Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради. Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди", дедилар (Тўртовлари ривоят ривоят қилганлар).
"Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди". Демак, дин таълимотларини яхши тушунадиган бўлиш банда учун катта бахт-саодат, унга Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилганининг аломатидир. Демак, диний илмни бандага Аллоҳ таолонинг Ўзи беради.
"Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради". Бундан, мен Аллоҳ берган илмни етказаман, холос. Ҳақиқий берувчи Аллоҳнинг Ўзи, деганлари тушунилади.
"Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди".
Дарҳақиқат, бу улкан башорат, мусулмон уммати қиёмат қоим бўлгунча Аллоҳнинг амрини тутиб туриши ҳақидаги таъкидли хабардир. Эҳтимол, барча мусулмонлар Аллоҳнинг амрини бирдек тутмаслар. Қайсидир даврда баъзилари ва қайсидир даврда кўпчиликлари Аллоҳнинг амрини тутмаслар. Аммо Ислом уммати ичида Аллоҳнинг амрини доимо тутувчилар қиёматгача бўлиши аниқ. Шу билан бирга, Ислом умматига хилоф қилувчилар бўлиши ҳам аниқ. Энг муҳими, хилоф қилувчилар Ислом умматига зарар етказа олмайдилар.
Бу башорат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари эканлиги ҳам очиқ-ойдин кўриниб турибди. У зотдан бошқа одам бу гапни Ислом уммати заиф бўлиб турган пайтда айта олмас эди. Бир минг тўрт юз йилдан ортиқ муддатли тажриба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу башоратларини тасдиқлаб келмоқда.
Араб мушриклари аввал бошдаёқ аҳд ва кучларини бир қилиб, Ислом ва мусулмонларни ер юзидан супуриб ташлашга қаттиқ ҳаракат қилдилар. Барча далолатлар, барча ўлчовлар мусулмонларнинг мағлубиятидан дарак берар эди. Лекин Аллоҳнинг тадбири ила оз сонли кучсиз мусулмонлар ғолиб, кўп сонли кучли мушриклар мағлуб бўлдилар. Ўша вақтда дунёни сўраб турган Рум ва Форс империялари ёш Ислом давлатини ер юзидан супуриб ташлашнинг пайига тушдилар. Оқибати нима билан тугагани ҳаммага маълум. Мазкур икки кучли салтанат қулаб, улар эгаллаб турган ерлардаги мазлум инсонлар Ислом адолатидан баҳраманд бўлдилар. Ундан кейин ҳам турли кучлар, тузумлар Исломга ва мусумонларга зарар етказишга уриниб кўрдилар. Бу урушларнинг кўпчилигида инсон ўлчови бўйича, Ислом душманлари ўз мақсадларига эришишлари аниқ эди. Кучлар тенг эмас, шароитлар бошқача эди. Ҳар сафар, энди Исломга қарши ҳал қилувчи зарба берилди, деб гумон қилинар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу башоратларидан бехабар мусулмонлар ҳам ноумид бўлар эдилар. Лекин ҳар сафар душманларнинг Ислом умматига қарши қилган ҳаракатлари чиппакка чиқаверди, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратлари тасдиқ топаверди.
Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдаларимиз:
1. Исломни яхши англаб, фақиҳ бўлишга тарғиб.
2. Исломда фақиҳ бўлиш – Аллоҳнинг яхшилиги эканлиги.
3. Ислом уммати қиёматгача Аллоҳнинг амрида қоим бўлиши.
4. Ислом умматига ҳеч ким зарар етказа олмаслиги.
Ҳозирги ҳаётимизда бу ҳадиси шариф ҳикматига жуда муҳтожмиз.
Нима учун ичимизда динимиз ҳукмларини дақиқ тушунувчи кишиларимиз йўқ даражада?
Нима учун орамизда Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилган одамлар йўқ даражада?
Ёки биз учун Аллоҳ яхшиликни ирода қилишининг кераги йўқми?
Ёки Ислом аҳкомларини дақиқ ва аниқ тушунишнинг зарурати йўқми?
Бу чидаб бўлмайдиган даражадаги ачинарли ҳолдир. Агар биз ўзимизни мусулмон ҳисобласак, Аллоҳдан, қиёмат кунидан умидвор бўлсак, Исломни яхши тушунишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Аллоҳ таоло яхшиликка ирода қилган кишилардан бўлишга уринмоғимиз лозим.
"Ҳадис ва ҳаёт" китоби асосида тайёрланди.
Самарқанднинг тарихий қисмида туризм инфратузилмасини кенг кўламли янгилаш ишлари давом этмоқда. Амалга оширилаётган лойиҳаларнинг асосий мақсади хорижий сайёҳларнинг қолиш муддатини узайтириш, қулай шаҳар муҳитини яратиш ва бир вақтнинг ўзида маҳаллий аҳолининг ҳаёт сифатини оширишдан иборат.
“Самаркандский вестник” нашрига кўра, туризмни ривожлантириш дастури доирасида эски шаҳарнинг 13 та кўчаси босқичма-босқич замонавий пиёдалар йўлагига айлантирилмоқда. Бу ерда янги хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда, жамоат жойлари ободонлаштирилмоқда, миллий меъморчилик анъаналарини сақлаб қолган ҳолда муҳандислик коммуникациялари ва бино фасадлари янгиланмоқда.
Энг йирик лойиҳалардан бири Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган Бухоро кўчасини реконструкция қилиш бўлди. Кўчанинг 850 метр қисми тўлиқ пиёдалар ҳудудига айлантирилади. Лойиҳани ишлаб чиқувчилардан бири, Самарқанд давлат техника университети ўқитувчиси Жасур Бердиқуловнинг таъкидлашича, илгари бу ерда қатнов қисмининг торлиги туфайли мунтазам равишда тирбандликлар юзага келган, қулай пиёдалар йўлакларининг йўқлиги эса пиёдалар учун жиддий ноқулайликлар туғдирган. Ишлар якунлангач, кўча хавфсиз жамоат майдонига айланади. Аҳоли учун алоҳида тўхташ жойи ажратилган бўлиб, транспорт воситаларининг киришига фақат зарурат туғилганда махсус хизматларга рухсат берилади. Шу билан бирга, сув, газ, электр ва бошқа муҳандислик тармоқлари тўлиқ модернизация қилинмоқда.
Олтин аср маҳалласида жойлашган Бағдод кўчасида ҳам ишлар давом этмоқда. Бу ерда 600 метрлик ҳудуд ободонлаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида замонавий туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати