Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Август, 2026   |   28 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:58
Қуёш
05:28
Пешин
12:30
Аср
17:24
Шом
19:32
Хуфтон
21:00
Bismillah
11 Август, 2026, 28 Сафар, 1448

Ўлчов ва тарозига эҳтиёт бўлайлик

08.04.2024   1096   5 min.
Ўлчов ва тарозига эҳтиёт бўлайлик

«(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир. Улар (ўлгандан кейин) қайта тирилувчи эканларини ўйламайдиларми, Улуғ кунда (қиёматда) – одамлар (бутун) оламлар Парвардигори ҳузурида (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кунда?!» (Мутаффифун, 1–6).

Мадиналиклар орасида ўлчов ва тарозидан уриб қолиш одати бор эди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага келганларида: «(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой!» (Мутаффифун, 1) ояти нозил бўлди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларга оятни ўқиб бердилар ва айтдилар: “Беш нарсага беш нарса сабаб бўлади: қайси қавм аҳдини бузса, Аллоҳ таоло уларга душманини ҳукмрон қилиб қўяди; қайси бир қавм Аллоҳ таоло бўйинсунмаса, уларда фақирлик кўпаяди; қайси қавмда фоҳишалик пайдо бўлса, уларда ўлим кўпаяди; қайси қавм ўлчов ва тарозидан урадиган бўлса, уларда қурғоқчилик бўлади; қайси қавм закотни бермаса, уларга ёмғир ёғмай қолади”.

«(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! ...»

Муфассирлар айтадилар: "Вой, яъни вайл, охиратда бўладиган қаттиқ азобдир".

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: "Вайл дўзахдаги бир водийдир, унда йиринг оқади, унинг аҳли ўлчов ва тарозидан уриб қолувчилардир...".

«Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир».

Ибн Касир тафсирида бундай дейилган: "Инсонлардан молни ўлчаб олганда кўпайтириб оладиган, бошқаларга ўлчаб берганда уриб қолувчи кишилар "мутаффиф", яъни ўлчов ва тарозидан уриб қолувчидир".

Сотувчининг ўлчов ва тарозидан уриб қолишига индамай рози бўлиб кетиш керак эмас. Балки жамиятда бундай иллатга қарши курашиш ва унинг олдини олиш лозим.

Уламолар: “Тарозидин кўп ва оз уриб қолишнинг азоби охиратда бир хил бўлади”, дейишган. Ҳатто баъзи олимлар, тарозидан уриб қолишни ният қилишнинг ўзи ҳам катта гуноҳлардан, деб ҳисоблаганлар.

Имом Мотуридий оят тафсирида айтади: “Киши ўлчанадиган молни сотиб олаётганда сотувчининг тарозидан уриб қолаётганини билиб индамаса, унга рози бўлса ё уни кечириб юборса, сотувчининг гуноҳига шерик бўлади. Чунки тарозидан, ўлчовдан уриб қолиш олувчи ё сотувчидан бирининг зарар кўраётгани учун ҳаром эмас, балки Аллоҳ таоло тарози ва ўлчовдан уриб қолишни ман қилгани учун, ҳаромдир”.

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) бир куни заъфарон ўлчаб сотаётган кишининг ёнидан ўтиб кетаётганида, сотувчи молни харидорга оғирроқ қилиб берди. Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) унга деди: “Олдин тарозида тенг қилиб ўлчаб бер, ана ундан сўнг хоҳлаганингча қўшиб бер”. Демак, сотувчи олдин тарозини тўғри тортиб, зиммасидаги вожибни адо этиши зарур. Сўнг агар истаса, молидан бир миқдорини харидорнинг халтасига солиб, эҳсон қилиши мумкин.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) сотувчи олдидан ўтганларида бундай дер эканлар: “Аллоҳдан қўрқ, тўғри ўлча, чунки тарозидан уриб қолувчилар қиёмат куни тўхтатилади, уларнинг баданларини тер қоплайди”.

Баъзи олимлар айтишларича, нафақат ўлчов ва тарозидан уриб қолувчилар, балки молнинг айбини айтмай, харидорни алдаб сотувчилар ҳам “мутаффиф” ҳисобланади.

Баъзи олимлар бундай деганлар: "Уриб қолиш ўлчов, вазнда бўлгани каби, намоз ва таҳоратда, сўзда ҳам бўлади. Яъни, киши таҳорат ва намоз ёки бошқа ибодатларнинг рукнларини тўла, нуқсонсиз, мукаммал бажариши лозим, акс ҳолда мутаффир бўлади".

Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: "Намоз ҳам тарозидир (яъни тарозу каби меъёрдадир). Ким уни мукаммал адо этса, Аллоҳ унинг ажрини тўла беради, ким уни нуқсонли қилса, сизлар Аллоҳ таолонинг тарозидан уриб қолувчилар ҳақидаги сўзини эшитгансиз (яъни, тарозидан уриб қолувчиларнинг оқибати қандай бўлишини биласиз)”.

«Улар (ўлгандан кейин) қайта тирилувчи эканларини ўйламайдиларми, Улуғ кунда (қиёматда) – одамлар (бутун) оламлар Парвардигори ҳузурида (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кунда?!» Яъни, ўлчовдан уриб қолувчилар қиёмат куни қайта тирилиб, барча қилган ишлари ҳақида жавоб беришларини ўйламайдиларми?

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)нинг “Вайлунлил мутоффифин” сурасини ўқиб «“Улуғ кунда (қиёматда)одамлар (бутун) оламлар Парвардигори ҳузурида (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кунда мазмунли оятига етганда ўқишдан тўхтаб йиғладилар ва ҳушдан кетганлари» ривоят қилинган.

Кундалик турмушда бўладиган савдо-сотиқда ўта эҳтиёт бўлайлик, бир-биримизни ҳақимизга хиёнат қилмайлик!

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Саудия Арабистонида ўтказилаётган халқаро Қуръон танловида 133 давлат вакиллари иштирок этмоқда

10.08.2026   12595   2 min.
Саудия Арабистонида ўтказилаётган халқаро Қуръон танловида 133 давлат вакиллари иштирок этмоқда

Қирол Абдулазиз номидаги Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича қирқ олтинчи халқаро танловнинг саралаш босқичи 7 август куни Макка шаҳридаги мусобақалар ўтказиладиган жойда 133 давлатдан 334 нафар иштирокчи (эркак ва аёллар) иштирокида бошланди.

ИҚНА "Минбар" газетасига таяниб хабар беришича, Қирол Абдулазиз номидаги Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича қирқ олтинчи халқаро танловнинг саралаш босқичи бир кун аввал Маккадаги мусобақалар ўтказиладиган жойда бошланган ва финал босқичини Масжидул Ҳаромда ўтказиш учун замин тайёрлаган.

Саудия Арабистони Ислом ишлари, даъват ва ҳидоят вазирлиги томонидан ташкил этилган ушбу тадбирнинг саралаш босқичида ҳакамлар ҳайъатлари энг юқори аниқлик ва шаффофлик стандартларига риоя қилган ҳолда, Қуръон тиловати услублари ва қоидаларига ихтисослашган таниқли халқаро ҳакамлар гуруҳи назорати остида эркак ва аёл иштирокчиларнинг чиқишларини тинглаб, финал босқичига кимлар ўтишини аниқлади.

Танловнинг жорий босқичи 133 мамлакатдан 334 нафар иштирокчи (эркак ва аёллар) иштирокида ўтказилмоқда, улар беш тоифа: "Шатибия" усули бўйича етти хил қироат асосида Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш (қироат ва назарий билимларни, шунингдек, тажвид қоидаларини аъло даражада бажариш ва риоя қилишни ўз ичига олади); аъло даражада ижро этиш, тажвидга риоя қилиш ва сўзларни шарҳлаш билан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан кетма-кет ўн бешта жузни ёдлаш; аъло даражада ижро этиш ва тажвидга риоя қилиш билан кетма-кет бешта жузни ёдлаш бўйича беллашмоқда.

Вазирлик ушбу глобал қуръоний тадбирнинг муваффақиятини таъминлаш учун электрон ҳакамлик тизимини жорий этиш, иштирокчиларни баҳолашда адолат ва аниқликни таъминлаш учун ташкилий ва кенг қамровли платформани яратиш, шунингдек, уларга турли хил хизматларни тақдим этиш каби барча имкониятларини ишга солишда давом этади.

Қирол Абдулазиз номидаги халқаро мусобақа дунёдаги энг йирик Қуръон мусобақаларидан бири ҳисобланиб, унинг умумий пул мукофотлари миқдори 10 миллион саудия риалидан ошади.

Мазкур мусобақада Ўзбекистон шарафини "Мир Араб" ўрта махсус ислом таълим муассасаси, "Саййид Муҳиддин махдум" ўрта махсус ислом таълим муассасаси, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ҳамда "Хадичаи Кубро" қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабалари ҳимоя қилиши ҳақида аввал хабар берилган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Дунё янгиликлари