Ақл арабча сўз бўлиб, луғатда “тутиш”, “қайтариш”, “боғлаш” каби маъноларни англатади. Ақл ўзагидан олинган “иқол” сўзи чорва ҳайвонларини боғлаб қўйиладиган “тушов”, “занжир”, “кишан” деган маъноларни ифода этади. Тушов чорва ҳайвонини қочиб кетишдан сақлаб, экинларни пайхон қилиши, бировга жароҳат етказиши, ўзи йўқолиб қолиши каби зарарларнинг олдини олганидек, инсондаги ақл ҳам ўз эгасини ёмон ахлоқлардан, зарарли ишлардан қайтариб, уни инсонийлик чегарасида ушлаб туради. Бу борада улуғ тобеъинлардан Омир ибн Абди Қайс раҳимаҳуллоҳ айтади:
"إذا عَقَلَك عَقْلًك عما لا ينبغي فأنت عاقل"
“Агар ақлинг сени номаъқул ишлардан ман қила олса, сен (чиндан ҳам) оқилсан”.
Аллоҳ таоло Ўз марҳамати ва фазли билан инсонга худди чорва ҳайвонлардек арқон ёхуд занжирни эмас, балки унинг азизу мукаррамлигига муносиб ўлароқ, сиртдан кўзга кўринмас нурафшон ақлни раво кўрди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:
" العقل نورٌ في القلب ، يفرق بين الحق والباطل "
“Ақл қалбдаги нур бўлиб, у ҳақ билан ботил ўртасини ажратади”.[1]
Уламолар томонидан ақлга кўплаб таърифлар берилган. Бу таърифлар ўзаро бир-бирини тўлдирувчидир. Жумладан: Ақл – Аллоҳ таоло инсонга ато этган қувват ва табиий ҳис бўлиб, у билан инсон назарий ишларни идрок қилади ва ҳайвондан ажралиб туради.
Ақл – қалбдаги руҳоний нур бўлиб, унинг воситасида зарурий илмлар идрок этилади.
Ақл – инсонга берилган буюк неъмат бўлиб, у орқали Роббисини танийди, дунёвий ва ухровий фойдаларни жалб қилиб, зарарларни даф қилади.
Қуръони каримда ақлга тааллуқли сўзлар 50 марта, “Ақл эгалари” ибораси эса 10 мартадан зикр қилингани динимизда ақлга нечоғлик юксак эътибор берилганининг тасдиқидир. Зотан, Исломда диний мажбуриятлар инсон зиммасига айнан ақл сабабли юклатилгандир. Шунинг учун, шариатда ақлсиз, эси паст одам ва ёш бола каби ақли тўлиқ шаклланмаганларга алоҳида ҳукмлар жорий қилинган.
Ақли бўла туриб уни ишлатмаган, ҳавойи нафсига эргашиб илоҳий кўрсатмаларга амал қилмаган ва қонун-қоидаларни бузган кимсалар қаттиқ танқид қилинади. Аллоҳ таоло уларнинг охиратдаги фойда бермас хасратли нолаларини қуйидагича баён қилади:
“Яна улар: “Агар қулоқ солганимизда ёки ақл юритганимизда эди, дўзахийлар қаторида бўмас эдик” дерлар” (Мулк сураси, 10-оят).
Ақлини ишлатиб нафсини жиловлай олган ва шайтоннинг йўлига юрмасдан Роббисининг амрига қулоқ солган бандаларга хушхабарлар берилади:
“Шайтондан – унга ибодат қилишдан йироқ бўлган ва Аллоҳ(нинг тоати ва ибодати)га қайтган зотлар учун (жаннат) хушхабари бўлсин! Бас, (эй Муҳаммад) гапга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига (яъни нажотга элтувчи рост Сўзга) эргашадиган бандаларимга хушхабар беринг! Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Ва ана ўшалар ақл эгаларидир” (Зумар сураси, 17-18-оятлар).
Мақтовга сазовор хислатларнинг меъёридан ортиғи нуқсон саналади. Масалан, шижоатнинг ҳаддан ташқариси ҳовлиқиш дейилади. Саховатнинг чегарадан чиқиб кетиш ҳолати совириш дейилади. Бироқ, ақл борасида бундай деб бўлмайди. Чунки кишининг ақли қанча кўп бўлса, у учун бу зиёда фазилат ҳисобланади. Шу боис:
“Одамларнинг энг афзали уларнинг ақллироғидир”, дейилган.
“Мансурул-ҳикам” (Сочилган дурдона ҳикматлар) китобида:
كلُّ شيئِ إذا كثر رخص إلاّ العقل ، فإنه إذا كثر غلا
“Қайси нарса кўпайса, қадри камайиб кетади. Фақат ақл бундан мустасно, чунки у кўпайгани сари қадри ошаверади”, дейилган.
Аммо, ақлнинг зиёдалиги деганда айёрлик ва макр-ҳийлага ёврилган, бировнинг ҳаққини поймол этишга қаратилган ёвузликни тушунмаслик керак. Балки, ўз соҳибини ножўя ишлардан қайтариб, кўплаб солиҳ амаллар қилишга сафарбар этиш орқали уни Роббисига яқинлаштирувчи руҳий қувват ақлнинг зиёдалиги деб аталади.
Луқмон ибн Омир[2] Абу Дардо[3] розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Эй Уваймир, ақлингни кўпайтир, шунда Раббингга яқинлигинг ортади”. Мен: “Ота-онам сизга фидо бўлсин! Ақл борасида ким ҳам менга кафил бўла оларди?!” дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ ҳаром қилган ишлардан сақлан ва Аллоҳнинг фарзларини адо эт, шунда оқил бўласан. Сўнг, қўшимча солиҳ амалларни ҳам бажар, шунда дунёда ақлинг кўпаяди, Роббингга яқинлигинг ортади ва бу билан азизликка эришасан”, дедилар[4].
Аллоҳ таоло барчамизни эзгу амалларда бардавом қилиб, ақли зиёда ва Ўзига яқин бандалардан бўлмоғимизга тавфиқ ато этсин!
Асрорхон МАҲМУДОВ,
Мир Араб Олий мадрасаси ўқитувчиси.
[1] “Адабуд-дунё вад-дин”. Абулҳасан Алий ибн Муҳаммад ибн Ҳабиб ал-Басрий ал-Мовардий. Дор Ибн Касир, Димашқ – Байрут, 2005. – Б.15.
[2] Луқмон ибн Омир ал-Вассобий ал-Ҳамасий. Ибн Ҳиббон уни сиқалар (ишончли ровийлар) қаторида зикр қилган. Абу Ҳотим ар-Розий: “Унинг Абу Дардодан ривояти мурсалдир” деган.
[3] Абу Дардо Уваймир ибн Зайд ибн Қайс ал-Ансорий розияллоҳу анҳу улуғ саҳобий бўлиб, Халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг даврида ҳижрий 32 йилда Дамашқда вафот этган.
[4] “Адабуд-дунё вад-дин”. Абулҳасан Алий ибн Муҳаммад ибн Ҳабиб ал-Басрий ал-Мовардий. Дор Ибн Касир, Дамашқ – Байрут, 2005. – Б. 26-28.
Илмга қизиқиш, аввало, манбага мурожаат қилишдан бошланади. Тарихни чуқур англаш эса уни китоб, қўлёзма ва ишончли илмий манбалар орқали ўрганишни талаб этади. Янги ўқув йилини янги билим ва катта мақсадлар билан бошлаган Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг 1 босқич талабалари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрдилар, хабар бермоқда iccu.uz.
Талабалар ташрифни, дастлаб Марказнинг кутубхонаси билан танишишдан бошлади.
Бу ерда улар илмий изланиш учун муҳим бўлган адабиётлар, тарихий манбалар ва турли йўналишлардаги илмий нашрлар билан танишди. Кутубхона нафақат китоблар жамланган маскан, балки тадқиқотчи учун зарур бўлган билим ва манбаларни бир жойга жамловчи муҳим илмий-маърифий макон сифатида намоён бўлди.
Айниқса, ислом тарихи, маданияти, илм-фани ва аждодларимизнинг илмий меросини ўрганаётган ёшлар учун бундай муҳитнинг аҳамияти катта. Чунки аудиторияда ўрганилган билимни мустаҳкамлаш, мавзу бўйича қўшимча маълумот излаш ва илмий изланиш олиб боришда манба билан ишлаш кўникмаси муҳим ўрин тутади.
Мазкур ташриф ёшлар учун навбатдаги экскурсия эмас, балки тарих, илм-фан ва миллий ўзлик билан бевосита юзма-юз келиш имконини берган муҳим маърифий учрашув бўлди.
Институтнинг бўлажак исломшунослари Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Марказнинг бой экспозициялари орқали Ўзбекистон ҳудудида қадимдан шаклланган цивилизация жараёнлари, ислом маданиятининг ривожланиши, буюк алломаларимизнинг илмий мероси ҳамда аждодларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган беқиёс ҳиссаси билан яқиндан танишдилар.
Марказнинг Исломдан аввалги давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, илм-фан ва маърифат тараққиётига бағишланган экспозициялари талабалар эътиборини тортди.
Тарихий манбалар, ноёб қўлёзмалар, қадимий ашёлар ва замонавий музей технологиялари уйғунлиги орқали намойиш этилган маълумотлар ёшларнинг ўтмиш ҳақидаги тасаввурларини янада бойитди.
Бу ерда улар Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий каби буюк аждодларимизнинг илмий ва маънавий мероси билан боғлиқ маълумотларни кўздан кечирдилар.
Айниқса, бир вақтлар шу заминларда яратилган илмий кашфиётлар бугунги замонавий фанларнинг шаклланишида қандай аҳамият касб этгани талабалар учун қизиқарли бўлди.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида таҳсил олаётган ёшлар учун бундай масканнинг аҳамияти, табиийки, янада катта. Чунки улар ўзлари ўрганаётган диний-илмий мероснинг тарихий илдизларини нафақат китоблардан, балки Марказ экспозицияларида бевосита кўриш имконига эга бўлдилар.
Талабаларнинг фикрича, Марказдаги энг муҳим жиҳатлардан бири — тарихнинг оддий саналар ва воқеалар кетма-кетлиги сифатида эмас, балки илм-фан, тафаккур ва инсоният тараққиёти билан боғлиқ яхлит жараён сифатида намойиш этилганидир.
“Бу ерда аждодларимизнинг илм-фанга қўшган ҳиссасини кўриб, улар билан фахрланиш туйғуси янада кучайди. Айниқса, ислом дини ривожи билан бирга илм-маърифат ҳам юксалиб борганини кўриш биз учун жуда катта таассурот қолдирди”, — дейди институтнинг 1-босқич талабаларидан бири.
Ёшлар Марказнинг кутубхона фаолияти билан ҳам танишдилар. Бу ерда жамланган илмий адабиётлар, тарихий манбалар ва тадқиқотлар бўлажак мутахассисларнинг келгусидаги таълим ва илмий изланишлари учун муҳим манба бўлиши таъкидланди.
Ташриф давомида талабалар учун Марказнинг фақат тарихий меросни намойиш этувчи маскан эмас, балки илмий изланиш, маърифат ва замонавий тафаккур уйғунлашган муҳим платформа эканлиги янада яққол намоён бўлди.
Талабалар Марказ билан танишиш жараёнида ўзлари таҳсил олаётган соҳа — исломшуносликнинг қанчалик катта илмий мерос ва тарихий масъулият билан боғлиқлигини ҳам чуқурроқ ҳис этдилар.
Шу маънода, янги ўқув йилининг дастлабки кунларида ташкил этилган мазкур ташриф талабалар учун янги билимлар сари ташланган муҳим қадам бўлди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидаги ушбу маърифий ташриф эса бўлажак исломшунослар учун янги ўқув йилини тарих сабоқлари, илмга қизиқиш ва катта мақсадлар билан бошлашга хизмат қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати