Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони каримнинг Нисо сураси, 80-оятида мана шундай марҳамат қилади:
اَعُوذُ بِالله مِنَ اشَّيْطانِ الرَّجِيم * بِسْمِ الله الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ *
مَّنْ يُطِعِ الرَّسُولَ فَقَدْ أَطَاعَ اللّهَ وَمَن تَوَلَّى فَمَا أَرْسَلْنَاكَ عَلَيْهِمْ حَفِيظاً
Маъноси:
“Кимки Пайғамбарга итоат этса, муҳаққақ, Аллоҳга итоат этган бўлур. Кимки (итоатдан) юз ўгирса (ранжиманг), Биз сизни уларнинг устига қўриқчи қилиб юбормадик”.
ШАРҲ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат этган киши Аллоҳга итоат этганлик мақомига эришади ва жаннатга киради.
Пайғамбар алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси, элчисидир. У зотнинг ахлоқи Қуръондир. Аллоҳга ишонганлар учун дунё ва охират ишларининг барчасида энг гўзал ўрнак у зотдирлар.
Айтган сўзлари ва қилган ишлари Аллоҳнинг тасарруфи ва изни остидадир. Қуръонни ўз ҳаётларига мукаммал тарзда жорий эта олган зотдирлар. У зотнинг буюрганлари буткул Қуръоннинг руҳига мувофиқ бўлиб, фақат ўз замонлари билан боғлиқ эмас, балки барча замонларга тегишлидир. Чунки у зотга Қуръонни очиқ шарҳлаш ва татбиқ этиш лаёқати берилган ва ҳикмат ўргатилган. Чунончи, Наҳл сураси, 44-оятида айтилади (маъноси): “(Биз у олдинги пайғамбарларни) очиқ ҳужжатлар ва Китоблар билан (юборганмиз). Сизга ҳам (ушбу) Зикрни (Қуръонни) нозил қилдик, токи инсонлар учун нозил қилинган нарсани уларга (тушунтириб) баён қилиб беринг. Токи (яхши) тафаккур қилсинлар”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Билингларки, Аллоҳ менга Қуръон билан бирга унинг бир мислини (унинг татбиқоти ва шарҳи ўлароқ) ваҳй қилгандир», деб марҳамат қилганлар.
Оятда таъкидланганидек, Аллоҳга итоат ва муҳаббат Унинг Расулига – у зотнинг суннатига эргашмоқ билан амалга ошади. Кимки буларга кўнгил роҳати билан таслим бўлмаса, иймон келтирган ҳисобланмайди (“Файзул-Фурқон”).
Нисо сураси, 59-оят маъноси: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат этинглар ва Пайғамбарга итоат этинглар ва ўзларингиздан бўлган ишбошиларга ҳам…”
Нисо сураси, 64-оят маъноси: “Биз ҳар бир пайғамбарни фақатгина – Аллоҳнинг изни (амри) билан – уларга итоат этилмоғи учун юбордик”.
Нисо сураси, 69-оят маъноси: “Кимда-ким Аллоҳга ва Пайғамбарга (сидқи дилдан) итоат этса, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ зотлар билан бирга бўлгайдирлар. Улар қандай гўзал ҳамроҳдирлар!”
Оли Имрон сураси, 172-оят маъноси: “У (мўъмин)лар ўзларига жароҳат етганидан кейин ҳам (мушрикларни қувиб, орқага суриб ташлаш учун) Аллоҳ ва Расули(нинг чақириғи)га итоат этганлардир. Ораларидан гўзал амал қилганлар ва муттақий бўлганлар (Аллоҳнинг амрларига мос яшаб, гуноҳлардан сақланганлар) учун улуғ мукофот бордир”.
Исро сураси, 16-оят маъноси: “Биз қачон бирор мамлакатни ҳалок қилишни хоҳласак, унинг (маишатпараст ва) тўқчиликдан яйраган (ўзини бой кўриб, Аллоҳга эҳтиёж сезмаган) катталарига (етказувчилар орқали ибодат ва итоат этишни) буюрурмиз. Улар у ерда (диний қоидаларни бузиб) фосиқлик (ва итоатсизлик) қилишгач, шунда у (юрт)нинг устига азоб сўзи ҳақ (ва муқаррар) бўлур. Сўнг Биз уни ер билан яксон қилурмиз”.
Ҳазрати Жобир ибн Абдуллоҳ ривоят қиладилар: Фаришталар: «...Кимки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат этса, Аллоҳ таолога итоат этган бўлади, кимки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга осийлик қилса, Аллоҳ таолога осийлик қилган бўлади...», – дейишди» («Саҳиҳи Бухорий», 7281-ҳадис).
Таржимон ва шарҳловчи
Мирзо Кенжабек
Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан «Қуръон тинчликка буюради» шиори остида Самарқанд шаҳридаги "Оби Раҳмат" жоме масжидида Қуръон мусобақаси ташкил этилди. Қуръони каримга бўлган муҳаббатни юксалтириш, қироат ва тажвид илмларини кенг тарғиб этиш ҳамда жамиятда тинчлик ва осойишталик ғояларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи ушбу хайрли тадбирнинг саралаш босқичларидан ўтган иштирокчилар «Ҳифз» ва «Мужаввид» йўналишлари бўйича беллашди.
Ғолиб ва совриндорлар:
«Ҳифз» йўналиши:
1-ўрин: Асқар Турсунов (Самарқанд шаҳри, «Муҳаммадамин ота» масжиди имом-ноиби);
2-ўрин: Абдувакил Олимов (Ургут тумани, «Ғавсул Аъзам» масжиди имом-хатиби);
3-ўрин: Шавкат Маҳмудов (Нарпай тумани, «Сўфи Зийрак» масжиди имом-хатиби).
«Мужаввид» йўналиши:
1-ўрин: Зикрулло Матлабов (Самарқанд шаҳри, «Хўжа Абду Дарун» масжиди имом-ноиби);
2-ўрин: Бурхониддин Турсунов (Нуробод тумани, «Жом ота» масжиди имом-хатиби);
3-ўрин: Исомиддин Исаев (Пахтачи тумани, «Хўжа Зиёвуддин» масжиди имом-хатиби).
Қўшимча номинациялар:
«Энг таъсирчан тиловат»: Ўткир Абдуллаев (Пастдарғом тумани);
«Энг гўзал тиловат»: Сардорхон Собиров (Самарқанд тумани);
«Тажвид қоидаларига энг мукаммал риоя қилган иштирокчи»: Юсуфхон Низомов (Самарқанд шаҳри).
Тадбир якунида ғолибларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллигининг дипломлари ва «Вақф» фонди филиали томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати