Илгари мусулмонлар айрим уламоларни улуғлаб, “Шайхул Ислом” (Ислом дини шайхи), “Фахрул Ислом” (Ислом дини фахри), “Ҳужжатул Ислом” (Ислом дини ҳужжати), “Нажмул уламо” (Уламолар юлдузи), “Муфтий сақолайн” (Инсу-жин муфтийси), “Лисонул мутакаллимийн” (Мутакаллимларнинг сўзловчи тили) каби унвонлар билан атаганлар. Бундай аташ асло муболаға бўлмаган. Балки у муҳтарам уламолар ҳақиқатдан ушбу унвонларга лойиқ бўлганлар. Масалан, “Шамсул аимма” (Имомлар қуёши) унвони берилган Сарахсий раҳматуллоҳи алайҳ ўн икки минг рисолани ёд олгани нақл қилинган.
Абу Мансур Мотуридийни яқиндан таниган уламолар ва шогирдлари томонидан у зотнинг мартабаларини намоён этувчи кўплаб унвонлар берилган:
– Имомул ҳудо (Тўғри йўлга бошловчи);
– Муваттиду ақоиди аҳлис сунна (Аҳли сунна ақидалари асосчиси).
Абу Мансур Мотуридийнинг мазкур унвонлари ҳам асло муболаға эмас, балки у зот ҳақиқатан шу мартабага лойиқ зот бўлганлар.
Уламолар айтадиларки, Ҳужжатул Ислом (Ислом дини ҳужжати) дейилганда фақат Имом Ғазолий тушунилганидек, Имомул ҳудо (тўғри йўлга бошловчи) дейилганда ҳам фақат Имом Мотуридий тушунилади.
Абдулқодир Абдур Раҳим,
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом
институти ўқитувчиси
Бир ҳадисда келтирилибди:
“Шайтон ерга қувғин қилинганидан сўнг сўради:
– Парвардигоро, мени ерга қувғин қилиб лаънатладинг, энди уйим қаер бўлади?
Яратган:
– Сенинг уйинг ҳаммомдир, – деди.
Иблис яна:
– Мажлисгоҳ ҳам бер, – деди
Парвардигор:
– Мажлисгоҳинг бозорлар ва одамлар йиғиладиган йўл бўйлари, – деди.
Шайтон яна:
– Овқатим нима бўлади? – деб сўради.
Парвардигор:
– Аллоҳнинг исми айтилмай ейилган таом, – деди.
Шайтон:
– Ичимлик ҳам бер, – деди.
Аллоҳ:
– Маст қилувчи ичимликларнинг бари сенинг ичадиган “сув”ингдир, – деди.
Шайтон яна:
– Менинг ҳам муаззиним бўладими? – деб сўради.
Яратган:
Сени муаззининг чолғу асбоблари, – деди.
Шайтон:
– Китобимчи? – деди.
Парвардигор:
– Сенинг китобинг шеъру қўшиқлар, – деди.
Шайтон:
– Ёзувим-чи? – деб сўради.
Парвардигор:
– Сенинг ёзувинг вашм (игна билан баданга ёзиш), – деди.
Шайтон:
– Менга калом ҳам берасанми? – деб сўради.
Парвардигор:
– Барча ёлғонлар сенинг каломинг бўлади, – деди.
Шайтон:
– Мени элчиларим ҳам бўладими? – деб сўради.
Аллоҳ:
– Фолбину башоратчилар сенинг элчиларинг – деди.
Иблис:
– Менга илинтирадиган тузоқ ҳам бер, – деб сўради.
Аллоҳ:
– Аёллар сени тузоғинг бўлади – деб жавоб берди” (Абу Умомадан ривоят қилинган, Табароний ривояти).
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.