Токио марказий масжиди ҳар йили минглаб мусулмон бўлмаган япониялик зиёратчиларни қабул қилади. Шу маънода мазкур масжид имом-хатиби Муҳаммед Чинар японларнинг Исломга қизиқиши ҳақида ўз кузатувлари билан ўртоқлашди.
Чинар домла ўз масжидига Япониянинг Васеда, Кеио ва Меижи каби нуфузли университетларининг талабалари мунтазам келаётгани ва Япония университетларида кўпроқ аспирант ва магистратура талабалари Ислом динига оид диссертация мавзуларини танлаётганини айтди.
Шу муносабат билан Чинар домла Исломда закот бериш, никоҳ ва ажрашиш, мусулмонлар ўртасидаги қардошлик муносабатлари каби мавзуларда япон тадқиқотчилари билан тез-тез маслаҳатлашиб туради, деб ёзади “IslamNews” сайти “Daily Sabah” нашрига таяниб.
Токио масжидига ҳар йили 50 мингга яқин ноисломий япон ташриф буюради.
Токио муниципалитети ходими Зуманнинг сўзларига кўра, у масжидга қизиқиш туфайли 4 марта ташриф буюрган – диний бино унинг иш жойи ёнида жойлашган. Унда масжид архитектураси катта таассурот қолдирган. Шундан бери у ишдан танаффус пайтида тез-тез масжид ҳовлисида ўтиради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Сўнгги йилларда мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу эзгу ташаббус доирасида юртимиздаги масжидларда ҳам қуёш панеллари ва гелеоколлекторларни ўрнатиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
2026 йил 29 июль ҳолатига кўра асосий кўрсаткичлар:
Республика бўйича фаолият юритаётган 2 161 та масжиддан:
1 910 таси (88,4%) қуёш панеллари билан таъминланди (умумий қуввати — 14,3 МВт / 14 315,5 кВт);
1 020 таси (47,2%) иссиқ сув таъминоти учун гелеоколлекторлар билан жиҳозланди (умумий сиғими — 206 470 литр).
Ҳудудлар кесимида етакчилар:
Тўлиқ қамров: Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларидаги деярли барча масжидларга қуёш панеллари ўрнатиб бўлинди.
Энг юқори қувват: Тошкент шаҳри (2 559 кВт), Тошкент вилояти (1 706 кВт) ва Самарқанд вилояти (1 436,5 кВт) етакчилик қилмоқда.
Гелеоколлекторлар бўйича: Андижон (182 та), Наманган (181 та) ва Тошкент вилояти (172 та) масжидларида энг юқори кўрсаткичлар қайд этилди.
Қайта тикланувчи энергия тизимларининг жорий этилиши электр энергияси ва табиий газ сарфини сезиларли даражада камайтириб, масжидларнинг коммунал харажатларини қисқартириш ҳамда атроф-муҳит муҳофазасига муносиб ҳисса қўшиш имконини бермоқда.
Келгусида қолган 251 та масжидга қуёш панеллари ва 1 141 та масжидга гелеоколлекторларни босқичма-босқич ўрнатиш ва республикадаги сиғимларни тўлиқ «яшил энергия»га ўтказиш режалаштирилган.
Нодирбек Қодиров,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар билан ишлаш бўлими мутахассиси