Ҳалол молиялаштириш ортиб бораётган қизиқиш тан олган ҳолда, етакчи Британия университети бухгалтерия ва ислом молияси бўйича Буюк Британия биринчи бакалавриат курсини жорий этди. Бухгалтерия ва ислом молиясида бакалавр даражасини олган Бирмингем шаҳар университети талабалари ислом иқтисодиётини ўрганадилар. Islam.ru хабарига кўра, улар, шунингдек,корхоналар қандай қилиб анча тоза ва янада барқарор сайёрага қараб одимлаб боришларини ўрганувчи модулларда корпоратив ижтимоий масъулият тушунчасини ривожлантириш учун ишлашади.
"Курс тарихимиздаги жуда муҳим бир пайтда ишга туширилмоқда", - дейди Business Desk курс раҳбари Шойиста Муқаддам. - "Ҳозирги пандемия ва иқтисодий муаммолар шароитларида фоизларга асосланган иқтисодиётга муқобилни қайта кўриб чиқиш зарурати мавжуд".
Шариат аҳкомларига мувофиқ моличлаштириш асосий жиҳатлари билан анъанавий банк ишидан фарқланади, улардан сезиларлиси фоизларни ушлаб қолишга таъқиқ ва ахлоқий мос компанияларга инвестиция киритиш ҳисобланади. Исломий банкингнинг глобал бозори исломий ьанкинг, такафул: исломий суғурта, суқуқ: исломий облигациялар ва шариат капитал бозори: исломий фондлар каби турли жиҳатларни қамраб олади.
"Исломий молия Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва бизнес ва молия соҳасидаги ахлоқий ва барқарор жараёнларни таъминлашда фойда, зарар ва хавф тақсимлаш асосида бойлик, ресурслар ва ўсишни адолатли ва тенг ҳуқуқли тақсимлашни таъминлаш учун воситалардан фойдаланади", - дея қўшимча қилди Бирмингем шаҳар университети бизнес мактабининг катта ўқитувчиси. "Курс талабаларига ушбу тамойилларга асосланган фалсафа ўқитилади ва улардан реал сценарийларда амалга ошириш йўлларини топиш сўралади. Бу мусулмонлар учун фақат бир курс эмас, Ислом таълимоти асосида молиявий ишларни юритишнинг ахлоқий усулидир".
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс ғоясини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ва диний меросни чуқур ўрганиш ҳамда маънавий-маърифий билимларни кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар доирасида Фарғона, Қашқадарё ва бошқа ҳудудлардан келган имом-хатиблар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлдилар. Улар Марказдаги музей экспозициялари, ноёб қўлёзмалар, Ренессанс даврларига бағишланган бўлимлар ва замонавий интерактив ечимлар билан танишиб, ушбу масканни илм, таълим ва маънавиятни уйғунлаштирган муҳим миллий платформа сифатида баҳоладилар, хабар бермоқда iccu.uz.
Фарғона вилояти Бувайда тумани «Катта маҳалла» масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Ғойибназаров Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мазкур Марказни ёш авлод учун муҳим маърифат маскани сифатида баҳолади.
«Бу ерда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, буюк алломаларимиз қолдирган илмий мерос ва мамлакатимиз тараққиёти ҳақидаги экспозицияларни кўриб катта таассурот олдик. Бу ерга келган ҳар бир инсон ўз тарихини чуқурроқ англайди, ёшлар эса илмга ва ватанпарварликка янада кўпроқ интилади. Бу ерда олган билим ва таассуротларимизни халқимизга етказишни ўзимизга вазифа деб биламиз», — деди у.
Фарғона вилояти Қўштепа тумани бош имом-хатиби, «Муборак» жоме масжиди имом-хатиби Отабек Холмуродов Марказ кутубхонасида илмий изланишлар учун яратилган шароитларга эътибор қаратди.
Унинг таъкидлашича, электрон китоблар фонди, Брайл алифбосидаги адабиётлар, махсус тадқиқот хоналари ва ноёб манбаларнинг бир жойда жамлангани Марказни нафақат музей, балки кенг қамровли илмий ресурс марказига айлантирган.
«Бу кутубхона илмий изланиш билан шуғулланувчилар учун ҳақиқий билим маскани экан. Бу ерда яратилган шароитлар илм аҳлини янада кўпроқ изланишга ундайди. Биз бу имкониятлар ҳақида ёшларимизга албатта тарғибот олиб борамиз», — деди у.
Фарғона вилояти Бувайда тумани бош имом-хатиби Аҳмадхон Низомов эса Марказнинг илмий концепциясига алоҳида тўхталди.
Унинг фикрича, ҳар бир экспозиция ортида кенг кўламли тадқиқотлар ва илмий изланишлар мужассам бўлиб, бу ердаги интерактив муҳит ташриф буюрувчиларни фақат томошабин эмас, балки изланувчига айлантиради.
«Бу ерга бир марта келиб барчасини тўлиқ англаш қийин. Ҳар бир экспозиция ортида катта илмий меҳнат мужассам. Айниқса, алломаларимиз мероси, тадқиқот марказлари ва интерактив имкониятлар инсонни янада чуқур изланишга чорлайди. Бу маскан келажак авлод учун улкан маънавий бойлик ва Янги Ўзбекистоннинг илм-фан тараққиётига хизмат қиладиган муҳим пойдевордир», — деди у.
Ташриф якунида иштирокчилар Марказда жамланган бой илмий ва маданий мерос, рақамли экспозициялар ҳамда таълим имкониятларини кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар ўртасида тарғиб қилиш Учинчи Ренессанс ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, миллий ўзликни англаш ва илмий меросга қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилишини қайд этдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати