Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Август, 2026   |   14 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:20
Қуёш
05:44
Пешин
12:25
Аср
17:07
Шом
19:08
Хуфтон
20:28
Bismillah
27 Август, 2026, 14 Рабиъул аввал, 1448

Фосиқлар билан дўстлашиш - 51 қисм

19.10.2023   4180   3 min.
Фосиқлар билан дўстлашиш - 51 қисм

Аллоҳ таолонинг тақиқ ва амрларини тан олмайдиган, Унга итоат этмайдиган, азобидан қўрқмайдиган кимсалар билан дўст бўлиш нафснинг даҳшатли касаллигидир.

 Муолажа услуби

Нафснинг бу касаллигидан қутилиш учун фожир “дўст”лардан алоқани узиш, улардан узоқ бўлиш ҳамда сўзи ва амали орқали Аллоҳ таолонинг ризолигига интиладиган солиҳ инсонлар билан дўстлашиш лозим. Чунки мева-мевадан ранг олганидек, инсон дўстидан одоб ёки ёмон хулқларни ўрганади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ўзини бирор қавмга ўхшатса, бас, у ўша қавмдандир”, деганлар (Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд, Имом Табароний ривояти).

Донишмандлардан бири: “Фосиқлар билан дўст бўлиш солиҳларга ёмон муносабатда бўлишга олиб келади”, деган.

Яна бир олим бундай огоҳлантирган эди: “Кимнинг қалбида Аллоҳнинг яқин бандаларига душманлик ҳисси пайдо бўлса, унинг қалби Аллоҳдан узоқлашади”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши ва ёмон дўстнинг мисолини гўзал тарзда тавсифлаганлар: “Яхши суҳбатдош ва ёмон ҳамсуҳбатнинг мисоли мушк (хушбўй нарса) сотувчи ва темирчининг қўрасини пуфловчи босқонга ўхшашдир. Бас, мушк сотувчи ё сенга мушк ҳадя қилади, ё сотиб оласан, модомики, олмаганингда ҳам ундан ёқимли ҳид қолади. Темирчининг босқонидан эса ё кийиминг куяди ёки ёқимсиз ҳид қолади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ “Шарҳу Саҳиҳи Муслим” асарида ушбу ҳадиснинг шарҳида бундай дейдилар: Бу ҳадисда солиҳ ва яхши амалларни қиладиган одамлар, гўзал ахлоқ эгалари билан бирга ўтиришга тарғиб, фосиқ ва бошқа бадхулқ ишлар билан шуғулланадиган одамлар билан суҳбатдош бўлишдан узоқ бўлиш баён қилинган.

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши дўст танлашга тарғиб қилиб, ёмон дўстдан огоҳлантирганлар: “Киши дўстининг динидадир, шундай экан, бас, сизлар кимни дўст тутганингизга қаранглар”, деганлар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳимаҳуллоҳ айтдилар: “Сўзи сизни тўғри йўлга далолат қилмайдиган, амали эса Аллоҳ таоло томон йўналтирмайдиган киши билан дўст бўлманг!”.

Аллоҳ таоло Қиёмат куни ёмон дўст танлаганларнинг пушаймон бўлишларининг хабарини берган: «У Кунда золим икки қўлини тишлаб: “Эҳ, қани эди Расул билан бир йўлни тутган бўлсам!” – дер. “Эвоҳ! Қани эди, фалончини дўст тутмаган бўлсам”, – дер» (Фурқон сураси, 27−29-оятлар).

Қиёмат куни Аллоҳнинг йўлидан тўсадиганларни дўст тутганлар пушаймон бўлиб: “Кошки эди, дунё ҳаётида солиҳлар билан дўст бўлсайдим дейди”.

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Анжуман қатнашчилари Ислом цивилизацияси марказига саёҳат қилишди

20.08.2026   45628   1 min.
Анжуман қатнашчилари Ислом цивилизацияси марказига саёҳат қилишди

Хабар берганимиздек, 19-20 август кунлари Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани бўлиб ўтмоқда.

Бугун, 19 август куни иштирокчилар кутиб олиниб, уларнинг Ислом цивилизацияси марказига саёҳати ташкил этилди. Ташриф давомида меҳмонлар марказнинг бой экспозициялари, Қуръони карим зали, нодир қўлёзмалар ҳамда буюк аждодларимизнинг илмий меросига бағишланган бўлимлар билан яқиндан танишди. Айниқса, замонавий мультимедиа лойиҳалари ва тарихий экспонатлар уларда чуқур таассурот қолдирди.

Устозлар Марказда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ислом маърифатини тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодни миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этишди.

Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳам бўлишди. Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишди.

Оқшомда Ислом цивилизацияси маркази биносида маърифий дастур – mapping намойиш қилинди.

Мазкур тадбирлар ислом цивилизацияси меросини тарғиб этиш, диний таълим тизимини янада такомиллаштириб, янги босқичга олиб чиқишда салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари