Самарқанд шаҳридаги кўплаб муқаддас қадамжолар орасида “Хўжа Абду Дарун” мажмуаси алоҳида ўрин тутади. Таҳминан VIII– IX асрларда яшаб ўтган, мутасаввуф олим, адолатли қози, диний ва дунёвий илмлар эгаси бўлган Хўжа Абду Дарун ҳазратларининг ҳоки пойлари ётган ушбу даргоҳ XII асрдан бери сақланиб келади.
Ул зоти муаззамнинг мақбаралари Самарқанднинг қадимий девори – Девори қиёматнинг ичкари (тожикча - дарун) томонида жойлашгани учун Абду Дарун лақабини олганлар.
Хўжа Абду Даруннинг асл исми Муъизуддин бўлиб, хўжа Муҳаммад Яқубнинг фарзанди, у эса хўжа Абди бин Усмоннинг ўғлидир.
Бошқа манбаларда алломанинг Пайғамбаримиз (с.а.в) авлодаларидан эканлиги келтирилган.
“Қандия”да келтирилишича, “Ҳазрати Шайх Абу Мансур Мотуридий айтган эканларким: “Бизнинг вафотимиздан кейин Ҳазрати Хожа Абду Даруннинг яқинларига дафн этингким, ул киши ярим фарсах ергача атрофидагиларни ўз ҳимояларига олиб шафоат қилурлар ва биз ул кишининг шафоатларидан маҳрум бўлиб қолмайлик”.[1]
Мана шундан икки муҳим хулоса келиб чиқади: биринчидан, Хўжа Абду Дарун чиндан ҳам улуғ инсон эканлиги зеро Шайх Мотуридий каби улуғвор агар у кишининг шафоатларига муҳтож экан; иккинчидан, ул бузургвор кўмилган қабристоннинг қадимийлиги (IX аср), яъни у Шоҳи Зинда қабристонидан ҳам қадимийроқдир. Манбаларда кўрсатилишича, аллома милодий 861 йилда вафот қилган[2].

XIX асрда мақбара ҳовлининг ғарб томонига пешайвонли масжид ва мадраса қурилган. Пештоқ ва девор нақшлари орасида масжидни бунёд этган меъмор ва нақшкорлар номлари ёзилган ҳамда қурилиш тугалланган вақт 1908-1909 йиллар экани кўрсатилган.
Масжид 1981 йилдан буён расмий фаолият кўрсатиб келмоқда. Бугунги кунда «Вақф» хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали тасарруфидаги ушбу мажмуада таъмирлаш-реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Масжид тўлиқ янгидан кенгайтириб қурилмоқда.
“Вақф” фонди томонидан мажмуанинг мақбара қисми таъмирланаётган бўлса, маҳаллий аҳоли, саҳоватпеша инсонларнинг кўмагида етти минг намозхонни сиғдирдира олувчи, миллий меъморчилик андозалари асосидаги катта масжид қурилмоқда. Қурилиш ишлари 2019 йил март ойида бошланган.

“Пандемия шароитида ҳам ишлар тўхтаб қолмади, ёзнинг жазирама кунларида ҳам усталаримиз жонбозлик билан меҳнат қилмоқдалар. Ҳар ким ўз ҳимматича масжид ободлиги учун ҳисса қўшиб келмоқда. Савоб илинжида қурилиш материалларини арзонлаштирилган нархларда етказиб беришмоқда”, дейди масжид имом-хатиби Зафар Маҳмудов.

Бугунги кунга келиб, 39х41 ўлчамдаги 3 қаватлик хонақоҳ ҳамда минора деворлари кўтарилмоқда. 100 ўринлик таҳоратхона қурилиб, битказилди. Ҳозирда сўнги пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Хизмат хоналари, ёрдамчи хоналарни қуриш, ташқи фасад, ободонлаштириш ишлари ҳам баробар олиб борилмоқда. Насиб бўлса, тез орада мажмуа таркибида ўзининг юқори имкониятлари билан кенг жоме бўй кўрсатади. Ва ушбу масжид ўзининг сиғими бўйича яқинда Ургут туманида қуриб битказилган масжиддан сўнг вилоятдаги иккинчи катта масжид бўлади.

Ибодатгоҳ қурилиши ишларида хизмат кўрсатаётган барча фидоий инсонларга Аллоҳ таолодан мадад ва муваффақиятлар тилаб қоламиз. Ҳиссаларини қўшиш истагида бўлганлар учун:
Ҳ/р 20212000600361444001
ИНН 202610531
Миллий банк код 00278
Click, Payme:
UzCard: 8600 0201 3353 7899 Mahmudov Zafar
VisaCard: 4790 9122 1007 1066 Mahmudov Zafar
[1] Абул Ҳаким Самарқандий. Қандия–С., 1994 “Суғдиён”. 37-б.
[2] “Қандия”– 37-б.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар бўлими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бемор иложи борича Қуръони каримни тўла ўқиб, эшитиб юриши ёки имкониятига қараб қуйидагиларни доимо ўқиб юриши керак:
1. Фотиҳа сурасини етти марта ўқиш. Бу ҳар қандай касалликка шифо излашда муҳим қадамдир. Фотиҳа сураси Қуръондаги энг улуғ суралардан бўлиб, унинг ичида сон-саноқсиз сирлар яшириндир.
Расулуллоҳ соллаллолоҳу алайҳи васаллам бу сура ҳақида бундай деганлар: “Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, Аллоҳ таоло бу кабисини Инжилда ҳам, Забурда ҳам, Фурқонда ҳам нозил қилмаган".
Фотиҳа сурасини етти марта ўқилишининг сабабларидан бири Аллоҳ таоло уни “етти такрорланувчи” деб номлаганлигидир.
2. Оятал курсийни ўқиш.
Оятал курсий – Бақара сурасининг 255-ояти бўлиб, Набий алайҳиссалом таъкидлаганларидек, Қуръондаги энг буюк оятлардан биридир.
﴿اللَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْحَيُّ الْقَيُّومُ لَا تَأْخُذُهُ سِنَةٌ وَلَا نَوْمٌ لَهُ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ مَنْ ذَا الَّذِي يَشْفَعُ عِنْدَهُ إِلَّا بِإِذْنِهِ يَعْلَمُ مَا بَيْنَ أَيْدِيهِمْ وَمَا خَلْفَهُمْ وَلَا يُحِيطُونَ بِشَيْءٍ مِنْ عِلْمِهِ إِلَّا بِمَا شَاءَ وَسِعَ كُرْسِيُّهُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ وَلَا يَئُودُهُ حِفْظُهُمَا وَهُوَ الْعَلِيُّ الْعَظِيمُ﴾
"Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) ҳамиша Барҳаёт ва абадий Турувчидир. Уни на мудроқ тутар ва на уйқу. Осмонлар ва Ердаги (барча) нарсалар Уникидир. (Қиёмат куни) Унинг ҳузурида ким ҳам (гуноҳкорларни) Унинг рухсатисиз шафоат қила оларди?! (У) улардан (одамлардан) олдинги ва кейинги нарсаларни билур. (Одамлар) Унинг илмидан фақат (У) истаганмиқдорича ўзлаштирурлар. Унинг Курсийси осмонлар ва Ерни (ҳам) ўз ичига сиғдира олур. У иккисини муҳофаза этиш Уни толиқтирмас. У Олий ва Буюкдир" (Бақара сураси, 255-оят).
Мазкур оят бемор шифо топишида муҳим аҳамиятга эга. Аллоҳ таоло бу оятни ўқувчи кишини ёмонликлар, турли мусибатлар ва касалликлардан сақлайди.
3. Бақара сураси охирги икки оятини ўқиш.
﴿آَمَنَ الرَّسُولُ بِمَا أُنْزِلَ إِلَيْهِ مِنْ رَبِّهِ وَالْمُؤْمِنُونَ كُلٌّ آَمَنَ بِاللَّهِ وَمَلَائِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ لَا نُفَرِّقُ بَيْنَ أَحَدٍ مِنْ رُسُلِهِ وَقَالُوا سَمِعْنَا وَأَطَعْنَا غُفْرَانَكَ رَبَّنَا وَإِلَيْكَ الْمَصِيرُ﴾
"Пайғамбар (Муҳаммад) ўзига Парвардигоридан нозил қилинган нарсага (оятларга) имон келтирди ва мўминлар ҳам. (Уларнинг) ҳар бири Аллоҳга, фаришталарига, китобларига ва пайғамбарларига бирортасини ажратмасдан (ҳаммасига) имон келтирди. «Эшитдик ва итоат этдик. Эй, Роббимиз, мағфиратингни (сўраймиз). Қайтишлик фақат Сенинг ҳузуринггадир», дедилар (Бақара сураси, 285-оят).
﴿لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا لَهَا مَا كَسَبَتْ وَعَلَيْهَا مَا اكْتَسَبَتْ رَبَّنَا لَا تُؤَاخِذْنَا إِنْ نَسِينَا أَوْ أَخْطَأْنَا رَبَّنَا وَلَا تَحْمِلْ عَلَيْنَا إِصْرًا كَمَا حَمَلْتَهُ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِنَا رَبَّنَا وَلَا تُحَمِّلْنَا مَا لَا طَاقَةَ لَنَا بِهِ وَاعْفُ عَنَّا وَاغْفِرْ لَنَا وَارْحَمْنَا أَنْتَ مَوْلَانَا فَانْصُرْنَا عَلَى الْقَوْمِ الْكَافِرِينَ﴾
Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди. Унинг касб этгани (яхшилиги) – ўзига ва орттиргани (ёмонлиги) ҳам ўзигадир. (Яна дедиларки:) «Эй, Роббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, бизни койима! Эй, Роббимиз, биздан илгари ўтганларнинг зиммасига ортган машаққатни бизнинг зиммамизга ортма! Эй, Раббимиз, тоқатимиз етмайдиган нарсани бизга юклаб ташлама! Бизларни афв эт ва кечир ҳамда бизларга раҳм қил! Сен бизнинг Хожамизсан. Бас, бизларга кофирлар қавми устидан ғолиблик ато эт!» (Бақара сураси, 286-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу икки оят фазилати ҳақида бундай деганлар:“Кимки, кечаси ушбу икки оятни ўқиса, ҳар қандай ёмонлик, касаллик, хафалик ва ғамгинликка кифоя қилади”.
4. Ихлос сурасини ўқиш.
Набий алайҳиссалом бу сура Қуръоннинг учдан бирига тенг эканини айтганлар. Ушбу сурада Аллоҳ таолонинг Ваҳдоният сифатлари зикр қилинган. Уни беморга ўн бир марта ўқиш тавсия этилади. Бунча ададда ўқилишининг сабабларидан бири ояти ҳарфларининг сони 11 та эканидир.
5. Муаввизатайн сураларини ўқиш.
Бу суралар Фалақ ва Нос сураларидир. Ушбу икки сура ҳақида Набий алайҳиссалом: “Мўмин бу иккисидан кўра афзали билан паноҳ сўрамайди” деганлар.
Мўъмин киши ушбу икки сурани ўқиб, дуо қиладиган бўлса, Аллоҳ таоло уни турли касалликлар, ёмонликлардан паноҳида сақлайди ва дардига шифо беради.
Юқорида айтиб ўтилган оят ва сураларнинг барчасини ҳар қандай касалликка молажа тарзида ўқиш мумкин. Шу ўринда, яна қўшмча тарзида маълум бир касалликларга шифо бўлишида умид қилиб ўқилиши тавсия этиладиган баъзи оят ва сураларни келтириб ўтамиз.
Руҳий толиқиш, ваҳима ва қўрқувга тушганда ўқиладиган оят:
Юқоридаги сураларга қўшимча, Раъд сураси, 27-ояти ўқилади. Эрталаб ва кечқурун ушбу оятни 7 мартадан такрорланади.
﴿الَّذِينَ آَمَنُوا وَتَطْمَئِنُّ قُلُوبُهُمْ بِذِكْرِ اللَّهِ أَلَا بِذِكْرِ اللَّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ﴾
"Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)" (Раъд сураси, 28-оят).
Шунингдек, Қурайш сурасини кўп марта такрорлаш керак.
"Исломда саломатлик" китобидан
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли