Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Июл, 2025   |   27 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:31
Қуёш
05:09
Пешин
12:35
Аср
17:37
Шом
19:54
Хуфтон
21:24
Bismillah
22 Июл, 2025, 27 Муҳаррам, 1447

2. БАҚАРА СУРАСИ, 139–141 ОЯТЛАР

18.09.2020   5122   5 min.
2. БАҚАРА СУРАСИ, 139–141 ОЯТЛАР

قُلۡ أَتُحَآجُّونَنَا فِي ٱللَّهِ وَهُوَ رَبُّنَا وَرَبُّكُمۡ وَلَنَآ أَعۡمَٰلُنَا وَلَكُمۡ أَعۡمَٰلُكُمۡ وَنَحۡنُ لَهُۥ مُخۡلِصُونَ١٣٩

139. (Эй Муҳаммад), уларга: "Биз билан Аллоҳ хусусида тортишасизларми, ҳолбуки У бизнинг ҳам, сизларнинг ҳам Парвардигорингиздир. Бизнинг амалимиз ўзимизга, сизларники ҳам ўзингизга ва биз Унга ихлослимиз", денг.

Яъни, эй Пайғамбарим, яҳудий ва насронийларга айтингки, бизлар билан Аллоҳ хусусида бефойда тортишув-баҳслашишларга бориб ўтирманглар, ахир Аллоҳ азза ва жалла яҳудийларнинг ҳам, насронийларнинг ҳам, мусулмонларнинг ҳам Парвардигоридир. Сизлар ўзларингизга мақбул амалларингизни қилинглар, биз ўзимизга буюрилганини қиламиз. Фақат мусулмонлар Аллоҳга чин ихлослари билан ажралиб туришади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат этади: “(Эй Муҳаммад), айтинг: «Эй кофирлар, мен сизлар ибодат қилаётган нарсаларга ибодат қилмайман; сизлар ҳам мен ибодат қилаётганга ибодат қилмайсизлар. Мен сизлар ибодат қилаётганга ибодат қилувчи эмасман; сизлар ҳам мен ибодат қилаётганга ибодат қилувчи эмассизлар. Сизларнинг динингиз – ўзингизга, менинг диним – ўзимга» (Кафирун, 1-6). Яъни, сизларнинг куфр ва ширкингиз ўзингизга бўлаверсин, менинг диним ўзимгадир. Менинг диним тавҳид, ихлос, ва бўйсуниш динидир, сизларники эса кўпхудоликдир. Мен асло бутпарастлик йўлини танламайман, сизларга эса ҳақ дин томонга ўтишга кибр, ғурур ва жоҳилликларингиз йўл бермаяпти. Аллоҳ таоло Кафирун сурасини туширганида эрталаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Масжидул-Ҳаромга бордилар. У ерда бир гуруҳ қурайшликлар турган эди. Пайғамбар алайҳиссалом уларга бу сурани охиригача ўқиб бердилар. Буни эшитгач, улар Расулуллоҳдан бутунлай умидларини узишди.

أَمۡ تَقُولُونَ إِنَّ إِبۡرَٰهِ‍ۧمَ وَإِسۡمَٰعِيلَ وَإِسۡحَٰقَ وَيَعۡقُوبَ وَٱلۡأَسۡبَاطَ كَانُواْ هُودًا أَوۡ نَصَٰرَىٰۗ قُلۡ ءَأَنتُمۡ أَعۡلَمُ أَمِ ٱللَّهُۗ وَمَنۡ أَظۡلَمُ مِمَّن كَتَمَ شَهَٰدَةً عِندَهُۥ مِنَ ٱللَّهِۗ وَمَا ٱللَّهُ بِغَٰفِلٍ عَمَّا تَعۡمَلُونَ١٤٠

140. Ёки (эй Бани Исроил), "Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлоди яҳудий ё насроний эдилар" деяпсизларми? (Эй Муҳаммад): уларга айтинг: "Сизларми яхши биладиган ёки Аллоҳми? Ўзидаги Аллоҳдан келган шаҳодатни яширган кимсадан ҳам золимроқ ким бор? Аллоҳ қилмишларингиздан ғофил эмас".

Иброҳим алайҳиссалом ва у зотнинг авлодлари ҳақида яҳудий ва насронийларнинг даъволари мутлақо ёлғондир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: "Ма кана Иброҳиму яҳудийяв ва ла насронийя", яъни Иброҳим алайҳиссалом на яҳудий, на насроний бўлганлар, балки ҳаниф мусулмон эдилар. Ўзбекистон телевидениеси бир вақтлар "Муҳаммадур-Расулуллоҳ" кўп серияли фильмини намойиш қилаётганида бир зиёли шундай савол берган эди: "Мен бир нарсани тушуна олмай қолдим. Ислом дини Муҳаммад алайҳиссаломга туширилган дин бўлса, унда нега у зотдан анча олдин ўтган Иброҳим алайҳиссаломни ҳам бу фильмда мусулмон дейишяпти?" Бу дўстимиз билмас эдики, Ислом таълимотига кўра, Одам алайҳиссаломдан тортиб охирги пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломгача бўлган барча пайғамбарлар Исломга, тавҳидга, яъни ёлғиз Аллоҳга имон келтиришга даъват қилишган, қиёмат кунига ва унда ҳар ким бу дунёдаги амалига яраша мукофот ёки жазо олишига ишонишга чақиришган, инсонларни икки дунё саодатига эришишига сабаб бўладиган шариат аҳкомларини баён қилишган. Чунки Ислом келажак, истиқбол рисолати бўлгани каби олис мозийнинг рисолати ҳамдир. У ўз жавҳарида, эътиқодий ва ахлоқий моҳиятида ўтган барча пайғамбарлар ва нозил қилинган китоблар рисолатидир.

تِلۡكَ أُمَّةٞ قَدۡ خَلَتۡۖ لَهَا مَا كَسَبَتۡ وَلَكُم مَّا كَسَبۡتُمۡۖ وَلَا تُسۡ‍َٔلُونَ عَمَّا كَانُواْ يَعۡمَلُونَ١٤١

141. Улар ўтиб кетган бир умматдир. Уларнинг амаллари ўзларига, сизларнинг амалларингиз ўзларингизгадир. Сиздан уларнинг қилмишлари ҳақида сўралмайди.

Бу ояти карима такроран келди, 134-оятда ҳам Аллоҳ таоло айнан шундай хитоб қилган эди. Уламолар фикрича, биринчисида Аҳли китобларга, иккинчисида эса, Ислом умматига қарата хитоб қилинган ёки ҳар иккиси ҳам Аҳли китобларга таъкид учун такроран тушган.

Қуръони каримнинг жуда кўп оятларида тавҳид, яъни улуҳият ва убудият (худолик ва бандалик) ҳақиқати ўтган умматлар тақдири мисолида баён қилинади. Ўтган умматлар орасида Аллоҳга ширк келтиришда ғоят машҳур бўлган қавмлардан бири Иброҳим алайҳиссаломнинг умматларидан эди. Бунинг устига, Қуръони карим нозил бўлаётган пайтдаги араб мушриклари – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмонларга юзма-юз қарши турган мушриклар ўзларини Иброҳим алайҳиссаломнинг миллати ва у зотнинг йўлида юрганлар деб ҳисоблашар ва бу билан фахрланишар эди. Аслида Иброҳим алайҳиссалом улар даъво қилаётганидй мушриклардан бўлмаган, балки асл тавҳидга асосланган ҳаниф динда бўлган. У киши мушрик оталари ва жоҳил қавмларининг ширк ботқоғига ботганини кўриб, уларни бундан қайтариш, ҳақ йўлга буриш йўлида қанчалар ҳаракат қилмасинлар, улар ширк чангалидан қутила олишмади. Отаси ҳам, қавмнинг бошқа аҳли ҳам тошдан, ёғочдан ўзлари йўниб-ўйиб ишлаб олган бут ва санамларга сиғинишда давом этаверди. Аллоҳнинг пайғамбари мушрикларга қанчалар хитоб қилиб, қилмишларининг ботиллигини эслатмасин, улар ҳидоятга юрмади.

Тафсири ирфон
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Муфтий ҳазратлари: Аллоҳдан мол-дунё талаб қилишда гўзал йўл танланг!

18.07.2025   6795   1 min.
Муфтий ҳазратлари: Аллоҳдан мол-дунё талаб қилишда гўзал йўл танланг!

#xabar #muftiy #juma 

 Бугун, 18 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий, Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Тошкент шаҳридaги "Яккасарой" жоме масжидида адо қилдилар. 

 
Муфтий ҳазратлари жамоат намозидан олдин йиғилганларга “Ўзганинг ҳаққидан ҳазар қилайлик!” мавзусида манфаатли суҳбат қилиб бердилар. 


Мавъизада бугунги кунда бировнинг молини нотўғри йўл билан ейиш ва ўзганинг хаққига хиёнат қилишдек оғир гуноҳлар, жумладан, қарзини қайтармаслик, тарозидан уриш, муаллифлик ҳуқуқини поймол қилиш, порахўрлик, қиморбозлик, фирибгарлик каби иллатлардан ҳазар қилиш лозимлигини қатъий таъкидладилар.    


Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Қуръони каримдаги: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз!...” (Нисо сураси, 29) оятини шарҳлаш асносида Аллоҳ таоло инсониятни Ер юзида ҳалол ризқ талаб қилишга амр этгани, унинг акси бўлмиш ҳаромдан ҳазар қилишга буюргани ҳамда ҳалол ва ҳаром нарсаларни очиқ баён қилганини айтиб ўтдилар.     


 Суҳбат якунида Ҳақ таолодан элу юртимиз тинчлик-фаровонлиги ва ҳалол-пок молу давлат топиш, ноҳақ-ботил йўллар орқали келадиган моллардан асрашини сўраб хайрли дуолар қилинди. 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Муфтий ҳазратлари: Аллоҳдан мол-дунё талаб қилишда гўзал йўл танланг! Муфтий ҳазратлари: Аллоҳдан мол-дунё талаб қилишда гўзал йўл танланг! Муфтий ҳазратлари: Аллоҳдан мол-дунё талаб қилишда гўзал йўл танланг! Муфтий ҳазратлари: Аллоҳдан мол-дунё талаб қилишда гўзал йўл танланг! Муфтий ҳазратлари: Аллоҳдан мол-дунё талаб қилишда гўзал йўл танланг! Муфтий ҳазратлари: Аллоҳдан мол-дунё талаб қилишда гўзал йўл танланг! Муфтий ҳазратлари: Аллоҳдан мол-дунё талаб қилишда гўзал йўл танланг! Муфтий ҳазратлари: Аллоҳдан мол-дунё талаб қилишда гўзал йўл танланг! Муфтий ҳазратлари: Аллоҳдан мол-дунё талаб қилишда гўзал йўл танланг!
Ўзбекистон янгиликлари