Ахборотлашув ва глобаллашув жараёнлари кучайиб бораётган бир даврда хорижий тилларни мукаммал билиш ҳамда улардан самарали фойдаланиш ҳаётий заруратга айланиб бормоқда. Юртимизда турли соҳаларда фаолият олиб бораётган мутахассис кадрларнинг чет тилларни билишлари асосий талаблардан бири ҳисобланмоқда. Айниқса, диний соҳа мутахассисларининг хорижий тилларни эркин сўзлаша олиш даражасида мукаммал ўзлаштиришларини таъминлаш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда.
Бунинг негизида диний йўналишда фаолият юритаётган кадрларнинг дунё ахборот ресурсларидан кенг кўламда фойдаланишлари ҳамда хорижий тилларда илмий изланишлар олиб боришлари учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратиш масаласи ётади. Шундан келиб чиқиб, бугунги кунда республикамиз диний таълим тизими олдида турган энг устувор вазифалардан бири хорижий тилларда эркин мулоқот қила оладиган, салоҳиятли кадрларни етказиб бериш ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 11 январь куни Ҳадис илми мактабига ташрифи давомида билдирилган топшириқ ва тавсияларда мактабда таҳсил оладиган талабалар камида учта чет тилини мукаммал билиши лозимлиги алоҳида таъкидланган эди.
Шу мақсадда Миср Араб Республикасининг Ал-Азҳар университетидан Ҳадис илми фанлари доктори, профессор Маҳмуд Абдуллоҳ Абдурраҳмон ҳамда Балоғат ва мунозара фанлари доктори, профессор Али Саад Али Саад Мактаб ўқув жараёнларига жалб этилган эди.
Жорий йилда Ҳадис илми мактаби, хорижий ўқитувчилари сафига яна бир мутахассисни жалб этди.
Деҳли университетининг Тилшунослик илғор тадқиқотлар маркази Тилшунослик кафедраси профессори Рaвиндер Гaргaш Мактабда инглиз тили фанидан дарс машғулотларини юқори савияда ташкил этиш мақсадида ташриф буюрди.
Ташриф аввалида муҳтарам меҳмонга мактабнинг ташкил этилиши мақсади ва ундан келажакда кутилаётган натижалар, мутахассислик ўқув режасидаги фанларнинг хусусиятлари ва мутахассислик ўқув режасини дунёнинг етакчи таълим муассасалари ва ислом оламидаги нуфузли уламолар томонидан эътироф этилганлиги, пандемия шароитида онлайн шаклда олиб борилаётган таълим жараёнлари ҳақида маълумот берилди.
Хорижлик профессор Ҳадис илми мактаби ўқитувчи ва талабалари учун давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан яратиб берилган шароитларга алоҳида эътибор қаратиб, бу юрт ўз даврида барча илмларда бўлгани каби ислом илмларида ҳам марказ бўлганлиги, диёримиздан етишиб чиққан алломаларнинг илмий меросларини ўрганиш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида албатта ушбу маскандан ҳам келажакда яна Имом Бухорийлар, Имом Термизийлар каби уламолар етишиб чиқишини эътироф этди.

Таъкидлаш лозимки, профессор Рaвиндер Гaргaш инглиз тилини ўқитиш бўйича қирқ олти йилдан ортиқ педагогик тажрибага эга бўлиб, у Жанубий Кореянинг Ҳанкук хорижий тадқиқотлар университети, Ҳиндистоннинг Деҳли университети каби дунёнинг нуфузли олий таълим муассасаларида профессор ва кафедра мудири каби лавозимларда фаолият олиб борган.
Шунингдек, профессор Гаргаш 2017-2019 йиллар давомида инглиз тилини ўқитиш бўйича халқаро стандартлардан бири ҳисобланган TEFSOL India (Ҳиндистонда иккинчи чет тили сифатида инглиз тили ўқитиш ассоциацияси) президенти (бош офиси Ню-Дели, Ҳиндистон), Asia TEFL (Осиё давлатларида чет тили сифатида инглиз тили ўқитиш ассоциацияси) вице-президенти (бош офиси Сеул, Жанубий Корея), 2019-2020 йилларда Asia TEFL президенти лавозимларида ҳам ишлаб келган.
Профессор Гаргаш учта муаллифликда ҳамда йигирмага яқин ҳаммуаллифликдаги китоб ва луғатларни нашр этган. Жумладан, Урду тили грамматикасига кириш (ҳинд ва инглиз тилларида. Дарслик), Farhang-e-Aaryan (форсча-ҳиндча-инглизча-урдуча луғат, VI жилд. Теҳрон), Koriyaayi-Hindi shabdakosh (корейсча-ҳиндча луғат. Сеул), Translation and Interpreting (ёзма ва оғзаки таржима услублари. Деҳли университети талабалари учун икки тилли (инглиз ва ҳинд) дарслик), Persian-Hindi Dictionary (форсча-ҳиндча луғат, II жилд. Деҳли), Indo-Persian Cultural Perspectives (ҳинд-форсий маданий истиқболлари. Деҳли), VII жилдлик тилшуносликнинг ўқитиш назарияси каби китоблар нашрида иштирок этган. Шунингдек, бир юз ўттиздан ортиқ хорижий журналлар, халқаро конференция ва семинарлар тўпламида илмий мақолалар чоп эттирган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг буйруғига асосан барча олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларида бўлгани каби Ҳадис илми мактабида ҳам жорий йилнинг 12 октябридан 24 октябрига қадар 1 курс талабалари учун танишув дарслари бўлиб ўтмоқда.
Танишув дарслари давомида биринчи босқич талабаларига Мактабда яратилган шароитлар, Ахборот-ресурс маркази, ўқув фанлари ва фан адабиётлари, турли тўгараклар, кредит-модуль таълим тизими бўйича маълумот ҳамда Мактабнинг ички тартиб-қоидалари, кийиниш маданияти, талабаларнинг намунали хулқ-одоби тўғрисида тушунча ва тавсия берилди.
Икки ҳафта мобайнида давом этадиган танишув дарслари карантин қоидаларига қатъий риоя қилинган ҳолда давом этмоқда. Танишув дарсларига қатнаша олмайдиган талабалар дарс машғулотларини ZOOM платформаси орқали кузатиб боришмоқда. Мактабнинг юқори курс талабаларининг ўқув жараёнлари ҳам жорий ўқув йилининг дастлабки кунларини масофавий шаклда амалга оширилмоқда.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръон тиловатини муҳофаза қилиш.
Аллоҳ таоло Қуръонда бундай марҳамат қилган:
إِنَّ الَّذِينَ يَتْلُونَ كِتَابَ اللَّهِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ وَأَنْفَقُوا مِمَّا رَزَقْنَاهُمْ سِرًّا وَعَلَانِيَةً يَرْجُونَ تِجَارَةً لَنْ تَبُورَ
“Аллоҳнинг Китобини тиловат қиладиган, намозни баркамол адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора эҳсон қиладиган зотлар сира касод бўлмайдиган тижоратдан (ажру савоб бўлишидан) умидвордирлар” (Фотир сураси, 29-оят).
Мўмин киши ҳар ойда Қуръонни камида бир марта хатм қилиб туриши керак. Қуръондан бир пора ўқиш учун ярим соатдан бироз кўпроқ вақт кетади. Бизни яратган, қаддингни ростлаган, зоҳирий ва ботиний неъматларини устингдан ёғдириб турган, сенга офият берган, сенга молу дунё, бола чақа берган, сенга ақл-заковат берган Роббингнинг Каломи учун ҳар куни ярим соат ёки бир соат вақт ажрата олмаймиз-ми?! Шунча неъматларни берган Зотга бу борада бахиллик қилган бўламиз-ку ахир деб ўйламайман!
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон тиловатини, Аллоҳнинг зикрини лозим тут! Чунки у сенга ерда нур, осмонда захирадир”, дедилар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қуръонни ўқинглар. Албатта, у қиёмат куни соҳибига шафоатчи бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Қуръон ёдлашга уриниш.
Бу иш олийҳиммат ва азми чин бўлган кишиларнинг ўлжасидир. Аллоҳдан улар учун дўзахдан саломат бўлиш башорати бордир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар Қуръон бир терида жамланса, Аллоҳ уни дўзахда куйдирмайди”.
Қуръон оятларини тадаббур қилиш ва унинг маъноларини тушуниш.
Бу Қуръоннинг энг катта ҳақларидандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади:
كِتَابٌ أَنْزَلْنَاهُ إِلَيْكَ مُبَارَكٌ لِيَدَّبَّرُوا آَيَاتِهِ وَلِيَتَذَكَّرَ أُولُو الْأَلْبَابِ
“(Эй, Муҳаммад! Ушбу Қуръон) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун Биз Сизга нозил қилган муборак Китобдир” (Сод сураси, 29-оят).
Қуръонга амал қилиш ва у билан хулқланиш.
Қуръон билан хулқланиш банданинг дунё ва охиратда нажотга эришишининг асосидир. Қуръонни ўқишдан, ёдлашдан ва тадаббур қилишдан мақсад ҳам шудир. Аллоҳ таоло Қуръонда бундай деган:
وَهَذَا كِتَابٌ أَنْزَلْنَاهُ مُبَارَكٌ فَاتَّبِعُوهُ وَاتَّقُوا لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
“Мана бу Биз нозил қилган муборак Китоб (Қуръон)дир, унга эргашингиз ва тақволи бўлингиз, токи раҳм қилингайсиз” (Анъом сураси, 155-оят).
Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло бундай деган:
كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ آَيَاتِهِ لِلنَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَتَّقُونَ
“Одамлар (ман этилган ишлардан) сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай аниқ баён қилади” (Бақара сураси, 187-оят).
Қуръонни бошқаларга ўргатиш.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
"Исломда саломатлик" китобидан
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли