Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Июн, 2026   |   2 Муҳаррам, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:39
Шом
20:02
Хуфтон
21:39
Bismillah
17 Июн, 2026, 2 Муҳаррам, 1448

Муносабат: Диний бағрикенгликнинг амалдаги инъикоси

25.09.2020   3331   5 min.
Муносабат: Диний бағрикенгликнинг амалдаги инъикоси

 

Куни кеча дунё афкор оммасининг бутун эътибори Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75-сессиясида сўзлаган нутқига қаратилди, десак муболаға бўлмайди.

Чунончи, давлатимиз раҳбари олий минбардан туриб: “Мамлакатимизда диний эркинлик борасида ҳам вазият кескин яхшиланди. Миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш биз учун доимий муҳим вазифадир”, дея таъкидладилар.

Дарҳақиқат, сўнгги бир йилда мамлакатимизда 15 дан зиёд янги жоме масжид очилиб, шу билан масжидлар сони 2070 дан ошиб кетди. Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги ислом цивилизация маркази, Тасаввуф, Фиқҳ, Ақида мактаблари иш бошлагани ҳақида тўхталиб ўтирмоқчи эмасмиз.

Аслида, 130 дан зиёд турли миллат ва элат вакиллари бир диёрда тинч-тотув яшаётганининг ўзи диний бағрикенгликнинг амалдаги инъикосидир. “Диний бағрикенглик” тушунчаси кеча ёки бугун пайдо бўлган сўз эмас.  Исломнинг илк даврларидаёқ ушбу тушунчага асос солинди. Аҳмад Лутфий Қозончининг Ислом тарихини гўзал тарзда ёритиб берган “Саодат асри қиссалари” китобида бундай маълумотлар келтирилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина халқини, яъни мусулмонию мусулмон бўлмаган барчасини бир тан, бир жон этмоққа ният қилдилар. Бу билан ташқаридан кутилаётган ҳужумларга қарши Мадинага кучли ички осойишталик ўрнатилиши мумкин эди. Яҳудийларнинг катталари билан учрашдилар. Икки томонга фойда берадиган бир шартнома уларга ҳам лозим эди. Бу шартномада: “Мусулмонлар ва яҳудийларнинг ўз динларида эркин бўлишлари; шаҳарни ҳар қандай ҳужумлардан биргалашиб мудофаа этишлари; бир-бирининг душмани бўлган бирон қабила билан шартнома тузмаслиги; қурайшликларга ёрдам берилмаслиги; зулм ва ҳақсизлик қилганларни ҳимоя этмаслиги; бирон келишмовчилик чиқса, Расулуллоҳга мурожаат этишлари лозим, деган муҳим моддалар бор эди. Мадина кечаги кунга нисбатан янада қувватли, янада осойишта ҳолатга келди. Маккаликлар билан мадиналиклар ўртасида дўстлик вужудга келиши билан мусулмон бўлмаган мадиналиклар яҳудийлар орасига солиши мумкин бўлган фитна-фасоднинг олди олинган бўлса, бутун Мадина халқи қаттиқ эътибор берган бу шартнома туфайли ташқи муносабатларда ҳам мавқелари хийла кўтарилди” .

Ушбу воқеадан билинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари яшаб турган юртни ҳимояси, тараққиёти ва осойишталиги учун гўзал бир жамиятни шакллантира бошладилар. Ўша жойда яшайдиган барча инсонларни дини, ирқи, жинси ва миллатидан қатъи назар, ўзаро меҳр-муҳаббатли, бағрикенг бўлишга чақириб, уларнинг катталари билан шартнома туздилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу тадбирлари туфайли вужудга келган ҳолатни келтирилган иқтибосдан билдик. 

Ҳа азизлар! Ислом –  бағрикенг дин. Бағрикенгликка тарғиб қилган дин. Исломда ҳар бир махлуқотнинг ўз ҳаққи бор. Бу ҳуқуқлар дин ва миллат танламайди. Ислом мусулмон киши учун ҳар бир инсонни ҳаққини адо қилишга буюради. Унга нисбатан гўзал муомалада бўлишга чақиради. Бу беҳикмат эмас, албатта. Бундай муомаланинг ҳикмати ва фойдаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, саҳобаларнинг ҳаётини ўқиган киши яхши билади. Ўша пайтда жудаям кўп аҳли китобларнинг Исломга киришига айнан бағрикенглик, уларга нисбатан қилинган гўзал муомала, адолатли қарорлар  сабаб бўлган.

Бугун биз яшаётган диёр ҳам турли дин, турли туман миллат вакилларидан ташкил топган. Бу жамиятда яшаётган ҳар бир мусулмон уларга нисбатан худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар тутган йўлни тутмоғи лозим. Уламолар айтадилар: “Китобия аёл билан бир том остида яшашни ман қилмаган Ислом, ўзга дин вакили билан бир осмон остида яшашга монелик қилиши мумкин эмас”.

Афсуски, баъзида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан яхшироқ бўлмаган кишилар, мадиналик яҳудийлардан кўра ёмонроқ бўлмаган бошқа дин вакилларига қўпол муносабатда бўлишлари билан Пайғамбаримиз асос солган “Диний бағрикенглик” қонунини бузмоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуриб кетган тинчлик, бирдамлик, меҳр-оқибат биносининг ғиштларини битта-битта кўчирмоқдалар.

У зот ёпиб ташлаган, уни очмасликни қаттиқ тайинлаганлари фитналар, фасодлар, низолар ҳамда адоват эшикларини бирма-бир очмоқдалар. Уларнинг бу қилмишлари оқибатида мусаффо Ислом динига ҳар хил тана ва туҳмат тошлари отилмоқда. Бундай ҳаракатдан жудаям эҳтиёт бўлмоқ керак. Бу йўлда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашмоқлик манфаатлидир.

Чунки Раббимиз бизлар учун: «(Эй мўминлар!) сизлар учун Аллоҳ ва охират кунида умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг Пайғамбари (иймон эътиқоди ва ҳулқ атвори) да гўзал намуна бордир,” (Аҳзоб сураси, 21-оят) деб марҳамат қилган.

Мухтасар айтганда, муҳтарам Юртбошимизнинг БМТнинг 75-сессиясидаги нутқи аввалгиси, яъни 2017 йилдаги 72-сессиясидаги нутқининг мантиқий давоми сифатида кўплаб ташаббусларга, таклифларга бойлиги билан бутун дунёда алоҳида эътироф этилмоқда. Нутқда Ўзбекистондаги диний бағрикенгликнинг эътироф этилиши динимиз равнақига хизмат қилади, иншоаллоҳ.

 

Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Қашқадарёлик ҳожилар Ватанимизга соғ-омон қайтишди

16.06.2026   1822   1 min.
Қашқадарёлик ҳожилар Ватанимизга соғ-омон қайтишди

Муқаддас Ҳаж ибодатини улуғ вазифалар ва гўзал амаллар билан адо этган қашқадарёлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳлари юртимизга соғ-омон етиб келишди. Ислом арконларини бажариб, юзларида нур, қалбларида шукроналик билан қайтган ҳожиларни халқаро аэропортда уларнинг яқинлари, кенг жамоатчилик вакиллари ва нуронийлар катта хурсандчилик билан самимий кутиб олдилар.


Муқаддас заминдан қайтган зиёратчилар Ҳаж сафари давомида қалбларидан кечган унутилмас маънавий кечинмалари ва таассуротлари билан ўртоқлашдилар. Ҳожилар ташкилий ишларнинг юқори даражада бўлганини, зиёратчиларга кўрсатилган алоҳида ғамхўрлик ва яратилган шарт-шароитлар учун давлатимиз раҳбарига ҳамда соҳа мутасаддиларига ўзларининг чексиз миннатдорчиликларини билдирдилар. 
 

Камол ҳожи бобо Тўраев, зиёратчи: — Муқаддас Каъбатуллоҳ пойида туриб, қалбимиздаги энг эзгу тилаклар қаторида юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва диёримиз осойишталигини сўраб дуолар қилдик. Мамлакатимиз равнақи йўлида хизмат қилаётган Юртбошимизнинг соғлиқ-омонликларини, бошлаган хайрли ва ислоҳотли ишларига Яратгандан улкан зафарлар тиладик. Кўрсатилган эътибордан бошимиз кўкка етди.


Мадинаи мунаввара ва маккаи мукаррамадаги табаррук масканларда, хусусан, Арафот ва Мино водийларида қилинган дуоларда юрт тинчлиги ва эл осойишталиги бош мавзу бўлган. 
 

Қашқадарёлик ҳожиларнинг тинч-омон қайтиб келиши нафақат уларнинг оила аъзолари, балки бутун вилоят аҳли учун катта маънавий қувонч бахш этди.

Аллоҳ таоло барча ҳожиларимизнинг ҳажларини мабрур, дуоларини мустажоб айласин!

 

Қашқадарё вилояти вакиллиги

Матбуот хизмати

Қашқадарёлик ҳожилар Ватанимизга соғ-омон қайтишди Қашқадарёлик ҳожилар Ватанимизга соғ-омон қайтишди Қашқадарёлик ҳожилар Ватанимизга соғ-омон қайтишди Қашқадарёлик ҳожилар Ватанимизга соғ-омон қайтишди
Ўзбекистон янгиликлари