Аллоҳга шукрки, юртимиздаги икки мингдан зиёд масжидларимиз кундан-кунга обод бўлмоқда. Янгидан-янги масжидлар қурилмоқда, кўплари таъмирланиб, чиройли ҳолатга келтирилмоқда.
Шу йил 14 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги “Ракат” жоме масжидини қайтадан бунёд этиш жараёнларини кўздан кечирдилар. Ташриф давомида муфтий ҳазратлари масжид қавми, ходимлари, уста-муҳандислар билан суҳбат қуриб, масжиднинг янги биносида намозхонларга қилинаётган имконият ва шароитлар бўйича муҳим тавсия ва таклифларини бериб, бу улкан савобли ишга ҳисса қўшаётган кишилар ҳақига хайрли дуолар қиладилар.
Азим пойтахтимиздаги “Ракат” жоме масжидининг янгидан бунёд этилаётган биноси таркибида йирик хонақоҳ, 2 дона минора, 1 та катта гумбаз, 7 та кичик гумбаз ва кенг ер тўладан иборат бўлмоқда. Жоме масжидни ўзига хос мана шундай меъморий услубда барпо этилаётгани келгусида зиёрат туризми йўналишида келадиган зиёратчиларни ҳам ўзига ром этади.
Маълумки, Тошкент шаҳри Яккасарой тумани “Ракат” жоме масжидининг эски биноси Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон ҳазратлари бошчилигида барпо этилган эди. Ўша даврларда “Ракат” маҳалласида яшовчи Миржалил ота ўзига тегишли бўлган боғидан саккиз сотих ер ажратиб, бу жойга масжид қуриш учун берган. Шундан сўнг 1954 йил масжид тикланган ва ўз фаолиятини шу кунга қадар давом эттириб келмоқда.
Мухлисахон Зиёвуддинхон қори қизлари мазкур масжиднинг эски биносига биринчи ғишт қўйишни шундай хотирлайди:
– Қори амаким (Зиёвуддин қори ака) бир куни оқ рўмолга ўралган нарса олиб келдилар-у, бизларга бермай тўғри бобомиз олдиларига кириб кетдилар. Нима олиб келдиларкин, деб қизиқиб мен ҳам кетларидан кириб бордим.
Бобомиз Эшон Бобохон ҳазратлари ўшанда 98 ёшда эдилар. Уйда кроватда, орқаларига 2-3 та ёстиқ қўйилган ҳолда, ўтирардилар. Саломатхон катта ойимиз уларга қараб турардилар. Қори амаким улар билан саломлашиб, хол-аҳвол сўраганларидан сўнг: — Отамиз, Тошкентда “Ракат” маҳалласида янги масжид (Совет даврида) қурилишига Москвадан рухсат олинди. Шунга бир оқ фотиҳа бериб, мана шу биринчи ғиштига муборак қўлингизни қўйиб берсангиз, — деб оқ рўмолни очиб, ичидан ғиштни олиб, бобомиз қўллари олдига олиб бордилар.
Бобомиз: — Алҳамдулиллаҳ, Алҳамдалиллаҳ, Алҳамдулиллаҳ— шу кунларга еткказганига шукур! - деб чуқур нафас олдилар-да, ўнг қўлларини “Бисмиллаҳир-раҳмонир-раҳим — деб ғишт устига қўйиб, —Бундай муқаддас даргоҳлар юртимизда кўплаб очилиб, мусулмонларга хизмат қилсин! - деб, юзларига фотиҳа тортдилар.
Мана шундай мустажоб дуолар сабаб бугунги кунда диёримизда масжидлар сони ортиб бормоқда, қайта бунёд этилаётганларининг эса саноғи йўқ.
Ўтган давр мобайнида ушбу масжид биноси эскириб, пойдеворлари яроқсиз ҳолга келиб қолган эди. Қолаверса, охирги пайтларда масжид жамоати сезиларли даражада ортиб, хонақоҳ торлик қилаётган эди. Шу сабабли маҳалла аҳли эзгу ният билан масжидни қайта қуриш таклифини олға суришди. Ушбу хайрли ташаббус Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан қўллаб-қувватлангач қайта қуриш ишлари бошлаб юборилди.
Шу куни муфтий ҳазратлари ушбу жоме масжидларга ташрифлари чоғида мўмин-мусулмонлар учун қулай ва шинам қилиш, хонақоҳларни кенг ва ёруғ бўлиши, атрофларини обод ва кўркам этиш, қурилиш ишларини замонавийлик ва миллийликка уйғун ҳолда олиб бориш борасидаги муҳим тавсияларни бердилар.
Тошкент шаҳри Яккасарой тумани “Ракат” жоме масжидининг янги қурилаётган биносини кўздан кечиришга йиғилган муфтий ҳазратлари бошчилигидаги уламолар ва мўйсафид отахонлар масжид кўп йиллар хизмат қилишини ният қилиб, хайрли дуолар қилдилар.
Ушбу масжидни мўмин-мусулмонларга муборак айлашини Ҳақ таборака ва таолодан сўраймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бугунги кунда инсонийлик, қадр-қиммат ва маънавият каби олий тушунчаларни жамиятимизда мустаҳкамлашда илму ирфон соҳиблари, хусусан, диний соҳа устозлари ва фахрий имомларнинг тутган ўрни беқиёс. Шу маънода, ҳудудларда улуғ ва фахрий имомлар ҳамда ҳаёт тажрибаси бой устозларни зиёрат қилиш, уларнинг дуо-насиҳатларини эшитиш, ёш авлодга маънавий кўприк вазифасини ўтаётган муҳим амаллардан бирига айланмоқда.
Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев бошчилигида устозлар ва фахрий имомлар билан учрашувлар ташкил этилди. Зиёрат чоғида уларнинг ўтган ҳаёт йўли, дин ва жамият учун қилган хизматлари, оғир шароитлардаги сабр ва матонатлари ҳақида самимий суҳбатлар бўлиб ўтди.
Ҳаётдаги барча неъматлар, тинчлик, эркин ибодат, илм олиш каби имкониятларнинг қадрини англашда ўтмишдаги оғир синов ва қийинчиликларни эслаш, улардан сабоқ чиқариш жуда муҳим. Зиёрат чоғида устозлар ўз ҳаётларидаги шундай даврлар ҳақида сўз юритар эканлар, “Бугунгидек шароит бизга насиб бўлмаган, ёшлар эса неъматлар қадрига етишлари лозим”, деган фикрларини баён этдилар.
Улар ўз насиҳатларида шукроналикни ҳаёт шиори қилиш, инсоннинг ўз аҳволига рози бўлиб, бирор неъмат берилар экан, ундан илм ва амал билан фойдаланиш кераклигини таъкидладилар.
Шунингдек, масжидларда фаолият қилаётган имомлар томонидан амалга оширилаётган ишларни эътироф этарканлар, уларга доимий изланишда, пок ният ва холислик ила хизмат қилиш лозимлиги ҳақида панду насиҳатлар қилишди. Бундай сўзлар ҳар бир ёш имомнинг қалбида масъулият туйғусини кучайтириши, шубҳасиз.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати