Токио марказий масжиди ҳар йили минглаб мусулмон бўлмаган япониялик зиёратчиларни қабул қилади. Шу маънода мазкур масжид имом-хатиби Муҳаммед Чинар японларнинг Исломга қизиқиши ҳақида ўз кузатувлари билан ўртоқлашди.
Чинар домла ўз масжидига Япониянинг Васеда, Кеио ва Меижи каби нуфузли университетларининг талабалари мунтазам келаётгани ва Япония университетларида кўпроқ аспирант ва магистратура талабалари Ислом динига оид диссертация мавзуларини танлаётганини айтди.
Шу муносабат билан Чинар домла Исломда закот бериш, никоҳ ва ажрашиш, мусулмонлар ўртасидаги қардошлик муносабатлари каби мавзуларда япон тадқиқотчилари билан тез-тез маслаҳатлашиб туради, деб ёзади “IslamNews” сайти “Daily Sabah” нашрига таяниб.
Токио масжидига ҳар йили 50 мингга яқин ноисломий япон ташриф буюради.
Токио муниципалитети ходими Зуманнинг сўзларига кўра, у масжидга қизиқиш туфайли 4 марта ташриф буюрган – диний бино унинг иш жойи ёнида жойлашган. Унда масжид архитектураси катта таассурот қолдирган. Шундан бери у ишдан танаффус пайтида тез-тез масжид ҳовлисида ўтиради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ