Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши диний соҳада кўп йиллар самарали хизмат қилган, жонкуяр уламо, фидоий инсон Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматовнинг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Раҳматли Хайруллоҳ домла Турматов Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таълим олган, меҳнат фаолияти давомида Тошкент вилоятидаги "Четсув", "Қорабоғ", “Зангиота” жоме масжидлари имом-хатиби, Ангрен шаҳри бош имом-хатиби ва Тошкент вилояти бош имом-хатиби вазифаларида фидокорона хизмат қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси ушбу оғир мусибатга чин қалбдан шерик эканини изҳор этади. Барчамизни Аллоҳ таоло яратган. Тақдирларимизни иҳота қилувчи ягона Зот ҳам фақатгина Роббимизнинг Ўзидир. Қуръони каримда: “…Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз…” (Бақара, 156) дейилган.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилаётган бу дин хизматчисини мағфиратига олсин, яқинларига сабру жамил бериб, қазои қадарини имон ила, розилик ила қарши олганлар қаторида ажру мукофотлар ато этсин.
Хайруллоҳ домла Турматовга уламолар, имом-хатиблар, имом ноиблар, жоме масжидлардаги ҳар бир масъул ходим ҳамда қалблари Аллоҳнинг байтига боғланган қадрли инсонларнинг эҳтироми баланд ва юксак эди.
Фаолиятлари давомида жоме масжидларни обод ва кўркам, намозхонларни ибодат қилишлари учун муносиб ва замонавий шарт-шароитларга эга бўлиши йўлида тиним билмай меҳнат қилаётган эдилар...
Ҳадиси қудсийлардан бирида айтилади: “Эй Одам фарзанди! …Албатта, Мен сизларнинг суратингизга ҳам, чиройингизга ҳам қарамайман. Балки қалбингизга қарайман ва сизлардаги яхши хислатлардан рози бўламан”. Раҳматли Хайруллоҳ домла Турматов ҳам ана шундай яхши хислатлар, эзгу фазилатлар соҳиби эди.
Аллоҳ таоло марҳум уламони Ўз мағфиратига олсин, чеккан дардларини гуноҳларига каффорат айласин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Аллоҳ таоло одамзодга ақл, эс-ҳушга қўшиб дид, фаросат деган улуғ неъматларни берганки, уларни ишлатган, ишлата олган киши ҳар доим ҳамма жойда эъзоз ва қадр топган. Илло, ишлата олмаган кишининг ўзидан бошқаларни айблаши айни аҳмоқлик, жоҳиллик ва нодонликдир.
Қуръони каримни оёқлари остига олиб тепкилаётганини тасвирга тушириб, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатган кимсанинг хатти-ҳаракатлари юртимиз мўмин-мусулмонларининг нафратини уйғотди, ғазабини келтирди. Рост-да, ақлли, соғлом киши шундай ишни қилиши у ёқда турсин, ҳатто хаёлига ҳам келтиришининг ўзи даҳшатли-ку.
Ислом шиорлари улуғланади, диний масалаларга нафақат ҳар бир мусулмон, айни пайтда барча кишилар ҳурмат билан муносабатда бўлиши ҳам одамийлик нуқтаи назаридан, ҳам ҳуқуқий жиҳатдан зарурдир.
Аллоҳ таолонинг шиорларини оёқости қилиш, улардан бирортасини масхаралаш, камситиш, беҳурмат қилиш, хўрлаш, менсимаслик, хор қилиш мўмин кишининг диндан чиқишига сабаб бўлади (Аллоҳ асрасин!).
Ислом таълимотига кўра, “шиор” сўзи “нишон”, “белги”, “аломат” маъноларини билдиради. Аллоҳ таолонинг динининг кўзга кўринган ва шон-шавкати аломати бўлган нарсалар шиор ҳисобланади. Мусҳафи шариф, ояти карималар кўчирилган варақлар шуларнинг энг олд сафида туради.
Аллоҳ таоло Ислом шиорларини қадрлашга тарғиб этган ва уларни топташ, масхаралашдан қаттиқ қайтарган. Жумладан, Ҳақ таоло Қуръони каримда: “(Гап) шудир. Яна кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) дилларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси, 32 оят), – деб хитоб қилган.
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шариатнинг шиорини паст санаганларни қаттиқ қоралаб бундай деганлар: «“Аниқ биламанки, умматим ичидаги баъзи кимсалар Қиёмат кунида Тиҳома тоғи каби улкан ҳасанотлар билан оппоқ бўлиб келишади, лекин Аллоҳ таоло уларнинг амалларини тўзиган чанг каби қилиб қўяди”. Шунда Cавбон розияллоҳу анҳу: “Ё Раcулуллоҳ, бизга уларни cифатлаб, очиқ баён қилиб берсангиз, билмасдан ўшалардан бўлиб қолмайлик!” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Улар cизларнинг биродарларингиз, cизларга ўхшаган одамлардир. Улар ҳам cиз каби тунлари ибодат қилади. Лекин улар шундай одамларки, ёлғиз қолган вақтларида шариатнинг шиорларини топтайдилар”, – дедилар (Имом Ибн Можа ривояти).
Қуръони каримнинг даражаси шу қадар улуғки, ҳатто Мусҳафни таҳоратсиз ушлаб бўлмайди. Қуръонни ушламоқчи бўлган одам таҳоратли бўлиши вожибдир. Аллоҳ таоло: «Уни фақат покланганларгина ушлайдир», деган (Воқеа сураси, 79-оят).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни пок одамгина ушлайди”, дедилар (Имом Табароний ривояти).
Шунингдек, Аллоҳ таолонинг Китобини унинг мавқеига муносиб, чиройли ғилофда сақлаш вожиблиги, тозалигига этибор қаратиш, муносиб жойга қўйиш ҳам вожибдир.
Уламолар: “Қуръони каримни ахлатга ташлаган одам кофир бўлади”, дейишган. Каломуллоҳнинг ҳурматини жойига қўймайдиган одамга Мусҳафни сотиш ҳаром.
“Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим”да Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мусҳаф душманнинг қўлига тушиб қолиш хавфи бўлса, Мусҳаф билан душман ерларига сафар қилишдан қайтарганлари келтирилган.
Уламоларнинг фатволарида бундай дейилади: “Ким азонни масхара қилса ёки Қуръони каримни енгил санаб оёқости қилса, шаръий илмларни ёхуд уламоларни масхара қилса, ибодатларни енгил санаб бажармаса, масжидни масхара қилса, кофир бўлади” (“Ғамзу уюнил басоир шарҳ ашбоҳ ван-назоир” китоби).
Биз Қуръони каримни улуғлашни солиҳ салафлардан ўрганишимиз керак. Имом Қатода раҳимаҳуллоҳ: “Қуръони карим ўқиганимдан буён пиёз емадим”, деган бўлса, Имом Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ: “Қуръон ўқиётиб сизни эсноқ тутиб қолса, эсноғингиз кетгунича ўқимай туринг”, деган.
Аллоҳнинрг оятларини оёқости қилаётган кимсалар наҳотки Имом Нававий раҳимаҳуллоҳнинг: “Кимдир сизга Мусҳаф берса, уни тик турган ҳолда олинг. Чунки уламо ва азиз кишилар келганда туриш мустаҳаб саналади. Мусҳаф (учун туриш) авлороқдир”, деганини англамаса...
Қуръони каримни хорлаш, масхаралаш, қадрини ерга уриш кофир ва мунофиқ кимсаларнинг ишидир. Бу ҳақда ояти каримада бундай дейилади: “Кофир бўлганларга бу дунё зийнатли қилиб қўйилган. Улар имон келтирганлар устидан куладилар. Ҳолбуки, қиёмат куни тақволи бўлганлар улардан баланддирлар” (Бақара сураси, 212-оят).
Ислом шиорларини, хусусан, Қуръони каримни масхара қилиш мўминга ҳам, соғлом ақл эгасига ҳам мутлақо ярашмайди. Айниқса, мамлакатимиз аҳолисининг асосий қисми Ислом динига эътиқод қилар экан, халқимизнинг миллий ва диний қадриятларини ҳурмат қилиш ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг бурчидир.
Толибжон НИЗОМ