Куни кеча дунё афкор оммасининг бутун эътибори Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75-сессиясида сўзлаган нутқига қаратилди, десак муболаға бўлмайди.
Чунончи, давлатимиз раҳбари олий минбардан туриб: “Мамлакатимизда диний эркинлик борасида ҳам вазият кескин яхшиланди. Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш биз учун доимий муҳим вазифадир”, дея таъкидладилар.
Дарҳақиқат, сўнгги бир йилда мамлакатимизда 15 дан зиёд янги жоме масжид очилиб, шу билан масжидлар сони 2070 дан ошиб кетди. Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги ислом цивилизация маркази, Тасаввуф, Фиқҳ, Ақида мактаблари иш бошлагани ҳақида тўхталиб ўтирмоқчи эмасмиз.
Аслида, 130 дан зиёд турли миллат ва элат вакиллари бир диёрда тинч-тотув яшаётганининг ўзи диний бағрикенгликнинг амалдаги инъикосидир. “Диний бағрикенглик” тушунчаси кеча ёки бугун пайдо бўлган сўз эмас. Исломнинг илк даврларидаёқ ушбу тушунчага асос солинди. Аҳмад Лутфий Қозончининг Ислом тарихини гўзал тарзда ёритиб берган “Саодат асри қиссалари” китобида бундай маълумотлар келтирилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина халқини, яъни мусулмонию мусулмон бўлмаган барчасини бир тан, бир жон этмоққа ният қилдилар. Бу билан ташқаридан кутилаётган ҳужумларга қарши Мадинага кучли ички осойишталик ўрнатилиши мумкин эди. Яҳудийларнинг катталари билан учрашдилар. Икки томонга фойда берадиган бир шартнома уларга ҳам лозим эди. Бу шартномада: “Мусулмонлар ва яҳудийларнинг ўз динларида эркин бўлишлари; шаҳарни ҳар қандай ҳужумлардан биргалашиб мудофаа этишлари; бир-бирининг душмани бўлган бирон қабила билан шартнома тузмаслиги; қурайшликларга ёрдам берилмаслиги; зулм ва ҳақсизлик қилганларни ҳимоя этмаслиги; бирон келишмовчилик чиқса, Расулуллоҳга мурожаат этишлари лозим, деган муҳим моддалар бор эди. Мадина кечаги кунга нисбатан янада қувватли, янада осойишта ҳолатга келди. Маккаликлар билан мадиналиклар ўртасида дўстлик вужудга келиши билан мусулмон бўлмаган мадиналиклар яҳудийлар орасига солиши мумкин бўлган фитна-фасоднинг олди олинган бўлса, бутун Мадина халқи қаттиқ эътибор берган бу шартнома туфайли ташқи муносабатларда ҳам мавқелари хийла кўтарилди” .
Ушбу воқеадан билинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари яшаб турган юртни ҳимояси, тараққиёти ва осойишталиги учун гўзал бир жамиятни шакллантира бошладилар. Ўша жойда яшайдиган барча инсонларни дини, ирқи, жинси ва миллатидан қатъи назар, ўзаро меҳр-муҳаббатли, бағрикенг бўлишга чақириб, уларнинг катталари билан шартнома туздилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу тадбирлари туфайли вужудга келган ҳолатни келтирилган иқтибосдан билдик.
Ҳа азизлар! Ислом – бағрикенг дин. Бағрикенгликка тарғиб қилган дин. Исломда ҳар бир махлуқотнинг ўз ҳаққи бор. Бу ҳуқуқлар дин ва миллат танламайди. Ислом мусулмон киши учун ҳар бир инсонни ҳаққини адо қилишга буюради. Унга нисбатан гўзал муомалада бўлишга чақиради. Бу беҳикмат эмас, албатта. Бундай муомаланинг ҳикмати ва фойдаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, саҳобаларнинг ҳаётини ўқиган киши яхши билади. Ўша пайтда жудаям кўп аҳли китобларнинг Исломга киришига айнан бағрикенглик, уларга нисбатан қилинган гўзал муомала, адолатли қарорлар сабаб бўлган.
Бугун биз яшаётган диёр ҳам турли дин, турли туман миллат вакилларидан ташкил топган. Бу жамиятда яшаётган ҳар бир мусулмон уларга нисбатан худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар тутган йўлни тутмоғи лозим. Уламолар айтадилар: “Китобия аёл билан бир том остида яшашни ман қилмаган Ислом, ўзга дин вакили билан бир осмон остида яшашга монелик қилиши мумкин эмас”.
Афсуски, баъзида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан яхшироқ бўлмаган кишилар, мадиналик яҳудийлардан кўра ёмонроқ бўлмаган бошқа дин вакилларига қўпол муносабатда бўлишлари билан Пайғамбаримиз асос солган “Диний бағрикенглик” қонунини бузмоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуриб кетган тинчлик, бирдамлик, меҳр-оқибат биносининг ғиштларини битта-битта кўчирмоқдалар.
У зот ёпиб ташлаган, уни очмасликни қаттиқ тайинлаганлари фитналар, фасодлар, низолар ҳамда адоват эшикларини бирма-бир очмоқдалар. Уларнинг бу қилмишлари оқибатида мусаффо Ислом динига ҳар хил тана ва туҳмат тошлари отилмоқда. Бундай ҳаракатдан жудаям эҳтиёт бўлмоқ керак. Бу йўлда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашмоқлик манфаатлидир.
Чунки Раббимиз бизлар учун: «(Эй мўминлар!) сизлар учун Аллоҳ ва охират кунида умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг Пайғамбари (иймон эътиқоди ва ҳулқ атвори) да гўзал намуна бордир,” (Аҳзоб сураси, 21-оят) деб марҳамат қилган.
Мухтасар айтганда, муҳтарам Юртбошимизнинг БМТнинг 75-сессиясидаги нутқи аввалгиси, яъни 2017 йилдаги 72-сессиясидаги нутқининг мантиқий давоми сифатида кўплаб ташаббусларга, таклифларга бойлиги билан бутун дунёда алоҳида эътироф этилмоқда. Нутқда Ўзбекистондаги диний бағрикенгликнинг эътироф этилиши динимиз равнақига хизмат қилади, иншоаллоҳ.
Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби
Инсоннинг феъли қизиқ: биз кўпинча ўзимизда йўқ нарсалар ҳақида қайғуриб, қўлимиздаги бебаҳо неъматларни одатдаги ҳолдек қабул қиламиз. Ваҳоланки, биз оддий деб билган қулайликлар, соғлиқ ва бошқа имкониятлар сайёрамизнинг миллионлаб аҳолиси учун энг катта орзу ҳисобланади.
Жумладан, бугунги тонгни дунё бўйича 174 мингга яқин инсон қарши ололмади. Айни дамда 50 миллиондан ортиқ одам саратон касаллиги билан курашмоқда. 300 миллион инсон ранглар жилосини кўриш бахтидан маҳрум. 400 миллионга яқин киши эса эшитиш мосламаларисиз дунё товушларини эшита олмайди. 770 миллиондан ортиқ катта ёшдаги инсон ҳанузгача ўқиш ва ёзишни билмайди. 2,5 миллиарддан зиёд аҳоли глобал ахборот ва интернет имкониятларидан узилган ҳолда яшамоқда. 6,5 миллиард инсон эса самолётда умуман учиб кўрмаган...
Бу рақамлар шунчаки қуруқ кўрсаткичлар эмас. Улар ортида миллионлаб инсонларнинг ана шундай аянчли тақдири ётибди.
Агар сиз ҳозир ушбу матнни ўқий олаётган, атрофдаги ранглар ва товушларни ҳис қилаётган, энг муҳими, янги кунни соғ-омон яшаётган бўлсангиз, демак, сиз сайёрадаги энг бахтли инсонлардан бирисиз. Шундай экан, турмуш ташвишларидан нолишни тўхтатинг. Ён-атрофга боқинг: сиз яшаётган бугунги кунга кимлардир етмади. Демак, ҳар бир хотиржам олинган нафас, ҳар тинч отган тонг учун Яратганга ҳамдлар айтиб, шукроналик кайфияти билан яшанг. Чунки сиз энг бой одамсиз!
Акбаршоҳ РАСУЛОВ