Аллоҳ таолонинг зотини танишда Аллоҳ таолога макон исбот қилиш масаласи аҳли суннага зиддир. Ваҳоланки аҳли сунна вал жамоа ақидасини мукаммал баён қилинган ақида китоблари матнларида Аллоҳ таолога макон исбот берилмайди. Бунга барча аҳли сунна уламолари иттифоқ қилишган. Имом Таховий ўзларининг ақида матнларида бу борада
تعالى عن الحدود والغايات والاركان والاعضاء والادوات لا تحويه الجهات الست كسائر المبتدعات
У зот чегаралар, ниҳоялар, арконлар, аъзолар ва асбоблардан олийдир. У зотни бошқа пайдо бўлган насралар каби олти тараф ўраб олмаган.
Саҳобалар даврида Аллоҳнинг сифатлари Қуръон ва суннатда келганидан ортиқча баҳс қилинмаганига гувоҳ бўламиз. Аммо кейинчалик пайдо бўлган карромия, мушаббиҳа ва нажжория каби фирқалар Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақида турли нотўғри даъволарни қилишди. Уларнинг шундай даъволаридан бири Аллоҳга макон исбот қилиш бўлган. Шундан кейин Аллоҳнинг маконлардан ҳоли экани ҳақида чуқур баҳс қилишга эҳтиёж туғилган. Аҳли сунна вал-жамоа уламолари эса бу фирқаларнинг даъвою фитналарига Қуръон ва суннат асосида кескин раддиялар берганлар.
Карромия ва Мушаббиҳа фирқалари: “Аллоҳ таоло махсус маконда, яъни Аршда”, - дейдилар. Нажжория фирқаси: “Аллоҳ таоло барча маконда”, - дейдилар.
Аҳли сунна вал-жамоа: “Аллоҳ таоло бирор маконда ўрин олишдан ҳолидир”, - дейдилар (Бадул аъмолийнинг ўзбекча шарҳи – эътиқод дурдоналари).
Аллоҳ таоло бирор замонда ҳам, маконда ҳам эмас. Чунки маконни ҳам, замонни ҳам Аллоҳ яратган ва У зотга нисбатан қаерда, ва қачон деган саволлар ишлатилмайди. Имом Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Аллоҳ қаерда деб сўраган кишига жавобан: “Қаердани тайин қилган зотга нисбатан қаерда дейилмайди”, деганлар. Кейин яна айтганлар: “Бирор макон йўқлигида ҳам Аллоҳ бор эди”. Аввал қандай бўлган бўлса ҳозир ҳам шундайдир. Яна у кишига айтилди: “Аллоҳ қаерда? деган саволга қандай фикрдасиз?”. Унга айтилади: “Аллоҳ таоло халқ яратилишидан олдин ва бирор макон йўқлигида ҳам бор эди. У ҳар бир нарсани Яратувчисидир". Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ бирор макон йўқлигида ҳам бор эди, сўнг маконни яратди”. У азалий сифатларида маконни яратишидан олдин қандай бўлса ўшандай. У зотга зоти ва сифатларида ўзгариш жоиз эмас. Имом Изз ибн Абдуссалом айтди: “Аллоҳ макон ва замонни пайдо қилишидан аввал ҳам бор эди”. Ҳозир ҳам аввал қандай бўлса шундай. Ибн Ҳожиб “Ақийдати Изз ибн Абдуссалом” китобига ёзган шарҳида: “Ибн ибн Абдуссалом айтган гап ҳақ йўлдир, албатта, салаф ва ҳалаф уламолари ҳам шу фикрда бўлганлар”. Уларга фақатгина бир тоифагина хилоф қилган. У тоифа ўз йўлларини яширадилар ва қўрқитиш билан илми ва ақли заиф бўлган кимсаларга фитна қиладилар”. Ҳашавийя деган тоифа ҳам Аллоҳ маконда деб айтади.
Имом Нававий айтади: “Албатта Аллоҳга ўхшаган бирон нарса йўқ. Аллоҳ жисмланишдан, бошқа махлуқотларни сифатларига кўчишдан ва тарафларга бўлинишдан покдир”. Имом Қоррофий айтади: “Ҳақ таоло тарафларда эмас, У бирон тарафда бўлмаган ҳолда биз уни кўрамиз” (Имом Ғазнавийнинг “Ақийдатут Таҳовий” га ёзган шарҳи).
Машҳур ватандошимиз Умар Насафий раҳимаҳуллоҳ: “Ақоидун Насафий” асарида бу ҳақда қуйидагича ёзган: “У зот бирор бир маконда ўрин олмайди”. Яъни бирор макондан ўрин олиш бошқа маконга нисбатан узоқда бўлиш ҳисобланади. Бир-биридан узоқ ёки яқин масофада бўлиш эса жисмларнинг хусусиятларидир. Ўнг, чап, тепа, паст, олди ва орқа томонларнинг бирортаси Аллоҳ таолони ўз ичига қамраб ололмайди. Чунки борлиқдаги барча нарсаларни, олти тарафларни ҳам Аллоҳ таоло йўқдан бор қилган. Йўқдан бор қилинган нарсалар эса уларни яратган Зотни ўз ичига ололмайди. Аллоҳ бундай нуқсонли хусусиятлардан холидир. (Бадул амолийнинг ўзбекча шарҳи – эътиқод дурдоналари).
Бу замон аввалдан бор бўлмаганлиги Аллоҳ таолога замон нисбатини бериб бўлмаслигига далил бўлади. Зеро, Аллоҳдан ўзга ҳар бир нарса кейин пайдо бўлганига далил бор. Агар Аллоҳ кейин пайдо бўлган ва Аллоҳга замонни таъсири бор дейдиган бўлсак, У аввалда бўлмай сўнг пайдо бўлган деган тушунча ҳосил бўлиб қоларди. Лекин бу хато тушунча. Шундай экан Аллоҳ таолога замонни таъсири бўлишлиги ҳам хатодир. Яъни, Аллоҳни мавжудлигини замонга дахли йўқ. Имом Саъд “Шарҳул ақоид” китобида айтдилар: “У зотга вақтнинг таъсири йўқ. Чунки замон ўзгариб, янгиланиб туради. Аллоҳ таоло эса бундан мутлоқ покдир” (Имом Ғазнавийнинг “Ақийдатут Таҳовий” га ёзган шарҳи).
Шунга кўра, фирқаларнинг гаплари таъвил қилиш имкони бўлмайдиган даражада очиқ-ойдин айтилса, масалан, “Аллоҳ осмонда жойлашган”, ёки “Арш устига ўрнашган” дейилса, Аллоҳ таолога нуқсонни нисбат бериш деб қаралган. Нуқсонни нисбат беришни эса барча уламолар куфр санашган.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Унинг мислидек бирор “шай” йўқдир ва У ўта эшитгувчи зотдир” (Шуро сураси, 11-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳйи васаллам айтадилар:
تفكروا في خلق الله ولا تفكروا في الله فتهلكوا
“Аллоҳ яратганлари борасида фикр қилинглар, Аллоҳ борасида эса фикр қилманглар, ҳалок бўласизлар (Имом Байҳақий ривояти).
Демак, Аҳли сунна вал-жамоа ва мазкур адашган фирқалар орасидаги асосий фарқ “Аллоҳ таоло макондан ҳоли”, деб эътиқод қилиш лозимлигида бўлади (Бадул аъмолийнинг ўзбекча шарҳи – эътиқод дурдоналари).
Сўзимизнинг охирини Сўфи Оллоҳёрнинг “Саботул Ожизин” да келтирган байтлари билан тугатмоқчимиз. У киши ақоид масалаларида ҳам дурлардек назм билан айтадилар:
Эрур ҳозир ҳамиша, йўқ макони,
Анга қилғон эмас сабқат замони.
Удур ҳоким ки ҳукмин ўзга этмас,
Анинг зотиға ҳеч ким ақли етмас
Кўнгулда кечса кўзга тушса ҳар шай
Эрур андин муназзаҳ холиқу хай.
Фаришталар, набилар етмадилар,
Бўйсундилару фикр этмадилар.
Вале фикр эт, Худонинг қудратиға,
Ажойиб ишлариға, санъатиға.
Даврон АБДУҚОДИРОВ,
“Имом Фахриддин Розий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири.
Ислом тарихидаги энг улуғ, маънавий жиҳатдан энг ибратли кунлардан бири Ашуро куннидир. Ҳар йили муҳаррам ойининг ўнинчи куни нишонланадиган бу сана нафақат рўза тутиш фазилати билан, балки Аллоҳ таолонинг бандаларига кўрсатган марҳамати, Мусо алайҳиссалом ва унинг қавмини нажот этганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу кунга алоҳида эътибор берганлар ва умматларини ҳам унинг фазилатларидан баҳраманд бўлишга чорлаганлар. Ашуро куни мусулмонлар учун маънавий покланиш, гуноҳларга каффорат ва суннатни ҳаётга татбиқ этиш имконидир.
Бу кун мусулмонлар учун рўза тутиш тавсия этилган кунлардан бири бўлиб, уламоларнинг кўпчилиги бу кунни рўза билан ўтказишни мустаҳаб деб ҳисоблайди. Ашуро куни рўза тутиш суннат амаллардан бири бўлиб, унинг фазилати жуда катта. Тасуъо (тўққизинчи) ва Ашуро (ўнинчи) кунларида рўза тутиш пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннатлардандир. Бу Аллоҳнинг кунларидан бири бўлиб, У Зот ўз бандаларига марҳамат кўрсатган, яъни У зот Калимуллоҳ Мусо алайҳиссалом ва Унинг қавми Бани Исроилни Фиръавн ва унинг қўшинининг зулмидан нажот этган кундир.
Ашуро кунини рўза билан ўтказишнинг асосий сабаби бу кунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом ва Бани Исроилни Фиръавн ва унинг қўшинидан нажот этганидир. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини жуда аҳамиятли деб билар эдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор кунни бошқалардан афзал деб рўза тутишга уринганларини кўрмаганман, фақат ушбу кун — Ашуро куни ва ушбу ой — Рамазон ойидан ташқари” (Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни Ашуро куни рўза тутишга рағбатлантирар ва: “Ашуро куни рўзаси ўтган бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, дер эдилар (Имом Муслим ривояти).
Мусулмонлар бу суннатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг амалиётга тадбиқ эта бошладилар. У киши яҳудийларни Ашуро куни рўза тутаётганини кўрдилар ва бунинг сабабини сўраганларида, улар: “Бу яхши кун бўлиб, Аллоҳ ушбу кунда Бани Исроилни душманларидан нажот этган, шунинг учун Мусо алайҳиссалом ушбу кунни рўза билан ўтказган”, дейишди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мен Мусога сизлардан кўра яқинроқман”, деб, ўша куни рўза тутдилар ва бошқаларга ҳам рўза тутишни буюрдилар.
Шу кундан бошлаб бу амал суннат сифатида амалга оширила бошланди ва мусулмонлар учун ўтган йилнинг гуноҳларидан покланиш, катта савоб ва фазилатга эришиш имкони сифатида қаралади.
Ашуро куни бу барча мусулмонлар учун муҳим сана ҳисобланади. Кўплаб инсонлар бу кунда рўза тутишга ва ибодат қилишга интилади.
Кўпчилик Ашуро кунини ягона ҳолда рўза тутиш мумкин эмас, деб ҳисоблайди. Аммо Азҳар муассасаси ўз фатволаридан бирида бу фикрни рад этган. Унда таъкидланганидек, жума ёки шанба куни Ашуро кунига тўғри келса ҳам, уни алоҳида ҳолда рўза тутиш ман қилинган эмас.
Азҳар уламоларининг таъкидлашларича, имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасига изн берганлар ва унга тарғиб қилганлар. Лекин бу кун шанбага тўғри келса, тутманглар, демаганлар. Бунинг ўзиёқ, Ашуро ҳар қандай кунга тўғри келса ҳам рўза тутиш мумкинлигини кўрсатади”.
Шунингдек, агар Ашуро ёки Арафа куни жума ёки шанба кунига тўғри келса ёки инсоннинг одатдаги рўзали куни бўлса, бу ҳолда рўза тутишда ҳеч қандай монеълик йўқ.
Дорул-Ифто (Миср Фатво ҳайъатининг 2023 йил 26 июльдаги 7756 рақамли Профессор Доктор Шавқий Иброҳим Аллом фатвосида) ҳам Ашуро кунини яъни муҳаррамнинг 10-кунини ягона ҳолда рўза тутиш жоизлигини тасдиқлаган. Шу билан бирга, ихтилофдан қочиш мақсадида, у билан бирга бир кун аввал 9-кун ёки бир кун кейин 11-кун рўза тутиш тавсия этилди.
Миср Дорул-Ифто муассасаси таъкидлашича, муҳаррамнинг 9-кунини рўза тутиш қатъий суннатдир. Бу борада Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўза тутганларида, Пайғамбаримизга яҳудий ва насронийлар бу кунни улуғлашларини айтишган. Шунда у зот: “Келгуси йили, агар Аллоҳ хоҳласа, тўққизинчи куни ҳам рўза тутаман”, деганлар. Ибн Аббос айтадилар: келгуси йил келмасдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар. Бу ҳадисни Имом Муслим ўз “Саҳиҳларида” келтирганлар.
Суннатда Ашуро куни рўзаси тутишнинг фазилати ҳақида бир қатор ривоятлар келтирилган. Унга кўра, муҳаррам ойида рўза тутиш тавсия этилган амаллардан саналади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг ойи муҳаррам ойида тутиладиган рўзадир. Фарз намозлардан кейинги энг афзал намоз кечаси ўқиладиган (таҳажжуд) намоздир”.
Ашуро кунининг фазилати шундаки, бу кун тутиладиган рўза ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:
— Арафа куни рўзаси ҳақида нима дейсиз?
У зот: “Аллоҳдан умид қиламанки, ўтган ва келгуси йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади”, дедилар.
— Ашуро куни рўзаси ҳақида нима дейсиз? деб сўрадилар.
У зот: “Аллоҳдан умид қиламанки, ўтган йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади”, деб жавоб бердилар.
Шунингдек, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бирон кунни бошқалардан кўра афзал деб рўза тутишга шунчалик интиқлик билан интиқлик қилганларини кўрмаганман, фақат ушбу кун Ашуро куни ва ушбу ой Рамазон ойи бундан мустасно”.
Уламоларимиз Ашуро кунида аҳли оилага кўпроқ сарф қилиш, яъни уларни қувончли қилиш, ризқда кенглик қилишнинг тавсия этилган амаллардан эканини таъкидлайдилар. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларига асосланади:
“Кимки Ашуро кунида ўз аҳлига (оила аъзоларига) кенглик қилса, Аллоҳ таоло унга бутун йили кенглик беради”.
Хулоса ўрнида шуни эслаш жоизки, Ашуро куни бу бир кунлик рўза орқали бутун бир йиллик гуноҳлардан покланиш умиди берилган, Аллоҳнинг махсус марҳамати тўкилган муқаддас кундир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан бири бўлган ушбу рўзани тутмоқ, уни 9-куни ёки 11-кун билан бирга адо этмоқ мусулмон киши учун катта ажру савоб манбаидир.
Шунингдек, бу кунда аҳли оилага шодлик улашиш, ризқда кенглик қилиш ҳам суннатга уйғун амаллардан ҳисобланади. Демак, Ашуро куни ибодат, муҳаббат ва маънавий янгиланиш кунидир. Ундан оқилона фойдаланган киши на дунёда, на охиратда зиён кўрмайди.
Дилшод Алиев,
"Болои Ҳовуз" масжиди имоми.