Пандемия шароитида мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020-2021 ўқув йили учун қабул имтиҳонларини очиқ майдонларда ўтказиш бўйича кўрсатма берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларида қабул имтиҳонлари Давлат тест маркази томонидан ўтказилиши белгиланган бўлиб, қуйидаги ҳудудлардаги очиқ майдонларда ўтказилади:
- “Муҳаммад ал-Беруний” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ҳужжат топширган абитуриентлар учун “Турон” марказий стадиони – Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳри;
- “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ҳужжат топширган абитуриентлар учун Спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби асосий стадиони 1А-биносида – Андижон шаҳар, 3-кичик даҳа, Машраб кўчаси;
- “Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ҳужжат топширган абитуриентлар учун Навбаҳор-умид стадиони – Наманган шаҳри, 5-кичик туман;
- “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ҳужжат топширган абитуриентлар учун “Насаф” футбол клуби машғулотлар майдони – Қарши шаҳар, Мустақиллик шоҳ кўчаси 5-уй;
- “Мир Араб” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ҳужжат топширган абитуриентлар учун Бухоро спорт мажмуаси стадиони – Бухоро шаҳар, Иброҳим Мўминов кўчаси 9-уй, “Дилкушо” теннис стадиони – Бухоро шаҳар, Ислом Каримов кўчаси 24-уй;
- “Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасасига ҳужжат топширган абитуриентлар учун Бухоро спорт мажмуаси стадиони – Бухоро шаҳар, Иброҳим Мўминов кўчаси 9-уй, “Дилкушо” теннис стадиони – Бухоро шаҳар, Ислом Каримов кўчаси 24-уй;
- “Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ҳужжат топширган абитуриентлар учун Хоразм спорт мажмуаси – Урганч шаҳар, Байналмилал кўчаси 18-уй;
- “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ҳужжат топширган абитуриентлар учун “Сурхон” спорт мажмуаси захира футбол майдони – Термиз шаҳри, А.Навоий кўчаси, 43-Б уй;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жойлашган таълим муассасалари бўйича тест синовлари 2020 йил 16 сентябрь куни соат 17:00 да бошланади. Абитуриентлардан тест синовлари ўтказиладиган ҳудудларга соат 15:30 да паспорт ва ДТМ рухсатномаси билан келишлари талаб этилади.
- “Кўкалдош” ва “Хадичаи Кубро” ўрта махсус ислом таълим муассасасига ҳужжат топширган абитуриентлар учун Тошкент шаҳар, Талабалар шаҳарчаси - Мўлжал Беруний метроси чиқиш жойи.
Мазкур таълим муассасалари бўйича тест синовлари 2020 йил, 17 сентябрь куни 1-смена бўйича соат 08:00 да, 2-смена бўйича 17:00 да бошланади. Абитуриентлардан тест синовлари ўтказиладиган ҳудудларга соат 1-смена бўйича соат 06:00 да, 2-смена бўйича 15:00 да паспорт ва ДТМ рухсатномаси билан келишлари талаб этилади. Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳужжатлардан бири бўлмаган тақдирда, абитуриент тест синовларига киритилмайди. Шунингдек, абитуриентнинг қайси сменада тест синовлари топшириши ДТМ рухсатномасида кўрсатиб ўтилган.
Абитуриентлар карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги тартибда тест синовларига киритилади:
- дизенфекция тоннелидан ўтказилади;
- тана ҳарорати масофадан ўлчаш қурилмаси орқали ўлчанади;
- тиббий ниқоб ва қўлқоп билан таъминланади.
ДТМ рухсатномасини қай тартибда олиш бўйича қўшимча маълумот берилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими
Фотиҳа сураси 7 оятдан, 27 сўз ва 140 ҳарфдан иборат.
Фотиҳа Қуръони каримнинг биринчи сурасидир. Фотиҳа сураси билан намознинг ҳар бир ракати аввалида ўқилиши ва Қуръони карим у билан бошлангани учун “Фотиҳа” (очувчи) деб номланади. Бу сура “Уммул Китоб” (Китобнинг онаси) деб ҳам аталади. Сабаби Фотиҳа Қуръоннинг мазмунини, Ислом дини асосларини ўзида жамлаган.
Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Алҳамдулиллаҳи Роббил аъламийн Уммул Қуръон, Уммул Китоб, Сабъул масоний (етти такрорланувчи) ва Ал-Қуръанул азийм (улуғ Қуръон)дир”», дедилар.
Фотиҳа сураси “Ас-солат” (намоз) деб ҳам номланади. Чунки у намознинг шартларидан биридир.
Ушбу сура “Шифо” деб ҳам номланган. Имом Доримий Абу Саъид розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳолатда ривоят қилган ҳадисда: “Фотиҳатул Китоб – ҳар бир заҳарга шифодир”, дейилган.
Бу сура “Руқия” деб ҳам номланади. Сўфён ибн Уяйна Фотиҳа сурасини “Воқия”, Яҳё ибн Аби Касир эса “Кофия” деган. Яна у “Намоз ва хазина” ҳам дейилади. Буни Имом Замахшарий ўзининг “Кашшоф” тафсирида келтирган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Фотиҳатул Китоб – Аршимнинг хазиналаридан бир хазинадир”».
Фотиҳа сурасининг номи кўплиги унинг шарафи ва фазлининг юқорилигига далилдир.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бу сура ҳақида: “Аллоҳ таоло аввалги китоблардаги барча илмларни Қуръонга жамлади. Сўнгра, Қуръонни ҳам муфассал ҳолда жамлаб, уни Фотиҳа сурасига киритди. Ким Фотиҳа сурасининг тафсирини билса, Қуръоннинг нозил қилинган барча маъноларини тушунибди”, деган.
Маҳмуд Замахшарий “Кашшоф” асарида қуйидагиларни келтиради: “Ушбу сурада Аллоҳ таолога ҳамд, Унга ибодат, амри-маъруф ва наҳий-мункар, ваъд ва ваъидлар зикр қилинган бўлиб, улар Қуръондаги барча оятлар маъносини ифодалайди”.
Фахриддин Розий “Мафотиҳул-ғайб” асарининг Фотиҳа сураси тафсирида: “Фотиҳа сураси илоҳиёт, охират, нубувват, қазо ва қадар масалаларини ўзида жамлагандир.
Аллома Ҳусайн ибн Абдуллоҳ Тийбий “Шарҳ ал-Кашшоф” асарида Фотиҳа сурасини қуйидагича шарҳлаган: “Фотиҳа сураси диннинг устуни бўлган тўрт илмни ўз ичига олган”.
Биринчиси, шариатнинг асоси бўлган ва Аллоҳ азза ва жалланинг сифатларини ўрганишга бағишланган илм. Ушбу маънолар «Ҳамд оламларнинг Робби – Аллоҳгаким, (У) Mеҳрибон, Раҳмли ва жазо (ва мукофот) кунининг (қиёмат кунининг) эгасидир» (Фотиҳа сураси, 1-3-оятлар)оятларида жамланган.
Иккинчиси, ибодат масалаларига тааллуқли бўлган илм. Бу илмнинг барчаси «Сенгагина ибодат қиламиз…» (Фотиҳа сураси, 4-оят) оятида жам бўлган.
Учинчиси, камолотга етказувчи одоб-ахлоқ масалалари. Суранинг «…Сендангина ёрдам сўраймиз. Бизни шундай тўғри йўлгайўллагинки…» (Фотиҳа сураси, 4-5-оятлар)оятлари барча ахлоқий масалаларнинг мазмунини қамраб олади.
Тўртинчиси, ўтган солиҳ зотлар ва золим кимсалар тўғрисида хабар қилинган қиссалардир. Уларнинг етказилишидан мурод – яхшиларга берилган неъматлар ва ёмонларга кўрсатилган жазолардан ибратдир. Хусусан, сурадаги «у Сен инъом этган зотларнинг йўли (ҳидоят йўли) бўлсин, ғазабга учраган ва адашганларнинг эмас!» (Фотиҳа сураси, 6-7-оятлар) ояти Қуръонда зикри келган барча қиссаларнинг мазмунини ифодалайди.
Имом Ғаззолийнинг “Ховосс ал-Қуръон ал-карим” асарида Фотиҳа сураси ҳақида бундай дейилган: “Сурада жамики итоат қилувчи солиҳ бандаларнинг сифати аниқ ва равон баён этилган”.
ЎМИ Матбуот хизмати