Ўзга дин вакилларидан бири мусулмон олимига савол берди: “Қуроъонни ўқиб чиқдим ва натижада менда бир неча саволлар пайдо бўлди. Ишониб айтаманки ушбу саволларимга жавоб бера олмайсиз”.
“Марҳамат, аввал саволингизни беринг, хулоса қилишга асло шошилманг!” деди мусулмон олими.
Саволим қуйидагича: “Бақара сурасининг 260-оятида: “Эй Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат”, деган. Демак, Иброҳим ҳам ўликлар қайта тирилишига ишонмаган. Бу эса Қуръоннинг мўъжизавий китоблигига шубҳа келтиради”.
“Аввало оятни тўлиқ айтмадингиз. Оятнинг тўлиғи қуйидагича: Эсла, Иброҳим: «Эй Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат», деганда, У зот: «Ишонмадингми?» деди. У: Оре, лекин қалбим хотиржам бўлиши учун», деди. У зот: «Қушдан тўртта олгин-да, ўзингга тортиб, кесиб майдала, сўнгра улардан ҳар бир тоққа бўлакларини қўйгин, кейин уларни ўзингга чақир, ҳузурингга тезлаб келурлар ва билгинки, албатта, Аллоҳ азиз ва ҳаким зотдир», деди”.
Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таоло ўликларни тирилтира олишига ҳеч қандай шубҳа қилмаганлар. У зот алайҳиссаломнинг бунга ишончлари комил эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло «Ишонмадингми?» деб сўраганида: «Оре (ишондим), лекин қалбим хотиржам бўлиши учун», дедилар. Дилда ишонган нарсани, кўз билан кўриб, Аллоҳ таолонинг қудратидан кўнгил хотиржам бўлиши учун сўраганлар.
Шунингдек, саволга яхшилаб эътибор беринг! “Эй Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат”, демак “ўликларни тирилтирасанми?” эмас балки “ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат”, деяптилар.
Сизга бир мисол, ҳозирда деҳқон ҳам, чўлда яшовчи бадавий ҳам уйида электрдан фойдаланади, тўғрими? Лекин электрни қандай келишини билмайдилар. Бироқ улар ҳаётда ундан фойдаланаётганлари рост. Ахир кейинчалик уни қаердан келишини ўрганиш ва билишлари электрдан фойдаланиши ёки фойдаланмаслигини ўзгартирмайдику.
Хулоса шуки, Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолога бўлган иймонларида ҳаргиз шубҳанинг учқуни ҳам бўлмаган. Бу ерда сиз оятнинг ҳақиқатини тушунмагансиз холос (савол-жавобнинг давоми бор).
Яҳё АБДУРАҲМОНОВ Убайдуллоҳ ўғли,
“Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби.
Маккада Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича 46-халқаро танлов бошланди.
ИҚНА "Saudi Gazette" нашрига таяниб хабар беришича, пайшанба куни Маккада Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича қирол Абдулазиз номидаги 46-халқаро танлов бошланди.
Олтинчи рабиулаввалга (19 августга тўғри келади) қадар давом этадиган мусобақада 133 мамлакатдан жами 334 нафар эркак ва аёллар иштирок этмоқда, бу ушбу мусобақа тарихидаги энг катта вакилликдир.
Мусобақанинг мақсади "мусулмон ёшларни Қуръони Каримни ёд олиш, англаш ва мушоҳада қилишга ундаш, шунингдек, ҳалол рақобатни яратишдан иборат."
Танлов бешта тоифани ўз ичига олади ва умумий совринлар миқдори 10 260 000 Саудия риалини ташкил этади - бу танлов таъсис этилганидан бери энг юқори соврин жамғармаси.
Аввалроқ ушбу мусобақада Ўзбекистон шарафини қуйидагилар ҳимоя қилиши хабар қилинганди:
Муҳаммадаброр қори Юнусхонов («Мир Араб» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (Тўлиқ Қуръон ҳифзи);
Муҳаммадамин қори Олимжонов («Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (15 пора ҳифзи);
Зилолахон Фарҳодова (Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси) — (Тўлиқ Қуръон ҳифзи);
Мухтасархон Муҳаммаджонова («Хадичаи Кубро» аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (15 пора ҳифзи).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати