Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллигининг мажлислар залида Имом-ноиблар учун йиғилиш ўтказилди.
Йиғилиш давомида вилоятда 2024-йилда амалга оширилаётган ишлар ҳамда диний вазиятни соғломлаштириш, мутаассиблик ва радикализмни олдини олиш, имомларнинг шахсий намуна кўрсатиши бўйича вазифа ва топшириқлар белгилаб берилди.
Йиғилишда Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Хатамов Жамшед Мухторивич ўз нутқи давомида тараққиётимизнинг янги даврида диний соҳада жуда катта ислоҳотлар амалга оширилаётгани, ўз навбатида имомлик шарафли ва масъулиятли вазифа экани, бугунги кун имоми замонга зийраклик, теран фикр билан қараши, ўзининг устида мунтазам ишлаши ва мўмин-мусулмонларнинг маънавий-маърифий соҳада эҳтиёжларини қондириш учун тинимсиз изланиб, хизмат қилишлари зарурлигига алоҳида урғу қаратилиши ҳақида сўз юритди.
Бундан ташқари, барча имом-хатиб ва имом-ноиблар ўзларига бириктирилган МФЙлар билан мунтазам алоқада бўлиб, ёшлар тарбиясига катта эътибор қаратиш, илм-маърифатга қизиқтириш ва ёш авлод келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратиш, оилаларни тинч-тотув яшаши, фарзандларни бевақт тирик етим бўлмаслиги учун ажримларни олдини олиш, кексаларни ҳурмат қилиш, қўшничилик одобларига риоя қилиш кабиларни алоҳида таъкидланди.
Йиғилиш давомида Наманган вилоятидаги диний соҳа ходимлари фаолиятини янада яхшилаш юзасидан муҳим тавсия ва кўрсатмалар берилди. Мураккаб даврда имом-хатибларнинг фаолликларини ошириш, ОАВдаги чиқишлари мазмун-моҳиятини яхшилаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ва мўмин-мусулмонлар эҳтиёжларини қондириш борасида тинимсиз хизмат қилиш каби жиҳатларига эътибор қаратилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги Матбуот хизмати
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.
- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.
Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.
Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати