Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Август, 2026   |   1 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:02
Қуёш
05:31
Пешин
12:28
Аср
17:21
Шом
19:28
Хуфтон
20:54
Bismillah
14 Август, 2026, 1 Рабиъул аввал, 1448

Қоҳирадаги ўзбек маҳаллалари

19.10.2020   3369   7 min.
Қоҳирадаги ўзбек маҳаллалари

Қоҳира шаҳрининг марказида ўзбек этноси номи билан боғлиқ катта боғ, унинг ичида эса театр ва боғга туташ ҳудудда машҳур китоб ярмаркаси бор. Бу ҳудудни қоҳираликлар ўзбеклар маҳалласи деб аташади. Қоҳираликлар орасида ўрта асрларда бу маҳаллада ўрта осиёликлар, жумладан ўзбеклар яшаганлиги, бу ердаги боғни ўзбеклар бунёд этганлиги ҳақида турли ҳикоялар мавжуд. Бундан ташқари, Дамашқ шаҳрида ҳам ўзбеклар билан боғлиқ бўлган масжидлар, кўчалар ва маҳаллалар мавжуд. Бу маданий масканларнинг ўз тарихи бўлиб, уларнинг келиб чиқишига оид ривоят ва ҳикоялар ҳам бор. Қоҳира марказида ўзбеклар билан боғлиқ маданий “оролча”ларнинг қандай пайдо бўлганини мисрлик таниқли тарихчи олима Можида Махлуф ўзининг “Миср тарихида ўзбеклар” номли мақоласида батафсил таҳлил қилган. Мақолада олима асосий эътиборни X-XVIII асрларда Миср давлатчилигида ўрта осиёлик бир нечта сулолаларнинг эгаллаган мавқеига, уларнинг давлат сиёсий ҳаётидаги иштирокига қаратади.

Мазкур мақола муаллифи мисрлик олиманинг тадқиқотларига ҳамда араб тилида чоп этилган бошқа манбаларга таянган ҳолда, Қоҳира ва Дамашқдаги ўзбеклар тарихига оид қўшимча маълумотларни, жумладан, уларнинг XIX – XX асрлардаги ижтимоий вазияти ва бугунги куни ҳақида маълумотларни тўплади.

Ушбу мақолада ўрта осиёлик ҳамда ўзбек этносига мансуб муҳожирларнинг Қоҳира ва Дамашқ шаҳарларида қолдирган моддий-маданий мероси, XIX – XX асрларда уларнинг ижтимоий ҳолати, шунингдек, бугунги кундаги турмуш тарзи ҳақида ҳикоя қилинади.

Ўзбакия маҳалласи

Ҳозирги кунда Қоҳира шаҳрининг марказида ўзбеклар билан боғлиқ қадимий маҳалла сақланиб қолган бўлиб, бу маҳалла аҳолисининг орасида шошлик, бухоролик, фарғоналик, тарозлик оилалар бор, улар юртига берилган номларни ҳамон сақлаб келишяпти. Мисрлик тарихчиларнинг ёзишича, ушбу маҳалланинг ташкил этилиш тарихи XIV асрнинг охирларига бориб тақалади. Мамлук давлати ҳукмронлиги даврида, Султон Қайтбай Атабек қўшин қўмондони Сайфиддин Ўзбекни жанглардаги катта ғалабалари учун мукофотлашга қарор қилган ва унга Қоҳира марказидан 60 акр ерни ҳадя қилган, тез орада бу ерда ҳовуз ҳамда унинг атрофида боғ қурилиб “Ўзбакия” (ўзбек) номи билан атала бошланган. 1495 йилга келиб, Ўзбакия Қоҳира шаҳрининг марказида жойлашган катта маҳаллага айланди.

Тарихчи олима Можида Махлуфнинг ёзишича, марказий осиёликларнинг Яқин Шарқ ҳудудига кириб келиши узоқ тарихга эга бўлиб, Аббосийлар сулоласи бошқаруви йилларида қўшин таркибида ўрта осиёлик туркийлар алоҳида нуфузга эга эдилар. Улар аббосий ҳукмдорлар билан биргаликда ва улардан кейинги йилларда Мамлуклар салтанати таркибида ислом дини равнақи йўлида хизмат қилиб, Яқин Шарқ ҳудудларида мустақил амирликларни ташкил қилди. Шунингдек, мавжуд ҳукмдор сулолалари саройида нуфузли мансабларда хизмат қилишган. Худди шундай амирликлардан бири Тулуния эди. Асли бухоролик Аҳмад ибн Тулун оиласи Мисрда мустақил давлат барпо этиб, 868 йили Тулуния амирлигига асос солди. Бу оила Мисрда ўттиз саккиз йил ҳукмронлик қилди. Манбаларда айтилишича, ўрта осиёлик бу ҳукмдор “Мисрдан Фуротгача, бу ёғи эса Марокаш юртларигача ҳукмронлик қилиб, адолат ўрнатган, ҳатто Бағдод халифалигига номзоди қўйилган, у халқига адолатли, саховатпеша дилбар бир шахс бўлган”. Аҳмад ибн Тулун ва ўғли Хуморвия даври Миср тарихидаги олтин давр ҳисобланади. Худди шу даврдан, Миср тарихида ўрта осиёликлар, жумладан ўзбеклар маълум аҳамият касб эта бошлаган.

Тулунийлардан сўнг Мисрда “ихшидий” номи билан машҳур, асли фарғоналик Муҳаммад ибн Тоғоч ибн Жаф Ихшидлар давлатига асос солди. У Мисрда ўттиз беш йил ҳукмронлик қилди. Можида Махлуфнинг ёзишича,“ўзбеклар Қора ва Ўрта ер денгизи бўйида жойлашган подшоҳликлар султонларининг доимий эътиборида бўлишган. Аслида аксарият султонларнинг келиб чиқиши қипчоқ (ўзбек) диёридан бўлган”. Масалан, Миср султони Зоҳир Бейбарс ўзбеклар билан иттифоқ тузишга интилган. Мисрлик олим Заки Муҳаммад Ҳасаннинг фикрига кўра, ўзбекларнинг Миср подшоҳлари идоравий ҳаётида ҳам ўз ўрни бўлган. Улар подшоҳлик кенгаши амири, қўшин қўмондони, қурол-яроғ амири, карвонлар амири, ҳаж амири каби эътиборли ва олий мансабларга эга бўлишган. Ўзбекларнинг давлат бошқаруви тизимида хизмат қилиши, бошқарув санъатидан тортиб, меъморчилик анъаналаригача ўз таъсирини кўрсатган[3].

Миср тарихининг кейинги даврларида ҳам ўзбеклар нуфузли оилалардан бўлишган. Усмонийлар даврида ҳам Мисрда ўзбек оилалари мавжуд эди. Усмонийлар давридаги архив ҳужжатларида Қоҳирадаги Ўзбек маҳалласи Ўрта Осиёдан келган барча ўзбекларни яхши кутиб олганлиги ҳақида маълумотлар бор. Уcмонийлар давлати уларга Султонлар вақфидан маблағ ажратган. Хусусан, манбаларда Қоҳиранинг марказида жойлашган, Қози Муҳиддин Абд ал-Қодир Ўзбекий томонидан қурилган “аш-Шаъроний” такяси доимий равишда ҳукумдорлар эътибори ва ҳомийлигида бўлганлиги тўғрисида, бу такяда ўрта осиёлик ҳожилар, нақшбандия тариқати суфийлари домий равишда келиб турганлиги тўғрисида маълумотлар бор. Даврлар ўтиб, Яқин Шарқда, жумладан Қоҳира шаҳрида яшаган ўрта осиёликлар маҳаллий аҳолига сингиб кетди – тил, маданият ва урф- одатларининг маълум бир белгилари сақланиб қолди. Шундай белгилардан бири бу ўзбек этноси билан боғлиқ бўлган жой номларидир.

Суратда: Қоҳирадаги Ўзбакия маҳалласи, 1867 йил.

Ал-Ўзбакия (ўзбек) маҳалласи Қоҳирадаги энг машҳур маҳаллалардан бири ҳисобланади, унинг катта қисми Хадив Исмоил пошшо даврида бунёд қилинган. Маҳалла Ал-Атаба майдони, Ўзбакия боғи ҳамда Ўзбакия театрини ўз ичига қамраб олган. Усмонийларнинг Мисрдаги ҳукмронлиги бошланар экан, бу маҳалланинг равнақи янада жонланди.

Манбаларда айтилишича, шу даврларда бу маҳаллада асли келиб чиқиши Ўрта Осиёдан бўлган турли туркий халқлар яшаб улар умумий ном билан ўзбеклар деб аталган. Давр ўтиши билан улар маҳаллий халқ орасига шу қадар чуқур сингиб кетганки, натижада ўзбеклар алоҳида этник гуруҳ сифатидаги хусусиятини йўқотган. Бироқ, ўзбек номи ҳали ҳамон сақланиб келмоқда[4]. Масалан, Ўзбакия боғи шундай жойлардан биридир. Тахминан XIV асрда Ўрта Осиёдан келган ўзбеклар авлодидан бўлган Сайфиддин Ўзбек томонидан катта боғ ва ҳовуз барпо қилинган. Кейинчалик унинг ўрнида француз услубидаги янги боғ барпо қилинган. Боғ номи эса ҳозирга қадар ўзбек номи билан сақланиб қолган . “Бу боғ ҳозирда жуда кичик бўлиб қолган, дейди – муаллиф билан Twitter орқали суҳбатда ушбу боғ яқинида болалик йиллари ўтган Ёсин – Шундай бўлсада, бу жой ҳамон Қоҳиранинг энг сўлим ва салқин манзилларидан бири, боғ атрофида XVIII-XIX асрларда ўрта осиёлик туркийлар яшаганлиги тўғрисида маълумотларни эшитганман, аммо ҳозир уларни фарқлаб бўлмайди. Баъзан Ўзбакия маҳалласида яшовчи маҳаллий аҳоли орасида бухорийлар, туркистонийлар ва ўзбакилар номли гуруҳларни учратиш мумкин. Улар араб тилида сўзлашади, урф-одатлари ҳам бизникидан фарқ қилмайди”.

Шавкат Икромов,

 Яқин Шарқ давлатлари бўйича тадқиқотчи, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг ўқитувчиси, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ докторанти.

 

azon.uz

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Марғилоннинг уч муқаддас қадамжоси

14.08.2026   2953   3 min.
Марғилоннинг уч муқаддас қадамжоси

Марғилон – Фарғона водийсининг энг қадимий ва ўзига хос шаҳарларидан бири. Унинг тарихини фақат меъморий обидалар, қадимий кўчалар ёки машҳур ҳунармандчилик анъаналари билангина эмас, балки асрлар давомида халқ эъзозида бўлиб келаётган зиёратгоҳларсиз ҳам тасаввур этиб бўлмайди, хабар бермоқда ЎзА.

Шаҳардаги Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозор ана шундай тарихий-маънавий масканлар сирасига киради. Уларнинг ҳар бири ўз тарихи, ривоятлари ва халқ хотирасидаги ўзига хос ўрнига эга.

Марғилоннинг қадимий зиёратгоҳларидан бири Пир Сиддиқ мажмуасидир. Халқ орасида бу қадамжо билан боғлиқ турли ривоятлар авлоддан-авлодга ўтиб келган. Зиёратгоҳ Пир Сиддиқ номи билан боғлиқ бўлиб, “сиддиқ” сўзи араб тилида ҳақгўй, ростгўй, ҳақиқатга содиқ инсон маъноларини англатади. Шу жиҳатдан зиёратгоҳ номи ҳам халқ тасаввурида эзгулик, иймон ва ростгўйлик каби фазилатлар билан уйғунлашиб кетган. Мажмуадаги меъморий ечимлар, айниқса, гумбазли иншоотлар ва қадимий қабрлар Марғилоннинг ўтмишдаги шаҳарсозлик ва меъморчилик анъаналаридан дарак беради.

Пир Сиддиқ зиёратгоҳи нафақат зиёрат маскани, балки Марғилоннинг тарихий хотирасини ўзида мужассам этган қадамжолардан бири сифатида аҳамиятлидир. Марғилон тарихи буюк аллома Бурҳониддин Марғиноний номи билан чамбарчас боғлиқ. XII асрда яшаб ижод қилган аллома ислом ҳуқуқшунослиги, хусусан, ҳанафий фиқҳи тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган. Унинг бутун ислом оламида машҳур бўлган “Ҳидоя” асари асрлар давомида муҳим ҳуқуқий манба сифатида қадрланиб келган.

Марғилонда аллома номи билан боғлиқ Чиллахона ҳам халқнинг маънавий хотирасида алоҳида ўрин тутади. “Чиллахона” атамаси одатда инсоннинг маълум муддат хилватда қолиб, тафаккур, ибодат ва руҳий тарбия билан машғул бўладиган жойини англатади. Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси билан боғлиқ ривоятлар ҳам алломанинг илм йўлидаги машаққатли изланишлари ва маънавий камолотини тасаввур қилишга ёрдам беради. Бу масканни фақат зиёратгоҳ сифатида эмас, балки буюк алломанинг илмий-маънавий меросини англашга хизмат қилувчи тарихий хотира жойи сифатида ҳам баҳолаш мумкин.

Марғилондаги яна бир ўзига хос маскан – Каптарли мозор. Унинг номи билан боғлиқ халқ ривоятлари турлича. Айрим ҳикояларда бу жойда каптарлар кўп бўлгани, шу сабабли мозор “Каптарли” деб аталгани айтилади. Каптар эса халқ тасаввурида тинчлик, поклик ва эзгулик рамзи сифатида қабул қилинади. Каптарли мозор ҳақидаги маълумотларни илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш Марғилоннинг маҳаллий тарихини янада бойитишга хизмат қилади. Бунинг учун архив ҳужжатлари, қадимий хариталар, қабртошларидаги ёзувлар, вақф ҳужжатлари ва халқ орасида сақланиб келаётган оғзаки тарих намуналарини тадқиқ этиш муҳим. Зеро, халқ хотирасида асрлар давомида сақланиб келаётган ривоятлар ҳам тарихий-этнографик тадқиқотлар учун қимматли манба бўлиши мумкин.

Уч қадамжо – бир тарих. Пир Сиддиқ зиёратгоҳи, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси ва Каптарли мозорни бирлаштириб турган асосий жиҳат уларнинг Марғилоннинг маънавий қиёфасини шакллантиришдаги ўрнидир. Бу қадамжолар халқнинг аждодларга ҳурмат, муқаддас жойларни асраш, эзгулик ва маърифатни қадрлаш каби анъаналарини ўзида мужассам этади.

Уларнинг ҳар бири Марғилон тарихининг турли қирраларини намоён этади: Пир Сиддиқ – диний-маънавий меросни, Бурҳониддин Марғиноний Чиллахонаси – илм ва тафаккур анъаналарини, Каптарли мозор эса халқ хотираси ва маҳаллий ривоятларнинг узвийлигини ифодалайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари