Абу Мансур Мотуридий кўплаб устозлардан таълим олади ва тафсир, усулул фиқҳ, ақоид, фиқҳ ва мантиқ каби илмларда етук олим бўлиб танилади. Ушбу етук олимнинг илмий изланишларига олимлар эргашадилар ва кейинчалик уларни мотуридия таълимоти маъносида эътироф этадилар.
Мотуридия таълимотининг шаклланишида турли адашган фирқалар, хоссатан, мўътазилий фирқаси билан бўлган баҳс-мунозаралар муҳим ўрин тутган. Шунинг учун ҳам Мотуридийнинг калом илмига оид асарларида раддия услуби яққол кўзга ташланади. Яъни, бу зот жаҳолатга қарши маърифат билан курашган энг машҳур олимлардан бири ҳисобланади.
Шу ўринда ўша пайтларда жамиятда кўплаб баҳс-мунозаралар келтириб чиқарган мўътазилий фирқасининг Мовароуннаҳрда пайдо бўлиш сабабларини ўрганиш ҳам мақсадга мувофиқдир. Чунки мазкур сабаблар ўртадаги баҳслар қай даражада бўлганини янада тўлиқроқ тасаввур қилиш имконини беради.
Мовароуннаҳрга мўътазилий таълимотининг кириб келиш сабабларини Балқосим Ғолий қуйидагича таҳқиқ қилган:
Бу каби омиллар туфайли мўътазилийлик таълимоти таъсирлари жамият вакилларида кўзга ташлана бошлаган. Буни ҳис қилган Аҳли сунна вал жамоа олимлари тўғри эътиқодни сақлаб қолиш йўлида фидокорона ҳаракат қилганлар. Албатта, бу ҳаракатлар ақлий ва нақлий далилларга асосланган илмий баҳс-мунозаралар кўринишида бўлган. Ушбу илмий баҳс-мунозараларда энг салмоқли меҳнат қилган олимлардан бири шубҳасиз Абу Мансур Мотуридий эди.
Абу Мансур Мотуридий мазкур илмий баҳс мунозаралар муносабати билан ёзган асарларида Аҳли сунна вал-жамоанинг қарашлари тўғрилигини исботлаш билан бирга адашган фирқаларнинг хатога йўл қўйган жойларини ҳам баён қилиб берган. “Баяну ваҳмил мўътазила” (Мўътазилий фирқасининг нотўғри тасаввури баёни), “Родду аълал қаромита” (Қарматийларга раддия) каби асарларида адашган фирқаларнинг умумий қарашларидаги хатоларини баён қилиб берган.
Абу Мансур Мотуридийнинг қилган энг улкан хизмати Аҳли сунна вал-жамоага қарши чиққан фирқаларнинг даъволарига умумий раддия қилишдан ташқари, уларга батафсил раддиялар қилганидир. Яъни, бу зот ўша пайтларда омма мусулмонларга ташвиш туғдириб турган мўътазилий етакчиларининг асарларига бирма-бир раддиялар ёзиб, уларни “очиқ майдон”да мағлуб қилган. Бунга у зотнинг қуйидаги асарлари яққол далилдир:
Имом Мотуридий ушбу асарларида мўътазилий фирқасининг эътиқодий хатоларини баён қилиш билан бирга, Аҳли сунна вал жамоа эътиқодининг тўғрилигини ақлий ва нақлий далиллар билан исботлаган. Худди шу ишни айни шу даврда Абул Ҳасан Ашъарий ҳам Мовароуннаҳрдан ташқарида Бағдодда амалга оширган. Олимлар бу икки зотнинг ақида бобида амалга оширган ишларини эътироф этганлар. Уларнинг баъзилари Абул Ҳасан Ашъарийнинг услубига эргашган бўлсалар, бошқалари Абу Мансур Мотуридийнинг услубига эргашганлар. Шундай қилиб бу икки олим Аҳли сунна вал жамоанинг ақидасини баён қилувчи имомларига айланганлар.
Абдулқодир Абдур Раҳим,
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом
институти ўқитувчиси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ