Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Август, 2026   |   17 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:24
Қуёш
05:47
Пешин
12:24
Аср
17:04
Шом
19:04
Хуфтон
20:23
Bismillah
30 Август, 2026, 17 Рабиъул аввал, 1448

Мотуридия мазҳабининг машҳур уламолари

28.08.2020   8337   10 min.
Мотуридия мазҳабининг машҳур уламолари

Мотуридия мазҳаби ривожига салмоқли ҳисса қўшган уламолар жуда кўп бўлиб, уларнинг энг машҳурларидан айримлари қуйидаги уламолардир:

  • Абулқосим Исҳоқ ибн Муҳаммад Ҳаким Самарқандий. Имом Мотуридийнинг машҳур шогирдларидан бири. Мавъиза ва ҳикматли гапларни кўп гапиргани учун Ҳаким (ҳикмат билан сўзловчи) номи билан машҳур бўлган. Самарқандда қозилик лавозимида ишлаган. “Соҳаифул илаҳия” (Илоҳий саҳифалар), “Саводул аъзам” (Улкан жамоат), “Родду ала асҳабил ҳава” (Нафсу ҳавога эргашганларга раддия) каби кўплаб асарлар ёзиб қолдирган. Ҳаким Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 345 (милодий 957) йилда вафот этган;  
  • Имом Абулҳасан Али ибн Саъийд Рустуғфаний. “Иршадул мубтадий” (Йўл бошидаги кишини мақсадга йўллаш), “Заваид ва фаваид фи анваил улум” (Турли илмлардаги қўшимчалар ва фойдалар) каби кўплаб асарлар ёзган. Ҳижрий 350 (милодий 961) йилда вафот этган;
  • Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад Самарқандий. Бу зот тафсир, ақоид, фиқҳ, ва тасаввуфга оид ўндан ортиқ китоблар ёзган. Ҳижрий 373 (милодий 983) йилда вафот этган;
  • Имом Абу Муҳаммад Абдулкарим Паздавий. Пазда Насаф шаҳри яқинидаги қишлоқ бўлиб, шу қишлоққа нисбатан бу зотга Паздавий деб нисбат берилган. Паздавий фиқҳ илмида пешқадам бўлган. Зотан, бу зот машҳур фақиҳлар сулоласининг вакили ҳисобланади. Ҳижрий 390 (милодий 1000) йилда вафот этган. Бу зотнинг зурриётларидан Абулюср Паздавий каби мотуридия мазҳабининг етук намоёндалари етишиб чиққан.

Ушбу шогирдлари Абу Мансур Мотуридийнинг қарашларини оммага тушунтириб ва асарларини шарҳлаб мотуридия таълимотини ривожлантириш йўлида хизмат қилганлар. 

Абу Мансур Мотуридийнинг ушбу шогирдларидан кейин яшаган кўплаб олимлар ҳам уларнинг ишларини давом этказганлар ва Мотуридия таълимотини Мовароуннаҳрда кенг ёйилишига салмоқли ҳисса қўшганлар. Уларнинг айримлари қуйидаги машҳур олимлардир:

–  Муҳаммад ибн Муҳаммад Абулюср Паздавий. Ҳижрий 421 (милодий 1030) йилда туғилган. Самарқандда қози бўлган. Мартабаси юқори бўлганидан Қози Содр номи билан аталган. Абулюср Паздавийнинг машҳур асарлари:

  • “Усулуд дин” (Диннинг асослари). Бу китоб Имом Мотуридийнинг “Тавҳид” китобини енгил услубда тушунтириш учун ёзилган;
  • “Мураттоб” (Янгиланган). Бу китоб Имом Муҳаммаднинг “Жомиус соғир” китобига ҳошия қилиб ёзилган;
  • “Воқеот” (Воқеалар);
  • “Мабсут” (Батафсил баён). Ушбу охирги икки китоб ҳам фиқҳ илмига тааллуқли бўлган.

Абулюср Паздавий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 493 (1100) йилда Бухорода вафот этган.

–  Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Абул Муин Насафий. Абул Муин куняси билан машур бўлган. Ҳижрий 438 (милодий 1046) йилда туғилган. Абул Муин Насафий мотуридия мазҳабининг тараққий этишига энг кўп ҳисса қўшган олимлардан ҳисобланади. Абул Муин Насафийнинг машҳур асарлари:

  • “Табсиротул адиллату фи усулид дин” (“Усулуд дин”даги далилларни тушунтириш);
  • “Баҳрул калом” (Калом денгизи);
  • Тамҳид лиқоваидит тавҳид (Тавҳид қоидаларини енгиллаштириш);

Абул Муин Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 508 (милодий 1114) йилда вафот этган.

–  Абу Ҳафс Нажмиддин Умар Насафий. Ҳижрий 461 (милодий 1069) йилда Насаф шаҳрида туғилган. Бу зот тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, тарих, наҳв каби кўплаб илмлар бўйича етук олим бўлиб, “Имомус сақолайн” (инсу жин имоми) номи билан машҳур бўлган. Имом Насафийнинг машҳур асарлари:

  • “Назму жомеъис сағир фи фиқҳил ҳанафий” (Ҳанафий фиқҳи ҳақидаги “Жомиъус сағир”нинг назмий баёни);
  • “Қанд фи уламаи Самарқанд” (Самарқанд уламолари ҳақида “қанд”) яъни қанддек ширин китоб;
  • “Тариху Бухоро” (Бухоро тарихи);
  • “Тилбатут талаба” (Талабалар излаган маълумотлар);
  • “Хосоисул луғат” (Луғат хусусиятлари);
  • “Манзуматул хилофиёт” (Мунозаралар ҳақидаги манзума). Сирожиддин Ўший шу китобга шарҳ ёзган.

Умар Насафий юзга яқин асарлар ёзиб қолдирган. Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 537 (милодий 1143) йилда Самарқандда вафот этган ва Чокардиза қабристонига имом Абу Мансур Мотуридий ёнига дафн этилган.

  • Нуриддин Аҳмад ибн Абу Бакр Собуний Бухорий.  Туғилган йили аниқ маълум эмас. Совун таёрлаш ёки уни сотиш билан шуғуллангани учун Собуний нисбати берилган. Нуриддин Собунийнинг машҳур асарлари:
  • “Бидая фи усулид дин” (“Усулид дин”га киришиш);
  • “Ҳидоя фи илмил калом” (Калом илмидаги тўғри йўлга бошлаш);
  • “Кифоя фил ҳидоя” (Тўғри йўл топиш ҳақида етарли “калом”).

 Нуриддин Собуний раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 580 (милодий 1184) йилда Бухорода вафот этган.

Ушбу олимлар мотуридия таълимотининг ривож топиши ва Мовароуннаҳрда кенг ёйилишига хизмат қилган энг машҳур олимлар ҳисобланади.

Мотуридия таълимотининг Мовароуннаҳрдан ташқарида ҳам кенг ёйилишига кўплаб олимлар хизмат қилганлар. Уларнинг айримлари қуйидаги машҳур уламолардир:

Жамолиддин Аҳмад Ғазнавий. Туғилган йили аниқ маълум эмас. Бу зот Хуросон[1] ўлкасида яшаб фаолият олиб борган. “Усулуд дин” (дин асослари), “Ақоидул Ғазнавий” (Ғазнавий ақидалари) каби асарлари бор. Жамолиддин Ғазнавий ҳижрий 593 (милодий 1197) йилда вафот этган.   

  • Камолиддин Аҳмад ибн Ҳасан Баёзийзода Румий. Ҳижрий 1044 (милодий 1634) йилда туғилган. “Ишаротул маром мин ибаротил имом” (Имом Аъзамнинг гапларидаги кўзланган мақсадларнинг ишоралари) “Усулул мунифа лилимом Абу Ҳанифа” (Имом Абу Ҳанифанинг юксак асослари) каби асарлари бор. Ҳижрий 1097 (милодий 1686) йилда вафот этган.

– Муҳаммад ибн Абдулвоҳид ибн Абдулҳам Камол ибн Ҳумом. Ҳижрий 788 (милодий 1386) йилда Румнинг Сивас шаҳрида туғилган. Шунинг учун бу зотга Сивасий нисбаси ҳам берилган. Камол ибн Ҳумом кўплаб асарлар ёзиб қолдирган:

  • “Фатҳул қадир лиложизил фақир” (Ожиз фақирга Ал-Қодир зотнинг фазлу марҳамати) каби асарлари бор. “Фатҳул қадир лиложизил фақир” (Ожиз фақирга Ал-Қодир зотнинг фазлу марҳамати). Ушбу китоб Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарига ёзилган энг машҳур шарҳлардан бири ҳисобланади. Аммо муаллиф бу шарҳни охирига етказишга улгурмаган. Чунки “Ваколат китоби”га етганда вафот этган. Кейинчалик Аллома Қозизода[2] бу шарҳни ниҳоясига етказиб қўйган ва “Натаижул афкор фи кашфир румуз вал асрор” (Ишоралар ва ички маъноларни очишдаги хулосавий фикрлар) деб номлаган.
  • “Мусаяро фи ақоиди мунжия фи охира” (Охиратда нажот топишга сабаб бўладиган ақидаларга мувофиқ бўлиш). Бу китобга Зайниддин Қосим ибн Қутлубуғо ҳанафий[3] “Ҳошияту ала “Мусаяро” (“Мусаяро”га ҳошия) ва Камолиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аби Шариф шофеъий[4] “Мусамаро фи шарҳи Мусаяро” (“Мусаяро” шарҳидаги суҳбатлар) шарҳини ёзган.
  • “Задул фақир фил фуруъ” (Эҳтиёжманд кишининг фиқҳий масалалардаги озуқаси); 
  • “Рисала фил эъроби “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи ва субҳаналлоҳил азим” (“Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи ва субҳаналлоҳил азим”нинг эъроби ҳақида рисола).

Камол ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 861 (милодий 1457) йилда Қоҳирада вафот этган.

  • Мулла Али Қори. Бу зотнинг исми шарифи Али ибн Султон Муҳаммад бўлиб, Ҳирот шаҳрида туғилган. Туғилган йили аниқ маълум эмас. Макка шаҳрига сафар қилиб бориб умрларининг охиригача ўша ерда яшаб қолган. Шунинг учун туғилган жойи эътиборидан Ҳиравий ва асосий яшаган жойи эътиборидан Маккий нисбалари берилган. Энг машҳур қорилардан бўлгани учун Мулла Али Қори номи билан машҳур бўлган. Мулла Али Қори тафсир, ҳадис, ақоид, фиқҳ ва сийрат каби турли илм соҳаларига оид юз элликдан ортиқ асарлар таълиф этган бўлиб, уларнинг энг машҳурлари қуйидагилардир:
  • “Мирқотул мафотиҳ шарҳу мишкатил масобиҳ” (“Мишкатул масобиҳ” шарҳи калитларига олиб борувчи зиналар). Бу асар Хатиб Табризийнинг ҳадис илмига оид “Мишкатул масобиҳ” (Чироқлар токчаси) китобига ёзилган шарҳ бўлиб, ҳадислар ҳанафия мазҳабига кўра шарҳланган;
  • “Фатҳу бабил иная фи шарҳи Нуқоя” (Нуқоя шарҳи тўғрисида иноят эшигини очиш). Бу асар Содруш шариа Убайдуллоҳ ибн Масъуднинг “Нуқоя” асарига ёзилган шарҳдир;
  • “Шарҳу Шамоил” (“Шамоил”нинг шарҳи). Бу асар имом Термизийнинг “Шамоили Муҳаммадия” (Муҳаммад алайҳиссаломга хос хусусиятлар) асарига ёзилган шарҳдир;
  • “Шарҳу Айнил илм (“Айнул илм” шарҳи). Бу асар Муҳаммад ибн Усмон Балхийнинг “Айнул илм ва зайнул ҳилм” (Илм булоғи ва ақл зийнати) асарига ёзилган шарҳ бўлиб, одоб-ахлоққа тааллуқли мўътабар асар ҳисобланади;
  • “Зовъул маолий либадъил амолий” (“Бадъул амолий”нинг улуғворлик ёғдуси). Бу асар Сирожиддин Али ибн Усмон Ўшийнинг “Бадъул амолий” асарига ёзилган шарҳдир.
  • “Минаҳул фикрия шарҳу муқаддиматил Жазария” (“Муқаддиматул Жазария”нинг шарҳи бўлган фикрий ҳадялар). Бу асар тажвид илми бўйича энг машҳур ва мўътабар асарлардан бири саналадиган имом Жазарийнинг “Муқаддиматул Жазария” асарига ёзилган шарҳдир.
  • “Минаҳу ровзил азҳар шарҳу фиқҳил акбар” (“Фиқҳул акбар”нинг шарҳи ҳақида чаманзор ҳадялари). Бу асар имоми Аъзам роҳматуллоҳи алайҳнинг “Фиқҳул акбар” асарига ёзилган энг саломоқли шарҳларидан бири ҳисобланади.   

Мулла Али Қори раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 1014 йилда Маккада вафот этган ва Масжидул ҳаромдан унча узоқ бўлмаган “Муалло” қабристонига дафн этилган.

Ушбу машҳур олимлар ўзларининг қимматли асарлари билан Мовароуннаҳрдан ташқаридаги диёрларда ҳам Мотуридия таълимотининг кенг ёйилишига сабабчи бўлганлар. Албатта, бунда Усмонли турк султонларининг Мотуридия таълимоти ривожи йўлида қилган хизматлари ҳам муҳим омиллардан бўлган.

 

Абдулқодир Абдур Раҳим,

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом

институти ўқитувчиси

 

[1] Хуросон жанубий Осиёдаги қадимий минтақа бўлиб, Найсобур, Ҳирот, Балх ва Марв каби шаҳарлари бўлган. Ҳозирги кунда Эрон, Афғонистон ва Туркманистон ҳудудларига бўлиниб кетган.

[2] Аллома Қозизода ҳижрий 988 (милодий 1580) йилда вафот этган.

[3] Зайниддин Қосим ибн Қутлубуғо ҳанафий ҳижрий 879 (милодий 1474) йилда вафот этган. 

[4] Камолиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аби Шариф шофеъий ҳижрий 905 (милодий 1500) йилда вафот этган.

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

НИМА БИДЪАТ-У, НИМА СУННАТ? “БИДЪАТ” ТУШУНЧАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

20.08.2026   32123   7 min.
НИМА БИДЪАТ-У, НИМА СУННАТ? “БИДЪАТ” ТУШУНЧАСИНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ТАЛҚИНИ

Ҳозирги кунда “бидъат” сўзини кўпчилигимиз тез-тез эшитамиз. Таъбир жоиз бўлса, бу сўзни билган ҳам, билмаган ҳам, тушунган ҳам, тушунмаган ҳам ишлатмоқда.

Аллома ибн Ҳажар Маккий раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Фатҳул Мубийн” асарида бидъатнинг луғавий маъносини қуйидагича келтирган:

“Бидъат сўзи луғатда – ўхшаши бўлмаган, янги нарсани пайдо қилиш”, деган маънони беради.

“Баҳрул Лайолий шарҳи Бадъул Амолий”да эса, бидъатнинг луғавий маъносини: “Аввал бўлмаган, ўхшаши йўқ нарсани пайдо қилиш” деб келтирган.

Шундан келиб чиқиб, мазкур уламолар бидъат хоҳ ибодатларда, хоҳ одатларда бўлсин, яхши ёки ёмон бўлсин, Қуръон ва суннатда мавжуд бўлмаган янги пайдо бўлган нарса деб қараганлар.

Уламолар луғавий бидъатни беш қисмга бўлганлар.

Биринчиси: Вожиб бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг шу турига киради. Чунки бу илмни билмасдан Қуръон ва суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади.

Демак, Қуръон ва суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб.

Иккинчиси: Ҳаром бўлган бидъат. Мўътазила, жабария ва ҳозирги салафий ҳамда аҳли суннага зид бўлган турли фирқа ва оқимларни таъсис этиш. Чунки булар ҳам Исломнинг илк даврларида бўлмай, кейинчалик турли мақсадларда ташкил қилинган бўлиб, асосан соф Ислом ақидасини нотўғри талқин қилиш, Исломга ва мусулмонларга зарар бериш билан танилган. Шунинг учун бундай фирқа ва оқимларга кириш ҳаром ҳисобланади.

Учинчиси: Мустаҳаб бидъат. Масжидларга миноралар қуриш, маъҳад ва мадрасалар барпо этиш, Қуръон қироатини эшитиш ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш учун турли мажлислар ташкил қилиш мустаҳаб бидъатлар сирасига киради.

Тўртинчиси: Макруҳ бидъат. Масжидларга зийнат бериш.

Бешинчиси: Мубоҳ бидъат. Еб-ичиш, кийим-кечак, маскан-манзилларда кенгчиликка йўл қўйиш. Яъни агар ҳалолдан бўлса, киши ўзи яшайдиган манзилини чиройли таъмирласа, фахр ва кибрдан холи бўлиб, қимматбаҳо кийим кийган бўлса ва емоқ-ичмоғида кенгчиликка йўл қўйса, гуноҳкор бўлмайди. Чунки шаръан бу пайтда мазкур ишлар мубоҳ саналади.

 

Бидъатнинг шаръий-истилоҳий маънолари

Бидъатнинг шаръий – истилоҳий маъноларини “Баҳрул Лаолий шарҳи Бадъул Амолий” асарининг соҳиби қуйида уч қисм қилиб келтирганлар:

الزِّيَادَةُ وَالنُّقْصَانُ فِي الدِّينِ مِنْ غَيْرِ إِذْنِ الشَّارِعِ

1. “Шореънинг изнисиз динда зиёда ва нуқсонга йўл очиш”.

جَعْلُ غَيْرِ الدِّينِ دِينًا أَوْ مَا يَكُونُ مُشَابِهًا بِالدِّينِ وَلَيْسَ مِنَ الدِّينِ

2. “Диндан бўлмаган нарсани дин деб билиш ёки динга ўхшаш мартабага кўтариш”.

عَمَلٌ مُحْدَثٌ عَلَي نِيَّةِ الْعِبَادَةِ

3. “Динда асли йўқ бўлиб, янги пайдо бўлган нарсани ибодат ниятида бажариш”.

Мазкур таърифларга асосланиб фуқаҳолар икита фиқҳий қоидани жорий қилганлар.

الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْإِبَاحَةُ

1. “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”. Яъни, аслида ҳамма нарса мубоҳ ва тозадир.

الْأَصْلُ فِي الْأَشْيَاءِ هُوَ الْحُرْمَةُ

2. “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”.

Зоҳиран қараганда бир-бирига зид бўлган бу икки қоидани татбиқи шундайки, агар бир киши дунё ишларини осонлаштириш, одамларнинг оғирини енгил ва узоғини яқин қилиш мақсадида бирор нарса масалан машина, телефон ёки турли фойдали мосламалар ўйлаб топиб ихтиро қилса, “Нарсалардаги асл қоида мубоҳлик ва тозаликдир”, қоидасига биноан бу яхши ва мақталган иш ҳисобланади.

Аммо, ибодат ниятида динда бирор нарсани жорий қилиш, суннат бўлмаган амални суннат деб эътиқод қилиш, “Нарсалардаги асл қоида ҳаромлик ва нопокликдир”, қоидасига биноан бидъат ва ҳаром иш ҳисобланади.

Бидъатнинг турлари.

“Саҳиҳи Бухорий” китобини шарҳлаган Имом Қасталоний раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Имом Байҳақий Имом Шофеъийдан нақл қилиб: “Китобу суннатга ва ижмога хилоф бўлган ишлар залолатга чорловчи бидъатдир. Аммо, китобу суннатга хилоф бўлмаган яхши ишлар бидъат эмас, балки “Муҳдасоту маҳмуда” яъни кейин пайдо бўлган мақталган ишлардир”, деганлар (Қасталоний. Ж. 1. Б. 302).

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда:

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ سَنَّ فِي الإسلام سُنَّةً حَسَنَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَا یُنْقَصُ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ وَمَنْ سَنَّ فِي الْإِسْلَامِ سُنَّةً سَیِّئَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ کُتِبَ عَلَيْهِ مِثْلُ وِزْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلَایُنْقَصُ مِنْ أَوْزَارِهِمْ شَيْءٌ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Исломда чиройли йўлни жорий қилса, бас у учун унинг ажри ва ундан кейин унга амал қилганларнинг ҳам ажри бўлади. Уларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмайди” (Имом Муслим ривояти).

Мана шу ва бошқа далилларга таяниб, уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Шариатнинг аслига хилоф бўлмай, шу билан бирга фойдали ва хайрли амаллар бидъати ҳасанадир. Шаръий асосга эга бўлмаган амал ёки эътиқодни жорий қилиш бидъати саййиа дейилади”, деганлар. (“Фатҳул Борий” китоби, Ж. 4. Б. 253).

Бидъати ҳасана – бунга ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган таровиҳ намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилди ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, деди.

Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар бидъати ҳасана бўлади. Унга амал қилиш жоиз ва у залолатга бошламайди.

Бидъати саййиа эса, шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, у шариатимизда рад этилган. Қуйидаги ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

مَنْ أَحْدَثَ فِي أَمْرِنَا هَذَا مَا لَيْسَ مِنْهُ فَهُوَ رَدٌّ

“Ким бизнинг бу динимизда унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, ҳадисда кўзланган мақсад диннинг асосий манбалари бўлмиш Китоб, суннат ва ижмога хилоф бўлган ишларни пайдо қилиш бўлса, бас, у рад қилингандир. Аммо дунёвий ҳаётнинг равнақига хизмат қиладиган, инсонларга манфаат берадиган ишларни пайдо қилиш, гарчи Китобу суннатда асоси мавжуд бўлмаса-да, зинҳор бидъат дейилмайди.

 

Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси

МАҚОЛА