Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Август, 2026   |   12 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:17
Қуёш
05:42
Пешин
12:25
Аср
17:10
Шом
19:12
Хуфтон
20:32
Bismillah
25 Август, 2026, 12 Рабиъул аввал, 1448

Қадр кечасида қандай амалларни бажариш керак?

05.04.2024   9634   2 min.
Қадр кечасида қандай амалларни бажариш керак?

1. Қуръони карим тиловати билан машғул бўлиш.


2. Нафл намозларни адо этиш.

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтади: “...Бандам Менга нафл ибодатлар билан яқинлашиб келаверади, ҳатто Мен уни яхши кўраман...” (Имом Бухорий, Имом Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).


3. Аллоҳни кўп зикр қилиш.

“Субҳааналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳил ъалиййил ъазийм”.


4. Ота-она, аҳли-оила, яқинлар ва жамики мусулмон умматининг ҳаққига дуо қилиш.

“Роббанағфир лий ва ли ваалидаййа ва лилмуминийна йавма йақуумул ҳисааб”.

Маъноси: “Роббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!” (Иброҳим сураси, 41-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Мусулмон кишининг биродари ҳаққига қилган ғойибона дуоси ижобат қилинувчидир. Қачон биродарига яхшилик тилаб дуо қилса, фаришта: “Омийн, сенга ҳам ўшанча бўлсин”, дейди» (Имом Муслим ривояти).


5. Ушбу дуони кўп қилиш.

“Аллоҳумма иннака афуввун, туҳиббул афва, фаъфу ъанний”.

Маъноси: “Аллоҳим, Сен афв қилувчисан, афв қилишни яхши кўрасан, мени афв қил (кечир)гин”.

Олимлардан бири айтади: “Вақт оз, аммо Аллоҳдан сўрайдиган сўровларинг кўп бўлса Аллоҳдан авф қилишини сўра. Агар Аллоҳ сени авф қилса, барча ҳожат ва истакларинг сўрамасанг ҳам олдинга келади”.


6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш.

“Аллоҳумма солли ва саллим ъалаа Муҳаммадин ва ъалаа аали Муҳаммад”.


7. Имконият даражасида мискин-фақирларга садақа бериш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Садақа Аллоҳнинг ғазабини ўчиради”, деганлар (Имом Термизий ривояти).


8. Истиғфор айтиш.

“Астағфируллоҳал аъзийм аллазий лаа илаҳа иллаа ҳувал Ҳаййул Қоййум ва атуубу илайҳи”.


9. Аллоҳдан ибодатларни қабул қилишини сўраш.

“Роббана тақоббал минна иннака антас самийъул аълийм ва туб аълайна йаа Мавлаанаа иннака антат тавваабур роҳийм. Роббанаа аатинаа фиддуня ҳасанатан ва фил ахироти ҳасанатан ва қинаа азаабаннаар. Аллоҳумма аъиннаа аълаа зикрика ва шукрика ва ҳусни ибаадатик”

 Даврон НУРМУҲАММАД

Бошқа мақолалар

От изини той босар

14.08.2026   38295   1 min.
От изини той босар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».


Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.


Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:


– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.

– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...

– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.

Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.

– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.

– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.


Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.


Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.


Акбаршоҳ РАСУЛОВ