Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Август, 2026   |   12 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:17
Қуёш
05:42
Пешин
12:25
Аср
17:10
Шом
19:12
Хуфтон
20:32
Bismillah
25 Август, 2026, 12 Рабиъул аввал, 1448

Исломнинг муҳим фазилатлари нималар?

19.09.2020   3049   5 min.
Исломнинг муҳим фазилатлари нималар?

Исломнинг энг муҳим жиҳати эътиқоддир. Қусурлар, гуноҳлар афв этилиши мумкин. Аллоҳнинг авф этиш хислати бор. У кечиримлидир. Унинг мағфирати бор, раҳмати бор, гуноҳлар тавба ила ювилиши мумкин. Муҳим бўлгани эътиқоддир. Бу илмий тамалдир, ҳақиқатни тўғри англашдир. Бу ҳақиқат тўғри англашилганда Аллоҳ ўтган нуқсонларни мағфират қилади.

إِنَّ اللّهَ لاَ يَغْفِرُ أَن يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَن يَشَاء

«Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо, 48).

Аллоҳ фақат бу ҳақиқатни тушунмаганларни кечирмас. Бу илмий ҳақиқатни фаҳмламаганларни афв этмас, қолганларини кечирар. Айтган ножўя сўзларини кечириши мумкин. Муҳими ишонч-эътиқоддир. Демак, аввало биз бу илмий ҳақиқатнинг моҳиятини чуқур англаб олишимиз керак.

Куфр – кечирилмас бир гуноҳ. Ширк кечирилмас бир гуноҳ. Куфр тамоман инкор қилмоқдир. Ширк ботил эътиқод ёки шерик қилмоқ. Ширк тамоман инкор этиш бўлмаса-да, унда бир ишонч бор. Ана шу ишонч ботил, беҳуда, қийматсиз, ярамас, кечирилмасдир...

Инсоният Аллоҳни тўғри танишга мажбур. Ё тўғри танийди, ё танимаса кечирилмас. Инсоннинг энг улуғ вазифаси яратганни тўғри танишдир.

Инсон ҳар кун унга ризқ берган, соғлиқ ва ақл берган турли-туман туганмас неъматлар берган Аллоҳни мутлақо таниши, билиши керак. Мазкур хатоларни Аллоҳ кечирмайди. Исломнинг мантиғи– ана шу. Ҳазрати Одам Атомиздан то ҳазрати пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қадар ўтган пайғамбарларнинг мужодала ва ҳаракатлари ҳам шу хусусда эди.

Инсон фарзанди бу ҳақиқатларни англаши керак: қўли билан ясаган тошга, осмонда кўрган қуёшга, ойга, юлдузга сиғинмаслиги керак. Чунки, улар каби бир қанча қуёш, қуёш системаси, юлдузлар мавжудлиги илмда айтилаяпти. Биз ҳам бир қанча қуёш системаси борлигини биламиз. Инсон ерга ётқизиб сўйиладиган, гўшти кабоб бўладиган ҳайвонларга сиғинмайди, ҳақиқатни топади, беҳуда амалларни қилмайди.

Ислом инсон фикрининг чалғиши, хатога кетишидан огоҳлантиради. Шайтонга сиғинмаслик, ибодат қилмаслик ҳақида шундай бир сўз бор:

لَا تَعْبُدِ الشَّيْطَانَ

"Шайтонга ибодат қилманглар" (Марям, 44).

Сўнгра нафсга сиғиниш, унга «бут» каби қуллуқ қилиш ҳақида:

أَفَرَأَيْتَ مَنِ اتَّخَذَ إِلَهَهُ هَوَاهُ

"Эй Муҳаммад, ҳавойи нафсини ўзига «илоҳ» қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб қулоқ ва кўнглини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз?" (Жосия, 23).

Инсонлар баъзан Аллоҳга сиғинмай, итоат этмай, Шайтонга итоат этиб, унинг амру фармонини бажаришади. Баъзилар нафсига тобеъ унинг шайтоний амрларига итоат қиладилар. Бу қабиҳликлардан ўзни сақлаб ва ёлғиз Аллоҳга итоат қилиш, унинг амру фармонини бажариш, якка-ягона деб, фақат Аллоҳга сиғиниш исломнинг тамали ҳисобланади.

Ислом ақл ва мантиққа уйғун, XX асрга ва қиёматга қадар давомли, мос ва мувофиқ...

Амалларнинг ташқи томони аҳамиятли эмас. Ботини муҳимдир. Исломда ният ва ихлос асосдир. Икки киши айнан бир ишни бажаради. Лекин бириники қабул бўлади, иккинчисиники эса йўқ. Чунки, бирининг нияти холис, иккинчисининг хаёли бошқа нарсада, нияти бузуқ. Зоҳиран бир хил амал бажарадилар аммо Аллоҳ бириникини қабул қилади, бошқасиникини қилмайди. Бирига мукофот беради, иккинчисига жазо. Ислом шундай холис самимиятни ташвиқ этган, зоҳирпарастликни қабул этмайдиган диндир. Ички покликни, ботиний самимиятни талаб қилган, тавсия этган бир диндир. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Иннаддина аннасиҳату", деганлар.

Бу ҳадис тўғри таржима этилмаган, маъноси тўғри англашилмаган ҳадислардан биридир. Ҳадисни «Дин насиҳатдур» деб нотўғри таржима этишади. Яъни, «Аддину аннасиҳату»– «Дин самимиятдир» демак... Чунки «насиҳат» самимият маъносида келади. Дин– «ўгит» дегани эмас. Ўгит бўлмаса-да, овоз чиқмаса-да, барибир дин– самимиятдир!

Ўтган куни қўлимга бир китоб тушди. Унда: «Инсон» сўзининг ўзаро мулоқот, хабарлашишдаги роли 10 фоиздир. 30 фоизи имо-ишоралардир, 10 фоиз сўздир, 60 фоиз ҳол-аҳвол, вазият, кайфиятдир»– дейилади Ҳақиқий мулоқот, ҳақиқий хабарлашиш «ҳол» биландир. Китоб «ҳол» билан ўзаро мулоқотни, алоқани, хабарлашишни тўла таъминлаш тўғрисида ёзилган. Ўзаро суҳбат, мулоқотдан инсон ўзига зарур хабарларни ола билади. Бу ерда муҳими самимиятдир.

«Аддину аннасиҳату» демак, «дин самимиятдир» дегани. Зотан кейинги жумлалар масалани ойдинлаштиради:

"Қолу лиман ё расулуллоҳ?" Дедиларки: «Ким учун, ё Расулаллоҳ?» "Лиллоҳи"«Аллоҳ учун самимиятдир...» Агар насиҳат маъносида бўлсайди, қул Аллоҳга насиҳат қиладими?/ Қул Аллоҳга ўгит бера оладими? Йўқ, албатта! Демак, насиҳат маъносида эмас балки, Аллоҳга нисбатан самимият маъносидадир. /Ва лирасулиҳи/ «Расулуллоҳга нисбатан самимият...» /Ва ликитобиҳи/ «Қуръонга нисбатан самимият...» Қуръонга нисбатан насиҳату баҳс мавзуси йўқдир /Ва лиаимматил муслимина/ «Мусулмонларнинг раҳбарларига нисбатан самимият...» /Ва омматуҳум/ барчасига нисбатан самимият.

Нақадар гўзал!.. Дин тамоман самимиятдир.

Дин қуруқ маросим эмас, ташқи шакл ҳам эмас... Моҳиятдир ва самимиятдир. Тамоман самимиятдир. Аллоҳга, расулига, Қуръонга, имомларига, мусулмонларга бошлиқ бўлганларнинг ҳаммасига, барчасига нисбатан самимият. Пайғамбар алайҳиссалом ана шундай таъкидлайдилар, хулосалайдилар.

 

Маҳмуд Асъад Жўшоннинг

"Ислом ва ахлоқ" китобидан олинди

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Бухорода Қуръон мусобақаси ўтказилди

17.08.2026   33654   1 min.
Бухорода Қуръон мусобақаси ўтказилди

Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида фаолият олиб бораётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида Қуръон мусобақаси ўтказилди.

Очилиш маросимида Бухоро вилояти бош имом-хатиби Жобир домла Элов сўзга чиқиб, мазкур маърифий тадбирнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб, иштирокчиларга муваффақият тилади.

Мусобақани ўтказишдан кўзланган мақсад диний соҳа ходимларининг Қуръони карим бўйича билим ва маҳоратини янада ошириш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришдир.

Беллашувда вилоятнинг туман ва шаҳарларида фаолият юритаётган 10 нафар имом-хатиб ва имом-ноиб иштирок этиб, Қуръони каримни ўқиш ва ёддан билиш борасидаги билим ва маҳоратини намойиш этишди.

Биринчи ўринга Пешку тумани “Чиқирчи” жоме масжиди имом-ноиби Афзал Шавкатов сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Бухоро шаҳридаги “Волиди Абдулазизхон” жоме масжиди имом-ноиби Абдувоҳид Акрамовга, учинчи ўрин Жондор тумани “Работўғлон” жоме масжиди имом-хатиби Шуҳрат Шеровга насиб этди.

Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Бухорода Қуръон мусобақаси ўтказилди Бухорода Қуръон мусобақаси ўтказилди Бухорода Қуръон мусобақаси ўтказилди Бухорода Қуръон мусобақаси ўтказилди
Янгиликлар