан рақобат қилиш даражасига чиққан инсон йўқ".

Имом Молик ибн Анас, раҳимаҳуллоҳ, эса: "Мен ҳадис илмини билишда, жаноб Расулуллоҳнинг охирги ҳадисларини етказишда, энг саҳиҳ ҳадисларни англаб етишда Имоми Аъзамга ўхшаган бошқа инсонни учратмадим", дейдилар ва бу зот ҳам доимо Имоми Аъзамни ўзларига устоз санаганлар. Жаноб Расулуллоҳнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, 124 минг ададли саҳобасининг 150 нафари, яна бошқа бир ривоятга кўра, 1500 нафари Куфада яшаганлар. Уларнинг энг улуғларидан Абдуллоҳ ибн Масъуд, розийаллоҳу анҳу, Ҳазрати Али, каррамаллоҳу важҳаҳу, каби улуғ зотлар ҳам Куфада истиқомат қилганлар.

Демак, Имоми Аъзам тарбияланган муҳит – Куфа иқлими ҳадис илмига бой иқлим эди. Шунинг учун Имомимиз ўзлари тақрибан 4000 ҳадис ривоят қилганлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Дардо, Убай ибн Каъб, Абу Мусо ал-Ашъарий, розийаллоҳу анҳум, каби саҳобалар мужтаҳидлик мақомига чиққан эдилар. Имомимиз буларнинг ҳаммаларидан ҳадис ривоят қилганлар.

Ҳазрати Усмондан сўнг халифа бўлган ҳазрати Али Куфани Ислом давлатининг пойтахтига айлантирдилар.

Ҳазрати Али халифа сифатида Куфага кириб келган даврда бу ерда тўрт минг нафардан зиёд жуда етук билимли уламо бор эди. Буларнинг барчаси Абдуллоҳ ибн Масъуддан, розийаллоҳу анҳу, таълим олган эдилар.

Имоми Аъзам, раҳматуллоҳи алайҳ, мана шундай иқлимда униб ўсганлар. Ривоятларда келишича, Имоми Аъзамнинг боболари Зуто оталари Собитни гўдаклик чоғида Ҳазрати Алининг олдига олиб бориб, ўғлимнинг ҳаққига дуо қилинг, деб ўтинадилар. Шунда Ҳазрати Али, розийаллоҳу анҳу, «Ўғлига Аллоҳ муборак зурриёт ато қилсин», деб дуо қилган эканлар.

Ҳасан ибн Зиёд: Имоми Аъзам шахсан тўрт минг ҳадис ривоят қилган бўлса, тўрт минг ҳадиснинг тенг ярмини устозлари Ҳаммод ибн Сулаймондан ривоят қилганлар, – дейди.

Уламолардан бири Ҳазрати Имоми Аъзамни, раҳматуллоҳи алайҳ, энг камида саксон уч мингта масала айтганлар, дейди. Бу – то қиёмат сўралиши мумкин ва лозим бўлган ҳамма масалаларга Имоми Аъзам жавоб айтганлар деганидир. Тўрт мазҳаб ичида Имоми Аъзам мазҳаби энг улуғ деб тан олиниши ўша масалаларнинг пухталиги ва Қуръону ҳадисга мувофиқлигидандир. Тарих давомида бутун дунёдаги мусулмонларнинг қарийб ярми Имоми Аьзам мазҳабида бўлганлар. Ҳозир ҳам шундай. Бу Имомимизнинг масалалари нақадар пухта ва тўғрилигига далолатдир.

Имоми Аъзам, раҳматуллоҳи алайҳ, масалаларининг яшовчанлиги шундаки, ҳеч қачон бирон масалани ёлғиз ўзлари айтиб китобларга ёздирмаганлар. Ўзларининг энг пешқадам шогирдларидан муфтийлик мақомидаги 40 кишига ҳавола қилганлар. Улардан ўртага қўйилган масалани асослаб беришни, агар асоси заифроқ бўлса, мазкур масалага қарши бошқа масала қўйишни талаб қилар эканлар. Демак, қирқ нафар муфтийнинг муҳокамасидан ўтган масалагина Имоми Аъзамнинг масаласи сифатида китобларга киритилар экан. Шу боис ҳам мазҳабимизни маслаҳат мазҳаби, шўро мазҳаби ҳам деб атайдилар. Шунинг учун ҳам бизнинг мазҳабдаги фиққ китобларига мурожаат қилсак, айрим ҳолларда Имоми Аъзам айтган бир гап айтилиб туриб, ёнида шогирдларидан бирининг гаплари ҳам айтилади. Имомимиз қайси олимнинг ҳужжати қувватлироқ бўлса, ўшани китобга туширишга буюрар эканлар. Ўзларининг фикрларини ҳам хато дейишиб, исботлаб берсалар, қабул қиларканлар. Мана шу туфайли ҳам бу мазҳаб дунёнинг, Ислом оламининг кўп тарафларига ёйилди.

Имомимиз тақвода Аллоҳдан қўрққанида ҳар бир мусулмон учун бир мактаб, юксак намуна бўла оладиган ҳаётни яшаб ўтганлар. Имомимиз тижорат билан ҳам шуғулланган эдилар, аниқроғи, тужжорлик Имоми Аъзамнинг касблари эди.

Имоми Аъзамнинг тижоратдаги ҳалолликлари тарихда достон бўлиб қолган. Бу ҳақда замондошлари – дўстлари ҳам, душманлари ҳам ёзиб қолдирганлар. Мана баъзи лавҳалар: Имомимиз бир тожир шериклари билан бошқа юртга мол юборибдилар. Мол икки хил навли бўлиб, бири сифатли, иккинчи хили сифатсизроқ экан. Имомимиз шерикларига молни икки хил нархда, яхшисини қимматроқ, ёмонини арзонроқ сотасан, деб тайинлабдилар. Лекин мол етказилган юртда айнан шу нарса тақчил бўлганлигидан, молнинг ҳаммаси бир хил – қиммат нархда сотилиб кетибди. У киши ўттиз минг кумуш тангалик савдо қилиб, Куфага қайтибди. Шунда Имомимиз ўша шерикларидан: "Икки хил навли молни икки хил нархда сотдингми?" деб сўрабдилар. У киши: "Йўқ, одамлар ўша қиммат нархга хам рози бўлиб, сотиб олавердилар", деб жавоб берибди. Шунда Имоми Аъзамнинг дили оғриб, ўша ўттиз минг тангани Аллоҳ йўлида садақа қиладилар. "Лекин мен бу садақадан савоб умид қилишга Аллоҳдан ҳаё қиламан, одамларни алдаб савдо қилибсиз, шунинг учун энди орамиздаги шериклик ҳам битди", деган эканлар. Бировнинг ҳаққидан қўрқиш, яъни, Аллоҳдан қўрқиш Имоми Аъзамда, раҳматуллоҳи алайҳ, шу даражада қувватли экан.

Савдогарлик билан шуғулланиб юрган даврларида Имомимизнинг газлама дўконлари бўлар экан. Ўша дўкондаги ходимлари бир куни газламаларни тахлай туриб, матолардаги гулларга махдиё бўлиб қолибдида: "Бу дунёнинг гуллари шу қадар гўзал бўлса, Жаннат гуллари қандай бўлар экан? Эй Хўдо, бизга ҳам Жаннатингдан насиб эт!" деб дуо қилиб юборади. Ходимларининг бу дуосини эшитган Имомимизнинг ранглари қув ўчиб, дўконни ёпиб, уйларига кетиб қоладилар. Эртасига келганларида Имомимиздан ходимлари кечаги воқеанинг сабабини сўрайди. Шунда Имоми Аъзам, раҳматуллоҳи алайҳ: "Эй биродар, биз қайси қилган ибодатимиз учун Аллоҳдан Жаннатни сўрашга ҳаддимиз сиғади? Биз фақат Аллоҳдан гуноҳларимизни афв қилишни сўрашга ҳақлимиз, холос", дейдилар. Имоми Аъзам, раҳматуллоҳи алайҳ, шу қадар гўзал хулқли инсон эканларки, замондошлари у кишининг фазилатларини тан олиб, энг чиройли хулқ Имоми Аъзамнинг хулқидир, деб эътароф қилганлар. Бу хусусда кўп катта уламолардан баёнотлар қолган. Имомимиз Аллоҳ таоло берган неъматлар шукронаси ташқи кўринишда ҳам кўрсатиб ўтганлар. Доимо чиройли ва покиза кийимларда юрганлар. Бу ҳақда ҳам замондошлари гувоҳлик бериб кетганлар. Шундай баланд мақомга эришган зот ниҳоятда тавозели, хокисор, камтар бўлган эканлар. Маълумки, кишига Аллоҳ таоло фазилат бериб, у қанчалик баланд мақомга кўтарилса, унинг ҳасадгўйлари ҳам шунчалик кўпаяди.

Имомимиз эса ўшандай ҳасадгўйларни кўрганларида: "Бизларни ёмонлаган кишиларнинг гуноҳини Аллоҳ кечирсин, бизларни яхши кўрганларни Аллоҳ раҳмат қилсин", деб дуо қилар эканлар. Яъни, ёмонликка ёмонлик билан жавоб қилмас эканлар.

Яна бир мисол: ҳалолни ҳаромдан ажрата олмайдиган, ўзи камбағал, бечора бўлса ҳам, калондимоғ, бировларга озор етказадиган кишилар бўлади. Имомнинг ҳам бир қўшнилари бор экан. У Аллоҳ таоло ҳаром қилган ичкиликка гирифтор, ҳар кеча маст экан. Имоми Аъзам шаънларига ҳажвлар айтар, бақир-чақир қилиб, у зотга озор берар экан. Имомимиз тоқат билан унинг ҳақоратларини эшитаверар эканлар. Иттифоқо, бир куни қўшнининг хонадонидан одатдаги бақир-чақир, сўкиниш, ҳақорат саси келмай қолибди. Имомимиз хавотирланиб, хабар олдирадилар. Маълум бўлишича, қўшниси бадхулқлиги туфайли миршаблар қўлига тушиб, ҳибсга олинибди. Имоми Аъзам уни Худо жазолабди, деб қўя қолмасдан, дарҳол амирнинг хузурига борибдилар. Менинг бир аёлманд косиб, камбағал қўшнимни қандайдир айб билан зиндонбанд қилибдилар. Ўша қўшнимни озод қилинг, унга менинг ўзим кафилман, деб илтимос қилибдилар. Куфанинг амири, албатта, Имоми Аъзамнинг ким эканини билар эди. Шунинг учун у кишининг ҳурматидан нафақат бадхулқ қўшнини, балки кейинги икки кун давомида ҳибсга олинганларнинг ҳаммасини қўйиб юборадилар.

Шундан сўнг у қўшнига Худо инсоф беради. У зиндондан тўғри Имоми Аъзамнинг ҳузурига келади. Тавба қилиб, Имомимизга шогирд бўлади.

Имоми Аъзамнинг масала бобида беқиёс бўлганликларига яна бир мисол. Бу мисол Имомимиз яшаган давр учун анча мушкул эди. Куфада бир аёл эгазак фарзанд кўрибди. Эгизаклар бир-бирларига белларидан ёпишган ҳолда туғилибдилар. Ҳозир бундайларни Сиём эгизаклари деб атайдилар. Бир оз фурсат ўтгач, ўша икки чақалоқдан бирининг ажали етиб ўлади, иккинчиси эса тирик. Агар бу ҳолат бизнинг замонда рўй берса, дарҳол жарроҳлар аралашиб, масалани наштар билан ҳал қилиб қўя қоладилар. Лекин гап 1300 йил аввал бўлган воқеа ҳақида кетяпти. Хуллас, ҳамма ҳайрон. Ўликни қабрга қўймоқчи бўлсалар, унинг тирик шериги бор. Кўммасалар...

Шунда ҳеч ким жўяли бир жавоб айтолмаган мазкур масалага Аллоҳнинг илҳоми билан Имоми Аъзам жавоб қиладилар. У киши, бу ўлган бола кўмилади, лекин шундоқ кўмиладики, тирик бола ернинг устида қолади, дейдилар. Худди шундай кўмадилар ва Аллоҳнинг қудрати билан саноқли кундан сўнг ер ўша марҳум фарзандни тирик фарзанддан ажратиб олади. Тирик боланинг хаёти мана шундай сақлаб қолинади. Кейин уни Имоми Аъзамнинг ўғли деб атайдилар. Имомимизнинг бу "ўғли" узоқ йиллар умр кўради.

Куфа вилояти ва шаҳрининг ҳокими Ибн Ҳубайа Имоми Аъзамга Куфа вилоятига қози бўлишни таклиф қилади. Таклифимни қабул қилмасангаз, зиндонбанд бўласиз, сизни ҳар куни ўн дарра урадилар, деб таҳдид қилади. Шунда Имомй Аъзам, раҳматуллоҳи алайҳ: "Аллоҳнинг охират диёридаги азобидан бу дунёдаги ҳокимнинг азоби енгил бўлади, мен розиман", дейдилар.

Имоми Аъзамни зиндонбанд қилганларидан сўнг ўн кун давомида ҳокимнинг ҳузурига олиб борар эканлар. Ҳоким у зотдан: "Ўйлаб кўрдингизми, энди қози бўлишга розимисиз" деб сўрар экан. Рад жавобини эшитгач, ғазабланар, яна ўн дарра уришга буюрар экан.

Имомимиз калтакланиб, зиндонга қайтганидан сўнг йиғлар эканлар. Ҳамхоналари бу ҳолатдан ҳайрон. Ниҳоят, Имомимиздан нега бундай қилаётганларини сўрашга журъат қилибдилар. Ахир сизга лавозим бермоқчилар-ку, уни тезроқ қабул қилинг шу азоблардан қутуласиз, дейишибди. Шунда Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ "Мен калтак зарбидан йиғлаётганим йўқ. Онамга раҳмим келганидан йиғлаяпман. У киши менинг зиндонга тушганимдан, калтакланаётганимдан бохабарлар. Онам қандай чидаяпдилар экан! Мени мана шу нарса йиғлатяпти", деган эканлар. Шу тариқа ўн кунни азобда ўтказибдилар. Ўн биринчи кунга ўтар кечаси ҳокимнинг тушига жаноб Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, кирибдилар. Пайғамбаримиз ҳокимга: "Менинг суннатимни тирилтириб, дунёга ёяётган зотни зиндонга олиб киришдан кўрқмайсан-ми?" деб танбеҳ бердилар. Ҳоким тонг отиши биланоқ, шахсан ўзи зиндонга кириб, Имоми Аъзамдан, раҳматуллоҳи алайҳ, узр сўраб, у зотни озод қилди.

Зиндондан озод бўлганларидан кейин имомимиз Куфани тарк этиб, Маккаи мукаррамага кетадилар ва бу муборак шаҳарда ўн йиллар давомида истиқомат қилдилар. Бу зотнинг ҳаётларидан яна бир нуқта – етмиш йиллик ҳаётларида эллик беш марта ҳаж ибодатини адо қилганлар. Демак, Имомимиз нафақат Куфадага, балки Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварадаги уламоларнинг суҳбатларидан ҳам баҳраманд бўлганлар.

Бизларга минг йиллар давомида Имоми Аъзам мазҳабида таълимот берилди ва шунга биноан бу таълимотга ота-боболаримиз амал қилиб келдилар, биз ҳам амал қилмоқдамиз. Аллоҳ таолонинг буйруқларида қоим бўлиб, Имом Аъзамнинг мазҳабларида бўлишимиз ҳар биримиз учун бир хайрият, яхшилик эканини яхши англаб олсак, ҳаммамиз учун ҳам фойдали бўлади.

Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад (уларни «Соҳибон» дейишади) ҳамда Имом Зуфар каби кўплаб забардаст олимлар Имоми Аъзамдан фиқҳ илмини ўрганадилар.

Абу Ҳанифанинг "Ал-Фиқҳ ал-акбар", «Усмон ал-Бутийга тақцим этилган рисола, "Ал-олим ва ал-мутааллим", «Ар-Радду алал-Қадария» каби асарлари мавжуд.

Имоми Аъзам ҳижрий 150 йили етмиш ёшларида Бағдодда вафот этганлар.

Абу Ҳанифа шаҳардаги Ҳизарон қабристонига дафн қилинади. Олимнинг Бағдоддаги масжиди машҳурдир. Масжиднинг жуда қимматли ва ноёб китобларга бой бўлган кутубхонаси мавжуд.

Аллоҳ таоло мазҳаббошимиз ҳазрати Имоми Аъзам Абу ҳанифага, раҳматуллоҳи алайҳ, улуғ раҳмати ила марҳамат қилсин! Ислом динига ва бизга қилган беқиёс хизматлари учун ул зотга энг гўзал туҳфалар инъом айласин. Омин!

«Имоми Аъзам буюк имомимиз»

китобидан олинди.

 

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ҲАЖ КИТОБИ

Ҳажнинг фарз бўлиш вақти

Ҳукми ва фарз бўлишининг далили

Каъбанинг қисқача тарихи

Фарз бўлишининг сабаби

Фарз бўлишининг шартлари

Саҳиҳ адо бўлишининг шартлари

Вақти

Рукнлари

Ҳажнинг вожиблари

Ҳажнинг суннатлари

Иҳром

Мийқот

Ҳажни адо этиш тартиби

Ҳажда манъ қилинган амаллар

 

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ноқонуний диний таълим беришга қандай жавобгарлик бор?

21.11.2024   22684   1 min.
Ноқонуний диний таълим беришга қандай жавобгарлик бор?

Сўнгги йилларни ўз ичига олган давр илмий ва эксперт доиралар томонидан Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи деб аталмоқда. Ушбу қисқа вақт ичида Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар давлат ва жамиятнинг жадал ривожланишига эришиш, халқ фаровонлиги ва осойишталигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ўтган қисқа вақт давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Биринчидан, 2016-йилнинг 18-октабрида Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессияси йиғилишида Ўзбекистон Президенти томонидан Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017-йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиб, халқаро майдонда ислом динига нисбатан кузатилаётган бир ёқлама салбий муносабатга нисбатан ўзининг қатъий позициясини мухтасар ифода қилиб, жумладан шундай деди: “Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Ўзбекистон раҳбари жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш лойиҳаси ҳақида сўзлади. Ислом цивилизацияси маркази ўз ғояси ва аҳамиятига кўра бетакрор лойиҳа бўлиб, ислом динининг илмий-маънавий бойлиги, бунёдкорлик салоҳиятини намойиш этишга қаратилган.

Манба

Ғайрат РАСУЛОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
“Ислом тарихи ва манбашунослиги ИРCИCА” кафедраси мудири

ИНФОГРАФИКА