Шу йил 2 сентябрь куни Париж шаҳрида 2015 йилнинг 7 январида “Шарли Эбдо” журнали таҳририятига уюштирилган ҳужумга алоқадорликда айбланаётган 14 киши устидан суд иши бошланди. Шу муносабат билан мазкур журнал таҳририяти Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга оид карикатурани қайтадан босиб чиқарди.
Ушбу карикатура чоп этилиши мусулмон оламида турли эътироз ва норозиликларга сабаб бўлмоқда. Жумладан, Мисрдаги Ал-Азҳар университети ушбу карикатурани чоп этгани учун “Шарли Эбдо” таҳририятини қоралаб баёнот билан чиқди. Баёнотда бундай карикатураларни атайин қайтадан чоп этиш мўмин-мусулмонларнинг ҳиссиётларини қўзғаш, фитна чиқариш ва мусулмонларнинг диний қадриятлари, тимсолларига нисбатан тажовуз экани айтилади ҳамда бу ҳолат мусулмонлар томонидан қаттиқ қораланиши билдирилади.
Шу ўринда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ушбу хатти-ҳаракатни қоралаб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни обрўсизлантиришга қаратилган ҳолатни халқлар ўртасидаги ўзаро тотувликни бузишга қаратилган фитна, ўз навбатида, одамларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний қадриятларни оёқ ости қилиш, миллатлараро ва динлараро адоват уйғотиш, деб баҳолайди.
Шуни таъкидлаш зарурки, ким бўлишидан қатъий назар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар қанча камситишга уринмасин, бу иши билан муборак динимизга ёки У зотнинг сийратларига заррача ҳам зиён етказа олмайди. Ислом тарихидан кўриш мумкинки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига ҳатто суиқасд қилишга интилган Ҳаким ибн Ҳизомни бағрикенглик ила кечириб юборганлар. Суюкли амакилари бўлган Ҳамза ибн Абдулмутталибни ўлдирган Ваҳшийни бир умр қалбларида қайғули хотира сифатида муҳрланган бўлишига қарамай, уни афв қилганлар. Булар шубҳасиз, Қуръони каримдаги: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг! Жоҳиллардан юз ўгиринг!” (Аъроф, 199) кўрсатмасининг амалдаги исботидир.
Шундай экан, бундай ҳаракатларга нисбатан тажовузкорона эмас, балки Набий алайҳиссаломга хос ҳалимлик, босиқлик ва зукколик билан муносабат билдириш керак. Шунда ёмон ниятли кимсалар томонидан халқлар, миллатлар, динлар ўртасига низо уруғини сочиш мақсадида уюштирилаётган ҳар хил кўринишдаги фитналар, турли найрангларга Пайғамбаримиз алайҳиссаломга хос ва мос йўл тутган бўламиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўлим ҳар бир инсоннинг ҳаётдаги охирги нафаси, шу билан ҳар бир инсоннинг абадияти ҳал этиладиган энг сўнги лаҳза, яхшилик ва ёмонликларимизнинг заррачасини ҳам қолдирмай кўз ўнгимизга олиб келадиган, ҳисоб қилинадиган вақт, қабрда жаннат боғчаларидан бир боғча ёки дўзах чуқурларидан бир чуқур бўлишини исботлайдиган ҳолдир.
Ўлимнинг ҳақиқий маъносини тушуниб, унинг улкан маҳобатини ҳис этган олимлар бўлар бўлмасга ўлим сўзини тилларига чиқараверишдан ҳам истиҳола қилганлар. Шунинг учун ҳам халқимиз талаффузида вафот этган кишига нисбатан тўғридан-тўғри ўлим сўзи ишлатилмайди. Балки фалон киши дунёдан ўтибдилар, йўқ бўлиб қолибдилар, омонатни топширибдилар каби сўзларни ишлатиш урфга айланган.
Бугун эса, бу сўзга нисбатан енгил муносабатда бўлиб қолганимиз ўз жонига қасд қилиш иллати авж олишига сабаб эмасмикан? Эътибор бериб қарасангиз, айримларда тушунчанинг етарли эмаслиги сабабидан кўпчилик ўзаро ҳазиллашиб ҳам ўлим сўзини ишлатмоқда, ҳатто айрим оналаримиз фарзандларини қўрқмасдан “ўлим” сўзини ишлатиб қарғамоқдалар.
Ўз жонига қасд қилиш иллатининг бундан ҳам даҳшатли сабабларидан бири кўпчилик ёши катталаримиз ҳам, ўлим хабарини эшитган пайтда мусулмон кишига хос бўлган одобни ҳам билмаслигидир. Кўпчилик узоқ вақт касал бўлиб ёки қийналиб дунёдан ўтган кишини эшитса, унга муносабат билдириб “ташвишдан, қийинчиликдан қутулибди” деган сўзларни ҳам ишлатмоқдалар. Бу каби гап сўзлар билан нафақат ўзимиз ғафлатда юрибмиз, балки ёшларимизнинг ҳам онгини чалғитишга, ўлим билан осонгина ўйнашишга сабабчи бўлиб қолмоқдамиз. Бу ҳақда ҳадиси шарифларда бундай дейилади:
فعَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ : قِيلَ : يَا رَسُولَ اللَّهِ ، مَاتَتْ فُلَانَةُ ، وَاسْتَرَاحَتْ , فَغَضِبَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَقَالَ : إِنَّمَا يَسْتَرِيحُ مَنْ غُفِرَ لَهُ (رواه أحمد 24192)
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ё Аллоҳнинг Расули, фалон аёл вафот этиб, хотиржам бўлди, дунёнинг машаққатларидан қутилди дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланиб: “Аллоҳ таоло томонидан мағфират этилган кишигина нажот топади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Ўз жонига қасд қилишнинг тарқалишига яна бир жиддий сабаблардан бири меҳр-шафқатнинг етишмаслигидир. Доимо бир-бирлари билан чиқиша олмайдиган, арзимас сабаб билан бақир-чақирлар бўлаверадиган оилаларда ўсаётган фарзандларнинг жажжигина қалби дунёни ушбу ёвуз оила тимсолида тасаввур этиб улғаяди. Дунёни меҳрсиз деб тушуниб улғайган фарзанднинг қулоғига иккинчи томондан ўлим сўзи оддий нарса, ҳаёт қийинчиликларидан қутулиш йўли бўлиб эшитилиб тургандан кейин у нима қилсин?
Бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмайлик, фарзандларимизга берган меҳримиз сабабидан ҳам биз икки дунёда Роббимиз томонидан раҳм қилинамиз. Аллоҳ таолонинг Ўзи азиз халқимизни бу каби иллатларнинг домига тушиб қолишдан Ўз паноҳида асрасин.
Ш.Исроилов
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Учқўрғон тумани Муҳаммад Зариф жоме масжиди имом-хатиби