Қувончли воқеа шуки, кўп йиллардан буён Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан чоп этиб келинаётган ишончли тақвим китоби нашрдан чиқди.
Ушбу тақвим китоби бир неча ўн йиллар давомида мўмин-мусулмонларнинг энг муҳим қўлланмасига айланиб, халқимизнинг ўта ишончли манбаси ҳисобланади.
Таъкидлаш кераки, янги 1442 ҳижрий йил учун (2020-2021 мил.) тақвим китоби Марказий Осиёдаги уламолар, фатво ҳайъатлари ҳамда Астрономия институти мутахассислари томонидан пухта ишлаб чиқилиб, ҳар бир жиҳатга жиддий эътибор қаратилган ҳолда намоз вақтлари ниҳоятда аниқлик ва дақиқлик билан кўрсатилди.
Бугундан, “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан махсус ҳимоя белгиси билан янги йиллик тақвим китоби сотувга чиқди. Ушбу тақвимга Дин ишлари бўйича қўмитанинг ижобий хулосаси ҳам олинган.
Беш вақт намознинг аниқ вақтлари, динимиз аҳкомлари, ҳижрий ойлар фазилати, улуғлар ўгити ва насиҳатини ўз ичига олган, янги шакл ва юқори дизайндаги йиллик тақвимни харид қилишга шошилинг!
Эслатма, намоз ўз вақтида фарз эканини инобатга олган ҳолда ишончли тақвимни харид қилиш муҳимдир. Шариатимизда намоз вақтлари Қуёшнинг чиқиши, қиёмга келиши ва ботиши ҳолатлари билан боғлиқлиги алоҳида қайд этилган. Мазкур тақвимда айнан мана шу жиҳатларга жуда ҳам катта эътибор қаратилган.
Ўз навбатида, ноқонуний ва яширин йўллар ёки нусха кўчириш орқали кўпайтирилган намоз вақтларини харид қилишдан эҳтиёт бўлинг, уларнинг тўғрилигига ҳеч ким кафолат бермайди!
Азиз ўқувчилар, ишончли, мазмундор ва ҳар томонлама сифатли тақвимни республикамиздаги барча китоб дўконларидан харид қилишингизни тавсия этамиз. Нашриётимизнинг ўзидан сотиб олсангиз, исталган услубда янада қулай ва арзон нархларда олишингиз мумкин.
Мурожаат учун телефонлар:
Иш: 71-227-34-30
Уяли: 90-934-04-20
«Шамсуддинхон Бобохонов» НМИУ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистонда ноёб Қуръон яратиш бўйича жаҳон хаттотлар танлови 26 август куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида эълон қилинади. Танлов «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафоруми доирасида ўтказилади, хабар бермоқда UzDaily.uz.
«Дунё Қуръони: хаттотлик анъаналаридан — келажак мероси сари» лойиҳасини хаттот ва Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Хаттотлик мактаби директори Ҳабибулло Солиҳ тақдим этади. Бу ҳақда тадбир ташкилотчиси хабар берди.
Танлов доирасида турли мамлакатлар ва хаттотлик мактабларининг исломий хаттотликдаги энг яхши анъаналарини бирлаштирган ноёб Қуръон яратиш кўзда тутилган.
Танловнинг тантанали эълони «Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмунлари» мавзусидаги ялпи сессиянинг якуний қисми бўлади. Сессия 26 август куни соат 09:30 дан 12:00 гача ўтказилади.
Тадбир доирасида оммавий ахборот воситаларининг стереотиплар ва исломофобияни енгишдаги ролига бағишланган халқаро муҳокама ҳам бўлиб ўтади. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Жазоир, Уммон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг давлат тузилмалари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этади.
Форум дастуридан Қуръоний ва қўлёзма меросга бағишланган лойиҳалар ҳам ўрин олган. Улар орасида «114 Қуръон: ислом оламининг 114 хаттотлик дурдонаси», «Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва ривоятлар» халқаро лойиҳаси ҳамда «Сунъий интеллект — қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити» лойиҳаси бор.
Ўзбекистонда хаттотликни ривожлантиришга институционал даражада ҳам эътибор қаратилмоқда. Ислом цивилизацияси маркази ҳузурида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Хаттотлик мактаби фаолият юритмоқда. Мактабда сулс, насх, настаълиқ, руқъа, девоний ва куфий каби анъанавий ёзув услубларини ўргатиш режалаштирилган.
Хаттотлик санъати Самарқанд вилоятидаги янги Имом ал-Бухорий мажмуасида ҳам намоён этилган. Мажмуа пештоқлари ва айвонлари деворлари «Саҳиҳ ал-Бухорий»дан олинган ҳадислар битилган ёзувлар билан безатилган. Мажмуа ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илмий мактаби ҳам фаолият юритади.
Халқаро медиафорумнинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлади.
Тадбирда қарийб 50 мамлакатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 га яқин вакили иштирок этади. Улар орасида медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари бор.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати