Аллоҳ таолонинг тақиқ ва амрларини тан олмайдиган, Унга итоат этмайдиган, азобидан қўрқмайдиган кимсалар билан дўст бўлиш нафснинг даҳшатли касаллигидир.
Муолажа услуби
Нафснинг бу касаллигидан қутилиш учун фожир “дўст”лардан алоқани узиш, улардан узоқ бўлиш ҳамда сўзи ва амали орқали Аллоҳ таолонинг ризолигига интиладиган солиҳ инсонлар билан дўстлашиш лозим. Чунки мева-мевадан ранг олганидек, инсон дўстидан одоб ёки ёмон хулқларни ўрганади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ўзини бирор қавмга ўхшатса, бас, у ўша қавмдандир”, деганлар (Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд, Имом Табароний ривояти).
Донишмандлардан бири: “Фосиқлар билан дўст бўлиш солиҳларга ёмон муносабатда бўлишга олиб келади”, деган.
Яна бир олим бундай огоҳлантирган эди: “Кимнинг қалбида Аллоҳнинг яқин бандаларига душманлик ҳисси пайдо бўлса, унинг қалби Аллоҳдан узоқлашади”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши ва ёмон дўстнинг мисолини гўзал тарзда тавсифлаганлар: “Яхши суҳбатдош ва ёмон ҳамсуҳбатнинг мисоли мушк (хушбўй нарса) сотувчи ва темирчининг қўрасини пуфловчи босқонга ўхшашдир. Бас, мушк сотувчи ё сенга мушк ҳадя қилади, ё сотиб оласан, модомики, олмаганингда ҳам ундан ёқимли ҳид қолади. Темирчининг босқонидан эса ё кийиминг куяди ёки ёқимсиз ҳид қолади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ “Шарҳу Саҳиҳи Муслим” асарида ушбу ҳадиснинг шарҳида бундай дейдилар: “Бу ҳадисда солиҳ ва яхши амалларни қиладиган одамлар, гўзал ахлоқ эгалари билан бирга ўтиришга тарғиб, фосиқ ва бошқа бадхулқ ишлар билан шуғулланадиган одамлар билан суҳбатдош бўлишдан узоқ бўлиш баён қилинган”.
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши дўст танлашга тарғиб қилиб, ёмон дўстдан огоҳлантирганлар: “Киши дўстининг динидадир, шундай экан, бас, сизлар кимни дўст тутганингизга қаранглар”, деганлар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).
Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳимаҳуллоҳ айтдилар: “Сўзи сизни тўғри йўлга далолат қилмайдиган, амали эса Аллоҳ таоло томон йўналтирмайдиган киши билан дўст бўлманг!”.
Аллоҳ таоло Қиёмат куни ёмон дўст танлаганларнинг пушаймон бўлишларининг хабарини берган: «У Кунда золим икки қўлини тишлаб: “Эҳ, қани эди Расул билан бир йўлни тутган бўлсам!” – дер. “Эвоҳ! Қани эди, фалончини дўст тутмаган бўлсам”, – дер» (Фурқон сураси, 27−29-оятлар).
Қиёмат куни Аллоҳнинг йўлидан тўсадиганларни дўст тутганлар пушаймон бўлиб: “Кошки эди, дунё ҳаётида солиҳлар билан дўст бўлсайдим дейди”.
Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг
“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.
Шу кунларда жойларда Ватанимиз давлат мустақиллигининг 35 йиллигини нишонламоқда. О‘тган йилларга назар ташласак, истиқлол нафақат сиёсий ва иқтисодий мустақиллик, балки буюк аждодлар мероси ва ма’навий илдизларига қайтиш имконини берганини янада чуқур ҳис этамиз.
Айниқса, кейинги йилларда Янги О‘збекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илм-ма’рифат, диний та’лим ва буюк алломаларимиз меросини о‘рганиш соҳасида амалга оширилаётган кенг ко‘ламли ислоҳотлар бу борада мутлақо янги босқични бошлаб берди.
Президентимиз 2017 йилдаёқ юртимизда шаклланган буюк илмий мактабларни қайта тиклаш, хусусан, Самарқандда ҳадисшунослик мактабини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди. Орадан ко‘п о‘тмай бу эзгу г‘оя амалий ифодасини топди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-ма’рифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари то‘г‘рисида»ги Фармони асосида Самарқандда Ҳадис илми мактаби ташкил этилди. Шу йилнинг 1 ноябрида қабул қилинган Ҳукумат қарори билан унинг фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари белгилаб берилди.
Бу воқеа, бизнингча, шунчаки янги та’лим муассасасининг очилиши эмас эди. Бу – Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий каби буюк муҳаддисларни етиштирган заминда ҳадис илмининг узоқ асрлик ан’аналарини замонавий асосда давом эттириш ё‘лидаги тарихий қадам бо‘лди.
Ҳадис илми мактаби олдига Қур’они карим ва ҳадисларнинг асл моҳиятини теран англайдиган, ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини пухта эгаллаган, буюк муҳаддисларимиз меросини чуқур о‘рганадиган ва мустақил илмий тадқиқот олиб бора оладиган етук мутахассисларни тайёрлаш вазифаси қо‘йилди. Энг муҳими, ҳадисларда мужассам бо‘лган эзгулик, ҳалоллик, адолат, баг‘рикенглик, ватанпарварлик, ота-онага эҳтиром, инсон қадрини улуг‘лаш сингари умуминсоний г‘ояларни халқимиз, айниқса, ёш авлодга то‘г‘ри ва илмий асосда етказиш та’лим даргоҳининг муҳим вазифаларидан бирига айланди. Бугун Ҳадис илми мактабида та’лим жараёни назарий билим бериш билан чекланиб қолмай, амалий машг‘улотлар билан ҳам узвий бог‘ланган. Талабалар ҳадисларни тахриж қилиш, я’ни уларнинг асл манбаларини аниқлаш, ривоят ё‘ллари ва санадларини о‘рганиш, ҳадис матнларини шарҳлаш ва илмий таҳлил қилиш, уларни мавзу ва мазмунига ко‘ра таснифлаш, шунингдек, ҳадис манбалари ва илмий асарларни тадқиқ қилиш бо‘йича амалий ко‘никмаларни эгалламоқдалар.
Айни пайтда, Ҳадис илми мактабининг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан ёнма-ён фаолият юритаётгани ҳам о‘зига хос илмий-ма’рифий муҳитни юзага келтирмоқда. Буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий меросини о‘рганиш, уни жаҳон илм аҳлига етказиш, замонавий тадқиқотлар билан бойитиш ё‘лида амалга оширилаётган ишлар ёшларимиз учун улкан илмий мактаб вазифасини о‘тамоқда.
Бугун Самарқанд заминида Имом Бухорий номи билан бог‘лиқ улкан бунёдкорлик ишларининг амалга оширилиши ҳам халқимизнинг о‘з буюк аждодига бо‘лган юксак эҳтиромининг ифодасидир. Имом Бухорий мажмуасининг замон талаблари асосида қайта бунёд этилиши, уни илм-ма’рифат, тарбия ва зиёрат масканига айлантиришга қаратилган ишлар нафақат юртимиз, балки бутун ислом олами учун катта аҳамиятга эга.
Янги О‘збекистонда диний-ма’рифий соҳага бо‘лган муносабатнинг энг муҳим жиҳати шундаки, аждодлар мероси фақат тарихий фахр сифатида эмас, балки бугунги ва келажак авлод тарбиясига хизмат қиладиган улкан ма’навий хазина сифатида о‘рганилмоқда. Имом Бухорийнинг илмга садоқати, ҳақиқатни излашдаги матонати, ҳадисларни қабул қилишдаги юксак илмий мезонлари бугунги ёшларимиз учун ҳам ибрат мактабидир.
Со‘нгги йилларда юртимизда Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий, Баҳовуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби каби қатор илм ва ма’рифат масканларининг ташкил этилгани ҳам ушбу сиёсатнинг узвий натижасидир.
Буларнинг барчаси замирида битта буюк мақсадни ко‘риш мумкин: ма’рифатли, о‘з тарихини биладиган, аждодлари мероси билан фахрланадиган, айни пайтда замонавий билим ва тафаккурга эга авлодни вояга етказиш. Биз, Ҳадис илми мактаби жамоаси, яратиб берилаётган бундай имкониятларни катта ишонч ва юксак мас’улият сифатида қабул қиламиз. Чунки буюк муҳаддислар юртида ҳадис илмини о‘рганиш ва о‘ргатиш фақат касбий вазифа эмас, балки аждодлар олдидаги ма’навий бурч ҳамдир.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида ортга назар солиб, бугунги натижаларни сарҳисоб қилар эканмиз, истиқлолнинг қадрини яна бир бор теран ҳис этамиз. Агар мустақиллик халқимизга о‘з тақдирини о‘зи белгилаш ҳуқуқини берган бо‘лса, Янги О‘збекистондаги ислоҳотлар миллий ва диний-ма’рифий меросимизни чуқур о‘рганиш, уни дунёга муносиб тарзда намоён этиш учун янги имкониятлар эшигини очди. Эндиликда бизнинг вазифамиз – ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиб, Имом Бухорий ва бошқа буюк алломаларимиз қолдирган илмий меросни янада чуқур тадқиқ этиш, унинг инсонпарварлик ва ма’рифатпарварлик г‘ояларини ёш авлод қалбига етказишдир. Зеро, о‘з о‘тмишини англаган, илмни қадрлаган ва ма’рифатга таянган халқнинг келажаги ҳамиша порлоқ бо‘лади.
Барот Амонов, Ҳадис илми мактаби ректори.
О‘збекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати