Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
21 Август, 2026   |   8 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:12
Қуёш
05:38
Пешин
12:26
Аср
17:14
Шом
19:18
Хуфтон
20:39
Bismillah
21 Август, 2026, 8 Рабиъул аввал, 1448

Дунё осмонида янграган тилим!

27.09.2020   2671   4 min.
Дунё осмонида янграган тилим!
Президентимизнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида сўзлаган нутқи бугун ўзбекман, ўзбекистонликман деган ҳар бир инсонни тўлқинлантиргани, ёшу кексанинг қалбини ғурур-ифтихорга тўлдиргани, шубҳасиз.
 
Ҳа, жаҳоннинг энг катта минбаридан ўзбек тилининг янграши улкан тарихий ҳодисадир!
 
Айниқса, Президент нутқидан ўрин олган Марказий Осиё минтақасининг қадимий ва бой маданий меросини асраб-авайлаб, бутун инсониятга етказиш, унинг қадр-қимматини келажак авлодларга ҳам тушунтириш борасида 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда кўҳна Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзуида халқаро форум ўтказиш таклифи муҳим аҳамият касб этади. Бинобарин, Хоразм ўлкасининг ушбу халқаро тадбир учун танланиши ҳам бежиз эмас. Хусусан, Хоразм заминининг жаҳон тамаддунида тутган ўрни ва аҳамиятини илмий-назарий жиҳатдан мукаммал ўрганиш ишларининг амалга ошишида ушбу таклиф ғоят муҳимдир.
 
Шунингдек, қўшни Афғонистондаги тинчлик ва барқарорлик масаласида Ўзбекистон йил сайин бир-биридан муҳим, улкан ишларнинг самарали амалга ошишида алоҳида жасорат ва фидоийлик кўрсатиб келмоқда. Афсуски, шунча уринишларга қарамай, қўшни Афғонистоннинг тинч-тотувлиги мудом дунё ҳамжамияти диққат марказида асосий масала бўлиб қолмоқда.
 
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида: “Бу борада “Беқарор ва вайронкор вазиятдан – тинчлик ва бунёдкорлик сари” деган тамойил асосида иш олиб бориш муҳимдир” деди ва БМТ ҳузурида афғон халқининг дарду ҳасратига малҳам бўладиган, уларни тинглайдиган ва мунтазам фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш таклифини илгари сурди.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти нутқининг яна бир йўналишига кўра, Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш орқали Орол оғриқларини енгиллатиш ва бу борада БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи берилди. Айни муҳим ҳужжат қабул қилинган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш ушбу дардли муаммога нисбатан жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини янада кучайтиради.
 
Президентимиз сўзининг охирида бугунги кунда инсон ҳаёти учун муҳим масалалардан бири – қашшоқлик ва камбағалликка қарши курашиш ғоясини БМТ Бош Ассамблеяси навбатдаги сессиясининг асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш масаласини кўтарди ҳамда ушбу оғриқли мавзуга бағишланган глобал саммит ўтказиш таклифини киритди.
 
Бугунги кунда ўта долзарб бўлган ушбу оғриқли масалага жаҳон ҳамжамияти билан биргаликда чоралар кўриш, қилинаётган ишлардан кўра яна самарадор йўлларни излаш, жаҳон тажрибасини қўллашдек тизимли чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо қилади. Бир неча юз йиллардан буён дунёнинг барча нуқталарида беаёв ҳукм сураётган қашшоқлик ва камбағаллик муаммосини шу кунга қадар ҳеч қайси давлат раҳбари бунчалик жиддий кўтармаган эди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ушбу муаммони очиқ ва дадил кўтариб чиқар экан, бошқа мамлакатларни ҳам бу масалага қатъий эътибор беришга ва унинг ечимини топиш йўлларини излашга чақирди.
 
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган қатор ташаббус ва таклифлар дунё ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланиб, ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда. Бу галги таклиф ва ташаббуслар ҳам шу куннинг ўзидаёқ кўпчилик томонидан маъқулланди ва амалга оширилиши ҳаётий зарурат бўлган ишлар сифатида кенг эътирофга сазовор бўлди. Албатта, ушбу ташаббус ва таклифларнинг ҳаётга татбиқ этилишида айнан БМТнинг қўллаб* қувватлаши, ҳамфикрлиги ва кўмаги жуда муҳимдир. Шунинг учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мувофиқлаштирувчи халқаро тузилма сифатидаги марказий ўрнини янада кучайтириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
 
Барчамизни беҳад қувонтириб, қалбимизни ғурур-ифтихорга тўлдирган ва жаҳон минбарида туриб айтилган бу эзгу таклиф ва ғоялар ўзбек тилида жаранглади! Ҳа, бу тарихий нутқ ўзбекман, ўзбекистонликман деган ҳар бир инсонни тўлқинлантирди.
 
Озода Бекмуродова,
Яшнобод тумани ҳокимининг тил бўйича маслаҳатчиси
ЎзА
Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Муфтий ҳазратлари Саудия Арабистонининг янги элчиси билан мулоқот қилдилар

05.08.2026   24859   1 min.
Муфтий ҳазратлари Саудия Арабистонининг янги элчиси билан мулоқот қилдилар

Бугун, 4 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Саудия Арабистони Подшоҳлигининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Саад бин Носир бин Абдуллоҳ Абу Хаймид жанобларини қабул қилдилар.

Мулоқот аввалида Муфтий ҳазратлари элчи жанобларининг юртимиздаги шарафли ва масъулиятли дипломатик фаолиятига муваффақият тиладилар. Суҳбатда икки давлат раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари ва дўстона муносабатлари натижасида илмий-тадқиқот, таълим, маънавий-маърифий соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани таъкидланди. Хусусан, ўтган ҳафтада Президентимиз томонидан элчининг ишонч ёрлиғини қабул қилиш чоғида Саудия Арабистони билан ўрнатилган алоқалар ва зиёратчиларга яратилаётган шароитлар юқори баҳолангани алоҳида эътироф этилди.

Учрашув чоғида диний-маърифий йўналишдаги ҳамкорликнинг ёрқин намуналари қайд этилди. Яқинда юртимизда ўтказилган халқаро форумга Масжид ал-Ҳаром имоми Шайх Солиҳ бин Абдуллоҳ бин Ҳумайд ва Ислом олами уюшмаси Бош котиби ўринбосари Абдураҳмон Зайднинг ташрифи, шунингдек, Тошкент ислом институти устозларининг Макка ва Мадина шаҳарларида малака ошириб қайтгани мамнуният билан тилга олинди. Шу билан бирга, келгусида саудиялик таниқли уламоларнинг ҳам ташрифларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ҳаж ва Умра зиёратчиларига хизмат кўрсатиш сифатини янада юқори савияга олиб чиқиш борасидаги мақсадлар муштарак экани билдирилди. “Вақф” хайрия жамоат фонди билан хайрия алоқалар эътироф этилиб, маданий-маърифий, илм-фан, ўзаро тажриба алмашиш йўналишларидаги алоқаларни кенгайтириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Томонлар икки халқ ўртасидаги биродарлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва муҳокама қилинган долзарб масалалар бўйича биргаликда саъй-ҳаракат қилишга келишиб олдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари