Самарқанд шаҳридаги кўплаб муқаддас қадамжолар орасида “Хўжа Абду Дарун” мажмуаси алоҳида ўрин тутади. Таҳминан VIII– IX асрларда яшаб ўтган, мутасаввуф олим, адолатли қози, диний ва дунёвий илмлар эгаси бўлган Хўжа Абду Дарун ҳазратларининг ҳоки пойлари ётган ушбу даргоҳ XII асрдан бери сақланиб келади.
Ул зоти муаззамнинг мақбаралари Самарқанднинг қадимий девори – Девори қиёматнинг ичкари (тожикча - дарун) томонида жойлашгани учун Абду Дарун лақабини олганлар.
Хўжа Абду Даруннинг асл исми Муъизуддин бўлиб, хўжа Муҳаммад Яқубнинг фарзанди, у эса хўжа Абди бин Усмоннинг ўғлидир.
Бошқа манбаларда алломанинг Пайғамбаримиз (с.а.в) авлодаларидан эканлиги келтирилган.
“Қандия”да келтирилишича, “Ҳазрати Шайх Абу Мансур Мотуридий айтган эканларким: “Бизнинг вафотимиздан кейин Ҳазрати Хожа Абду Даруннинг яқинларига дафн этингким, ул киши ярим фарсах ергача атрофидагиларни ўз ҳимояларига олиб шафоат қилурлар ва биз ул кишининг шафоатларидан маҳрум бўлиб қолмайлик”.[1]
Мана шундан икки муҳим хулоса келиб чиқади: биринчидан, Хўжа Абду Дарун чиндан ҳам улуғ инсон эканлиги зеро Шайх Мотуридий каби улуғвор агар у кишининг шафоатларига муҳтож экан; иккинчидан, ул бузургвор кўмилган қабристоннинг қадимийлиги (IX аср), яъни у Шоҳи Зинда қабристонидан ҳам қадимийроқдир. Манбаларда кўрсатилишича, аллома милодий 861 йилда вафот қилган[2].

XIX асрда мақбара ҳовлининг ғарб томонига пешайвонли масжид ва мадраса қурилган. Пештоқ ва девор нақшлари орасида масжидни бунёд этган меъмор ва нақшкорлар номлари ёзилган ҳамда қурилиш тугалланган вақт 1908-1909 йиллар экани кўрсатилган.
Масжид 1981 йилдан буён расмий фаолият кўрсатиб келмоқда. Бугунги кунда «Вақф» хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали тасарруфидаги ушбу мажмуада таъмирлаш-реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Масжид тўлиқ янгидан кенгайтириб қурилмоқда.
“Вақф” фонди томонидан мажмуанинг мақбара қисми таъмирланаётган бўлса, маҳаллий аҳоли, саҳоватпеша инсонларнинг кўмагида етти минг намозхонни сиғдирдира олувчи, миллий меъморчилик андозалари асосидаги катта масжид қурилмоқда. Қурилиш ишлари 2019 йил март ойида бошланган.

“Пандемия шароитида ҳам ишлар тўхтаб қолмади, ёзнинг жазирама кунларида ҳам усталаримиз жонбозлик билан меҳнат қилмоқдалар. Ҳар ким ўз ҳимматича масжид ободлиги учун ҳисса қўшиб келмоқда. Савоб илинжида қурилиш материалларини арзонлаштирилган нархларда етказиб беришмоқда”, дейди масжид имом-хатиби Зафар Маҳмудов.

Бугунги кунга келиб, 39х41 ўлчамдаги 3 қаватлик хонақоҳ ҳамда минора деворлари кўтарилмоқда. 100 ўринлик таҳоратхона қурилиб, битказилди. Ҳозирда сўнги пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Хизмат хоналари, ёрдамчи хоналарни қуриш, ташқи фасад, ободонлаштириш ишлари ҳам баробар олиб борилмоқда. Насиб бўлса, тез орада мажмуа таркибида ўзининг юқори имкониятлари билан кенг жоме бўй кўрсатади. Ва ушбу масжид ўзининг сиғими бўйича яқинда Ургут туманида қуриб битказилган масжиддан сўнг вилоятдаги иккинчи катта масжид бўлади.

Ибодатгоҳ қурилиши ишларида хизмат кўрсатаётган барча фидоий инсонларга Аллоҳ таолодан мадад ва муваффақиятлар тилаб қоламиз. Ҳиссаларини қўшиш истагида бўлганлар учун:
Ҳ/р 20212000600361444001
ИНН 202610531
Миллий банк код 00278
Click, Payme:
UzCard: 8600 0201 3353 7899 Mahmudov Zafar
VisaCard: 4790 9122 1007 1066 Mahmudov Zafar
[1] Абул Ҳаким Самарқандий. Қандия–С., 1994 “Суғдиён”. 37-б.
[2] “Қандия”– 37-б.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар бўлими
Ўзбекистонда фаолият юритаётган устоз сифатида кейинги йилларда мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар алоҳида эътиборга лойиқ эканини таъкидламоқчиман. Айниқса, маънавий-маърифий ҳаётни юксалтириш, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш ҳамда инсон қадрини улуғлашга қаратилган ташаббуслар ўзининг амалий самарасини кўрсатмоқда.
Жорий йилги муборак Рамазон ойида давлат томонидан эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилган маблағлар, жойларда ифторлик ва хайрия тадбирларининг кенг ташкил этилаётгани жамиятда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада кучайтириши шубҳасиз. Бу тарихда ҳам кўп кўрилган натижа. Мамлакат раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган эзгу ишлар халқ фаровонлиги йўлида давлат ва жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорликнинг амалий ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, диний таълим муассасаларини ривожлантириш, масжидларни обод этиш, имом-хатиблар ҳамда соҳа вакилларининг билим ва малакасини оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам изчил давом этмоқда. Маърифий тарғибот ишларининг замонавий ёндашувлар асосида йўлга қўйилиши эса, айниқса, ёш авлоднинг соғлом ва тўғри билим олишида муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистонда яшаётган бир хорижлик инсон сифатида айтишим мумкинки, мазкур ислоҳотлар жамиятда ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ижтимоий барқарорлик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан ҳам катта аҳамиятга эгадир.
Шайх Аҳмад Ражаб Аҳмад Адавий,
Мир Араб Олий мадрасаси ўқитувчиси