Илгари мусулмонлар айрим уламоларни улуғлаб, “Шайхул Ислом” (Ислом дини шайхи), “Фахрул Ислом” (Ислом дини фахри), “Ҳужжатул Ислом” (Ислом дини ҳужжати), “Нажмул уламо” (Уламолар юлдузи), “Муфтий сақолайн” (Инсу-жин муфтийси), “Лисонул мутакаллимийн” (Мутакаллимларнинг сўзловчи тили) каби унвонлар билан атаганлар. Бундай аташ асло муболаға бўлмаган. Балки у муҳтарам уламолар ҳақиқатдан ушбу унвонларга лойиқ бўлганлар. Масалан, “Шамсул аимма” (Имомлар қуёши) унвони берилган Сарахсий раҳматуллоҳи алайҳ ўн икки минг рисолани ёд олгани нақл қилинган.
Абу Мансур Мотуридийни яқиндан таниган уламолар ва шогирдлари томонидан у зотнинг мартабаларини намоён этувчи кўплаб унвонлар берилган:
– Имомул ҳудо (Тўғри йўлга бошловчи);
– Муваттиду ақоиди аҳлис сунна (Аҳли сунна ақидалари асосчиси).
Абу Мансур Мотуридийнинг мазкур унвонлари ҳам асло муболаға эмас, балки у зот ҳақиқатан шу мартабага лойиқ зот бўлганлар.
Уламолар айтадиларки, Ҳужжатул Ислом (Ислом дини ҳужжати) дейилганда фақат Имом Ғазолий тушунилганидек, Имомул ҳудо (тўғри йўлга бошловчи) дейилганда ҳам фақат Имом Мотуридий тушунилади.
Абдулқодир Абдур Раҳим,
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом
институти ўқитувчиси
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг кўнглига қувонч улашишга қаратилган хайрия тадбирлари давом этмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 9 август куни «Вақф» хайрия жамоат фонди Бухоро вилояти филиали, ҳудуддаги масжидлар ходимлари ва саховатпеша ҳомийлар ҳамкорлигида эҳтиёжманд оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйлари ташкил этилди.
Тадбир доирасида тўйболаларнинг ҳар бирига 35 та велосипед, 35 тўплам ўқув қуроллари ҳамда янги костюм-шим, кўйлак ва оёқ кийимлар тўплами тантанали равишда топширилди.
Тантанали маросимда сўз олганлар болажонлар ва уларнинг ота-оналарига эзгу тилаклар билдириб, фарзандларни соғлом, баркамол ва дину диёнатли инсонлар этиб тарбиялаш, уларга муносиб таълим бериш энг муҳим вазифалардан бири эканини таъкидладилар.
Динимиз ва халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодаси бўлган бу каби хайрли тадбирларни «Вақф» фонди томонидан изчил давом эттириш режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати