21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
Элларни, қайсики рўйи заминда кучлик бўлган, ўз айтарини ўтказадиган миллатларни жамлайликда тил хусусида бир гурунг қилайлик. Ҳар ким ўз тили ва унинг ҳозирги иқтидори ҳақида сўз айтса.
Аввал инглиз элига навбатни берсакда, қулоқ тутсак, у айтар: “Манинг тилим икки аср ошдики, оламни боғловчи, илмни чоғловчи, мағриб-у машриққа, ғариб-у бошлиққа урф бўлган подишо тилдир. Халқлар болаларида манинг тилимни ҳосил қилмоқ учун жаҳд қиладур, буни барча биладир, кўп гапирсам юк бўладир. Кимсаки, тилимни хор қилса, ўзи авом қоладир” дейдию гердайганча бошқаларга жим қулоқ солар.
Гални фаранги олиб дейди: “Тиллар салтанатида собиқ қироллигим ҳурматидан олам аҳли мани кўп эҳтиром қилгай. Зеро, манинг тилим фасоҳатидан, ҳам нафосатидан славян-у рус, Оврупаю Африко қувват олиб барака топганини биларсиз. Башар тилимни муҳаббат забони дея бугун кўнгил ҳисларини манингла изҳор қилар. Юртимда кимки тилимга беэътибордир, анинг рўзғорига мушкули бордир” дея у-да кеккайиш мақомин олгай.
Гермон ҳам қатордан қолмай дея сўз бошлар: “Асли Оврупанинг аксар ғолиб эллари манинг томирларимдан оби-ҳаёт сипқорган эрсада, бугун тилимнинг илм-у маърифат оламидан бўлак шижоати икки минг йилликнинг қаъридан сас беради, холос. Бироқ кимсаки Ватанимда она тилимга эгри келса, анинг қонунларим олдида ҳисоби қатъий бўлгай” деб, оғир ва мағрур жой олади.
“Оврупанинг кунчиқарида, Осиёнинг бари кенгликларида, айниқса, анинг юрак-бағрида манинг тилим мўътабар ва мукаррамдир. Аҳли оламга куч ва ғайрат, адабият, илм-у маърифат, борингки, кўп элларга маданиятнинг етишида русий тилим бели ҳамиша боғлидир. Юртимда икки юзга яқин элат истиқомат қилса-да, қатъиятимиз сабаб кимки тилимиздан ор қилса, кимсанинг жисм-у жони доғлидир”, деб ўрусиялик “оғамиз” сўз оладир.
Чин юртидан вакил айтар: “Таворихдан маълумки, бугун қайсики тил истеъмолдадир, анинг ўтмишида бир неча карра ислоҳ, ўзгаришлар қайта-қайтадир. Аммо манинг “Осмондан ерга тушган” тилим минг йилларки, ўз шамойилин аввалда қандай кечган эрса, шундай сақлаб, ислоҳлари тусланмаган ягона имлодадир. Тилимнинг ушбу фазилатидан олам аҳли қадимнинг асрорларин биздан излайдир. Чин тилимни ўрганиб битмоқ қанчалик мушкул эрса, андан мосуво бўлмоқ-да ғоят машаққатдир”.
Сиполик ила навбатни арабийга берсак: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Яккаю ягона ҳамда меҳрибон Оллоҳнинг иродаси ила бизнинг тилимиз Одам наслидан бўлганларнинг барчаси учун азиз ва мукаррам бўлган, барчамизни Ҳақ йўлига чорловчи, Парвардигори оламнинг биз осийларга нусрати бўлган Қуръони Карим нозил қилинган забондир. Бундан ортиқ тилимиз ва биз учун шараф йўқдир. Кимсаки, тилимиздан ғофилдур, юрар роҳи ботилдур” дея барчани сергак қиладир.
Ҳамма қатори сергак тортган, аммо бир чеккада ўтирган ўзбеким уфф тортган куйи сўз бошлайдир: “Манинг тилим туркий тиллар шодасида энг сара дурдир. Бироқ ушбу дурнинг қиймати бугун беқадр қолиб, ўлда-жўлдадир. Сабабин кўп ўйладик, законлар тетик, жойида, барчага баробар белгилаб берилган қоида, ҳар йили улуғ октябрда тил байрамин жар соламиз, афсуски на резултат бор, на фойда..!”
Барча жим қолдию, машваратнинг ҳади кўринди. Гапни индаллосини айтсак, барчанинг раҳми келдию, қўлидан нима ҳам келарди уларнинг ўзбекка мадад бўлгулик. Ахир, дарднинг ёнида шифоси ҳам бўлади. Буни кимдир билмас, кимдир билади.
Шу аснода мақоламизга устоз Алихонтўра Соғунийнинг ушбу сўзларини иқтибос қилсак: “Ҳозирги ўқимишлик, тушунган Ватан болаларимиз, агар миллий ҳислик бўлмас эканлар, улардан бизга, яъни ўз халқига фойда етиши ҳеч вақт мумкин эмасдир. Балки болта сопини ўзимиздан чиқаргандек, ёв қўлида туб илдизимиз билан кесиб қуритишга қурол бўладилар. У ҳолда эса ўзларидан умид этилган Ватан ўғилларининг қўллари билан Ватан аҳлларини кўмишга чуқур қазилади демакдир”.
Азизлар, биздан бир ўтинч: “Тил билган эл биладир”, “Тили азизнинг эли азиз” дейди халқимиз. Ўғилларимиз, қизларимизга ўз тилимизни аввал мукаммал ўқитайлик, ўргатайлик, Навоийни, Бедилни, Огаҳийни, Машрабни сиз мени тушунгандай англасинлар, тилимизда ўйласинлар, тилимизда сўйласинлар, ўзлик эшикларин очсинлар, оламга баралла ўзбекман деб айтсинлар. Сўнгра мағриб-у машриқ тилларини ўргатайлик, илм эшикларин очсинлар, юртга Берунийлар, Хоразмийлар, Фаробийлар, Фарғонийлар, Ибн Синолар қайтсинлар.
Ғ.Отажонов,
“Маърифат” тарғиботчилар жамияти
Хоразм вилояти ҳудудий бўлими
бош мутахассиси
Фарзанд хоҳ ўғил, хоҳ қиз бўлсин, уни тарбиялаш, таълим бериш, касб танлашига кўмаклашиш ва вояга етганида муносиб ерга турмушга узатиш ёки уйлантириш ҳар бир ота-онанинг орзу-умидидир.
Бунинг учун фарзанд ўз олдидаги турмуш тутиш ва бахтли ҳаёт кечириш, зиммасидаги бурч ва қадриятларни қай тарзда адо этиш кўникмаларини яхши ўзлаштирган бўлиши керак. Бу ўринда икки йўлни маҳкам тутиш азалдан ўз самарасини бериб келган. Аввалгиси, фарзандни ёшлигидан эгаллаган тарбия ва илмга йўналтириш. Иккинчи йўл ҳалол касб-ҳунар бўлиб, у ҳам ёшликда эгаллангани афзал. Зеро, ёшликдаги илм ёки ҳунар тошга ўйиб ёзилгандек болада муҳрланиб қолади.
Одамзод пайдо бўлибдики, касб-ҳунарга эҳтиёжи бор. Чунки касб-ҳунар жамиятнинг аксар ижтимоий заруратлари ечими ҳисобланади. Бу ҳақда рисолалар ҳам ёзилган. Чунончи, деҳқончилик, дурадгорчилик, сартарошлик, қассоблик, темирчилик, чилангарлик, кулолчилик, чорвачилик, тижорат ва бошқа касб-ҳунарлар баёнига оид рисолаларнинг қўлёзма нусхалари юртимиз қўлёзма фондларида кўплаб учрайди.
Бинобарин, соғлом жамиятларда фарзандларни касб-ҳунарли қилиб тарбиялашга эътибор доим устувор бўлиб келган Қуръони карим, ҳадиси шариф ва уламолар меросида касб-ҳунар эгаллашга кучли тарғиб қилинганини кўришимиз мумкин. Бинобарин, ислом таълимотларида ҳалол ризқ-рўз топиш, жамият манфаатларига хизмат қилиш, хайрли касб-ҳунарни кейинги авлодларга такомиллаштириб етказиш кайфиятини инсонларда тарбиялаш муҳим ҳисобланади. Инсон ҳеч бир касб-ҳунарни эгалламаса, умуман меҳнат қилмай қўйса, ўзига юклатилган бурчни адо этмаса, Раббининг амрига итоат этмаган исёнчилардан бўлиб қолиши мумкин.
«Анбиё» сурасининг 80-ояти каримасида темирчилик борасида сўз кетиб, Аллоҳ таоло Довуд (алайҳиссалом) ҳақида айтади: «Унга (Довудга) сизларга зиён етишидан сақлайдиган совут ясаш санъатини таълим бердик. Бас, сизлар шукр қилувчимисиз?!»
Қуръони каримда касб-ҳунар билан боғлиқ ёки унга йўналтирилган яна кўплаб оятлар бор. Бинобарин, Исломда соғлом бола тарбияси барча пайғамбарлар ўз умматларига касб-ҳунарда ибрат бўлдилар. Масалан, Одам (алайҳиссалом) деҳқончилик, Закариё (алайҳиссалом) дурадгорлик, Нуҳ (алайҳиссалом) кемасозлик, Муҳаммад (алайҳиссалом) чўпонлик ва тижорат билан шуғулланганлари маълум.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом): «Албатта, Аллоҳ касб-кор қилувчи мўмин бандани яхши кўради», деб марҳамат қилиб, саҳобаи киромларни ҳам бирон-бир касб-ҳунар билан ҳалол ризқ-рўз топишга ундаганлар. Инсон ўз оиласи таъминотини ҳалол меҳнат ва фойдали саъй-ҳаракати туфайли қондирар экан, шубҳасиз, бу йўлда чеккан заҳмати савобли амалларга айланади.
Имом Ғаззолий ҳам «Иҳё улумид дин» асарида касб мавзусига алоҳида бўлим ажратиб, унда турли ҳикматлар келтириб ўтган. Жумладан, Луқмони ҳаким ўз ўғлига насиҳат қилган экан: «Ўғлим, ўзингни фақирликдан сақлаш учун ҳалол касб қилгин. Билгинки, бирор кишига (ҳаракатсизлик ортидан) фақирлик етса, унда учта хислат пайдо бўлади: динда енгилтаклик, ақлида заифлик ва мурувватсизлик. Шу уччаласидан ҳам оғирроғи – уни одамлар менсимай қўйишидир».
Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам (раҳимаҳуллоҳ) ҳам тижорат билан шуғулланган. Бу касбда ҳалоллиги туфайли кўп баракотларга сазовор бўлганлиги у зотнинг шогирдлари ва замондошлари томонидан ёзиб қолдирилган. Бинобарин, ҳадиси шарифларда ҳам ҳалол касб билан шуғулланган инсонларга юқори баҳо берилган: «Ростгўй савдогар қиёмат кунида пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир».
Шундай экан, фарзандларимизга ҳам дунёси, ҳам охирати учун фойдали илм ҳамда ўз оиласи, қолаверса, яшаётган жамияти учун нафи тегадиган ҳалол тирикчиликдан юзага келадиган касб-ҳунар керак. Зеро, ҳунар ўз эгасини доим ҳалоллик, поклик, садоқат, меҳр билан ўз ишини адо этишга ундайди.
Ислом таълимотларига кўра, жамият ўз тараққиёти ва эҳтиёжларига хизмат қиладиган турли касблар бўйича мутахассислар тайёрлаб бориши зарур. Жамиятда тиббиёт, ҳисоб-китоб, деҳқончилик, тикувчилик ва бошқа соҳаларда мутахассислар бўлиши фарзи кифоя даражасида эътиборга олинади. Агар бирор соҳа бўйича ушбу жамиятда мутахассис топилмаса, бундай мутахассисни таъминлаш бутун жамият зиммасига тушади.
Давримизга келиб илму ҳунар турлари анча ортди. Баъзи касблар атрофида янгидан-янги йўналишлар ривож топиб, тобора такомиллашиб бормоқда. Мана шундай шароитда мамлакатимизда болаларни касб-ҳунарга йўналтириш борасида қатор ижобий ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Глобаллашув шароитида ҳозирги замон оиласига ёш авлодни ҳар томонлама етук инсон қилиб тарбиялаш билан боғлиқ юксак ва ўз ўрнида ўта масъулиятли вазифа юклатилади. Фарзандларни илк ёшидан бошлаб кучи, диди, қобилияти ва қизиқишларига мос тушадиган фойдали меҳнат ва касб-ҳунарларга ўргатиш уларнинг иқболи учун муҳим. Зеро, ҳар бир нарсанинг зеб-зийнати бор, ёшликнинг безаги, келажак сармояси эса касб-ҳунар ортидан.
Касб-ҳунарли фарзанд ҳаётда ўз йўлини топиши баробарида ҳар қандай мушкул вазифаларнинг ҳам уддасидан чиқа олади. Ҳунарсиз киши эса, турмушда қийинчиликларга дуч келиши табиий. Мана шу эътибордан ҳунар эгаллаш, эгаллаганда ҳам пухта эгаллаш лозим.
“Исломда соғлом бола тарбияси” китоби асосида
Бухоро шаҳар “Пойи Остона” жомеъ масжиди
имом хатиби Нодир Асадов тайёрлади.