Австралиянинг маҳаллий халқлари ва Toррес бўғози аҳолиси христиан колонизаторлари келишидан анча олдин мусулмонлар билан мунтазам алоқада бўлган. Бугунги кунда ҳам Ислом баъзи аборигенларнинг қалбида акс-садо бермоқда.
Австралиядаги Исломнинг кириб келиш тарихини қитъанинг шимолий қисмидаги Aрнем-Лендр ярим оролида жойлашган қизил қояларга ўйиб ёзилган елканли қайиқларнинг кичик чизмалари билан айтиш мумкин. Бу анъанавий индонезия қайиқлари "прау" сифатида маълум - айнан уларда трепанг ва денгиз бодрингини излаб ривожланаётган Макасар тижорат шаҳридан мусулмон балиқчилар етиб келишган.
Улар биринчи марта Шимолий Австралияда қачон пайдо бўлганлари маълум эмас. Баъзи тарихчилар бу 1750 йилларда содир бўлган деб айтишади. Лекин ғор расмлари устига туширилган ари мумининг радиуглерод таҳлили бу анча олдин бўлган, деб тахмин қилиш имконини берди. Фигуралардан бири 1664 йилгача қилинган кўринади, эҳтимол, бу 1500 йилларга тўғри келар.
Макасардан келган балиқчилар бу ерга ҳар йили Хитой тиббиёти ва ошхонасида ишлатилиши туфайли юқори нархга эга бўлган денгиз бодрингларини йиғиш учун келишган. Мелбурндаги Монаш университети антропологи Жон Бредли сўзларига кўра, бу Австралиянинг халқаро алоқалардаги илк тажрибаси бўлди ва бу муваффақиятга эришди.
Макасарлик баъзи савдогарлар Австралияда қолишди. Ислом ақидаси аборигенларнинг ғор санъатига таъсир этибгина қолмай, балки уларнинг мифологиясига ҳам таъсир кўрсатган. Мисол тариқасида "валита-валита"деган фигурани келтириш мумкин. Исм арабча "Аллоҳ таоло" иборасидан келиб чиққан бўлиб, айнан шу маънони англатади. Маросим эгилишлари мусулмонларнниг саждасига ўхшайди.
Макассар аҳолисининг аборигенлар ва Торрес бўғози ороллари аҳолиси билан савдоси 1906 йилда оғир солиққа тортиш ва оқ рангдан бошқа рангли одамларнинг савдосини чеклаган ҳукумат сиёсати туфайли якунланди. Бир аср ўтгач, Шимолий Австралияда абориген жамоалар Макасар савдогарлар билан биргаликда тарихга ҳурмат, ўзаро ишонч ва ҳурмат бир давр сифатида уни хотирлашади.
Бу Австралияда мусулмонлар ва маҳаллий халқлар ўртасидаги ягона алоқа эмас эди. XIX-XX асрлар оралиғида Жанубий-Шарқий Осиёдан малайлар Австралиянинг шимоли-Ғарбий соҳилидаги Брум шаҳрида инжу саноатида ёлланма ишчилар сифатида Австралияга кела бошладилар. Макасар аҳолиси сингари малайлар ҳам маҳаллий туб халқлар билан турмуш қуришган ва минтақага Исломий диний ва маданий амалиётларни жорий этишган. Бу ўзароҳамкорлик ҳозир Шимолий Австралияда кўплаб оилаларда кузатилмоқда.
26,000 аҳолиси бўлган Алис-Спрингс шаҳри чеккасида Австралия марказида бир масжид бор. Уни "афғон масжид" деб аташади, негаки 1860 ва 1930 йиллар орасида деярли 4000 туя етакчилари ўз туялари билан Австралияга келишган. Уларнинг кўпчилиги Афғонистондан эди, лекин баъзилари Ҳиндистон ва ҳозирги Покистондан ҳам эди. Улар чўл ерларини ривожлантиришда асосий роль ўйнади ва минтақада инфратузилмани яратиш ёрдам беришди.
Уйдан узоқда, афғонистонлик туя етакчилар Марказий Австралия бўйлаб кўплаб қўлбола масжидлар қуришган ва уларнинг кўпчилиги маҳаллий одамлар билан қон-қариндошлик алоқаларини ўрнатишган. Туя етакчилари учун эҳтиёж 1930 йилда ҳамма жойда автомобиль транспорт воситалари жорий этилгандан кейин ғойиб бўлди. Бугунги кунда Алис-Спрингсдаги афғон масжиди асосан Ҳиндистон, Покистон ва Афғонистондан келган муҳожирлар билан тўлиб тошган.
Islamisemya.com маълумотига кўра бугунги кунда тобора кўпроқ аборигенлер Исломни қабул қилмоқда. 2011 йилда Австралияда аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, 1 1140 нафар киши ўзини мусулмон деб атаган. Бу мамлакат аборигенларининг 1% дан камроғини ташкил этади. Эҳтимол, энг машҳур мусулмон - икки карра жаҳон бокс чемпиони Энтони Мандайн ҳислобланади.
Баъзи аборигенлар учун Ислом одатий маданий алоқаларнинг давоми, христианлик эса мустамлакачилик билан боғлиқ. Мусулмон Жастинn Агале айтганидек, "Ислом Фитр ва Тавҳид ҳақида аниқ фикрларга эга ва биз табиат билан уйғун яшашимиз керак".
Бироқ, баъзи аборигенлар учун Исломга мурожаат қилиш янги ҳодисадир. Муҳаммад (номи ўзгартирилган) қачонлардир бошпанасиз эди ва спиртли ичимликларни истеъмол қилар эди, лекин шариат аҳкомлари - мунтазам ибодат, ўз-ўзини ҳурмат қилиш, спиртли ичимликлар, гиёҳванд моддалар, қимор ўйинларни рад этиш – унга зарарли одатлардан қутулиш имконини берди. Энди у барқарор ишга эга.
"Ислом дини билан танишганимда, умримда биринчи марта ўзимни инсондек ҳис қилдим. Ислом динида топган энг жозибали нарсаларимдан бири, бу унинг мукамаллиги ва бутунлигидир", - дейди Муҳаммад.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
عن جابر بن عبد الله رضي الله عنهما قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:
« المجالس بالأمانة إلا ثلاثة مجالس: سفك دم حرام، أو فرج حرام، أو اقتطاع مال بغير حق »
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мажлислар омонатдир. Фақат уч мажлис бундан мустасно: ноҳақ қон тўкиш, ҳаром шаҳвоний алоқа (зино) ва ноҳақ молни тортиб олиш ҳақидаги мажлислар” (Имом Абу Довуд ривояти).
“Мажлислар омонатдир”, яъни одамлар йиғилган ҳар қандай мажлисда айтиладиган гаплар омонат ҳисобланади. Агар суҳбатдошлар маълум бир гапнинг сир сақланишини истасалар ёки вазият шуни тақозо этса, у ҳолда у гапни бошқаларга тарқатиш жоиз эмас.
Бунга қуйидагилар киради: шахсий сирлар; оилавий маслаҳатлар; ишхона ёки ташкилот йиғилишлари; давлат ишларига оид махфий суҳбатлар; фақат иштирокчиларга тегишли бўлган маълумотлар.
“Омонат” дегани фақат мол-мулкни сақлаш эмас, балки сирни, маълумотларни ва эшитилган гапни ҳам сақлашни ўз ичига олади.
Нима учун мажлис омонат деб аталган? Чунки одамлар бир-бирига ишониб, эркин маслаҳатлашиши ва дардини айтиши учун уларнинг гаплари ташқарига чиқмаслиги зарур. Агар мажлисда ёки бирор йиғинда қатнашган киши эшитганларини бошқаларга тарқатаверса, одамлар бир-бирига ишонмай қўяди, ғийбат ва чақимчилик кўпаяди, муносабатлар бузилади, жамиятда ўзаро ишонч йўқолади. Шу боис солиҳ салафлар мажлис сирини ошкор қилишни омонатга хиёнат деб ҳисоблашган.
“Фақат уч мажлис бундан мустасно...” яъни баъзи ҳолларда сир сақлаш мумкин эмас. Агар бир киши: “Мен фалончини ўлдирмоқчиман ёки унга зарар етказмоқчиман” деса ва унинг бу иши жиддий экани маълум бўлса, уни яшириш жоиз эмас. Балки қотилликнинг олдини олиш учун тегишли масъулларни ёки ҳуқуқни музофаза қилувчи ташкилотлар вакилларини огоҳлантириш шарт.
“Ҳаром шаҳвоний алоқа (зино)”. Агар бир киши зино қилиш ёки бировнинг номусига тажовуз қилиш нияти борлигини билдирса, бу ҳақда ҳам сукут қилиш мумкин эмас. Бундай ҳолда жабрланувчини ёки бунинг олдини оладиган масъул шахсларни огоҳлантириш лозим бўлади.
“Ноҳақ молни тортиб олиш”. Агар кимдир ўғрилик, фирибгарлик қилишни, бировнинг ҳақини тортиб олишни режалаштираётганини айтса, бу сирни ҳам сақлаб туриш жоиз эмас. Чунки бу бошқаларнинг ҳақига тажовуздир.
Хўш, шундай вазиятга дуч келган киши қандай йўл тутиши лозим?
Аввало, ўша одамга насиҳат қилинади ва Аллоҳдан қўрқиши эслатилади. Агар у фикридан қайтмаса ва хавф ҳақиқий бўлса, зарарнинг олдини олиш учун тегишли шахсларга хабар берилади. Бу хабар бериш фақат жиноятни тўхтатиш бўлиши керак, одамни шарманда қилиш ёки обрўсини тўкиш эмас.
Хулоса қилиб айтганда, барча ҳадислар каби мазкур ҳадис ҳам мўмин-мусулмонларга жуда муҳим ахлоқий қоидани ўргатади: мажлисда эшитилган гаплар омонат ҳисобланади ва уларни эгасининг розилигисиз тарқатиш асло мумкин эмас. Бироқ агар бу сирни сақлаш оқибатида инсоннинг жонига, номусига ёки мол-мулкига катта хавф туғилса, зарарнинг олдини олиш учун шу ҳақда хабар бериш баъзи ҳолларда вожиб бўлади. Шу тариқа Ислом ҳам омонатни сақлашни, ҳам одамларнинг ҳаёти, номуси ва мол-мулкини муҳофаза қилишни таъминлайди.
Манбалар асосида
Т.НИЗОМ тайёрлади.