Кеча, 16 октябрь куни Сурхондарё вилояти Музработ тумани “Халқ йўли” маҳалласи ҳудудидаги “Саййид Ҳабибуллохон” масжиди расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят Адлия бошқармаси вакиллари жоме ходимларига масжиднинг давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳномани топширди. Шундан сўнг намозхонлар ушбу жомеда илк жума намозини адо этишди.
Маълумот учун, ушбу жоме билан Республикамиздаги масжидлар сони 2077 та, Сурхондарё вилоятида эса 116 тага етди.
Аллоҳ таоло ушбу масжидни халқимизга, хусусан, “Халқ йўли” маҳалласи аҳлига муборак қилсин. Юртимизда масжидлар очилишига ҳисса қўшаётган инсонлардан Ҳақ таоло рози бўлсин, бундай хайрли ишларни бардавом айласин!










Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати