Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

Расмий муносабат: “Шарли Эбдо”даги карикатура бўйича

4.09.2020   3977   2 min.
Расмий муносабат: “Шарли Эбдо”даги карикатура бўйича

Шу йил 2 сентябрь куни Париж шаҳрида 2015 йилнинг 7 январида “Шарли Эбдо” журнали таҳририятига уюштирилган ҳужумга алоқадорликда айбланаётган 14 киши устидан суд иши бошланди. Шу муносабат билан мазкур журнал таҳририяти Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга оид карикатурани қайтадан босиб чиқарди.

Ушбу карикатура чоп этилиши мусулмон оламида турли эътироз ва норозиликларга сабаб бўлмоқда. Жумладан, Мисрдаги Ал-Азҳар университети ушбу карикатурани чоп этгани учун “Шарли Эбдо” таҳририятини қоралаб баёнот билан чиқди. Баёнотда бундай карикатураларни атайин қайтадан чоп этиш мўмин-мусулмонларнинг ҳиссиётларини қўзғаш, фитна чиқариш ва мусулмонларнинг диний қадриятлари, тимсолларига нисбатан тажовуз экани айтилади ҳамда бу ҳолат мусулмонлар томонидан қаттиқ қораланиши билдирилади.

Шу ўринда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ушбу хатти-ҳаракатни қоралаб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни обрўсизлантиришга қаратилган ҳолатни халқлар ўртасидаги ўзаро тотувликни бузишга қаратилган фитна, ўз навбатида, одамларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний қадриятларни оёқ ости қилиш, миллатлараро ва динлараро адоват уйғотиш, деб баҳолайди.

Шуни таъкидлаш зарурки, ким бўлишидан қатъий назар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар қанча камситишга уринмасин, бу иши билан муборак динимизга ёки У зотнинг сийратларига заррача ҳам зиён етказа олмайди. Ислом тарихидан кўриш мумкинки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига ҳатто суи­қасд қилишга интилган Ҳаким ибн Ҳизомни бағрикенглик ила кечириб юборганлар. Суюкли амакилари бўлган Ҳамза ибн Абдулмутталибни ўлдирган Ваҳшийни бир умр қалбларида қайғули хотира сифатида муҳрланган бўлишига қарамай, уни афв қилганлар. Булар шубҳасиз, Қуръони каримдаги: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка бую­ринг! Жоҳиллардан юз ўгиринг!” (Аъроф, 199) кўрсатмасининг амалдаги исботидир.

Шундай экан, бундай ҳаракатларга нисбатан тажовузкорона эмас, балки Набий алайҳиссаломга хос ҳалимлик, босиқлик ва зукколик билан муносабат билдириш керак. Шунда ёмон ниятли кимсалар томонидан халқлар, миллатлар, динлар ўртасига низо уруғини сочиш мақсадида уюштирилаётган ҳар хил кўринишдаги фитналар, турли найрангларга Пайғамбаримиз алайҳиссаломга  хос  ва мос йўл тутган бўламиз.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Расулуллоҳ ﷺнинг ризқ йўлида меҳнат қилишларидаги ҳикматлар

25.11.2024   1836   1 min.
Расулуллоҳ ﷺнинг ризқ йўлида меҳнат қилишларидаги ҳикматлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йигитлик ёшларини қаршилашлари билан ризқ йўлида ҳаракат қила бошладилар. У зот кейинчалик ўзлари ҳақида бундай деганлар: “Мен Макка аҳлининг қўйларини арзимаган чақалар эвазига боқиб берардим”.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ризқ ва озуқа топиш мақсадида чўпонлиқ қилишларида учта муҳим ибрат бор:

1) У зотнинг амакилари Абу Толиб жуда ҳам меҳрибон ва ғамхўр эди. Лекин, Расулуллоҳ алайҳиссалом имконлари етганича амакиларига кўмаклашар эдилар. Гарчи топаётган фойдалари амакилариникига нисбатан жуда оз бўлса ҳам, бу нарсада ташаккур билдириш, имкон қадар ёрдамлашиш ва гўзал муносабат бор эди.

2) Аллоҳ таолонинг илоҳий ҳикмати бизга: инсон ўз қўли билан касб қилиб топган нарсалари энг тотли ва лаззатли эканини билдирмоқда. Энг қадрсиз ва ёмон нарса эса қийинчилик ва машаққатсиз топилган мол-дунё эканига ишора қилмоқда.

3) Агар инсонларни тўғри йўлга етакловчи насиҳат қилиши ортидан инсонларнинг қўлига қараб қолса, унинг эслатмалари ҳеч қандай қийматга эга бўлмайди. Шунинг учун ҳар бир инсоннинг қасб-ҳунари бўлиши керак. Шундагина инсонлардан бирортаси унга на миннат қилади ва на унинг тилини қиса олади.


Солиев Элёрбек Муҳаммад Мусо ўғли,
“Файзуллахўжа ўғли Муродхожи” жоме масжиди имом-ноиби.