Кечагина шоду хуррамлик билан кутиб олган муборак Рамазон ойи бугун ниҳоялаб қолди. Бу хайр-саховат ва мурувват ойида кўплаб кўнгли ўксик инсонлар ҳолидан хабар олиниб, уларга ҳадялар улашилди.
Бу ойда қандай хайрли иш бўлса, ҳаммаси амалга оширилди. Ҳудудларни ободонлаштириш, кўчат ўтқазиш, гулу райҳонлар экиш.. ҳаммаси уддаланди.
Рамазон ҳайитига Бўстонлиқ тумани Собир Раҳимов номидаги маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган «Олимжон ота» жоме масжиди имом-хатиби Элёржон домла Эрпўлатов ташаббуси билан ҳомийлар кўмагида мазкур маҳалланинг 144 метрли йўлига асфальт қопламаси ётқизилгани чинакам қувончли воқЕа бўлди. Бу хайрли ишга 139 миллион сўм ҳомийлар маблағи сарфлангани маҳалла аҳлининг узоғини яқин қиладиган бўлди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Инсон вафот этса учта амалининг савобидан бошқа ҳаммаси тўхтайди. Улар – садақаи жория, фойдали илм ва ота-она ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд”, деб марҳамат қилганлар.
Садақаи жория – оқиб турадиган, яъни савоби мўминга нафақат бу дунёда, балки қабрда ҳам манфаат бериб турадиган гўзал ишлар мажмуидир. Жумладан, жамият учун ўта манфаатли бўлган йўллар ва кўприкларни қуриш ва таъмирлаш, мактаб-мадраса ва шифохона кабиларни барпо этиш ишлари ҳам уламоларимиз томонидан садақаи жория тоифасидаги савобли ишлар, деб эътироф этилган.
Аллоҳ таоло кафтдек равон ва текис бундай йўл қурилишига, асфальт ётқизилишига ҳисса қўшган барча азизларимиздан рози бўлсин.
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Хабар берганимиздек, Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон муфтийлари муҳим йўналишларда 3 та баёнот ва замонавий масалаларга оид 6 та йирик фатвони имзолашди.
Жумладан, «Исломнинг илм-фан ва технологияга ёндашуви» мавзусидаги баёнотда Ислом динида инсоният фаровонлигига хизмат қилувчи барча илмий ва технологик ютуқлар қўллаб-қувватланиши билан бирга, улар юксак ахлоқий мезонлар, адолат ва масъулият тамойиллари асосида ривожланиши шартлиги таъкидланди.
«Мусулмонлиги маълум бўлган шахсни кофирга чиқаришнинг ҳукми» тўғрисидаги баёнотда Ислом таълимотига кўра, калимаи шаҳодат келтириб, қибла аҳлидан бўлган ҳар қандай шахс мусулмон ҳисобланиши ҳамда қилган гуноҳи ёки амалдаги нуқсони туфайли уни куфрда айблаш (такфир қилиш) қатъиян ман этилиши айтилди. Шунингдек, Туркий давлатлар уламолари ушбу баёнотда жамиятда фитна, қон тўкилиши ва низоларга сабаб бўлувчи такфирчилик оқимларига қарши илмий-маърифий курашни кучайтириш, уммат бирдамлигини мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратишди.
«Оила қуришга тарғиб қилиш, уни муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлашга доир умумий масъулият» баёнотида Ислом таълимотига кўра, оила никоҳ асосига қуриладиган, соғлом авлод ва жамият давомийлигини таъминловчи, инсонга руҳий хотиржамлик ҳамда ахлоқий тарбия берувчи муқаддас муассаса эканига урғу қаратилди. Муфтийлар оила институтини ҳимоя қилиш, ёшларни оилага тайёрлаш ва миллий-маънавий қадриятларни мустаҳкамлашда бирдамликка чақирдилар.
Шунингдек, муфтийлар томонидан «Битта қабрга бирдан ортиқ маййитни дафн этишнинг ҳукми», «Ижарага берилган деҳқончилик ерларининг ушри», «Фатво сўраш ва фатво беришда сунъий идрокдан фойдаланиш масаласи», «Жума намози дуруст бўлишининг шартлари», ҳижрий ой бошланишини аниқлаш мезонлари ва такфир масаласига доир 6 та фатво матни имзоланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати