Аллоҳ таолонинг тақиқ ва амрларини тан олмайдиган, Унга итоат этмайдиган, азобидан қўрқмайдиган кимсалар билан дўст бўлиш нафснинг даҳшатли касаллигидир.
Муолажа услуби
Нафснинг бу касаллигидан қутилиш учун фожир “дўст”лардан алоқани узиш, улардан узоқ бўлиш ҳамда сўзи ва амали орқали Аллоҳ таолонинг ризолигига интиладиган солиҳ инсонлар билан дўстлашиш лозим. Чунки мева-мевадан ранг олганидек, инсон дўстидан одоб ёки ёмон хулқларни ўрганади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ўзини бирор қавмга ўхшатса, бас, у ўша қавмдандир”, деганлар (Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд, Имом Табароний ривояти).
Донишмандлардан бири: “Фосиқлар билан дўст бўлиш солиҳларга ёмон муносабатда бўлишга олиб келади”, деган.
Яна бир олим бундай огоҳлантирган эди: “Кимнинг қалбида Аллоҳнинг яқин бандаларига душманлик ҳисси пайдо бўлса, унинг қалби Аллоҳдан узоқлашади”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши ва ёмон дўстнинг мисолини гўзал тарзда тавсифлаганлар: “Яхши суҳбатдош ва ёмон ҳамсуҳбатнинг мисоли мушк (хушбўй нарса) сотувчи ва темирчининг қўрасини пуфловчи босқонга ўхшашдир. Бас, мушк сотувчи ё сенга мушк ҳадя қилади, ё сотиб оласан, модомики, олмаганингда ҳам ундан ёқимли ҳид қолади. Темирчининг босқонидан эса ё кийиминг куяди ёки ёқимсиз ҳид қолади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ “Шарҳу Саҳиҳи Муслим” асарида ушбу ҳадиснинг шарҳида бундай дейдилар: “Бу ҳадисда солиҳ ва яхши амалларни қиладиган одамлар, гўзал ахлоқ эгалари билан бирга ўтиришга тарғиб, фосиқ ва бошқа бадхулқ ишлар билан шуғулланадиган одамлар билан суҳбатдош бўлишдан узоқ бўлиш баён қилинган”.
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши дўст танлашга тарғиб қилиб, ёмон дўстдан огоҳлантирганлар: “Киши дўстининг динидадир, шундай экан, бас, сизлар кимни дўст тутганингизга қаранглар”, деганлар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).
Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳимаҳуллоҳ айтдилар: “Сўзи сизни тўғри йўлга далолат қилмайдиган, амали эса Аллоҳ таоло томон йўналтирмайдиган киши билан дўст бўлманг!”.
Аллоҳ таоло Қиёмат куни ёмон дўст танлаганларнинг пушаймон бўлишларининг хабарини берган: «У Кунда золим икки қўлини тишлаб: “Эҳ, қани эди Расул билан бир йўлни тутган бўлсам!” – дер. “Эвоҳ! Қани эди, фалончини дўст тутмаган бўлсам”, – дер» (Фурқон сураси, 27−29-оятлар).
Қиёмат куни Аллоҳнинг йўлидан тўсадиганларни дўст тутганлар пушаймон бўлиб: “Кошки эди, дунё ҳаётида солиҳлар билан дўст бўлсайдим дейди”.
Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.
Самарқанднинг тарихий қисмида туризм инфратузилмасини кенг кўламли янгилаш ишлари давом этмоқда. Амалга оширилаётган лойиҳаларнинг асосий мақсади хорижий сайёҳларнинг қолиш муддатини узайтириш, қулай шаҳар муҳитини яратиш ва бир вақтнинг ўзида маҳаллий аҳолининг ҳаёт сифатини оширишдан иборат.
“Самаркандский вестник” нашрига кўра, туризмни ривожлантириш дастури доирасида эски шаҳарнинг 13 та кўчаси босқичма-босқич замонавий пиёдалар йўлагига айлантирилмоқда. Бу ерда янги хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда, жамоат жойлари ободонлаштирилмоқда, миллий меъморчилик анъаналарини сақлаб қолган ҳолда муҳандислик коммуникациялари ва бино фасадлари янгиланмоқда.
Энг йирик лойиҳалардан бири Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган Бухоро кўчасини реконструкция қилиш бўлди. Кўчанинг 850 метр қисми тўлиқ пиёдалар ҳудудига айлантирилади. Лойиҳани ишлаб чиқувчилардан бири, Самарқанд давлат техника университети ўқитувчиси Жасур Бердиқуловнинг таъкидлашича, илгари бу ерда қатнов қисмининг торлиги туфайли мунтазам равишда тирбандликлар юзага келган, қулай пиёдалар йўлакларининг йўқлиги эса пиёдалар учун жиддий ноқулайликлар туғдирган. Ишлар якунлангач, кўча хавфсиз жамоат майдонига айланади. Аҳоли учун алоҳида тўхташ жойи ажратилган бўлиб, транспорт воситаларининг киришига фақат зарурат туғилганда махсус хизматларга рухсат берилади. Шу билан бирга, сув, газ, электр ва бошқа муҳандислик тармоқлари тўлиқ модернизация қилинмоқда.
Олтин аср маҳалласида жойлашган Бағдод кўчасида ҳам ишлар давом этмоқда. Бу ерда 600 метрлик ҳудуд ободонлаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида замонавий туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати