Саудия Aрабистони Ислом ишлари, даъват ва иршод вазирлиги Черногория Ислом ишлари бўйича бошқармасига Қуръони карим оятлари маъноларининг босния ва албан тилларига изоҳли таржималари билан бирга 50 000 нусхадаги Қуръон китобини совға қилди. Бу ҳақда “IQNA” сайти хабар қилди.
Қуръони карим маъноларининг босния ва албан тилларига таржималари Черногория ислом ишлари бошқармаси бошлиғи Рафат Весичга тақдим этилди.
Маросимда Саудия Aрабистонининг Черногориядаги элчиси ва Саудия Aрабистонининг Босния ва Герцеговинадаги элчихонасининг диний атташеси ҳам иштирок этди.
Саудия Aрабистонининг Черногориядаги норезидент элчиси Файсал Ҳефзий ўз нутқида ушбу хайрли ишни Саудия Aрабистони Подшоҳлигининг Ислом ва Қуръонга хизмат қилиш мажбуриятининг рамзи, дея баҳолади.
Мазкур хайрли иш Қуръоннинг турли хил нусхаларини турли мамлакатларда тарқатиш бўйича амалга оширган дастурнинг бир қисмидир. Унинг доирасида дунё бўйлаб миллионлаб Қуръони карим нусхаларини тарқатади ва унинг маъноларини 77 дан ортиқ халқаро тилга таржима қилиш бўйича фаолият олиб боради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Бугунги кунда баъзилар сунъий интеллектдан фойдаланиб вафот этган одамларни расмини гапиртириб, видео ясашмоқда. Бу қанчалик тўғри?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бундай нарсалардан четда бўлиш тавсия этилади. Чунки бу каби ишлар кўп томонлама хато саналади.
Биринчидан, инсоннинг, айниқса, ота-онанинг ҳурмати уларнинг вафотидан кейин ҳам давом этади. Унинг суратидан видео ясаб, гапиртириш уларнинг ҳурматига маълум маънода зид ҳисобланади. Чунки улар видеодаги гапларни ҳақиқатда гапиргани йўқ. Демак, бу иш уларнинг тилидан ёлғон ахборот тарқатиш, уларнинг номидан ёлғон маълумот бериш ҳисобланади.
Иккинчидан, бундай ишнинг хатарли жойи бандалар учун ғайб ишларидан бири бўлган қабрдаги ҳаётга оид ҳолатларга журъат билан аралашиш бўлади. Бу инсон эътиқоди ва иймони учун хавфли саналади. Чунки айрим видеоларда ота-оналарнинг “биз яхшимиз, сизларни кўриб турибмиз, кузатиб турибмиз”, деган жойлари бор. Уларнинг қабрдаги аҳволи қандай эканини СИ ёки шу видеони ясаётганлар қаердан билмоқдалар?!
Учинчидан, мазкур технология шахсларнинг ҳаракатсиз суратларини қисқа видеороликларга айлантириш орқали сурат эгасининг табассум қилиши, кўзини қисиши ва бошини қимирлатиши каби ҳаракатларни бажартириши мумкин. Буни ҳар қандай тирик ёки вафот этган инсоннинг сурати билан ҳам амалга ошириш мумкин.
Бу баъзи компаниялар томонидан амалга оширилаётган бир турдаги ўйин-кулгидир, аммо келажакда кўз ва бош ҳаракатидан ҳам ўтиб кетиши, киноя ва масхара қилиш, ҳақиқатларни сохталаштириш ва бузишда ишлатилиши мумкин.
Мазкур (технологиянинг) зарарларидан бири шуки, оилавий суратлар ва маълумотлар ана шу компанияларнинг қўлига ўтиб қолади ва уларнинг махсус иловаси қурилмаларига ўрнатилади!
Қолаверса, асли ғоянинг зарарларидан бири: суратларга ва ўтганларга боғланиб қолиш ҳамда ғам-қайғуларни янгилашдир.
Агар сурат қурилмада мавжуд бўлса ва бу технология сохталаштириш, қалбакилаштириш ёки масхара қилишда ишлатилмаса ҳам, бу иловадан эҳтиёт бўлиш ва у билан муомала қилмаслик керак.
Шу боис мўмин-мусулмон инсон одамлар қилаётган ишларга кўр-кўрона эргашиб кетавермасдан, унинг тўғри ёки нотўғри эканини аниқлаши ва шунга қараб иш тутмоғи лозим бўлади.
Қолаверса, динимиз ота онани дунё ҳаётида розилигини олиш, вафотидан кейин солиҳ амаллар қилиб, уларнинг руҳларини шод этишга тарғиб қилади. Расм ёки видеосига қараб, йиғи-сиғи қилиш билан ҳеч нарса ўзгариб қолмайди, балки уларнинг қилаётган гуноҳлари туфайли улар маҳзун бўладилар. Зеро, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда бундай дейилган:
“Набий соллалоҳу алайҳи васаллам: «Албатта сизларнинг амалларингиз вафот қилган қариндош-уруғларингизга кўрсатилади. У(амал)лар яхши бўлса, хурсанд бўладилар. Агар ундай бўлмаса: “Аллоҳ, уларни бизни ҳидоят қилганингдек ҳидоят қилмагунингча вафот эттирмагин”, дейишади», дедилар” (Имом Аҳмад ривояти). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.