Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан Иброҳим ва Мусо (алайҳимассалом)нинг саҳифа ва китоблари ҳақида сўраганидан кейин яна қониқмасдан: “Ё Расулуллоҳ! Насиҳат қилинг”, деди. Расулуллоҳ унга: “Сенга Аллоҳга тақво қилишни васият қиламан, чунки бу ҳар бир ишнинг бошидир”, дедилар.
Бошқа бир ҳадисда:
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “رَأْسُ الحِكْمَةِ مَخافَةُ اللهِ”
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳикматнинг боши Аллоҳдан қўрқишдир”, деганлар.
Оқил киши қисқа, лекин кўп маънони ўзида мужассам этган бу сўз мазмунини яхшилаб тушуниши лозим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу муборак васиятлари билан: “Ибодатда тақво худди бадандаги бош кабидир, чунки инсон учун бошсиз ҳаёт бўлмагани каби тақвосиз ибодатнинг на лаззати бор ва на роҳати”, деганлар,
Али (розияллоҳу анҳу) тақво учун тўрт аркон (устун)ни зикр қилган. Қалбларда дунёга муҳаббат қўйишдан вужудга келган қоронғи-зулматни мана шу тўрт аркон билан мустаҳкамланган тақвогина тарқатиб юбора олади. У зот (розияллоҳу анҳу) айтади: “Жалил Зот Аллоҳдан қўрқиш, танзил (Қуръон)га амал қилиш, озга қаноат қилиш ва фоний дунёдан охиратга кўчиш – ўлим кунига тайёргарлик кўриш”.
Мана шу тўрт иш тақвонинг арконларидир. Агар кишининг тақвосида мана шу тўрт арконнинг бирортаси кам бўлиб қолса, унинг қалбида дунё муҳаббатидан пайдо бўлган зулмат буткул кетмайди, яъни ундаги тақво бу қоронғи-зулматни бартараф этишга заифлик қилади.
Бу сўзлар замирида: “Шариат одобларига қатъий риоя қилиш, Аллоҳдан узоқлаштирадиган турли амаллардан сақланиш, ҳар қандай ишни қилганда, У Зот кузатиб турганини эсдан чиқармаслик, У Зот буюрган ишларни қилганда ҳеч нарса йўқотмасликка ишониш лозим”, деган маъно ётади.
Инсон Аллоҳ таолодан, Унинг ҳисоб-китобидан ва содир этилган гуноҳларга аввало, шу дунёнинг ўзидаёқ, кейин қабрида, сўнгра эса, охиратда берилажак жазо – азобдан қўрқадиган бўлса, бу қўрқув уни барча ҳаром ва шубҳали ишлардан, Аллоҳ таолога яқинлашувга монелик қиладиган ҳамда қимматли вақтларини беҳуда ўтказиб юборадиган барча ўйин-кулги, зеб-зийнатлардан ўзини узоқ тутадиган қилиб қўяди. Бу қўрқув уни Аллоҳ таолонинг барча буйруқларини бажариб, қайтариқларидан йироқ бўлишга ва оз нарсага қаноат қилишга ундайди. Бу қўрқув умрини чиркин мол-дунё ва бир неча кунлик мансаб йўлида сарфлаб юборишига йўл қўймайди. Инсон агар мана шу қўрқувга эга бўлса, Аллоҳ таоло талаб қилганидек ҳаёт кечиришга ҳаракат қилади. Ўлимдан кейин бошланажак ҳақиқий ҳаётга тайёргарлик кўра бошлайди. Бир сўз билан айтганда, у дунёга муҳаббат қўйиш сабабли вужудга келадиган коронғи-зулматни тарқатиб, йўқ қилиб юборадиган кучли тақвога эга бўлади.
Тақво тўрт аркон билан бирга, инсоннинг ўз нафсини ҳисоб-китоб қилиб (тергаб) туриши билан ҳам кучли бўлади. Чунки инсон нафси ёмонликка буюрувчидир. Инсон ўз нафсидан хабардор бўлиб турмаса, нафси уни албатта тўғри йўлдан четга буриб юборади. Тўғри йўлдан адашган киши зулматни ёритувчи тақвога асло эга бўла олмайди ва у бу дунёга муҳаббат қўйиш оқибатида вужудга келган қоронғи-зулмат аро йўл топа олмай, қолиб кетади.
Шунинг учун ҳам, улуғ тобеинлардан Маймун ибн Миҳрон (раҳматуллоҳи алайҳ) ўзини ҳисоб-китоб қилмаган, нафсидан бехабар шахсни тақволи кишилар сирасига қўшмаган. У зот (раҳимаҳуллоҳ) айтади: “Киши ўз нафсини тажоратдаги шеригини ҳисоб-китоб қилишидан кўра қаттиқроқ ҳисоб-китоб қилмаса ҳамда еб-ичиши, уст-боши ҳаром ёки ҳалолдан келаётганини аниқ билмаса, тақволи кишилар қаторига асло кира олмайди” (“Сифатус сафво”, 4-жилд, 194-бет).
Демак, инсон ўз нафсидан хабардор бўлиб турса, кучли, собит тақвога эга бўлади. Унинг қалбига дунё муҳаббати зулмати соя солган пайтда мана шу тақво билан уни бартараф қилишга муваффақ бўлади.
Биз ўзимизча ҳадисларга қанчалик изоҳ бермайлик, яна уларсиз сўзимизни мукаммал қила олмаймиз, уларсиз дилимиздаги нарсаларни тўкис етказа олмаймиз. Шундай экан, сўзимиз исботи сифатида, юқоридаги гапларни маромига етказиш учун яна Содиқул Масдуқ Сарвари олам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га мурожаат этайлик:
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “أَنْ تَعبُدَ اللهَ كَأَنَّكَ تَرَاهُ فَإِنْ لَمْ تَكُنْ تَرَاهُ فَإِنَّهُ يَرَاكَ”
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳни кўриб турганингдек ибодат қил. Гарчи сен Уни кўрмасанг ҳам, У сени кўриб турибди”, деганлар (Имом Муслим ривояти). Тақводор кишиларнинг сифатлари Қуръони каримнинг бир неча оятларида зикр қилинган. Жумладан:
﴿إِنَّ ٱللَّهَ مَعَ ٱلَّذِينَ ٱتَّقَواْ وَّٱلَّذِينَ هُم مُّحۡسِنُونَ١٢٨﴾
«Зотан, Аллоҳ тақволи бўлганлар ва эзгу иш қилувчилар билан (ҳамиша) биргадир» (Наҳл,128).
Абу Умома Судай ибн Ажлон Боҳилий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) видолашув ҳажида қуйидагича хутба қилганларини эшитдим: “Аллоҳдан тақво қилинглар. Беш вақт намозни адо қилинглар. Рўза ойи рўзасини тутинглар. Молларингиз закотини беринглар. Бошлиқларингизга итоат қилинглар. Шунда Раббингизнинг жаннатига кирасизлар”» (Имом Термизий).
Тақводорларнинг сифатларини Али (розияллоҳу анҳу) қуйидагича таърифлайди: “Улар фазилат соҳиблари, тўғри сўз, тежамкор, камтар, кўзларини ҳаромдан тийган, фойдали илм ва сўзларни эшитувчи, илмига амал қилувчи, кўп гапирмайдиган, нафсларини тергайдиган, қилган амалларидан Яратганнинг ризосини тилайдиган кишилардир. Уларнинг аломатлари – динида барқарор, олижаноб, имон ва иродаси мустаҳкам, илмга ташна, молу дунёсини тежаб ишлатадиган, хушу билан ибодат қиладиган, ораста, қийинчиликка сабр қиладиган, ҳалолдан топадиган, тиришқоқ, тамадан йироқ, эзгу амалларга чоғланган, ҳар қандай ҳолатда шукр қиладиган, илм ва ҳилм билан ҳазил қилувчи ва айтганига амал қилувчилардир”.
Ҳар бир мусулмон хушу нима эканини ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)дан ўрганса, мақсадга мувофиқ бўлади. У кишининг ҳаётларида содир бўлган воқеага қулоқ тутайлик:
Жангларнинг бирида Али (розияллоҳу анҳу)нинг оёғига ўқ тегди. Ўқ оёқ суягига анча ботгани учун уни чиқара олишмади. Бир табиб чақиришди. Табиб Али (розияллоҳу анҳу)га: “Бу ўқни фақат ҳушдан кетказувчи дори билан олса бўлади. Йўқса, оғриққа чидаёлмайсиз”, деди. Али (розияллоҳу анҳу): “Ҳушдан кетказадиган дорига зарурат йўқ. Бир оз сабр қилинглар, намоз вақти кирсин. Мен намоз ўқий бошлаганимда олиб ташлайсиз”, деди.
Намоз вақти кирди. Али (розияллоҳу анҳу) намозга турди. Табиб Али (розияллоҳу анҳу)нинг оёғини ёриб, ўқни чиқарди. Ярани боғлаб қўйди. Али (розияллоҳу анҳу) намозини битириб, табибдан: “Ўқни чиқардингизми?” деб сўради. “Ҳа, чиқардим”, деди табиб. “Мен ҳеч нарса сезганим йўқ”, деди Али (розияллоҳу анҳу).
Намоздаги хушу-хузу ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)ни гўё бошқа оламга олиб кетгандек эди. Шунинг учун ҳам вужудидаги оғриқни асло сезмади.
Ҳақиқий тақводор зотлар учун Аллоҳ таоло қийинчилик пайтларида нажот ва ҳалол ризқни ваъда қилган, шунингдек, инсонлар орасида энг азизлари бойлар ёки амалдорлар эмас, балки Аллоҳдан қўрқадиган кишилар эканини айтган:
﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلنَّاسُ إِنَّا خَلَقۡنَٰكُم مِّن ذَكَرٖ وَأُنثَىٰ وَجَعَلۡنَٰكُمۡ شُعُوبٗا وَقَبَآئِلَ لِتَعَارَفُوٓاْۚ إِنَّ أَكۡرَمَكُمۡ عِندَ ٱللَّهِ أَتۡقَىٰكُمۡۚ إِنَّ ٱللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٞ١٣﴾
«Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардордир» (Ҳужурот, 13).
Ер юзидаги барча дин, тузум ёки фалсафа инсонларни табақага ажратганида уларнинг бойликлари, насаб ва амалларига қараган. Ислом дини эса, кишиларнинг тақводорларигина азиз ва мукаррам эканини илоҳий Калом билан исботлади. Ислом дини келгунича инсонийлик даражасидан маҳрум бўлган қора-ҳабаш қул Билол имони ва тақвоси билан саҳобий, мўьтабар инсон даражасига етди. Аллоҳ Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муаззини, деган шарафли унвонга сазовор бўлди.
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан “Кишиларнинг ҳурматлиси ким?” деб сўралганида, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уларнинг тақволиси”, дедилар. “Бу ҳақда сўрамаяпмиз”, дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ундай бўлса, Халилуллоҳ ўғли, пайғамбар ўғли, пайғамбар набираси, Аллоҳ пайғамбари Юсуфдир”, дедилар. “Бу ҳақда сўрамаяпмиз”, дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ундай бўлса, мендан араб қабилаларини сўраяпсизларми? Жоҳилиятдаги яхшилари Исломдаги яхшиларидир. Агар (шариат аҳкомларини билиб) фақиҳ бўлса”, дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим).
Аллоҳ таоло мусулмон кишининг тақво туфайли улуғ мартабаларга эришиши ва жаннатга киришини ваъда қилади:
﴿۞وَسَارِعُوٓاْ إِلَىٰ مَغۡفِرَةٖ مِّن رَّبِّكُمۡ وَجَنَّةٍ عَرۡضُهَا ٱلسَّمَٰوَٰتُ وَٱلۡأَرۡضُ أُعِدَّتۡ لِلۡمُتَّقِينَ١٣٣﴾
«Раббингиздан (бўлувчи) мағфиратга ва кенглиги осмонлару Ерга тенг, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат сари (солиҳ амаллар қилиш билан) шошилингиз» (Оли Имрон, 133).
Муфассирлар оятдаги “жаннат сари шошилинглар” деган сўздан мурод, – “беш вақт намозни ўз вақтида адо этиш, тоат, ихлос, тавба, жума намозини канда қилмаслик ва жамоатга эътибор бериш”, деган (“Тафсири Насафий”, 1-жилд. 182-бет).
Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ, Сендан ҳидоят, тақво, иффатни ва беҳожат бўлишни сўрайман”, деганлар» (Имом Муслим).
Яна бир ояти каримада бундай марҳамат қилинади:
﴿ٱلَّذِينَ يُنفِقُونَ فِي ٱلسَّرَّآءِ وَٱلضَّرَّآءِ وَٱلۡكَٰظِمِينَ ٱلۡغَيۡظَ وَٱلۡعَافِينَ عَنِ ٱلنَّاسِۗ وَٱللَّهُ يُحِبُّ ٱلۡمُحۡسِنِينَ١٣٤ وَٱلَّذِينَ إِذَا فَعَلُواْ فَٰحِشَةً أَوۡ ظَلَمُوٓاْ أَنفُسَهُمۡ ذَكَرُواْ ٱللَّهَ فَٱسۡتَغۡفَرُواْ لِذُنُوبِهِمۡ وَمَن يَغۡفِرُ ٱلذُّنُوبَ إِلَّا ٱللَّهُ وَلَمۡ يُصِرُّواْ عَلَىٰ مَا فَعَلُواْ وَهُمۡ يَعۡلَمُونَ١٣٥ أُوْلَٰٓئِكَ جَزَآؤُهُم مَّغۡفِرَةٞ مِّن رَّبِّهِمۡ وَجَنَّٰتٞ تَجۡرِي مِن تَحۡتِهَا ٱلۡأَنۡهَٰرُ خَٰلِدِينَ فِيهَاۚ وَنِعۡمَ أَجۡرُ ٱلۡعَٰمِلِينَ١٣٦﴾
«Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-садақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар. Улар бирор фаҳш иш қилиб қўйсалар ёки ўзларига зулм қилиб қўйсалар, (дарҳол) Аллоҳни эслаб, истиғфор айтадилар. Ваҳоланки, гуноҳларни фақат Аллоҳгина мағфират этар. Яна, улар била туриб, қилмишларида давом этмайдиган кишилардир. Айнан уларнинг мукофотлари – Парвардигорларидан мағфират ва остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннат боғлари бўлиб, ўша жойда абадий бўлурлар. (Солиҳ) амал қилувчиларнинг мукофоти нақадар яхши!» (Оли Имрон, 134–136)
Юқоридаги оятларда “фаровонлик ва тангликда ҳам хайр-садақа қилувчилар” деб, тақводорларнинг сифатлари баён этилди. Ҳар доим эҳсон қилиш ҳамманинг қўлидан келавермайди. Чунки эҳсон қилиш мардларнинг иши, ихлосли кишиларнинг амаллари бўлиб, баъзан кишига малол ҳам келади. Лекин ҳақиқий тақводорлар эҳсон қилишдан асло оғринмайди. Энг улуғ амал ҳисобланган эҳсон орқали жамиятда тенглик пайдо бўлади (“Тафсири Насафий”, 1-жилд, 182-бет).
Шунингдек, ғазаблари келганда уни билдирмасдан, ютиб юборадиган кишилар ҳам тақводорлардир.
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “مَن كَظِمَ غَيظًا وهو يَقدِر على انفاذِهِ مَلَأَ اللهُ قَلبَهُ أَمْنًا وإيمانًا”
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким ғазаби келганда уни сўндира олса, Аллоҳ унинг қалбини имон ва ишончга тўлдиради”, деганлар (“Тафсири Насафий”, 1-жилд, 182-бет).
Мусулмон киши иложи борича юқоридаги сифатларни ўзида мужассам этишга ҳаракат қилади ва натижада, Аллоҳ ваъда қилган мукофотларни қўлга киритади.
Шоир айтганидек:
Ноинсоф, нокас-ла дўст бўлма ҳаргиз,
Тақводор, зокир-ла ҳаётинг тўкис.
ҚУРЪОНИ КАРИМ ТИЛОВАТИ ФАЗИЛАТИ
Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Аллоҳга тақво қил”, деган васиятларига қаноатланмай: “Зиёда қилинг, ё Расулуллоҳ” деб сўради. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қуръон тиловати ва Аллоҳ зикрини ўзингга вазифа қилиб ол, чунки бу сен учун ер юзида нур, осмонда эса захирадир”, дедилар.
Қуръони каримда бундай дейилади:
﴿إِنَّ ٱلَّذِينَ يَتۡلُونَ كِتَٰبَ ٱللَّهِ وَأَقَامُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَأَنفَقُواْ مِمَّا رَزَقۡنَٰهُمۡ سِرّٗا وَعَلَانِيَةٗ يَرۡجُونَ تِجَٰرَةٗ لَّن تَبُورَ٢٩ لِيُوَفِّيَهُمۡ أُجُورَهُمۡ وَيَزِيدَهُم مِّن فَضۡلِهِۦٓۚ إِنَّهُۥ غَفُورٞ شَكُورٞ٣٠﴾
«Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордир. Зеро, (Аллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз фазлини уларга янада зиёда қилур. Албатта, У мағфиратли ва ўта шукр қилувчидир» (Фотир, 29–30).
Қуръони карим Аллоҳ таолонинг каломидир. Аллоҳ таоло айтади:
«Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил (ноҳақлик) келмас. (У) ҳикмат ва ҳамд эгаси (томони)дан нозил қилингандир» (Фуссилат, 42).
Қуръон Аллоҳ таолонинг энг улуғ мўъжизаси бўлиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нозил қилинган сўнгги илоҳий китоб, боқий ҳужжат, қатъий далил, мустаҳкам ақидадир. Келинг, яхшиси Қуръон тиловати фазилатлари ҳақидаги ҳадислар билан танишайлик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Унда сиздан олдинги ва кейингиларнинг хабари бор, ораларингиздаги ҳукмлар бор, у чиндир, ҳазил эмас. Ким уни тарк этса, Аллоҳдан қисматини олади, ундан бошқасидан ҳидоят истаганни Аллоҳ залолатга дучор қилади, у Аллоҳнинг мустаҳкам арконидир. У ҳикматли зикрдир, у тўғри йўл бўлиб, фикрларни оғдирмайди, тиллар у билан мавҳумликка учрамайди, уламолар ундан тўймайди, раддияларнинг кўплиги туфайли хулқлар бузилмайди, унинг ажойиботлари туганмас, уни ҳатто жинлар ҳам эшитади. Ким у билан гапирса, тўғри сўзлабди, ким унга амал қилса ажр олади, ким у билан ҳукм қилса, адолат қилади ва ким унга чақирса, тўғри йўлга ҳидоят қилинади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Шунинг учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қуръон тиловат қилишни тавсия этдилар ва унга тарғиб қилдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда бундай дейилади:
عن عَبْدَ اللَّهِ بْنَ مَسْعُودٍ قال: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:“مَنْ قَرَأَ حَرْفًا مِنْ كِتَابِ اللَّهِ فَلَهُ بِهِ حَسَنَةٌ وَالْحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا لَا أَقُولُ “ﭑ” حَرْفٌ وَلَكِنْ أَلِفٌ حَرْفٌ وَلَامٌ حَرْفٌ وَمِيمٌ حَرْفٌ”
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, шу бир ҳарф учун унга савоб ёзилади. Савоб эса ўн баробар кўпайтириб берилади. “Алиф, лам, мим”ни бир ҳарф демайман, балки алиф – бир ҳарф, лам – бир ҳарф, мим – бир ҳарф”, дедилар» (Имом Термизий).
Бошқа бир ҳадисда бундай дейилади: “Қуръон ўқинг! Зеро, Қуръон ўз ўқувчиларини қиёмат куни шафоат қилади” (Имом Муслим ривояти). Ва яна: “Қуръон ўқилган уй худди ердагиларга юлдуз кўрингани каби осмон аҳлига кўрсатилади”, дейилган (Имом Байҳақий ривояти).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳга йўлиқишни умид қилса, Аллоҳ аҳлини ҳурмат-иззат қилсин”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳнинг ҳам аҳли бўладими?” деб сўрашди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳа”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, улар кимлар?” деб сўрашганида, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Улар Қуръон ўқувчилардир. Огоҳ бўлинглар, ким уларни иззат-икром қилса, Аллоҳ уни икром қилади ва жаннатга киритади. Ким уларни хорласа, Аллоҳ уни хорлайди ва дўзахга киритади. Эй Абу Ҳурайра! Аллоҳнинг даргоҳида Қуръон ҳофизидан ҳурматлироқ кимса йўқдир. Аллоҳ ҳузурида Қуръон ҳофизи пайғамбардан бошқа барча инсонлардан икромлироқдир”, дедилар.
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (алайҳиссалом): “Сизларга қиёмат кунида умматимнинг энг афзали кимлигини билдирайми?” дедилар. “Ҳа, ё Расулуллоҳ!” дейишди саҳобалар. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Улар Қуръон ўқувчилардир. Қиёмат кунида Аллоҳ: “Эй Жаброил! Ким Қуръон ўқиган бўлса, турсин, деб нидо қил”, дейди. Жаброил (алайҳиссалом) уч марта нидо қилади. Шунда улар саф-саф бўлиб, Аллоҳ ҳузурида туришади. Аллоҳ уларга: “Ўқинглар ва овозларингни кўтаринглар”, дейди. Улардан ҳар бири Аллоҳ Қуръонидан илҳомлантирганича ўқийди. Ким ўқиса, овози, оҳанги, хушуси, тадаббурига кўра даражаси кўтарилади. Сўнгра Аллоҳ: “Эй аҳлим! Дунёда ким сизларга яхшилик қилганини биласизларми?” дейди.“Ҳа”, деб жавоб беришади улар. Шунда Аллоҳ айтади: “Маҳшарга боринглар! Ким уларни таниса, ўзлари билан бирга жаннатга олиб кирсин!” дедилар».
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: «Исро кечасида Аллоҳ менга айтди: “Эй Муҳаммад! Умматингизга буюринг, уч тоифа одамларни иззат-икром қилишсин: ота-оналарини, олимларни ва Қуръон ҳофизларини. Эй Муҳаммад! Умматингизни огоҳлантиринг, ким уларни ёмон кўрса ва хорласа, унга Менинг ғазабим қаттиқ бўлади. Эй Муҳаммад! Аҳли Қуръон менинг аҳлимдир. Дунё аҳлига икром қилганимдан уларни дунёда сизнинг ҳузурингизга қўйдим. Агар Қуръон уларнинг қалбларида ўрнашмаганида эди, дунё аҳлини ҳалок қилган бўлардим. Эй Муҳаммад! Ҳофизи Қуръонлар қиёмат куни азобланмайди ва ҳисоб-китоб қилинмайди. Эй Муҳаммад! Жаннат уч тоифага муҳтождир: сизга ва сизнинг саҳобаларингиз Абу Бакр билан Умарга ҳамда ҳофизи Қуръонга”».
Бошқа бир ўринда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, бошқаларга ўргатганларингиздир”, деганлар.
Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: «У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ Қуръони карим билан баъзи қавмларнинг мартабасини кўтаради, баъзи қавмларни хор қилади”, дедилар».
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси қудсийда марҳамат қиладилар: «Аллоҳ таоло айтди: “Кимники Қуръон ўқиш Мени зикр этиш ва дуо қилишдан машғул этиб қўйса, Мен унга Мендан илтижо қилиб сўраётганларга бераётганимдан ҳам афзалини бераман”. Аллоҳ каломининг бошқа каломлардан афзаллиги Аллоҳнинг Ўз махлуқотидан афзаллиги кабидир».
Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қуръон ўқийдиган мўмин утружжа (лимон жинсидан бўлган бир мева)га ўхшайди, ҳиди ҳам хушбўй, таъми ҳам ширин, Қуръон ўқимайдиган мўмин хурмога ўхшайди, таъми ширин, ҳиди йўқ. Қуръон ўқийдиган фожир райҳонга ўхшайди, таъми аччиқ, ҳиди хушбўй. Қуръон ўқимайдиган фожир аччиқ тарвузга ўхшайди, таъми аччиқ, ҳиди йўқ. Солиҳ суҳбатдош мушк сотувчига ўхшайди, агар у билан ўтирсанг, мушкидан бермаса ҳам, ҳиди сенга уриб қолади. Ёмон суҳбатдош босқончига ўхшайди, агар унинг ёмонлиги сенга тегмаса ҳам, унинг тутуни уриб қолади”, дедилар (Абу Довуд).
Яна бир ўринда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир мўминдан дунё қийинчиликлари, мусибатларидан бирини аритса, Аллоҳ ундан қиёмат куни қийинчиликларидан бирини аритади. Ким бир қийналган одамнинг мушкулини осон қилса, Аллоҳ дунё ва охиратда унинг мушкулини осон қилади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ дунё ва охиратда унинг айбини беркитади. Банда, модомики, биродари хизматида экан, Аллоҳ унинг хизматида бўлади. Ким илм талаб қилиб йўлга чиқса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Модомики, бир жамоат Аллоҳнинг масжидларидан бирига йиғилиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилишса ва уни ўрганишса, уларга хотиржамлик тушади ва раҳмат ўраб олади, атрофларида фаришталар жамланади, Аллоҳ ўз ҳузуридагиларга уларни зикр қилади”, дедилар.
Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Уҳуд шаҳидларининг ҳар иккитасини бир қабрга қўйганлар. Аввал: “Буларнинг қай бири Қуръонни кўпроқ ёд билар эди?” деб сўрар, сўнг қайси маййитни кўрсатишса, ўшани лаҳадга олдин қўйдирар эдилар» (Имом Бухорий).
Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “(Ҳасад қилиш мумкин эмас, аммо) икки кишига ҳасад қилса бўлур: Аллоҳ унга Қуръон илмларини берган бўлиб, кечаю кундуз уни тиловат қилиб, шу асосда иш тутувчи кишига; Аллоҳ унга ҳалол мол-дунё ато этган бўлиб, ўз бойлигини кечаю кундуз инфоқ-эҳсон қилаётган кишига”, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим).
Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уйларингизни намоз ва Қуръон тиловати билан мунаввар қилинглар”, дедилар» (Имом Байҳақий).
Нўъмон ибн Башир ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Умматимнинг энг афзал ибодати Қуръон тиловатидир”, дедилар (Имом Байҳақий).
Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) айтади: “Эй Қуръон (ёхуд илм)ни кўтарувчилар, илмингизга амал қилинг, билганига амал қилган ҳақиқий олимдир ва унинг амали илмига мувофиқдир. Сизлардан кейин бир қавм келади, улар илмни кўтариб юради, аммо илмлари елкаларидан тепага кўтарилмайди, амаллари илмларига, айтган гаплари дилларидагига тескаридир. Улар ҳалқа-ҳалқа бўлиб ўтиради, лекин ораларидан фитна чиқиши сабабли бир-бирларидан ғазабланиб, мажлисни тарк этади. Уларнинг ўша ўтиришларидаги амаллари Аллоҳ таолога кўтарилмайди”.
Имом Шофиъий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Одамлар ушбу илм (яъни Қуръон)нинг бирор ҳарфини ҳам қолдирмай ўрганишларини хоҳлардим”, деган. Бу ўринда Қуръон ёки илмни бирор ҳарфини ҳам қолдирмасдан яхшилаб ўрганишга тарғиб қилинмоқда.
Энг аввало, Қуръон ўқувчи киши ихлосли бўлиши, Қуръон одобларига тўлиқ амал қилиши лозим. Тиловат асносида ўзини Аллоҳ таолога муножот қилаётгандек тутиши ва Аллоҳни кўриб тургандек ҳолатда бўлишини уламолар тавсия этади. Гарчи у кўрмаса ҳам, Аллоҳ таоло уни кўриб турувчидир.
Қуръон тиловатининг қуйидаги шартлари мавжуд:
Қироат қилишдан олдин таҳоратли бўлиш суннат амали ҳисобланади. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таҳоратсиз Қуръон ўқишни хуш кўрмас эдилар. Бу хусусда ҳадиси шарифлар бисёр. Агар сув топмаса, таяммум қилади. Жунуб (одам) ва ҳайз кўрган аёлнинг бир ёки унинг ярмича оятни ўқиши ҳаромдир. Аммо ҳарфларни талаффуз қилмасдан уни қалбдан ўтказсалар бўлади, шунингдек, улар Мусҳафга назар солсалар ҳам жоиз. Жунуб киши ва ҳайз кўрган аёл тасбеҳ, таҳлил, таҳмид, такбир айтиши ва Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот йўллаши мумкин. Бунга уламолар иттифоқ қилган.
Қуръон ўқувчи тоза ерда ўтириши суннат ҳисобланади, масжид бўлса яна ҳам яхши. Қироат қилиш учун пок ва тоза жой танланиши лозим. Шунинг учун кўпгина уламолар “масжидда қироат қилиш мустаҳабдир” деган, чунки у ер доимо озода бўлади, бошқа бир тарафдан масжиднинг ҳурмати ва шарафини ҳам эътиборга олмоқ лозим.
Қиблага қараб ўтириш мустаҳаб. Намоздан ташқарида ҳам қиблага юзланиб тиловат қилиш мустаҳабдир. Ҳадиси шарифда: “Мажлисларнинг энг яхшиси қибла томонга қараб ўтирилганидир”, дейилган. Қуръон ўқувчи сокин ва виқор билан, бошини қуйи солиб, худди устози олдида одоб сақлаб турган шогирддек ўтириши лозим. Қироатни туриб ёки тўшакда ётган ҳолда ҳам қилса бўлади, лекин ўтириб қироат қилиш афзалдир.
Қуръон ўқишдан олдин “Истиъоза ва басмала”ни айтиш суннат.
Мисвок тутиб, оғизни поклаш лозим, чунки оғиз қон ёки бошқа нарсалар билан кирланган бўлса, уни ювиб ташламасдан олдин Қуръон тиловат қилиш кариҳ (ёмон) саналади.
Қуръонни чиройли ўқиш ҳам суннат ҳисобланади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қуръонни аниқ-аниқ, ҳарф-ҳарф қилиб ўқир эдилар. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
﴿أَوۡ زِدۡ عَلَيۡهِ وَرَتِّلِ ٱلۡقُرۡءَانَ تَرۡتِيلًا٤﴾
«Ёхуд унга (бир оз вақт) қўшинг (ярмидан кўпроғида ухланг) ва Қуръонни “тартил” билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг!» (Муззаммил, 4)
Қуръонни чуқур ўйлаб, тафаккур қилиб, унинг улуғлигини англаб ўқиш лозим. Чунки у билан диллар яйрайди, қалблар нурафшон бўлади, Бу ҳақда бундай дейилади:
﴿أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ ٱلۡقُرۡءَانَ أَمۡ عَلَىٰ قُلُوبٍ أَقۡفَالُهَآ٢٤﴾
«Ахир, улар Қуръон (оятлари) ҳақида фикр юритмайдиларми?! Балки дилларида “қулфлари” бордир?!» (Муҳаммад, 24)
Қуръон ўқишни ният қилмаган ҳолда мусибат етган пайтда “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” дейиш, уловга минилаётганда “Субҳаналлазий саххоро лана ҳаза ва ма кунна лаҳу муқринийн” деб айтиш ва дуо қилаётган пайтда Қуръон ўқишни ният қилмаган ҳолда “Роббана атина фид дуня ҳасанатан ва фил ахироти ҳасанатан ва қина азабан нар” дейиш ҳам жоиздир.
Абу Майсара бундай дейди: “Аллоҳ зикри фақат пок жойда қилинади”.
Йўлда ёки сафарга кетаётганда қироат қилиш, агар қироат қилаётган одам адашиб кетмаса, жоиздир. Агарда қироатда хаёли чалғиса ёки янглишса, у ҳолда йўлда тиловат қилиш макруҳ. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мудроқ ҳолдаги кишини қироат қилишдан қайтарганлар, чунки бунда одам адашиб, хато қироат қилиб қўйиши мумкин.
Қуръон ўқишда йиғлаш, агар йиғлашга қодир бўлмаса хушу ва синиқлик билан қироат қилиш керак.
Қуръон ўқилаётган жойда гапирмасдан фақат тиловатни эшитиш лозим.
Сажда оятлари келганда сажда қилиш шарт. Чунки сажда ояти ўқилганда сажда вожиб бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилган:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ:«إِذَا قَرَأَ ابْنُ آدَمَ السَّجْدَةَ فَسَجَدَ اعْتَزَلَ الشَّيْطَانُ يَبْكِى يَقُولُ: “يَا وَيْلَهُ! أُمِرَ ابْنُ آدَمَ بِالسُّجُودِ فَسَجَدَ فَلَهُ الْجَنَّةُ وَأُمِرْتُ بِالسُّجُودِ فَأَبَيْتُ فَلِىَ النَّارُ”»
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Агар одам боласи сажда оятини ўқиб, сажда қилса, шайтон ундан узоқлашиб йиғлайди ва: “Ҳолимга вой бўлсин! Одам боласи саждага буюрилиб, сажда қилди ва унга жаннат бўлди. Мен ҳам сажда қилишга буюрилдим ва бош тортдим, менга дўзах бўлади”, дейди», дедилар (Имом Муслим).
Қуръонга қараб ўқиш ёддан ўқишдан кўра афзалдир. Чунки қараб ўқиш ибодат ҳисобланади.
Қуръон қироати учун энг афзал вақт намоз ичида ўқиш, тунда ўқиш ва туннинг охирги ярмида ўқишдир. Шом билан хуфтон орасида ҳамда тонгда ўқиса ҳам бўлади.
Кунлардан арафа куни, жума, душанба ва пайшанба кунлари Қуръон ўқиш афзал ҳисобланади.
Ўн кунликлардан Рамазоннинг охирги ўн кунлиги, Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигида ўқиш лозим.
Ойлардан энг афзали Рамазон ҳисобланади. Зеро, Рамазон ойи бежизга Қуръон ойи, деб аталмаган.
Энг афзали Қуръон қироатини жума куни бошлаб, келаси пайшанба кечаси хатм қилиш мақсадга мувофиқдир. Чунки Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) доим шундай қилган.
Қуръон хатм қилинадиган куни рўза тутиш суннат ҳисобланади. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) Қуръонни хатм қиладиган куни рўза тутиб, оиласи даврасида дуо қилганини Имом Табароний ривоят қилган.
КЕЙИНГИ МАВЗУ:
ЗИКРНИНГ ФАЗИЛАТИ
ОЯТЛАРДАН ЗИКР ҲАҚИДА
Ислом дини инсон ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган ва унинг турмуш тарзини тартибга солувчи ҳаёт тарзи сифатида тушунилади. Ислом ҳалол ва ҳаром тушунчаларини аниқ белгилаб, инсонларга фақатгина ҳалол нарсалардан фойдаланишни тавсия қилади. Ҳалоллик нафақат моддий жиҳатдан, балки маънавий ва руҳий поклик учун ҳам муҳимдир.
Қуръони каримда ҳалол ризқ ҳақида
Аллоҳ таоло инсонларга ҳалол ва покиза ризқларни танлашни буюради. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
“Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз ва шайтоннинг изларидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара сураси, 168-оят).
Бу оятдан англашиладики, инсон ҳалол ва покиза ризқ истеъмол қилиши керак. Ҳаром нарсалар нафақат жисмоний, балки руҳий зарар ҳам етказади.
Ҳалол касб
Ислом ҳалол меҳнат қилиш ва ҳалол касб топишга катта аҳамият беради. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
Миқдом ибн Маъдикариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч ким қўл меҳнати билан топиб еганидан яхши таом еган эмас. Аллоҳнинг набийси Довуд алайҳиссалом қўл меҳнати билан кун кўрар эди”, – дедилар”.
(Имом Бухорий “Саҳиҳ”да ривоят қилган).
Ҳалол касб инсонга нафақат молиявий барқарорлик, балки руҳий хотиржамлик ҳам олиб келади. Ҳалол меҳнат қилиб топилган ризқда барака бўлади ва оила ҳам тинч-осойишта ҳаёт кечиради.
Ҳалол никоҳ
Никоҳ инсониятнинг маънавий ва жисмоний поклиги учун муҳим воситадир. Қуръони каримда шундай буюрилган:
“ ….Сизлар учун (никоҳи) ҳалол бўлган аёлларга, иккита, учта, тўрттадан уйланаверингиз….” (Нисо сураси, 3-оят).
Ҳалол никоҳ оилавий тинчлик ва муҳаббат манбаи бўлиб, келажак авлоднинг соф ва тарбияли бўлишига хизмат қилади. Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар:
“Никоҳ менинг суннатимдир, кимки суннатимдан юз ўгирса, у биздан эмас” (Имом Бухорий ривояти).
Шунинг учун ҳам Ислом ҳалол никоҳни қўллаб-қувватлайди ва уни муқаддас деб билади.
Ҳалол таом
Ҳалол таом инсоннинг соғлиғи ва руҳий ҳолатига катта таъсир кўрсатади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
“Ҳалол ва покиза таом енглар, шунда дуоларингиз қабул бўлади.” (Имом Муслим ривояти)
Ҳалол таом инсонга куч-қувват беради, соғлом ҳаёт кечиришга ёрдам беради ва ибодатлари қабул бўлиши учун замин ҳозирлайди.
Ҳалол савдо ва тадбиркорлик
Ислом ҳалол савдони рағбатлантиради ва адолатли тадбиркорликни қўллаб-қувватлайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Ростгўй ва ишончли савдогар пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади.” (Имом Термизий ривояти)
Ҳалол савдо билан шуғулланган инсон жамият учун манфаатли бўлиб, унинг бойлигида барака бўлади. Шунингдек, у ўз мижозлари ва ҳамкорлари олдида ишончли бўлиши керак.
Ҳалол турмуш тарзи
Ҳалоллик фақат озиқ-овқат ва молиявий ишлар билан чекланиб қолмайди. Инсоннинг ҳаёт тарзи ҳам ҳалолликка асосланган бўлиши лозим. Бу дегани, инсон ҳалол мулоқот қилиши, ҳалол ишлар билан шуғулланиши ва адолатли йўл тутиши керак. Бу хусусда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:
“ У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади…..” (Аъроф сураси, 157-оят)
Хулоса
Ислом дини ҳалолликка катта аҳамият беради. Ҳалол ризқ, ҳалол меҳнат, ҳалол никоҳ ва ҳалол таом инсоннинг жисмоний соғлиғи, руҳий поклиги ва маънавий камолотини таъминлайди. Шунинг учун ҳам ҳар бир мусулмон ҳалолликка риоя қилиши, ҳалол егулик ейиши ва ҳалол меҳнат қилиши лозим. Чунки ҳалол нарсалар инсон ҳаётида барака, тинчлик ва фаровонлик келтиради.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳалол ва покиза ҳаёт кечиришга муваффақ қилсин! Омин.
Исломда ҳаром нарсалар ва уларнинг зарарли жиҳатлари
Ислом дини инсон ҳаётининг ҳар бир соҳасига йўл-йўриқ кўрсатиб, унга ҳалол ва ҳаром тушунчаларини аниқ белгилаб берган. Ҳаром нарсалардан сақланиш мусулмон кишининг бурчи бўлиб, бу инсоннинг жисмоний ва маънавий соғломлиги учун муҳим аҳамиятга эга. Қуръон ва ҳадисларда ҳаром қилинган нарсалар ва уларнинг зарарлари ҳақида кўплаб таъкидлар келтирилган.
1. Ҳаром озиқ-овқат ва ичимликлар
Ислом дини муайян таом ва ичимликларни ҳаром деб белгилаган. Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинади:
“У сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти ва Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган нарсаларни (истеъмол қилишни қатъий) ҳаром қилди….” (Бақара сураси, 173-оят)
Ҳаром таом ва ичимликларнинг зарарлари:
Соғлиқ учун зарарли: Ҳаром қилинг ан гўштлар ва ичимликлар инсон организмига зарар етказади.
Руҳий ва маънавий покликни йўқотиш: Ҳаром таом истеъмол қилиш инсоннинг ибодати ва дуоларининг қабул бўлишига таъсир қилади.
Жамиятга салбий таъсир: Спиртли ичимликлар ва ҳаром маҳсулотлар жамиятда бузғунчиликка олиб келади.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Албатта, Аллоҳ ҳалол ва ҳаромни аниқ баён қилди. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, дин ва номусини сақлаган бўлади.” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)
2. Спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддалар
Ислом спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддаларни қатъий ҳаром қилган. Қуръонда шундай буюрилган:
” Эй имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз.” (Моида сураси, 90-оят)
Зарарли жиҳатлари:
Ақл ва онгни заифлаштириш: Спиртли ичимлик ва гиёҳванд моддалар инсоннинг фикрлаш қобилиятини йўқотади.
Ижтимоий муаммолар: Ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик оилавий ва жамиятда муаммоларни келтириб чиқаради.
Жиноят ва бузғунчилик: Спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддалар жиноятлар ва жамиятда тартибсизликларни кўпайтиришга сабаб бўлади.
3. Қимор ва ноҳақ йўл билан бойлик орттириш
Қуръони Каримда қимор ва нохақ йўл билан бойлик орттириш қаттиқ қораланади:
” Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди, сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз??!” (Моида сураси, 91-оят)
Қиморнинг зарарли жиҳатлари:
Иқтисодий муаммолар: Қимор ўйнаган одамлар ўз мол-мулкини йўқотиб, қашшоқликка тушишади.
Оилавий низолар: Қиморбозлик оила бузилиши ва жанжалларга сабаб бўлади.
Жамиятда бузғунчилик: Қимор жамиятда коррупция ва алдовга йўл очади.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Ким қимор ўйнаса, у худди тўнғиз гўшти еган одамга ўхшайди.” (Имом Муслим ривояти)
4. Зино ва фаҳш ишлар
Ислом зино ва фаҳш ишлардан қаттиқ қайтарган. Қуръони Каримда шундай дейилган:
“. Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир..” (Исро сураси, 32-оят)
Зинонинг зарарли жиҳатлари:
Оила бузилиши: Зино оилаларнинг парокандалигига олиб келади.
Жамиятда тартибсизлик: Фаҳш ишлар жамиятда ахлоқий тушкунликка олиб келади.
Руҳий зарарлар: Зино инсоннинг руҳий хотиржамлигини йўқотади ва уни гуноҳга ботиради.
Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтганлар: “Зино қилган инсон иймонли ҳолда зино қилмайди.” (Имом Бухорий ривояти)
5. Нохақ сўз ва туҳмат
Ислом ёлғон гапириш, ғийбат қилиш ва туҳмат қилишни ҳаром деб белгилаган. Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинади:
” Эй мўминлар! Кўп гумон(лар)дан четланингиз! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин!…” (Ҳужурот сураси, 12-оят)
Ёлғон ва ғийбатнинг зарарлари:
Ишончсизлик: Ёлғон гапириш одамлар ўртасида ишончсизликка олиб келади.
Одамлар ўртасида низо: Ғийбат ва туҳмат жамиятда фитна ва низоларни келтириб чиқаради.
Хулоса
Исломда ҳаром қилинган нарсалар инсон ва жамият учун зарарли экани аниқ кўрсатилган. Ҳаром таомлар, спиртли ичимликлар, қимор, зино ва ёлғон сўзлар инсон ҳаётига салбий таъсир кўрсатади. Мусулмон киши бу каби ишлардан узоқ бўлиши, ҳалол йўл билан ҳаёт кечириши лозим.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳаром ишлардан сақласин ва покиза ҳаёт кечиришга муваффақ қилсин! Омин.
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 6-сонидан