Бугунги кунда террорчилик, экстремизм, радикализм бутун дунёга хавф солаётган, инсониятнинг тинч ва осуда яшаши учун тўсқинлик қилаётган жиддий муаммолардан биридир. Қўпорувчиликни касб қилиб олган бундай разил кимсалар тинчлик ва омонлик дини бўлган Исломни ниқоб қилиб олгани ғайридинлар ўртасида исломофобиянинг урчишига сабаб бўляпти.
Ана шундай ёвуз кучлар ва бузғунчи фирқалардан бири 1953 йили Яқин Шарқда асос солинган “Ҳизбут таҳрир” оқими бўлиб, унинг тарафдорлари ҳар қандай бошқача фикрлашни инкор этади, ўзининг мафкуравий ва диний қарашларини қўпол равишда мажбурлаб қабул эттиришга ҳаракат қилади. Улар ўз тарафдорларидан уларнинг ҳар бир буйруқларини сўзсиз бажаришни, уларга кўр-кўрона ишонишни талаб этадилар.
Бу оқим аъзолари Ислом дини ҳақида етарлича маълумотга эга бўлмаган кишилар, хусусан, ёшлар онгига халифаликни тиклаш ғоясини сингдириб, уларни ушалмас орзу-умидлар йўлида ўз моллари, куч-қувватлари, ҳатто жонларини ҳам қурбон қилишга тарғиб этадилар ва буни “шаҳидлик” деб баҳолайдилар.
Ваҳоланки, халифалик ўттиз йил давом этишини Пайғамбаримиз башорат қилиб, бундай деганлар: “Халифалик мендан сўнг ўттиз йилдир, кейин подшоҳлик бўлади”1.
Яқин Шарқда пайдо бўлганига етмиш йилдан ошган бўлса-да, ҳеч ким қабул қилмаган бу оқимни айрим илмсиз кишилар, Ислом динининг ҳақиқатидан бехабар айрим ёшлар қабул қилгани, оқибатда минг пушаймон бўлгани айни ҳақиқатдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда барча мусулмонларни жуда зарур иш – иттифоқликка, ҳамжиҳатликка буюриб, бундай марҳамат қилади: «Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг...»2 (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло бизни, аввало, Қуръон кўрсатмасига амал қилган ҳолда бирликда, ҳамжиҳатликда яшашимизга, иккинчидан, фирқаларга бўлинмасликка буюради. Оятдаги “бўлинманглар” деган буйруқни Ислом номини ниқоб қилиб олган бирорта гуруҳ ёки оқимга кирманглар, аралашманглар, ақидангизга содиқ қолинг, деб тушунишимиз керак3.
“Ҳизбут таҳрир” оқими аъзолари мусулмонларнинг ораларини бузиб, ўзларича: “Биз алоҳида ҳизбмиз, алоҳида бир гуруҳмиз”, дейдилар. Уларнинг ҳар бири Аллоҳ таолонинг “фирқага бўлинманглар”, деган буйруғига қарши чиқиш орқали Ислом таълимотига тескари иш тутадилар.
“Ҳизбут таҳрир” тарафдорлари йўллари тўғри эканини исботлаш мақсадида Оли Имрон сурасининг 104-оятини бузиб талқин қиладилар. Оятдаги “Сизлардан бир уммат бўлсин...” буйруғининг маъносини ўзгартириб, “Аллоҳ таоло сизлардан ҳизб бўлсин” демоқда, дейишади.
Муфассирларимиз оятдаги “уммат”дан мурод уламолар жамоаси эканини таъкидлашган4. “Имом” деган сўз “уммат” сўзидан келиб чиққан бўлиб, унинг вазифаси ўз қавмини Қуръон таълимотига чақириш, яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтаришдир.
Ҳизбчилар ўзларича “Ҳизбут таҳрир” бир жамоатдир, у Тақийюддин Набахонийнинг ижтиҳодидир. Унга хоҳлаган одам кириши мумкин, деб даъво қиладилар. Лекин ҳизб аъзоларидан бирортаси адашганини тушуниб қолиб, ҳизбдан чиқса, аҳдини, қасамёдини бузгани учун маломатга қолади, дейдилар. Ваҳоланки, адашганини Ислом таълимоти асосида англаб етган кишининг ҳақиқатни топиб, нотўғри йўлдан қайтиши катта саодатдир.
Хулоса сифатида машойихларимизнинг қуйидаги сўзларини келтиришни лозим топдик: “Кишилар тўрт хил бўлади: 1) ҳамма нарсани билади ва билишини ўзи ҳам билади. У киши олимдир, унга эргашиш зарур; 2) билади, лекин билишини ўзи билмайди. У гўё уйқуда, уни уйғотиш керак; 3) ҳеч нарсани билмайди ва билмаслигини ўзи ҳам билади. У жоҳилдир, унга ўргатиш лозим; 4) ҳеч нарсани билмайди ва ҳеч нарсани билмаслигини ўзи ҳам билмайди. У аҳмоқдир, ундан узоқ бўлиш керак”.
“Ҳизбут таҳрир” машойихларимиз айтган тўртинчи тоифанинг айнан ўзгинасидир. Уларни тўғри йўлга солиш учун қанчалик ҳаракат қилинмасин, барибир ўз билганларидан қолмайди. Уларнинг бу қайсарликлари Исо алайҳиссаломнинг машҳур гапини эсга солади: “Мен Аллоҳнинг изни билан қанчадан-қанча беморларни даволадим, кўрларнинг кўзини очдим, ўликларни тирилтирдим. Аммо аҳмоқларни йўлга сола олмадим” (“Тарихи Кабир”).
Ғолиб НУРИДДИНОВ
Покистоннинг “Network News Pakistan” электрон нашри “Ўзбекистон туризми ўсиш бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллади” сарлавҳали ахборот мақолани эълон қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА.
Унда Бутунжаҳон саёҳат ва туризм кенгашининг (World Travel & Tourism Council – WTTC) “Саёҳат ва туризмнинг 2026 йилга қадар иқтисодий таъсирини ўрганиш” ҳисоботига кўра, 2025 йилда Марказий Осиё дунёнинг энг тез ривожланаётган сайёҳлик минтақасига айлангани таъкидланган.
“WTTC ўз тадқиқотларини дунёни 13 та йирик минтақага бўлган ҳолда олиб боради. 2025 йил якунларига кўра, Марказий Осиё туризм соҳасини ривожлантиришнинг бир нечта асосий кўрсаткичлари бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллади. Шу билан бирга, Ўзбекистон бу кўрсаткичларнинг барчаси бўйича Марказий Осиё мамлакатлари орасида етакчига айланди”, – дейилган манбада.
Нашрда қайд этилишича, 2025 йилда туризмнинг Марказий Осиё ялпи ички маҳсулотига қўшган умумий ҳиссаси 17,7 фоизга, соҳанинг бевосита ҳиссаси эса 19,6 фоизга ошган. Минтақада туристик хизматлар экспорти (visitor exports) йил давомида 26,4 фоизга ўсиб, 9,9 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.
Минтақадаги туристик хизматлар экспорти умумий ҳажмининг деярли ярми Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Жумладан, 2025 йилда Ўзбекистонга 4,8 миллиард АҚШ доллари миқдорида туристик хизматларни экспорт қилган. WTTC маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон Марказий Осиё аҳолиси учун энг оммабоп саёҳат йўналиши бўлди.
“Умуман олганда, бу кўрсаткичлар туризмнинг минтақавий характерга эга эканини англатади. Марказий Осиё аҳолиси кўпинча ўз минтақаси ичида саёҳат қилади”, – дейилади мақолада.
“Network News Pakistan” WТТC прогнозига таяниб ёзишича, 2036 йилга бориб туризм соҳасининг Марказий Осиё иқтисодиётига қўшадиган умумий ҳиссаси 29,7 миллиард АҚШ долларига етади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати