Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Сентябр, 2026   |   6 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:45
Қуёш
06:05
Пешин
12:18
Аср
16:40
Шом
18:33
Хуфтон
19:49
Bismillah
17 Сентябр, 2026, 6 Рабиъус сони, 1448

Тил – инсон кўрки

18.09.2020   5109   5 min.
Тил – инсон кўрки

 Инсонда бўлган буюк неъматлардан бири бу тилдир. Бу ҳақда Қуръони каримда баён қилинган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:(Биз инсонга) тил ва икки лабни (бермадикми)?” (Балад сураси, 9-оят).

Бу ояти карима орқали Аллоҳ таоло инсонга бу икки аъзоларни ўзи ато қилганлигини айтмоқда. Агар ҳар бир инсон ўзининг аъзоларининг ҳаракатига, хизматига ва манфаатларига, жумладан, тилига тафаккур назари билан эътибор қиладиган бўлса, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани ҳикмат билан, беҳудага яратмаганлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Аббос розияллоҳу анҳуга: Гўзаллигингиз мени ажаблантиради дедилар. У киши: Инсоннинг гўзаллиги нима, ё Аллоҳнинг Расули?», дедилар. Пайғамбар Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: Унинг тили дедилар. Демак, ушбу ҳадисдан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак, тил инсоннинг гўзаллиги ҳисобланар экан.

Миллат борлиги ва унинг тарихи ҳақида маълумот берувчи восита

Айни дамда орзу умидларимиз, истиқлолимиз, қалбимиз ойнаси ҳамдир. Шунинг учун она тилимизга доимо ҳурмат ва эътиборда бўлиб, унинг жамиятимиздаги мавқеини юксалтиришга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур.

Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарида “Эрдам боши тилдир”, яъни “Барча фазилатлар, эзгуликлар тилдан бошланади” дейилади. Тилимизнинг нафислиги, бойлиги ва маъно нозикликлари ҳазрат Алишер Навоий ижодида ўзининг юксак ифодасини топди. Улуғ мутафаккирнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида шеърият ва бадиият тилига номуносиб деб қаралган тилимизнинг кенг имкониятлари, жозибаси ўта назокат билан шарҳланган. «Лайли ва Мажнун»да сўз, демакки, тил айтган билан совумайдиган тарона, олган билан тугамайдиган хазина, деб таърифланади:

Айтиб совумас таронасен сен,

Олиб қурумас хизонасен сен.

Миллатнинг бойлиги, туганмас хазинаси, кўзгуси

Ватанимиз мустақилликка эришгач, она тилимиз ўзининг ҳақиқий ўрни ва мавқеига эга бўлди, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси, конституцияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан бирига айланди.

Тил – миллат қиёфасининг бир бўлаги. Дунёдаги барча халқлар ўзининг миллий расмий тилига эга деб айтолмаймиз. Чунки бу халқнинг миллий мустақиллиги билан боғлиқ. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда ҳар икки хафтада битта тил йўқолиб бормоқда. Бу ўз навбатида ўша тилда сўзлашувчи халқларнинг йўқолишини англатади.

Миллатнинг маънавий бойлиги

Тил нафақат муаммола воситаси, балки халқнинг маданияти, урф-одати, унинг турмуш тарзи, тарихидир. Турли халқларнинг тилларига ҳурмат эса ўз навбатида ўзаро тушунишни, мулоқотларга имконият яратади. Тилларни сақланиб қолиши учун эса бу тилларни қўллаб-қувватлаш зарурдир. Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва ҳурмат қилиш тинчликнинг бирдан бир кафолатидир. Шу сабабли ҳам ҳар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилади.

Ҳар бир миллат маданияти ўзаги

Шу сабабли ҳам тилнинг сақланиши халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, анъаналарини сақлайди. Шундай экан она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашимиз керак бўлади. “Хорижий тилларни билиш инсоннинг маданиятидан, зиёлилигидан дарак беради. Она тилини билиш эса ҳар бир фуқаро олдидаги муқаддас бурч”, деганида донишмандлар минг марта ҳақ фикрни айтишган.

Ўзбек адабий тили, ўзбек адабиётини ривожлантириш соҳасида ўз олдига қўйган вазифаларни юксак даражада адо этган Алишер Навоий ўзининг ажойиб назм дурдоналарини, юксак бадиий қимматга эга бўлган «Хазойин-ул маоний», «Хамса» каби асарларини она тилида ёзиш орқали ўзбек тилининг қудратини, унинг бой тасвирий восита ва имкониятларга эга эканлигини, тўлиқ маънода бадиий адабиёт тили эканлигини амалий тарзда исботлаб берди. Ўз халқи учун унинг маданияти учун ва умуман келгуси авлодлар учун катта шарафли ишларни амалга оширди, бу билан фахрланиб:

Турк назмида чу тортиб мен алам,

Айладим ул мамлакатни якқалам.

ёки:

Мен ул менки, то турк бедодидур,

Бу тил бирла то назм бунёдидур.

Фалак кўрмади мен каби нодире,

Низомий кибн назм аро қодире.

деб ажойиб фахриялар ёзди.

Ана шундай гўзал неъматдан ҳаётимизда  чиройли тарзда фойдаланиб, гўзал амаллар қилишга ошиқайлик!

Алишер Наимов,
 Қувасой шаҳар бош имом-хатиби

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Шайбонийлар дахмаси зиёратгоҳга айлантирилади

13.08.2026   62155   3 min.
Шайбонийлар дахмаси зиёратгоҳга айлантирилади

Самарқанднинг юраги бўлган Регистон майдони ҳудудидаги Шайбонийхон ва унинг сулоласи дафн этилган маскан зиёратгоҳга айлантирилади.

Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаровнинг сўзларига кўра,1960–1962-йилларда ҳозирги Ислом Каримов кўчасини кенгайтириш, ободонлаштириш ишлари жараёнида мазкур дахма шу ҳудудда бўлган Шайбонийхон мадрасаси ҳовлисидан Регистон майдонига – Тиллакори ва Шердор мадрасалари ёнига кўчирилган.

“Маълумки, мазкур ҳудуд Амир Темур бобомиз даврида Самарқанд шаҳрининг энг муҳим марказларидан бири бўлган, бу ҳудудда кўплаб мадраса ва масжидлар бунёд этилган. Жумладан, Амир Темур масжиди ва унинг рўпарасида Бибихоним мадрасаси қад ростлаган. Кейинчалик Мирзо Улуғбек бобомиз томонидан улкан мадраса қурилган. Балки Шайбонийхон ҳам ана шу улуғвор мадраса ва масжидларга ҳавас қилиб, уларнинг ёнида мадраса қургандир. Чунки, тарихий манбалардан биламизки, Муҳаммад Шайбонийхон ҳам улуғ ҳукмдор бўлиш билан бирга илм-маърифат ҳомийси, илмли инсон ва ижодкор сифатида Самарқандда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган, кўплаб масжид ва мадрасалар қурдирган. Амир Темурдан кейин қудратли давлат ташкил этиб, унинг чегараларини кенгайтирган, обод қилган”, дейди Регистон мажмуаси раҳбари.

Тарихий манбаларда Шайбонийхон 1510-йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлган жангда ҳалок бўлгач, унинг бошсиз танаси Самарқандга келтирилиб, Баланд Суфага дафн қилингани ёзилган.

Баланд Суфа ўз вақтида Шайбонийхон мадрасасида бўлган ва кейинчалик (1960–1962-йилларда) ўз ҳолича Регистон ҳудудига кўчирилган дахмадир.

Хонқул Самаровнинг қўшимча қилишича, шу пайтгача Муҳаммад Шайбонийхон шахсига муносабат ортидан бу жойга ҳам етарли даражада эътибор қаратилмаган.

Шунингдек, у олтмиш йилдан ортиқ вақтдан буён ушбу ҳудудда турган бу зиёратгоҳ ҳақида оддий одамлар, ҳатто кўпчилик тарихчиларда ҳам ма'лумот ё'қлигини, бунга сабаб эса ҳудудда ҳеч қандай кўргазмали восита ёки ёзув мавжуд эмаслигини таъкидлайди.

“Йиллар давомида халқимиз онгига Бобур ижобий, Шайбонийхон салбий шахс сифатида сингдирилди. Аслида эса давлатчилик тарихимиз, қолаверса, адабиётимиз ривожида бу икки буюк бобомизнинг ҳам ўз муносиб ўрни, ҳиссаси бор. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзи ҳам “Бобурнома”да бу зотнинг номи ҳақида тўхталиб, “Шайбоқ”, яъни “куч-қудратли” деган таъриф берган. Шайбонийхон ва шайбонийлар томонидан Самарқандда, умуман, ушбу минтақада катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани ҳақида тарихий манбаларда кўплаб маълумотлар учрайди. Масалан, Шайбонийхон бир неча босқичли ўқитиш тизими жорий этиб, барча илмлардан хабардор бўлиш учун бола 26-йил таълим олиши керак, деб ҳисоблаган. Икки йиллик мактаб таълимидан сўнг ҳар бири 8-йилдан иборат уч босқичли мадраса таълимини олиш зарур бўлган”, дея маълумот беради Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаров.

Маълумот учун, Шайбонийхон кучли саркарда, ҳукмдор бўлиш билан бирга ижодкор сифатида нафис ғазал ва рубоийлар, достонлар ёзган. Жумладан, “Баҳр-ул худо” номли достони ва ўғли валиаҳд Темур султонга аталган панд-насиҳатлардан иборат китоби мавжудлиги қайд этилади.

Тарихий манбаларда келтирилишича, у бобоси Абулхайрхон вафотидан кейин пароканда бўлиб кетган қабилаларни бирлаштириб, кўчманчи ўзбеклар давлатини қайта тиклаган. Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни эгаллаб, қудратли давлат барпо қилган. Муҳаммад Шайбонийхон бутун минтақани ягона бир марказ – Самарқанд қўл остида бирлаштирган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари